Европада камида 14 та йўловчи самолётига портлатиш таҳдиди қилинди

Европада камида 14 та йўловчи самолётига портлатиш таҳдиди қилинди

Бугун Европа бўйлаб йўловчи самолётлари бортида бомба борлиги ҳақидаги хабарлар тўлқини ёйилди. BILD маълумотларига кўра, камида 14 та рейсга нисбатан таҳдидлар келиб тушган, тўққизта самолёт ўз йўналишини ўзгартиришга ва режадагидан ташқари қўнишни амалга оширишга мажбур бўлган. Айрим ҳолатларда лайнерларни кузатиб бориш учун ҳарбий қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилган.

Дублин–Рим йўналиши бўйлаб 157 киши билан ҳаракатланган Aer Lingus самолёти Франциянинг Нормандиядаги Эврё ҳарбий базасига келиб қўнди. Хельсинкидан учган Finnair лайнерини Италия Ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари Рим аэропортигача кузатиб борди. Миландан Варшавага рейсни амалга ошираётган Wizz Air самолёти Венага фавқулодда қўнди. Яна учта самолёт Болгарияга йўналтирилди, LOT авиакомпаниясининг рейси эса Брюсселда режадан ташқари қўнишни амалга оширди.

Чехия полицияси Прагага учаётган тўртта самолётга таҳдид қилингани ҳақида хабар берди. Қўнишдан кейин бортдан портловчи қурилмалар топилмади. Шунингдек, Грециянинг Aegean Airlines авиакомпаниясининг Афина ва Салоникидан учган иккита рейси ҳам бомба хавфи ҳақида хабар олган, бироқ ҳар икки самолёт ўз манзил аэропортларига жадвал бўйича қўнган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: