Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (3-қисм)

Аммо бу ғазабни ҳозир ҳеч кимга тўкиб сочолмасди. Қолаверса, у ёшлигидан умуман сўкинишга ўрганмаган. Бир марта, ҳали жуда ёшлигида, қўшни болалардан бир-иккита сўкишни ўрганиб олиб ишлатганида, отасидан зўр шапалоқ еган. Шу-шу сўкишга тили айланмайди. Ҳозир эса айни сўкиниб хуморидан чиқадиган вазият бўлиб турибди. Бироқ нима қилсин?..

У душ остига кириб ўтириб олди. Бошидан илиқ сув шовуллаб қуйиляпти, у эса кафелни муштлаш билан овора. Орадан бир муддат ўтар-ўтмас эса, умуман ғазаби қолмади. Ич-ичидан кулди. «Керак бўлса, ўзларинг олиб келасанлар», дея пичирлади. Шундай ҳам бўлди. Ярим соатлар чамаси вақт ўтганидан кейин, унинг кийимларини эшикдан ташлаб кетишди. Бу ишни қилган қиз ўзини кўрсатмади, олиб кетганида қандай беркинган бўлса, ҳозир ҳам худди шундай эшик панасидан улоқтирди…

Маълум бўлишича, қизлардан бирининг институтда ўқийдиган опаси келиб қолибди. Шу қиз уларнинг қилган ишларини эшитганидан кейин синглисини ва дугоналарини роса элакдан ўтказибди. Шундан сўнггина Фазлиддиннинг танобини тортиб қўйишни мақсад қилган шўх-шодон қизлар унинг кийимларини ташлаб кетишга мажбур бўлишибди.

Фазлиддин ҳеч нарса бўлмагандай яхшилаб артинди, кийимларини кийди, сўнг эшикдан чиқди.

Унинг мияси енгиллашгандай эди. Ҳар қалай, ўқиганлари эсида қола бошлади. Навоий ижодида нотаниш сўзлар жуда кўп. Шунинг учун, барибир, ғазалларни дарров ёд олиши қийин бўлди. Аста-секин у шунга ҳам кўникди. Оғир нарса енгилдай туйилди. Енгили эса энди зерикарли бўлиб қолди. Кейин гарчи сўзларини аниқ-тиниқ тушунмаса-да, Навоий ғазалларида қандайдир сирли жозиба борлигини ҳис этди. Бу шундай бир синоат эдики, ўзига оҳанрабодай тортарди. Шу боис Фазлиддин яна китобдан бошини кўтаролмай қолди. Қолаверса, у энди ғазалларни равон ўқий бошлади. Ёдлаганлари эса бошқалари билан чалкашиб кетмади…

Ярим тунда кўзи ачиша бошлаганида у китобдан бошини кўтарди. Шу муддат ичида китобнинг ярмидан кўпини ёдлади…

Ётар чоғи кечаги ҳадисларни ҳам бир бошидан хотирасидан ўтказди, сўнг уларга ғазалларни улаб юборди…

Орадан яна бир ярим кун ўтгач, у китобни тўла-тўкис ёдлаб бўлди. Мабодо, сотувчи хотин сўраб қолса, довдираб қолмайин деб бир неча марта такрорлади. Ва шундан кейингина китобни қўлтиқлаб йўлга тушди…

Аёл уни яна жилмайиб кутиб олди.

— Ҳаммасини ёдладим, деб мени ҳайрон қолдирма, — деди.

Фазлиддин қизарди ва худди айб иш қилиб қўйгандай бошини эгиб:

— Ёдладим, — дея жавоб берди.

— Тўхта, ўтган сафар ҳадисларни бирортасини ҳам сендан сўрамагандим. Сенга ишонгандим. Аммо энди сўрайман, — деб аёл Фазлиддиндан китобни олиб, уни варақлади ва ғазаллардан бирининг биринчи қаторини ўқиди, кейин, — давом этказ, — деди Фазлиддинга.

Фазлиддин аёл ўқиётган маҳали ичида такрорлаётганди, дарров давом этказиб кетди. Шу тахлит сотувчи уни яна саккиз марта саволга тутди. Барчасига жавоб олди.

— Табриклайман, — деди охирида, — очиғини айтганда мени лол қолдирдинг. Агар айниб кетмасанг, сендан келажакда зўр одам чиқади.

— Ваъдангиз нима бўлди? — дея сўради бирдан Фазлиддин.

— Сўзим, сўз. Эртага пешин пайти масжидга борасан. Имомнинг исмлари, Муҳаммад Али. Аммо сен исми билан чақирма. У киши қорилар. Қори дегани, Қуръони Каримни ёд олган ҳисобланади. Исмларига ҳар доим, қори қўшимчаси қўшилади. Аммо сен у кишини домла, деб чақир.

— Хўп.

— Мени Хадича опа жўнатдилар, дегин.

— Ҳа, айтганингиздай қиламан.

Сотувчи аёл унга яна китоб берди. Манавини олиб кет, деди. Фазлиддин унинг қанақа китоб эканлигига қарамади. Ташқарига чиқиб билди, «Ўткан кунлар», экан. Бу китобни Фазлиддин аввал ўқиган. Ўн ёшида.

Унинг ётоқхонага боргиси келмади. Лекин начора. Бормаса бўлмайди.

Шу куни у ётди. Ҳеч нарса қилмади. «Ўткан кунлар»ни ўқиш кўнглига сиғмади. Навоий ғазалларидан сўнг жуда оддий бир нарсага айланиб қолди. Ҳатто айтиш мумкинки, ўта зерикарли. Шунинг учун шифтга қараганча ёдлаганларини такрорлади. Бироқ кўп ўтмай, эшик тақиллади, у чалғиди.  Эринибгина ўрнидан туриб, эшикни очди. Рўпрасида бир қиз турибди. Анча сипо кийинган… Ҳар қалай кечагиларга қараганда қарасанг уялмайсан. Бундан ташқари бу қиз табиий чиройли экан. Лаб бўёқларсиз, юзида ҳам ҳеч нима кўринмайди. Айтмоқчимизки, қўшимча оқартирувчи, ялтиратувчи нарсаларсиз. Сочи ҳам қоп қора. Ёйилмаган. Кўйлаги атлас. Тиззасидан пастга тушади.

— Келинг, — деди Фазлиддин уни кўриши билан нима деярини билмай.

— Ассалому алайкум, мени сизда озгина ишим бор эди, — деди қиз ийманиб.

— Нима иш экан?

— Шу ётоқхонада битта ўғил бола экансиз. Шунга, картошкам бор эди, пастда. Кўтариб олиб чиқиб беролмайсизми?

— Кўпми?

— Йўқ. Бор йўғи бир қоп. Эллик килоли қопда.

— Ҳимм. Майли, ҳозир тушаман. Сиз бораверинг, — деб Фазлиддин ортига қайтди.

Оёқ кийимини кийди. Кейин яна қайтиб чиқди.

Пастда вахтёр хотиннинг ёнида турарди, бояги қиз. Картошка эса йўқ эди.

— Қани? — деди Фазилиддин ҳайрон бўлиб.

— Нима? — дея жилмайди қиз.

— Картошка?

— Ҳа, у бозорда.

— Сиз менга пастда дегандингиз-ку.

— Тўғри. Бозор ҳам биз турган жойдан пастда-ку. Нима қиз болани айтганини қилмайсизми?

— Қиламан. Фақат ёлғон гапирмаса.

— Мен сира ёлғон гапирмадим. Ҳақиқатан ҳам пастда. Фақат бозорда. Нима сўзингиздан қайтасизми?

Фазлиддиннинг пешонаси тиришди. «Малоҳат бу қиздан минг чандон гўзал. Малоҳат бунақанги бемаза ҳазилларни қилмайди», дея кўнглидан ўтказди.

— Нима менга ёрдам бермайсизми? Бозордан бир қоп картошкани орқалаб келайинми? Қиз бола бўлиб.

— Сиз бир қоп олманг. Бир икки кило олинг…

— Лекин, — дея шу заҳоти унинг гапини бўлди қиз, — бугун менинг навбатим эди-да. Битта ўзимга олиб келмайман.

Фазлиддин секин чўнтагига қўлини тиқди, бирор ўн сўмча пули бор. Бир қоп картошкага бемалол етади. Мабодо қиз борганидан кейин пулим қолиб кетибди, деса ҳам уялиб қолмайди.

— Майли, юринг. Лекин кейинги сафар, қаерга нима учун бораётганлигимизни аниқ айтинг, — деди Фазлиддин энасини қотириб.

Ётоқхонадан чиқиб, ҳали йўлакка етиб олмасларидан, қиз Фазлиддинни қўлтиқлаб олди. Фазлиддин шу заҳоти иссиқлик ва юмшоқликни туйди. Уялди. Қизарди. Қўлини тортиб олмоқчи бўлди. Аммо қиз қўймади.

— Индамай юринг, илтимос, мен сизга бир гап айтмоқчиман, — деди у.

— Қўйиб юбориб айтаверинг, — дея баттар хижолат бўлди Фазлиддин.

— Қўйиб юборсам бўлмайди. Юринг, тез тез юринг. Қўрқманг мен сизни еб қўймайман. Гапим бор дедим-ку. Ахир ўғил боласиз.

Фазлиддин индамай қолди. Қизнинг ёнида кетиб бораркан, юмшоқлик ва иссиқлик тегаверганидан, бўлари бўлди. У ҳатто ҳаяжонга тушганидан жиққа терга ботди. Буни кўриб, қиз қиқирлаб кулди.

— Нега исмимни сўрамайсиз? — деди Фазлиддинни янада ўзига тортиб.

— Ўзингиз айтсангиз керак, деб ўйладим, — дея жавоб берди Фазлиддин.

— Исмим Райҳон. Иккинчи кўрсда ўқийман. Сизникини биламан. Ҳамма билади. Сизга лақаб ҳам қўйиб бўлишган.

— Лақаб? — деди Фазлиддин қўлини тортиб олишга ҳаракат қилиб.

— Ҳа. Лақабингиз «Ғўддайган». Лекин мен сира лақабингизни айтиб чақирмайман.

— Ҳеч кимга ёмонлик қилмадим. Ҳеч кимга ғўдаймадим. Нега бунақа лақаб қўйдинглар?

— Аслида ўзингиз айбдор. Эшигингизни ичкаридан қулфлаб оласиз. Худди биров сизни ўғирлаб кетадигандай. Ҳеч ким билан гаплашмайсиз.

— Нима қиламан, гаплашиб?

— Шунинг учун ҳам ғўдайгансизда. Майли, қўяверинг. Анави кийимларингизни олиб қолишганларида биз ҳам ноқулай аҳволга тушдик, — деб қиз Фазлиддиннинг қўлини қўйиб юборди.

Бола, бечора бир нимадан қутилгандай енгил тортди. Қадамини тезлаштириб Райҳондан олдинга ўтди.

— Унақамасда. Мана нега мен сизни ушлаб олгандим. Хафа қиляпсиз. Ахир йигит киши, қиз болани…

— Ноқулай бўляпти, — дея шу заҳоти Фазлиддин унинг гапини бўлди.

— Ҳечқиси йўқ ўрганиб кетасиз. Бундан кейин нақд уч йил қизларни орасида бўласиз, кўникишингиз керак.

— Қайси бозорга борамиз?

— Такси тўхтатинг, айтаман.

— Автобус бўлмайдими?

— Овқатга кечга қолиб кетамиз. Айтганча, сиз ҳам бугундан бошлаб оиламиз аъзоси бўлдингиз. Шундай экан…

— Мен аъзо бўлмайман.

— Майли, ихтиёрингиз. Айтганча севган қизингиз борми?

— Йўқ. Ҳали ёш боламан севишга бало борми?

— Алдаманг. Агар севганингиз бўлмаганида, қизлар билан гаплашардингиз. Ётоқхонада шунақанги чиройли қизлар борки, кўриб оғзингиз очилиб қолади. Ҳали ҳаммаси уйларидан келмади. Келганда, дарслар бошланганда кўрасиз.

— Такси, деганмидингиз, — дея уни гапини бўлди Фазлиддин.

— Лекинчи, қўполлигингиз ўзингизга ярашаркан. Бунақада кўп қизлар сизга ошиқ бўлиб қолишади. Чунки сизга ўхшаган жиддий йигитлар ҳамма учун қизиқ. Менга ҳам.

— Биринчидан ҳамма мендан катта. Сиз ҳам. Иккинчидан мени қиладиган ишларим жуда кўп, суйилишга вақтим йўқ.

— Ўқишдан бошқа нима ишингиз бор?

— Шу ўқишнинг ўзи кўп. Агар алдамаганингизда умуман сиз билан бозорга бормасдим.

— Алдамадим. Рост айтдим, — дея қиқирлаб кулди Райҳон ва яна Фазлиддинни қўлтиқлади. Яна олдинги аҳвол содир бўлди. Бу сафар Фазлиддин чидолмади. Қўлини тортиб олди.

Райҳон бир қоп картошка олмади, бозорлик қилди. Бозорлиги нақд уч сумка бўлди. Ҳаммасини Фазлиддин кўтариб олди.

Ётоқхонада анча муддат  ўзига келолмади. Ётадими, турадими, юрадими, хаёлига Райҳоннинг уни қўлтиқлаб олгани ва ўзи туйган ва унга ҳали номаълум бўлган ҳиссиёт, туйғу онги шуурини эгаллаб олаверди. Ҳатто унинг Райҳон билан кўришгиси ҳам келди. Бироқ  ўзини босди. Босиш учун бармоқларини тишлади. Малоҳатни кўз олдига келтирди. Кейин олдин ўқиб чиққан китобларини бошқатдан ўқишга тушди.

Райҳон унинг эшигини тақиллатганда қоронғулик тушганди. Фазлиддин кундузги воқеаларни унутиб ўқишга берилганди.

Эшикни очса, Райҳон турибди. Қўлида коса. Косада овқат… Кийими ўзгарибди. Бир сўз билан айтганда, очиқ- сочиқ. Шу заҳоти иккита шайтон келди. Бири Райҳон томонда туриб олди. Иккинчиси, Фазлиддиннинг ёнидан жой олди. Йигит билан қизни бир бирларига жуда бошқача кўрсатишга тушиб кетишди. Кундузини эслади. Ахир, Фазлиддиннинг қўлини қучганида, Райҳон ҳам бир нарсаларни туйган. Унда ҳам ўша туйган нарсаларига иштиёқ пайдо бўлганди-да.

— Бу сизни насибангиз, — деди қиз қўлидаги косани Фазлиддин томонга узатиб, — сиз мени қутқардингиз. Сизни деб мен ғолиб бўлдим.

Фазлиддин унинг гапларига эътибор бермай, косани олаётганида уларнинг қўллари бир бирларига тегиб кетди. Иккиси ҳам шу заҳоти ғалати бўлди.

— Нимадан қутқардим? — дея ўзини ўзи чалғитмоқчи бўлди Фазлиддин.

— Баҳс бойлашгандик. Қизларга катта кетгандим. Сизни қучоқлаб ололаман деб. Айтганимни қилдим. Уларнинг ҳаммаси кўришди. Мен ютдим…

— Овқатингиз ўзингизга сийлов! — деди шу заҳоти Фазлиддин, — кетинг, қорангизни ўчиринг!

У косани берганидан кейин қарсиллатиб эшикни ёпди. Бундай бўлишини кутмаган Райҳоннинг кўзи ёшга тўлди. Ахир у атайлабдан ўзига тортадиган атир сепган, кўксини кўпроқ очган, сочини ортига ёйиб олганди. «Киринг, овқатни бирга еймиз. Мени бир ўзимни томоғимдан ҳеч нима ўтмайди», деган гапни кутган ва ичкарига кириб олганидан кейин суйкалмоқчи эди. Бироқ ўхшамади. Ўзи қовун тушириб қўйди. Кейин хонасига бориб, хонадош қизларининг кўз олдиларида йиғлади. Қўпол, деди. Ярамас, деди. Ҳайф сенга овқат, деди. Кейин ортидан шу болани яхши кўриб қолганга ўхшайман, деди. Қизлар унга ҳамдард бўлишди. Ҳали имкониятларинг кўп бўлади, уни ўраб оласан, ўзингники қилиб оласан, дейишди…

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: