Москва Ил-76 қулашида ҳалок бўлганларнинг жасадини Киевга топширмоқчи
Россия 24 январ куни Белгород вилоятида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти қулаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг жасадларини Украинага топширишга тайёр. Бу ҳақда 1 март, жума куни «РИА Новости» агентлигига Россия Федерациясининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова маълум қилди. «Бунинг учун процессуал нуқтайи назардан зарур бўлган ҳамма нарса мавжуд. Жасадлар мавжуд тартиб-қоидалар бўйича топширилиши мумкин», – дея иқтибос келтиради агентлик россиялик расмий сўзларидан.
Москалкованинг сўзларига кўра, самолёт ҳалокати бўйича у Украина Олий радаси вакили Дмитрий Лубинец билан алоқада. Москалкова, шунингдек, Украина томони жасадларни топшириш имкониятидан манфаатдор эканлигини, Россияда «экспертиза натижаларига кўра, шахсни аниқлашга имкон берадиган тасдиқлаш ва барча ДНКлар бор»лигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январ куни Белгород вилоятида, Яблоново қишлоғи яқинида ҳалокатга учради. Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси (РТҚ) ҳалок бўлганларнинг барчаси жасад қолдиқлари аниқланганини маълум қилганди. Самолёт қулаган ҳудудда жами 670 дан ортиқ жасад парчалари, шунингдек, қисман сақланиб қолган шахсий ҳужжатлар топилди, дейилади департамент хабарида. Экспертиза топилган қолдиқлар олти экипаж аъзоси, уч ҳарбий полиция зобити ва 65 украиналик ҳарбий хизматчига тегишли эканлигини кўрсатди, дея таъкидлайди Россия тергови.