Ҳусийларнинг яна бир ҳужуми икки денгизчининг ҳаётига зомин бўлди
Чоршанба куни Адан кўрфазида яна бир савдо кемаси ҳужумга учради. Икки экипаж аъзоси ҳалок бўлди, экипаж орасида жароҳатланганлар ва бедарак йўқолганлар ҳам бор. Тахминларга кўра, Яманнинг ҳусий кучлари кемага баллистик ракета билан зарба берган, деб хабар бермоқда Reuters.
Гап Барбадос байроғи остида сузган True Confidence юк кемаси ҳақида кетмоқда. Кема яқинида тутун кўринди, экипаж қутқарув қайиқларини ишга туширди ва бортни ташлаб кетди. Экипажнинг уч аъзоси бедарак йўқолган, тўрт нафари эса жиддий куйган. Кечга яқин икки денгизчи ҳалок бўлгани ва олти нафари яралангани ҳақида маълумот келиб тушди.