Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (5-қисм)

— Тўғрисини айтганда, мен сиздан бунақа муомалани кутмагандим, — деди қиз эшикни ҳеч ким очмаганидан сўнг ортига ўгирилиб, Фазлиддинга қараркан. — Йигит киши қиз болага ҳам шунақа дейдими?

— Қиз бола, ҳе йўқ-бе йўқ, йигитнинг хонасига шунақа қилиб кириб оладими? — дея баттар тутақди Фазлиддин.

— Айтдим-ку мен атайин қилмадим деб. Қизлар мени ҳоли-жонимга қўймай, қўлларимни қайириб олиб келишди. Кейин… Қолганини ўзингиз кўрдингиз. Қаранг, йиртиб қўйишди, — дея у хижолатли оҳангда кўйлагининг ёқасини кўрсатди. У салгина йиртилган, қизнинг кўкси бироз очилиб қолган эди.

Фазлиддин шу томонга қаради-ю, бирдан кўзини олиб қочди.

— Мен кечикаётганимни айтдим-ку. Бир одам кутиб турибди, — деди йигит баттар асабийлашиб.

— Сиз менинг гапларимни эшитмаётганга ўхшайсиз, — дея киприкларини пирпиратиб Фазлиддинга қаради Райҳон.

— Чунки истамаяпман, — дея кўзини олиб қочди Фазлиддин. Илло, у «Номаҳрам билан ёлғиз қолманг» деган ҳадисни ўқиб, ёд олганди. Ўшандаёқ: «Энди Малоҳат билан ёлғиз гаплаша олмас эканман-да. Гаплашсам, ёнида бошқа биров ҳам бўлиши керак экан-да», деган хаёлга борган ва бундан анчагина хафа ҳам бўлганди. Энди эса манави қиз билан ёлғиз қолган, ёлғиз бўлганда ҳам ёпиқ эшик ортида, қизнинг унга иштиёқи шундоққина кўриниб турибди.

— Шунчалик хунук, ёқимсизманми? — деди Райҳон йиғламоқдан бери бўлиб. Ахир у ўзига ҳаддан зиёд ишонарди. Бўянмасдан, оддий кийимда кўчага чиқса, қанча йигитлар гап отарди. Обдан ўзига қараган пайтлари эса унинг учун жонини беришарди. Бу бола эса у билан гаплашишни ҳам истамаяпти.

— Гап унда эмас. Менинг ҳеч нарсага вақтим йўқ. Сиз тугул, бошқа қизлар билан ҳам гаплашиб ўтиришни истамайман. Бунинг устига, иккаламиз ҳам муштдай болалармиз.

— Мен ўн еттига кирганман.

— Бўлса бордир. Четроқ туринг, ҳозир эшикни бузаман.

— Кейин сизни ётоқхонадан ҳайдаб юборишади. Балки ўқишдан ҳам четлатишар. Безориларни ёқтиришмайди.

— Розиман. Қочинг, шу ердан чиқиб кетсам бўлди!

Аммо эшикни бузишга ҳожат қолдиришмади. Ётоқхонада турадиган бошқа қизлар эшик ортидан ўтаётиб, швабрани кўриб ҳайрон бўлишди. Кейин кулишди. Илло, улар ҳам бу ерда Фазлиддин яшашини яхши билишарди. Қизлар шу ишни қилганларига ҳам ақллари етади. Чунки ётоқхонада бир-биридан шўх қизлар кўп эди. Эркак зоти бўлмаганидан кейин шунақа бўларкан-да… Ҳали уйидан етиб келмаган анави икки йигитни ҳам бошида шундай қилишганди. Натижада иккиси ўзига битта-битта қизни танлашди-ю, қутулишди. Ўша иккита қиз уларни бошқа қизлардан яхшигина қўриқлай олишди. Энди навбат Фазлиддинга эди. «Мана сенларга бўлмаса», деб қизлар швабрани олиб қўйишди. Натижада Фазлиддин бузишга улгурмасдан, эшик очилди. Худога шукур қилган Фазлиддин Райҳонга:

— Энди чиқиб кетинг, — деди.

Қизгина анча мулзам бўлганди. Энди кетишдан бошқа иложи ҳам қолмаганди.

Фазлиддин устозининг ёнига кечикиб борди. Имом унга «кечикдинг» демади-ю, аммо билагидаги соатига қараб қўйди.

— Ухлаб қолибман, — деди шу заҳоти Фазлиддин.

Устози кулди.

— Вақтни тўғри тақсимлаш керак, — деди. Сўнгра кечаги берган топшириқларини сўради. Фазлиддин бекаму кўст жавоб берди. Шундан кейин имом тунни қандай тақсимлаш тўғрисида гапирди. У шундай сўзлардики, гўё Фазлиддиннинг акасидай, у билан бир уйда яшайдигандай эди.

— Сизнинг ҳолатингизда одам тез чарчаб қолади. Бунинг натижасида қилаётган ишидан тезда безади, — деди гапининг охирида.

Алифбони тўлиқ ўрганишга Фазлиддин нақ йигирма кун сарфлади. Тезроқ ўрганишга қанчалик ҳаракат қилмасин, сира уддасидан чиқолмади. Чунки устози шошилишни истамади. Фазлиддиннинг ўзи ҳам «айн» ҳарфини жуда қийналиб ўрганди. Унга нақ бир ҳафта вақти кетди. Ҳар куни имомнинг ёнига келади. «Айн»ни талаффуз қилади. Устозига ёқмайди. «Тўғри айтмадинг, бошқатдан такрорлаб кел», дейди. Фазлиддин ортига қайтади. «Бўлди, менга араб тилининг умуман кераги йўқ», дейди. Бироқ битта музқаймоқ еганидан кейин шаштидан қайтади. Ҳа, у музқаймоқни ўлгудай яхши кўради. Кунига учтасини паққос туширмаса, кўнгли тинчимайди… Қийналсаям, ўрганди. Ниҳоят, устози унинг оғзидан ўзи истаган талаффузни эшитиб бошини қимирлатди. «Ана, бўларкан-ку! — деди. — Ўзи, аслида, кеча тайёр бўлганингни билгандим, аммо яна бир кун қўйиб бердим, сабрингни синадим. Булардан ҳам аввал сен намоз ўқишни тўла ўзлаштириб олганинг яхши бўлди. Энди намоз ўқиб, кейин бошқа ишларингни ҳам қилаверасан.

— Мен фақат ўқишни ўргандим, лекин тилни билмайман-ку! Қуруқ ўқиш…

— Тўхтанг, биродар, воқеликдан олдинга ўтиб кетиб қолманг-да. Тилни билиш учун озмунча сўз ёдлаш керакми? — дея кулди имом. — Бу ўн беш-йигирма кунда бўладиган иш эмас. Вақт керак. Ҳалиям жуда кўп сўзларимиз араб тилидан кириб келган. Шунинг ўзи қанчалик ёрдам беради!

— Мен кўпроқ сўз ёдлайман.

— Фақат битта шарти билан: тунги саккиз соатлик уйқу албатта бўлиши керак. Шунда ҳам бир кунда ўн олти соат ўзингизга қоляпти.

— Овқатланишга, бир жойдан иккинчи жойга боришга ҳам кетиб қолади-да вақт.

— Шошилманг, ука. Шошилмасангиз, ҳаммаси бўлади. Агар Худо хоҳласа, бир кунлик ишингизни кўз очиб юмишга улгурмасингиздан битириб беради. Худонинг қудрати чексиз. Сизнинг вазифангиз — бутун борлиғингиз билан унга талпиниш… Манави бир соатлик вақт бор-ку, бу сиз билан мен учун бир соат. Агар Худо истаса, ўша бир соат бир неча кунга ва ҳатто ойларга чўзилиши ёки бир лаҳзадан ҳам қисқа муддатга айланиши мумкин. Тун одам ором олиши учун яратилган. Демак, шунга бўйин эгинг, биродар. Қайсарликни ўзингизга, одамларга қиласиз, Худога эмас.

— Хўп, — деди Фазлиддин.

У шу куни хуфтон намозини ўқиб бўлиши билан ухлашни ният қилди. Бироқ уддасидан чиқолмади. Уйқуси қочди. Анча муддатгача сим каравотда гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ағдарилиб ётди. Бўлмади. Охири туриб китоб ўқиди. Шундан сўнг беш дақиқада уни кучли уйқу босди.

Эртаси куни жуда вақтли уйғонди. У уйқудан турганида ҳали азон айтилмаганди. Устози: «Тонгда масжидга кел, биргалашиб бомдод ўқиймиз», деганди. Шу боис Фазлиддин шоша-пиша таҳорат олди-да, масжид томон йўлга чиқди.

Бу ёғи дарслар бошланиб кетганди. Фазлиддиннинг гуруҳида ўзидан бошқа яна бир йигит бор экан. У ногирон эди. Бир оёғи иккинчисига нисбатан калта экан. Бу бола Фазлиддиндан баттар ўжар, инжиқ экан. У ўзининг ногирон бўлишида ҳаммани айбдор деб ҳисобларкан. «Нега сенлар у ёқдан бу ёққа сакраб ўйнаб юрасанлар-у, мен бир жойда ўтиришим керак?» дерди. Бу, албатта, унинг энг юмшоқ гапи. Бошқа пайт эса унинг сўзлари куракда турмасди…

Гуруҳда қизлар нақ ўттизта эди. Шу боис Фазлиддин дарров эркатойга айланиб олди. Ҳамма қизлар билиб-билмай унга хушомад қилар, бироқ Фазлиддин уларнинг бирортасига ҳам эътибор бермасликка уринарди.

Назарида, у чарчамаётганга ўхшар, бекор вақти кўпдай эди. Шунинг учун спорт залга боришни ҳам йўлга қўйди. Бечора, шўринг қурғур жисмоний тарбия ўқитувчиси… Ҳа, унга ҳавас қилиб бўлмайди. Ўзиям қизлар билан ишлайверганидан қиз болага ўхшаб муомала қиладиган бўлиб қолибди. Айрим ҳаракатлари шунчаки қизларники билан бир хил эди. Бошқа томондан эса, кўзи роса олма-кесак тераркан. Қадди-қомати келишган, чиройли қизларни кўрганида бирдан шавқи ошиб, уларга хушомад қилишга ўтиб кетаркан. Айтишларича, саргузаштлари ҳам кўп бўлган экан. Бироқ, «илму амали» шу залдан нарига ўтмаганлигидан, ҳалиям ишдан ҳайдалмаган экан… Тўғриси, у аҳмоқ эмасди. Ҳар кимга ҳам шилқимлик қилавермасди. Фақат ёниб, ҳаддан зиёд эрта балоғатга етиб келганлар билан ишини битирарди у. Бошқа пайт сакраб коптокни ураётган сулувларга тикилиб, роҳатланиш билан қаноатланарди.

Фазлиддин унга пора берди. Нақд йигирма сўм. Шарти битта эди: у ўзининг гуруҳи билан бирга жисмоний тарбия дарсига қатнашмайди. Чунки имом кўз зиноси ва унинг жазоси ҳақида шундай ҳадислардан далил келтириб гапирдики, Фазлиддиннинг бутун танаси жимирлади. Кўз олдига жаҳаннам ва унда куяётган вужуди келди. Шундан кейин пора берди. Ўқитувчи иржайди: «Тўғри қиласан. Мен сени журналга «келди» деб ёзиб қўяман», деди. Ана ундан сўнг дарсдан бўш вақтларида келиб бемалол спорт залда шуғулланиши учун калит берди… Бироқ кўп ўтмай, бу ердаги машғулот Фазлиддиннинг жонига тегди. Қолаверса, ўқитувчи калитини қайтариб олди. Чунки пахта мавсуми бошланиб қолганди. Ҳаммани пахта теримига олиб кетадиган бўлишди. Лекин Фазлиддинни қолдиришди. Билим юртининг шу ердаги хўжалиги катта бўлгани боис, кўп жойларга эркак кучи керак бўларкан, шунинг учун уни олиб қолишди. Ана шунда Фазлиддин учун ҳақиқий завқли кунлар бошланди. Ётоқхонада ундан бошқа деярли ҳеч ким йўқ эди. У имомдан дарс олар, қолиб кетган топшириқларни бажарар, кейин 34-мактабда очилган спорт тўгарагига борарди. Бу тўгарак бекорга очилмаганди. Казо-казоларнинг болаларини пахтадан олиб қолиш мақсадида, гўё олимпия ёшларини тарбиялаш учун очилганди… Фазлиддин шу ҳақда эшитиши билан бориб тўгаракка ёзилди. Кураш экан. Мураббий ўрис одам экан. Индамай унинг исми-шарифини даафтарига ёзиб: «Эртага кел», деди. Ҳеч бир ҳужжат сўрамади. Фақат битта чатоқ томони, унинг вақти аср билан шом оралиғида эди. Шунинг учун икки марта Фазлиддин шом намозини қазо қилиб қўйди. Бу ҳақда, аслида, мана шундай тўгарак ҳақида унга гапирган имомга айтди. Устози намозни қандай қилиб қазо қилмасликни унга ўргатиб қўйди.

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: