Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (12-қисм)

Кейинги кун дарслар бошланди.

Сентябрда рус тилини билмаганлиги учун ўқитувчиси анча изза қилганди. Аммо энди уни мақтади. «Агар шу ўсишда давом этсанг, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ўрислардан яхшироқ гапира бошлайсан», деди. Фазлиддиннинг хаёлига Владимир Бодров билан Сергей келди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ўзбек тилини яхши тушунарди. Бироқ бир оғиз ҳам гапирмасди. Шундан бўлса керак, Фазлиддин озми-кўпми, ўрисча гапиришни ўрганди.

Ана шу озми-кўпнинг ўзи роса «дўмдўм» деган номдан қутқарди. Дарвоқе, курсдошлари орасида бир- иккита олифта қизлар бор эдики, улар Фазлиддинни айни ном билан аташарди. Албатта, орқаворатдан. Четдан келганлар уларнинг сўзларига эътибор беришмас, Фазлиддинга хушомад қилишда давом этишарди. Ахир у битта эркак. Наригиси бу мақомдан анча йироқроққа ўхшарди. Лекин исм-фамилияси, кўриниши эркак эди.

Фазлиддиннинг вақти баттар тиғизлашди. Техникумдаги ўқиш, имомнинг ёнига бориб ундан дарс олиш, у ёғи Владимир Бодровнинг машғулотларида қатнашиш бутунлай унинг вақтини олиб қўйди. Гоҳ-гоҳида Сергей ҳам уни сўроқлади. Агар Фазлиддин унинг бир-иккита ишларида ёрдамлашмаса, ҳеч нарсага улгурмасмиш. Аслида, ўша кунлари у ўта маст бўлар эди. Ишини эса Фазлиддинга бажартирарди. Пайвандлаш Фазлиддинга завқ бергани учун у Сергейнинг ёнига югуриб борарди…

Шундай кунларнинг бирида у Камол Шоннинг ишхонасига борди. Журналист ва яна камига битта- иккита шеър ёзиб, анча-мунча тилга тушиб қолган Камол Шон зерикиб ўтирган экан. Уни қучоқ очиб кутиб олди.

— Дўстимнинг шогирди менга ҳам шогирд, — деди у билан худди қирқ йиллик қадрдонлардай қучоқлашиб кўришаркан.

Кейин йигитчанинг елкаларидан ушлаб юзига тикилди-да:

— Ё ундай эмасми? — деди.

— Шундай, — дея мийиғида кулди Фазлиддин.

— Шундай бўлса, нега хабар олмайсан?.. Бўлди, тушундим, алкаш билан гаплашиб нима барака топардим, деган бўлсанг керак. Эътиборинг учун айтиб қўяй, мен ўша кундан бери оғзимга бир томчисини ҳам олганим йўқ ўша заҳри қотилнинг. Бу гапни сен учун айтмаяпман. Дўстим учун айтяпман. У танишганимдан бери мен билан курашади. Ичкиликни ташлатаман дейди. Лекин ҳамма ҳаракатлари бекорга кетаётганди. Аммо сен уйимизга борганингдан кейин янганг ёмон уялтирди. «Сиз шундай боланиям бузасиз», деди. Мен унга: «кўрамиз», дедим ичимда… Хуллас, шундан бери ичмаяпман. Лекин ҳаёт ёмон зерикарли бўлиб қоларкан. Беш-олтита улфатим бўларди. Бари қорасини ўчирди. Ҳатто бирор жойда тасодифан учрашиб қолсак ҳам, қуруққина кўришади… Энди ўтир, — дея Камол Шон стулни кўрсатди.

Фазлиддин ўтирди.

— Хўш, ўқиш қандай? — дея тамаки қутисини олди Камол Шон.

— Ёмонмас, лекин айни шу жойда ўқиш ғалатироқ. Бировга айтиб бўлмайди.

Камол Шон кулди. Кейин бошини қашлаб, ҳар доимги жойига ўтирди-да:

— Гапингда жон бор. Бироқ энг зўр томони, сен у ердан усталик билан фойдаланишинг керак. Бунинг учун ҳамма имкониятлар бор. Фақатгина хоҳиш бўлса бўлди, — деди.

— Лекин мен таниш-билишларга ёлғон гапиряпман-да, қурилиш техникумида ўқияпман деяпман.

— Ҳечқиси йўқ. Бундай ёлғонларнинг фойдаси кўп. Аммо зиёни йўқ. Шундай экан, бемалол ишлатавер. Лекин устозинг нима дейди, мен билмайман. Ҳар қалай, диний томондан ҳам сенинг ҳолатингдаги бунақа ёлғон унчалик қораланмаса керак. Бироқ, барибир, сўраб қўй. Хўш, бошқаларга ўхшаб ўқияпсанми?

— Сира иложим бўлмаяпти. Улар дарсга бориб келишади, бўлди.

— Ҳимм, сеники зўр. Очиғини айтганда, сенга ҳавасим келяпти. Агар сенинг ёшингда бўлиб қолганимда… Барибир, бир гўр қилмасдим. Сабаби, ўта эринчоқ одамман. Ҳатто бир қоғозлик мақолага бутун бошли бир кунимни сарфлаб юбораман. Шуниси зўр, ёзганинг пишиқ-пухта бўлади, дейишади танишларим. Лекин мутлақо зўр эмас, эринчоқ, танбаллар ўйлаб топган бу гапни… Қизларга югурмаяпсанми?

Кутилмаган бу саволдан Фазлиддин бирдан қизариб, бошини эгди ҳамда паст овозда:

— Йўқ, — деди.

— Ростданми?

— Ҳа.

— Ўхшамади-да. Лекин орамизда қолсин-у, агар бирорта қиз билан гаплашганингда ҳам, мен сенга бир нима демасдим. Чунки ҳар нарса ўзининг ёшида ярашади. Айтганча, — дея шу заҳоти гапни бошқа ёққа бурди Камол Шон, — сенга битта гапни айтмоқчи бўлиб юргандим.

Фазлиддин суҳбатдошининг юзига термилди.

— Республика кутубхонасининг архивига кирмоқчиман яқинда, шунга сен билан бирга борсак, нима дейсан? Мен ўша давр маданияти ҳақида маълумот оламан, сен бўлсанг, ўзингнинг ишингни қиласан. Ўша даврдаги газеталарда нима янгиликлар ёзилган бўлса, битта дафтарга секин кўчирасан. Ана сенга тарихни билишнинг яна битта йўли.

— Яхши бўларди.

— Унда келаси ҳафтанинг чоршанбасида, тушдан кейин соат иккиларга келасан.

— Хўп бўлади, — деди Фазлиддин ич-ичидан қувониб.

Кейин Камол Шон қандай қилиб журналист бўлиб қолганлиги тўғрисида сўзлади. Эзилиб, ҳар битта қилган ишига алоҳида тўхталиб гапирди. Фазлиддин зерикди. Эртароқ кетишни истади. Аммо Камол Шоннинг сўзларини охиригача тингламай туриб кетиб бўлмасди. Ҳикоянинг эса охири кўринай демасди. Бахтига, котиба қиз келиб, бош муҳаррир Камол Шонни сўроқлаётганини айтди. Камол Шоннинг энсаси қотди. Котибага ғалати қараш қилди.

— Калла йўқ, — деди котиба чиқиб кетганидан сўнг, — умуман бўм-бўм. Мен дунёга келиб бунчалик эринчоқ қизни кўрмаганман. Бир сафар бош муҳаррирнинг чой ичгиси келиб қолади. «Зулфия, битта чой ичамизми?» дейди. Зулфия эса унга ўлик кўзларини қадаб: «Менинг чой ичгим келмаяпти», дея жавоб қайтаради. Мана шу гап ҳозир редакцияда латифага айланиб кетган. Муҳаррир бағри кенг одам, бунинг устига, котибани яқин танишининг илтимоси билан ишга олган, шунинг учун уни ишдан ҳайдаб юбормайди… Сен кутиб тур, мен бориб бир учрашай-чи, нима гапи бор экан? — деб Камол Шон ўрнидан турмоқчи бўлганида, Фазлиддин изн сўради. Ишлари борлигини баҳона қилди. Ваҳоланки, ҳеч бир иши йўқ эди.

У ётоқхонага келганидан кейин ухлаб қолди. Негадир боши оғриганди. Келди-ю, каравотига чўзилди. Шу бўйи ухлади. Алмойи-алжойи тушлар кўрди. Улардан бирида қандайдир махлуқ уни қувди. Махлуқки, тасаввурга сиғмайди. Аксига олиб, Фазлиддин эшиги қулфланган хонада ёлғиз экан. Махлуқ деразадан кирибди. Ана шунда кутилмаган мўъжиза содир бўлибди. Фазлиддин учибди. Уйнинг томигача учибди, кейин деразадан чиқиб кетибди. У борган сари юқорилар эмиш, аста-секин бутун шаҳар кафтдек кичрайиб қолибди. «Ҳозир ҳаво тугаб қолади», дермиш у ўзига-ўзи. «Энди, барибир, махлуқ менга етолмайди, пастроқ учганим маъқул», дермиш. Аммо узоқ-узоқлардан махлуқнинг ўкирганини эшитармиш-у, Фазлиддин парво қилмасмиш. Бунинг ўрнига ғалати бир туйғулар уни қамраб олганмиш. Бундай туйғуни у илгари сира туймаган…

Уйғонганида офтоб уфққа ёнбошлаганди. Фазлиддин унинг қия нурларинигина кўрди…

Унинг туши хаёлига муҳрланди. Бир қанча муддат ўй суриб ўтирди.

У дарс қилишга тушди. Гуманитар фанларни ўрганиш сира қийинчилик туғдирмади. Аммо аниқ фанлар бошини қотиришга мажбур қиларди.

Кундузги уйқу анча тетиклик берган экан. Бир марта овқатланиш ва бир марта қўлини чайишни ҳисобга олмаганда, у жойидан қимирламади…

Эртасига жисмоний тарбия ўқитувчиси уни дарсга қўймади. Унинг сўзларига қараганда, қизлар Фазлиддиндан уялаётган эмишлар. Бир неча ой олдин ўқитувчи билан қилган келишувини эслади.

Унинг куни соатма-соат режалаштирилган, мана бундай кутилмаган воқеалар ўша режасини бузиб қўярди. Илгари бир неча марта бўлган бундай ҳолатлар, айтайлик, Сергей уни сўроқлатганида… Борарди, тебраниб турган Сергейнинг қўлидан асбоб-анжомни оларди. Ишга киришиб кетарди. Мана, ҳозир ҳам ўқитувчи дарсга қўймади, режа бузилди.

У билим юрти ҳудудидан чиқди. Тўғри музқаймоқ будкасининг ёнига борди. Бу ернинг музқаймоғи зўр, қаймоқли. Одам тўймайди. Яна дўкончанинг ҳовличасиям бор. Ликобчага уч бўлак музқаймоқни чиройли ўтқазиб беришади. Кейин хаёл суриб музқаймоқ ейсан стулчага ўтириб олиб.

Фазлиддин ўқишга келганидан бери камида ўн беш марта шу ерда ўтирган. Кўпинча сариқдан келган бир болани кўради. Ҳатто пахта мавсумида ҳам унинг шу ерда ўтирганига гувоҳ бўлган. Ўшандаям у қимор ўйнайдиган қарталар ўлчамидаги бир тахлам оппоқ қоғозларга ёзилган қандайдир нарсаларни ўқиш, ёдлаш билан овора эди. Тахламнинг энг тепасидагини ўқир, кўзини юмиб ичида такрорлар, кейин қоғозни тахламнинг энг тагига тиқиб қўярди. У ҳозир ҳам шу амал билан машғул эди. Фазлиддин бир муддат унга термилиб ўтирди. Ҳайрон бўлди. Сўнг қизиқиши устун келиб:

— Салом, — деди рус тилида.

— Салом, — жавоб қайтарди ўтирган йигит ва энсасини қотириб Фазлиддинга қаради.

— Нима қиляпсан? — сўради Фазлиддин.

— Нимайди? — дея саволга савол билан жавоб берди йигит.

Қолганига Фазлиддин сўроқни давом эттира олмади. Чунки рус тилида сўз бойлиги жуда оз, дарров охирлаб қолади. Шу боисдан ҳам елкасини қисди.

— Кимсан? — дея бу сафар йигит Фазлиддиндан сўради.

— Менми?

— Ҳа, сен.

— Мен сени аввал ҳам кўргандим.

— Нима қилибди?

— Ўзим.

— Сенинг ўзинг кимсан?

— Фазлиддинман.

— Нега келдинг, Фазлиддин? — дея сўради бу сафар сариқ сочли бола.

— Ўзбекка ўхшамайсан-ку.

— Ким айтди сенга мени ўзбек деб? Ўзбекчани биламан.

— Шундайми? Нима қиляпсан?

— Сенга нима ишинг бор, дедим.

— Тушундим, лекин қилаётган ишинг қизиқ.

— Инглиз тилини ўрганяпман. Энди тошингни тер, менинг ортиқча вақтим йўқ. Ёки сенга кеткизган вақтимга пул тўлайсанми?

— Йўқ.

— Бор энди, — дея сариқ бола билагидаги соатига қаради. Фазлиддин шунда унинг қоғозчаларига русча-ўзбекча луғат ёзилганини кўрди.

Бориб жойига ўтирди. Ўзини ўзи ёмон кўриб кетди. Ахир у вақтини ўйнаб-кулиб сарфлаётган эди-да. Музқаймоқ еб ўтирибди. Ваҳоланки, арабча сўзларнинг ҳали чорак қисмини ҳам ёд олгани йўқ. «Мана, — деди у ўзига-ўзи, — одамлар қандай меҳнат қилишади! Менга ўхшаганлар эса тараллабедоддан бошқасига ярамайди».

У севимли музқаймоғининг ярмидан ортиғини ликобчада қолдирди. Ётоқхонага шошди.

Ётоқхона эшиги ёнида тўполон бўлаётган экан. Тўполончилар орасида вахтёр хотин ҳам бор эди.

— Мана, мана шу болаям шундай балоларни бошлаш учун шу ерда юрибди. Ушланглар уни! — дея бақирди вахтёр хотин Фазлиддинни кўриши билан.

— Нимага, қандай бало? — деди ҳайрон бўлган Фазлиддин.

Аммо унинг гапига биров эътибор бермади. Ичкаридан иккита хотин чиқиб, унинг ёқасига ёпишди. Биттаси ёқасини йиртди. Фазлиддин уларни силтаб ташлаб, ортига чекинди. Шунда ичкаридан чиқиб келаётган иккита милиция ходимига кўзи тушди. «Булар бу ерда нима қилиб юришибди?» деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди.

— Нияти бузуқ бўлган буни! Бекордан бекорга бу ерга ўқишга топширмаган, тўрт мучаси соғ бўла туриб, қизларнинг орасида ўқишга бало бормиди бунга? Мен ичкарига ҳеч кимни киритмаганман. Мана шу бузуқи бузиб қўйган. Бечора қизни алдаб-сулдаб, ҳомиладор қилиб қўйган!..

Фазлиддин вахтёр хотиннинг шаллақи эканини жуда яхши биларди. Ахир бир неча марта гувоҳ бўлган бунга. Бироқ бунчалик ёлғонни тўқиб ташлаши хаёлига ҳам келмаган экан.

— Нима деяпсиз? — деди Фазлиддин баттар ортига тисланиб.

— Ҳа-а, қилғиликни қилиб қўйиб, оппоққина бўлиб юраман деб ўйлаганмидинг? — бақирди вахтёр хотин.

Фазлиддиннинг хаёлига «Қочиш керак!» деган ўй келди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: