“Кичкина табиб”даги яширилган сир…
Болалигидан қўшиқчи бўлишни ният қилган Дилшодбек Каттабеков кутилмаганда актёрлик соҳасига қадам қўйган. Беш ёшидан бошлаб давлат тадбирларида иштирок этиш учун Тошкентга келган Дилшоднинг яқинларига “Кичкина табиб” фильмининг кастингида иштирок этишни таклиф қилишади. Дониёр ролига талабгорлар ниҳоятда кўп бўлган. Юздан ортиқ иштирокчилар орасидан танлаб олинган Дилшодбек Каттабеков кино оламига дадил қадамлар билан кириб келди.
— Бувим 1998 йилда “Ўзбекфильм”га олиб борган, юзта бола қатнашган кастинг бўлган. Охирида шу рол менга насиб қилган. Қарасам, ҳаммаси ўзим бир йил олдин телевизорда кўрган актёрларим бўлган. Мурод Ражабовни “Темир хотин”да, Ражаб Адашевни “Абдуллажон”да, Карим Мирҳодиевни “Чархпалак”да кўрганман. Бундан ташқари, Фотима Режаметова, Зикир Муҳаммаджонов, Мунаввара Абдуллаева бор эди, борсам актёрлар ансамбли йиғилган, бу ҳам бир бахт эди. Бу ҳам ўзимни эркин ҳис қилишимга туртки бўлган, улар менга ролни ижро этишимга ёрдам берган. Ўша пайтда кинолар лентада олинган, хато қилишга ҳаққимиз йўқ эди. Ҳозиргидек эмас эди, бир кун олдин яхшилаб матнни ёдлаб, эртаси куни суратга олиш жараёнларига бориб, ҳолатга кириб ўйналган. “Кичкина табиб”нинг ҳам бир ютуғи актёрлар ансамблининг жам бўлганидадир, жамоа зўр йиғилган эди. Шундан кейин менга “Кичкина табиб”да чиққан бола деб таъриф беришадиган бўлди. Кимдир исмимни билмаса ҳам, Дониёр деб чақирар эди, — дейди Дилшодбек Каттабеков.