8 март фожиаси: хотинини пичоқлаган ўзбекистонлик эркак отиб ташланди
Нью-Йоркда хотинини пичоқлаган ўзбекистонлик эркак полиция томонидан отиб ўлдирилди. Бу ҳақда daryo.uz хабар берди.
Ҳодиса 8 март халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилаётган зиёфат чоғида юз берган. Пичоқ билан қуролланган Жамшид Неъматов «қуролни ташлаш» буйруғини рад этганидан кейин полиция томонидан отиб ташланган. Унинг рафиқаси 43 ёшли Амира Неъматова ҳозирда касалхонада даволанмоқда ва эрининг ўлимидан хабардор эмас.
Оиланинг исмини ошкор этмаган қариндошига кўра, эркакнинг соғлиғида муаммолар бўлган.
«Унда галлюсинациялар кузатилар эди. Бу депрессия бўлиши мумкин. Руҳий саломатлик…. Унинг бошида нимадир кечар эди», — дейди у.
46 ёшли Жамшид Неъматов грижа сабабли кучли жисмоний оғриқни бошдан кечирган ва бу унинг ишлашига тўсқинлик қилган. Руҳий муаммолар бир ой олдин бошланган, эркакнинг «кўзига турли нарсалар кўринган» ва «ўзига ўзи гапириш»ни бошлаган.
“У даволаниши керак эди, лекин шифокорга бормади. Амира (рафиқаси) ундан хавотирланарди. Бўлиб ўтган ҳамма нарсадан кейин ҳам у эрининг аҳволини сўради: «Менинг эрим қандай?», деб таъкидлади қариндоши.
Марҳумнинг рафиқаси эрининг ўлганини билмайди. У Элмҳурст тиббиёт марказида операцияни бошдан кечирган ва яна жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мумкин. Ўзбекистонлик эр-хотиннинг тўрт нафар фарзанди: 23 ва 20 ёшли икки қизи ҳамда 17 ва 14 ёшли икки ўғли бор.
«Улар оила қурганига 20 йилдан ошган. Чиройли турмуши бор эди. Бахтли ҳаёт кечиришар эди. Бу қандай содир бўлганини билмаймиз», — дейди оиланинг қариндоши.
«Мен воқеа юз берганидан кейин келдим. Коридорда қон бор эди. Улар уни (Жамшид Неъматов) жонлантиришга ҳаракат қилишди. Амирани 8 март билан табриклаб, унга гуллар совға қилмоқчи эдим, лекин ўз вақтида улгурмадим», — дейди қариндошлардан яна бири.
«Воқеа куни биз кўплаб тортишув ва қичқириқни, коридорда болаларнинг овозини эшитдик. Кейин бир оз, эҳтимол бир-икки дақиқа жимжитлик бўлди, кейин тўртта ўқ овози эшитилди. Бу ҳақиқатан ҳам қўрқинчли эди. Ўқ овозлари баланд эди», — дейди қўшни Марселла Руэда.
Унга полиция қандайдир жанжал бўлганини айтган. Пичоқбозликдан бир неча соат олдин хотини акасига қўнғироқ қилиб, у ва эри ўртасида муаммолар борлигини таъкидлаган.
Полиция ходимларининг айтишича, эркакка пичоқни ташлаш буюрилган, бироқ у бунга рози бўлмаган ва қуроли билан «ҳужум қилган». Офицерлардан бири электоршокер билан зарба берган, икки офицер эса камида тўрт марта ўт очган.
«Улар жуда яхши оила, жуда тарбияли. Қизлари бизни доим ҳурмат қилишарди», — дейди қариндошлар.
Қўшнилар эса бу оилада ҳеч қачон жанжал кузатилмаганини қўшимча қилмоқда.