Зеленский: «Украина Донбассдан воз кечмайди, бироқ АҚШнинг позицияси ҳозирча ноаниқ»
Украина президенти Владимир Зеленский Россия фойдасига Донбассдан воз кечиш ниятида эмаслигини билдирди. Бироқ у бу масалада АҚШ қандай позицияни эгаллашини билмаслигини айтди.
Зеленский бу ҳақда Данияга ташрифи доирасида DR Nyheder нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
«Йўқ, мен Донбассдан кетмайман. Чунки биламанки, бироз вақт ўтгач, улар (Россия — таҳр.) янада олдинга силжиб, бизни босиб олишга ҳаракат қилади. Шунинг учун бу биз учун катта хавф», — деди Зеленский.
Шу билан бирга, Украина етакчиси Вашингтоннинг кейинги позицияси қандай бўлиши ва Европа давлатлари бу масалада бирдамликни сақлаб қола олиши номаълум эканидан афсус билдирди.
«АҚШ қандай позицияни эгаллашини ва қайси томонни қўллаб-қувватлашини билмайман. Европа давлатлари ягона фронт сифатида ҳаракат қила оладими ёки Франциядаги баҳорги сайловлардан кейин бўлиниб кетадими, келажакда Германия ва бошқа мамлакатларда қандай ўзгаришлар юз бериши мумкинлигини ҳам билмайман. Шунинг учун, очиғини айтсам, ҳеч нарсага аниқ ишонч билан муносабат билдира олмайман», — деди Украина президенти.
