Боку ва Анқара ўртасида келишмовчиликми? Алиев саммитга бормаслигини билдирди

Боку ва Анқара ўртасида келишмовчиликми? Алиев саммитга бормаслигини билдирди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 30 октябрь куни Туркиянинг Анқара шаҳрида ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этмайди. Боку бу қарорни давлат раҳбарининг тиғиз иш жадвали билан изоҳлади.

Расмий маълумотларга кўра, Алиев шу куни Бокуда бўлиб ўтадиган FIFA U-15 Жаҳон чемпионати ва фестивалининг финал учрашуви ҳамда тақдирлаш маросимида қатнашиши керак. Унинг ушбу тадбирдаги иштироки аввалдан режалаштирилган.

Саммитда Озарбайжон делегациясига ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов бошчилик қилади.

Алиевнинг Туркияга бормаслиги Боку ва Анқара ўртасида айрим сиёсий келишмовчиликлар кузатилаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Сентябрь ойида Озарбайжон мактабларида ўқувчиларнинг кийинишига доир қоидалар ўзгартирилган эди. Мазкур қарор Туркиянинг ҳукмрон «Адолат ва тараққиёт» партияси айрим вакиллари томонидан танқид қилинди.

Бунга жавобан Озарбайжоннинг «Янги Озарбайжон» партияси туркиялик сиёсатчиларни икки мамлакат муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган баёнотлардан тийилишга чақирди.

Шу билан бирга, Алиевнинг саммитда қатнашмаслиги айнан ушбу келишмовчиликлар билан боғлиқ экани ҳақида расмий тасдиқ йўқ. Боку асосий сабаб сифатида аввалдан белгиланган тадбирларни кўрсатмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: