Си Жинпинг ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаш учун Хитой Коммунистик партиясида йирик “тозалаш”ни ўтказмоқда
Хитойда Си Жинпинг ҳокимиятга келганидан бери миллионлаб партия аъзолари турли жазоларга тортилди. Financial Times нашрининг ёзишича, унинг учинчи муддати давомида амалдорларга нисбатан жиноий ишлар сони аввалги муддатга қараганда 14 баробар кўпайган. Си Жинпинг назоратнинг кучайтирилишини коррупцияга ҳамда “партия, давлат ва қуролли кучлар ичидаги жиддий яширин таҳдидларга” қарши кураш билан изоҳламоқда.
Калифорниядаги Claremont McKenna коллежининг давлат бошқаруви профессори Минсин Пей сўзларига кўра, Си ҳукмронлигининг сўнгги 11 йили давомида 628 мингга яқин партия функционери жиноий жавобгарликка тортилган ва катта эҳтимол билан қамоқ жазоларига ҳукм қилинган. 2024 йилги маълумотларга кўра, Хитой қамоқхоналарида 1,69 миллион маҳбус сақланмоқда. Яъни, Си ўтказган “тозалаш” қурбонлари панжара ортида ўтирганларнинг жуда салмоқли қисмини ташкил этади.
Пейнинг ҳисоб-китобларига кўра, Хитой Коммунистик партиясининг 7,2 миллионга яқин аъзоси у ёки бу шаклдаги сиёсий, маъмурий ёхуд суд жазоларига тортилган. Улар орасида камида 632 нафар “йўлбарс сиёсатчи” бор; вазир ўринбосари ёки музофот губернатори ўринбосари ва ундан юқори лавозимларни эгаллаган амалдорлар шундай аталади.
Партия ичидаги суриштирувларга масъул бўлган ХКП Марказий интизомни текшириш комиссияси котиби ўринбосари ҳамда Хитой Давлат назорат қўмитаси раҳбари ўринбосари Чжан Фухай бундан-да юқори рақамларни келтирди, деб хабар берди «Синхуа».
2012 йилда Си етакчи сифатида тасдиқланган ХКП 18-съездидан кейинги давр мобайнида бутун мамлакат бўйлаб интизом ва назорат органлари томонидан 8,105 миллионта иш қўзғатилиб, 7,922 миллион киши жавобгарликка тортилган. Улар орасида ХКП Марказий Қўмитаси ҳисобида ва назорати остида турувчи 963 нафар мансабдор шахс бор, деб маълум қилди Чжан бир ҳафта олдин ХКП МҚ 5-пленуми якунлари бўйича.
Си Жинпинг Хитой раҳбарларининг бешинчи авлоди вакили, бу авлод айни пайтда охиргиси бўлиб турибди. Мао Цзедун вафотидан сўнг ХКП ва мамлакат раҳбариятини ҳар 10 йилда — иккита 5 йиллик муддатдан кейин алмаштириб туришга қарор қилинган эди. Бироқ Си ўзига ворис танламади ва ўзининг учинчи муддатга қайта сайланишини таъминлади. 2027 йил кузида партиянинг навбатдаги съезди бўлиб ўтади ва унда Си тўртинчи муддатга қайта сайланиши кутилмоқда.
