Германия қишгача газ захираларини тўлдиришга улгурмаяпти
Германиядаги газ омборлари тахминан 62 фоизга тўлдирилган. Бу инфратузилма операторлари учун иситиш мавсуми бошланишидан олдин белгиланган 80 фоизлик мақсадли кўрсаткичдан анча паст.
Бу ҳақда Financial Times нашри ёзмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи умуман олганда қиш мавсумига тарихий меъёрлардан анча кам газ захираси билан кириб боради. Хусусан, иттифоқ мамлакатлари бўйлаб газ омборларининг тўлдирилиш даражаси 75 фоиздан ҳам кам.
Германия Европа Иттифоқида газнинг энг йирик истеъмолчиси ва энг катта газ омборларига эга давлат ҳисобланади. Шу боис Берлиннинг газ харид қилишга бўлган эҳтиёжи бошқа мамлакатларда ҳам нархларнинг ошишига олиб келиши мумкин, деб ёзади нашр.
Октябрь ойида Politico газетаси Европа Иттифоқи келаётган қишда газнинг энг йирик тақчиллигига — 14 миллиард куб метргача етишмовчиликка дуч келиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Ўша пайтда Европа газ омборлари атиги 72 фоизга тўлдирилгани айтилган.
Аввалроқ глобал энергетика бозоридаги беқарорлик туфайли Европани қиммат қиш кутиши мумкинлиги башорат қилинган эди.
