43 давлат Навалний бўйича халқаро тергов ўтказилишини талаб қилмоқда
Россия мухолифатчи сиёсатчиси Алексей Навалний колонияда вафот этгач, 40 дан ортиқ давлат фожиа ҳолатларини мустақил текширишга чақирди. Россия ҳукумати унинг тўсатдан ўлими юзасидан мустақил ва шаффоф халқаро тергов ўтказиш имкониятини таъминлаши керак, деди 4 март, душанба куни ЕИнинг Женевадаги халқаро ташкилотларда вакили Лотте Кнудсен.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида сўзлаган у Навалнийнинг ўлими учун асосий жавобгарликни Россия раҳбарияти зиммасига юклади. «Россиядаги мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийнинг ўлимидан ғазабдамиз, бунинг учун асосий масъулият Россия раҳбарияти зиммасига тушади», — деди Кнудсен 43 давлат, жумладан, Европа Иттифоқи, АҚШ, Британия, Украина, Австралия, Янги Зеландия, Канада ва Норвегия номидан гапирар экан.
Дипломат сўзларига кўра, «Навалнийнинг кутилмаган ва ҳайратланарли ўлими Россияда кучайган ва тизимли репрессиялар яна бир белгисидир». У «фуқаролик жамиятининг тизимли равишда бостирилиши», шунингдек, Россияда ва хорижда сиёсий мухолифат репрессия қилинишидан чуқур хавотир билдирди.