Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (2-қисм)

Китоб дўконига кириб, тўғри сотувчи аёлнинг ёнига борди.

— Араб тилини кимдан ўргансам бўлади? — дея сўради.

Аёл унга жавоб беришдан аввал у ёқ-бу ёққа қараб олди. Сўнг пичирлаб гапирди:

— Масжид имомининг ёнига борсанг, ўргатиб қўяди. Яна араб тилига ихтисослаштирилган мактаб ҳам бор. Лекин ундаги ўқитувчилар бирор нимани ўргатишлари даргумон. Улар ёзувларни билишади. Грамматикани билишади. Шундан нариёққа ўтишмайди. Лекин масжид имоми арабларнинг юртида ўқиб келган. У билади. Кўп нарсани билади.

Фазлиддиннинг юзи ёришди. Ҳозироқ учиб боргиси келди. Бироқ шу заҳоти яна нафаси ичига тушиб кетди. Чунки:

— Унинг ёнига таниш-билишинг билан бормасанг, қабул қилмаслиги мумкин. Чунки дабдурустдан борсанг, сени айғоқчилардан бўлса керак деб ўйлайди, — деди-да сотувчи аёл.

— Таниш-билишни қаердан топаман? Шаҳарда энг кўп танийдиганим сизсиз, — дея аёлга тикилди у.

Аёл кўзини олиб қочди, бошидаги рўмолини тўғрилаган киши бўлди. Дарвоқе, аёл рўмолини бўйни билан ўраб олганди. Ташқари иссиқ. Одам битта кўйлакда қизиб кетади. У бўлса, рўмолини бундай ўраган. Яна кўйлагининг енги кафтини ҳам ярмигача ёпарди.

— Эртага келсанг, айтаман. Лекин битта шарти бор. Битта китоб бераман сенга, сен шу китобни ёд оласан. Мана у, — деб сотувчи аёл қўлбола муқоваланган китобни берди.

Фазлиддин унинг ичини очди-ю:

— Қўлда ёзилган экан-ку, — деди ҳайрон бўлиб.

— Ҳа, қўлда ёзилган. Лекин аниқ-тиниқ. Қара, Имом Бухорий хадислари тўплами… Фақат шарти шуки, бировга кўрсатмайсан. Хўпми?

— Хўп, — деди Фазлиддин бошини эгиб.

У китобни сумкасига солиб, тўғри ётоқхонасига келди. Ҳали дарслар бошланмаган. Шунинг учун ётоқхонада одамлар жуда оз эди. Унинг бир ўзига бир хона беришганди. Хонада битта сим каравот, битта стол ва стул бор эди, холос. Ҳатто унинг пардаси ҳам йўқ эди. Гапирсанг, овозинг деворларга урилиб акс садо берарди.

Фазлиддин кириши билан кийимларини алмаштириб, китобни сумкасидан чиқариб стол устига қўйди-да, унга бир муддат қараб тургач, кейин очди.

Унда кичик ҳадислар ёзилган бўлиб, уларнинг ораси кичик юлдузчалар билан ажратилганди.

«Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинди: Расулуллоҳ алайҳи васалламдан эшитдим, у киши айтдилар: «Сизлардан бирортангиз эрта тонгда туриб бориб ўтин термоғи, уни орқалаб ташимоғи, ундан садақа қилмоғи ва шу билан одамларга беҳожат бўлмоғи, сўраса ё берадиган, ё бермайдиган кишидан тиланиб юрмоғидан кўра, албатта, ўзи учун яхшироқдир! Юқори қўл паст қўлдан яхшироқдир! (Аввал) қўл остингиздагилардан бошланг!»

У биринчи ҳадисни ёд олди. Кейин қолганларини ҳам ўқиш мобайнида ёдлаб кетаверди. Аста-секин шунчалик ўқиб ёдлашга берилдики, эшик очилганини ва иккита қиз кириб келганини сезмай қолди.

— Моҳи, қара, жаноб бошини кўтармай ўқияпти, — дея қиқирлаб кулди биринчиси.

— Наҳотки севги-муҳаббат шунчалик ўзига тортган бўлса?! Бу жаноб замонавий Фарҳод бўлсалар керак! — деди иккинчиси дугонасига.

Фазлиддин китобдан кўзини узиб, эшик ёнида турган қизларга ҳайрон бўлиб қаради.

— Мана, ошиқу беқарор йигитча биз томонга ҳам қарадилар, — деди биринчи қиз.

«Малоҳат булардан ўн чандон гўзал, Малоҳат булардан ўн чандон фаросатли», дея кўнглидан ўтказди у. Фазлиддин кўча-кўйда юрганида, ўзларига оро берган чиройли қизларни кўрганида, ўзига мана шундай дер ва кўз ҳавасини ўлдирарди. Ҳозир ҳам шу услубидан фойдаланди. Кейин:

— Келингизлар, — деди соф қишлоқ шевасида.

— Бугун ётоқхонада мажлис бўлади, — деди биринчи қиз, — «Хўроз»лардан фақатгина уч киши бор экансизлар. Иккитаси иккинчи курсда ўқийди. Улар ҳали келишмаган. Шундай экан, бир ўзингиз йиғилишда қатнашишингизга тўғри келади.

— Соат нечада? — деди Фазлиддин.

— Олтида. Кечки пайт. Моҳи, бу қурилиш-пурилиш техникумлари бориди, ҳақиқий эркакман деганлар шу ёқларга ўқишга киришарди. Йигитлар ҳар хил бўлишаркан-да, нима дединг? — дея қиқирлаб кулди биринчи қиз.

— Қўявер, — деб жилмайиб жавоб берди унинг дугонаси.

Улар чиқиб кетишди. Фазлиддиннинг асаби бузилди. Аммо у ҳозир янги, бировга бир нарса дея олмайди. Бунинг устига, бу қизлар юқори курсда ўқишса керакки, ўзларини бемалол тутишаяпти.

У бир муддат ҳеч нарса ўқий олмади. Ўқиганлари калласига кирмади. Китобга қаради дегунча, хаёлига анави фаросати ғовлаган қизлар келаверади. Лаблари қип-қизил қилиб бўялган, сочлари силлиқ таралиб орқасига ташланган, баданларини, айниқса, кўксини роса билинтирадиган юпқа кўйлак кийиб олишганди. Яна кўйлакларининг енги йўқ эди. Ана шу нарса исталган эркакнинг хаёлини бузишга бемалол кучи етарди. Қочирим гапларини-ку, айтмаса ҳам бўлади.

Фазлиддин бошқа ўқий олмади. Бўлмаса, неча марталаб: «Малоҳат булардан гўзал, Малоҳатнинг фаросати буларникидан бир неча марта ортиқ», дея кўнглидан ўтказди, аммо фойдаси тегмади. «Агар Малоҳат ҳам шу ерларга ўқишга келса, худди буларга ўхшаб кийиниб оладими? Худди буларга ўхшаб йигитларга гапирадими?» деган ўй унинг хаёлини бутунлай алғов-далғов қилиб ташлади.

Мажлис бошлангунча у каравотида шифтга қараб ётди. Бир хаёл: «Бу ер менга тўғри келмаскан, ундан кўра, бошқалар қатори училищеда ўқийман. Ўзи бало бормиди бир гала қизларнинг орасида? Кетаман», деди. Кейин бирданига: «Тарихни ўрганиш керак», деган фикр уни шаштидан туширди.

Мажлис бўлди. Ҳалиги қизлар айтганидай, ундан бўлак эркак зоти йўқ экан… Ётоқхона бошлиғи тартиб-интизом ҳақида гапирди. Ўзиям овози дўриллаган эркакшода аёл экан, оғзига нима тўғри келса, уят-пуятлигига ҳам қарамасдан айтиб юборди. Эркак ва аёлларнинг яқин муносабатлари тўғрисида гапирганида, Фазлиддин ерга кириб кетай деди. Мажлис охирида эса у Фазлиддинга қараб: «Сен бола ўзингни босиб юр. Яна бир-иккитасини ҳомиладор қилиб қўйиб, бошингга бало орттириб олма. Бу ерда шундай қизлар борки, керак бўлса, қўлингдан судраб ётоққа тортиб кетади», деди. Ана шу пайт Фазлиддиннинг бўлари бўлди. Мажлисдаги қизлар эса қиқирлашиб роса унинг устидан кулишди. «Хавотир олманг, Ойсулув опа, тўрт кунда бу бола қизга айланиб қолади», деди шўх-шаддод қизлардан биттаси.

Фазлиддин хонасига кирганидан кейин эшикни ичкаридан қулфлади. Қулоғига пахта тиқди. Сўнг китобни очди. Ахир у анави сотувчи аёлга эллик бетча келадиган қўл бола китобни «эртагача ёдлаб бераман», деган. Демак, шундай қилиши шарт.

Эшиги бир неча марта тақиллади, у очмади…

Ваъдасининг устидан чиқди. Ёд олди. Тунги ўн иккига яқин ёд олиб бўлди. Шунда ҳам уйқуси келмай, такрорлаб ётди. Айрим ҳадислар балоғат ҳақида бўлганидан, у мазмунини чақишга уринди. Яна аёл-эркак муносабатлари ҳақида ҳам бир қанча ҳадислар бўлиб, Фазлиддин уларни ўқиганидаёқ ёдида сақлаб қолган эди. Ана шулар билан андармон бўлди. У ҳали жуда ёш, бироқ шу қисқа даврда бир дунё гуноҳлар қилишга улгурибди. Яна гуноҳига Малоҳатни ҳам шерик қилибди. Ахир Малоҳатнинг кўзига тикилишни яхши кўради. Малоҳат ҳам неча марталаб унга ўғринча қараган. Баъзида Фазлиддиндан олдинроқ у шу ишни қилар эди. Хотирасига сотувчи аёл келди. Фазлиддин қараши билан у кўзини олиб қочарди. Сабабини йигитча энди билиб турибди.

Ундан кейин жаннат, дўзах ҳақидаги ҳадислар ҳам унинг хаёлини эгаллаб олганди. Эртароқ китоб дўконига боргиси, сотувчи хотин билан кўришгиси келаверди. У тонг отишини муштоқ бўлиб кутди.

Соат ўнга яқинлашиб қолганди дўконга борганида. Сотувчи уни жилмайиб кутиб олди.

— Нима бўлди, йигитча? — дея сўради.

— Ёд олдим. Ҳаммасини, — деди Фазлиддин қувониб.

— Эллик бетнинг ҳаммасини-я? — деб сўради аёл ишонқирамай.

— Ҳаммасини.

— Имтиҳон қилсам-чи.

— Тайёрман.

— Ишондим. Мен сенинг келишингга яна битта китоб олиб қўйдим.

— Яна шунақами?

— Йўқ, Навоий ғазаллари.

— Тушунмайман-да.

— Мен ҳам. Аммо хотирангни янада зўр қилиш учун керак. Ундан кейин Навоий ҳазратлари оддий одам бўлмаганлар. Авлиё бўлганлар. Уни тушуниб олишга устоз керак. Хўп, ёдлаймизми?

— Майли. Лекин сиз менга араб тилини ўргатадиган устоз топиб беришга ваъда бергандингиз.

— Ваъдам эсимда. Албатта, топиб бераман. Мен у киши билан гаплашиб ҳам қўйдим… Бу китобча етмиш саккиз бет. Ҳаммаси ғазал. Нотаниш сўзлар жудаям кўп. Шуларни инобатга олиб, бир ҳафта муҳлат бераман. Ёдласанг, шу куниёқ устозингга рўпара қиламан.

— Эртага ёдласам-чи?

— Билмадим. Улгурмасанг керак. Агар ёдласанг, эртагаёқ учраштираман. Келишдикми?

— Келишдик.

Фазлиддин ётоқхона ёнидаги ошхонага кириб, егулик сотиб олди. Егуликлар жуда арзон эди. Бир сўмга дунёнинг нарсасини сотиб олди. Кейин хонасига кирди-да, яна устидан қулфлади.

Биринчи иккита ғазални ёдлашда қийналмади. Аммо навбат учинчисига келганида чалкашиб кетаверди. Охири бўлмади. Ухлайман, деди. Бироқ кўзига уйқу ҳам келмади. Чунки ҳаво ҳаддан зиёд иссиқ эди. Юракни сиқадиган иссиқ эди. У ётган жойида жиққа терга ботди. «Анави хотин тўғри айтибди. Бир ҳафтамас, бир ойда ҳам ёдлолмасам керак. Яна ўн беш кундан кейин эса дарслар бошланади. Ундан сўнг бутунлай тўхтаб қолсам керак», деб ўйлади. Сўнг хаёл суриб ётди. Яна ўша Малоҳат тўғрисида. Мана, ҳозир уни сўнгги бор кўрганига ҳам уч ойдан ошди. «Ҳой, ярамас бола, — деди бироздан сўнг у ўзига ўзи, — яна гуноҳ қилмоқчимисан? Кеча гуноҳлар тўғрисида қанча нарса ўқидинг, ёд олдинг! Энди эса яна бузғунчилик қилаяпсан…» «Бундан бу ёғига уни кўрсам ҳам ёлғиз кўролмайман. Ёнида, албатта, кимдир бўлиши керак… Тўхта, — деди Фазлиддин хаёли шу ерга етганида, — тур ўрнингдан! Йўлакнинг охирида душ бор экан. Бориб шу ерда обдан чўмил, кейин келиб ёдлашга туш. Агар ҳозир кўкнори хаёл билан ётаверсанг, ҳеч балога улгурмайсан…»

У ўзининг буйруғига ўзи сўзсиз итоат этиб, ўрнидан сапчиб турди. Сочиғини елкасига ташлади. Эшикни шарақ-шуруқ қилиб очди ва душ томон йўлга тушди. Кета-кетгунича йўлакнинг ҳар икки томонида қизларнинг хоналари. Улардан баъзиларининг эшиклари очиқ. Эркак зоти (Фазлиддиндан бошқа, албатта) бўлмагани сабабли, қизлар каравотларида билганларидай ётишарди. Улардан айримларининг бадани бор бўйи билан кўринарди. Эшикдан бир қарасангиз бўлди, бирдан кўзингиз тушади. Аммо Фазлиддин у томонга қарамади. Ерга қараб кетаверди. Бироқ қизларнинг пичингларини эшитди.

«Йигитнинг чўмилгиси келиб қолганга ўхшайди…. Чўмиладиган иш қилиб қўйган-да…» каби гаплар тагида бошқача маъно борлигини у жуда яхши тушунарди. Шу боис шолғомдай қизарди. Кулгидан қочиш учун баттар қадамини тезлатди.

— Фазлиддин ака, — деган овоз келди бир маҳал.

У бирдан юришдан тўхтади ва секин ортига ўгирилди. Ундан беш-олти қадам нарида сочи ёйилган қиз турарди.

— Бугун кечга вақтингиз қандай? — дея сўради қиз у оғиз очишга улгурмасидан.

— Нимайди? — деди Фазлиддин ҳайрон бўлиб.

— Биз музқаймоқ егани бормоқчи эдик. Бирга борасизми тансоқчи бўлиб?

— Йўқ, — деди Фазлиддин бирдан ва яна йўлида давом этмоқчи бўлганида:

— Қўрқманг, музқаймоқни ўзимиз сотиб оламиз, — деди бояги қиз.

— Бормайман! — деди Фазлиддин қовоғини солиб ва ҳаммом томонга кета бошлади.

— Шунақами? Кўрамиз, — дея қиқирлаб кулди қиз.

Фазлиддин эркаклар расми туширилган чўмилиш хонасига кириб ечинди. Сўнг сувни ёқиб унинг тагига кирди-да, кўзларини юмди. Бутун танаси дам олгандай бўлди. Қандайдир енгилликни ҳис этди ва шу ҳолатда тураверди. Анчадан кейингина сочини кўпиклади…

Шунда эшик очилгани ва қандайдир қиқирлашга ўхшаган товушларни эшитди. У пайтда юзи, боши кўпик эди. Шу боис кўзини очолмади ва сувнинг тагига туриб олди…

Душдан чиққанида унинг бирорта ҳам кийими йўқ эди. Ўзи онадан туғилгандай турарди… Анави қизлар ҳамма кийимларини олиб чиқиб кетишибди.

Йўлак томондан қиқирлашлар, пичинг гаплар эшитилади.

«Биз билан ўйнашганнинг жазоси шу!»

«Танаси зўр экан-а!»

«Мен банд қилдим. У фақат меники!»

«Бекор айтибсан, ҳаммамизники у!»

«Билагида кучи кўп экан!»

«Фақат билагида эмас!»

«Ха-ха-ха!!!»

Фазлиддиннинг ғазаби тошди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: