Еврокомиссия TikTok’ни фойдаланувчиларда психологик муаммоларни кучайтиришда айблади

Еврокомиссия TikTok’ни фойдаланувчиларда психологик муаммоларни кучайтиришда айблади

Европа Комиссияси TikTok тавсия алгоритмлари Рақамли хизматлар тўғрисидаги Европа қонунини (DSA) бузаётгани ҳақида дастлабки хулосага келди. Регуляторнинг фикрича, чексиз айлантириш (scroll) ва шахсийлаштирилган тавсиялар тизими хавотирлик, депрессия, овқатланиш хулқ-атворининг бузилиши ҳамда ўз ташқи кўринишидан норозилик кайфиятини кучайтириши мумкин. Айниқса, вояга етмаган фойдаланувчилар энг заиф қатлам ҳисобланади.

Брюсселда «қуён ини эффекти» (rabbit hole effect) деб аталалувчи ҳолатдан хавотир билдирилмоқда: ёлғизлик, озш ёки ташқи кўринишдаги муаммолар ҳақидаги видеоларни томоша қилган фойдаланувчиларга алгоритм томонидан янада кўпроқ шунга ўхшаш материаллар таклиф этила бошланади.

«Фойдаланувчи ҳар сафар лентани айлантирганда ёки “Лайк” тугмасини босганда, алгоритм унга янада кўпроқ шу каби контентни тавсия қилади ва чиқиб кетиш қийин бўлган “қуён ини”га тортиб кетади», — деди Еврокомиссар Хенна Вирккунен.

Еврокомиссия TikTok’дан «Сиз учун» (For You) тавсиялар лентаси ишлаш тартибини ўзгартиришни ва фойдаланувчиларга кўрсатилаётган материалларни назорат қилиш учун кенгроқ имкониятлар беришни талаб қилмоқда. Қоидабузарликлар тасдиқланса, Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли бўлган платформага унинг дунё бўйича йиллик айланмасининг 6 фоизигача миқдорда жарима солиниши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: