Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (13-қисм)

Аммо ҳозир қочиш — ўзига маълум бўлмаган айбларнинг ҳаммасини ўз хоҳиши билан бўйнига олиш деган гап эди. Шу боис Фазлиддин жойидан қимирламай тураверди. Ётоқхона ичкарисидан тўрт-беш қиз ва яна иккита хотин чиқиб келди. Шовқин-сурон ташқарига кўчди.

Милиционерлардан бири келиб Фазлиддиннинг тирсагидан ушлади.

— Нима қилиб қўйганингни биласанми? — деди унга еб қўйгудек тикилиб.

— Йўқ, — дея киприкларини пирпиратди йигит.

— Битта қизни ҳомиладор қилибсан!

Бирдан Фазлиддиннинг кўзлари олайди:

— Нима?!

— У эмас! — деган овоз келди қизларнинг орасидан.

Бирдан ҳамма овоз келган томонга қаради. У йиғлайвериб кўзлари қизарган, қоп-қора сочи тўзғиган, юзи оппоқ, қоши вақтидан олдин терилган қиз эди. Айнан шу қиз ҳомиладор эди. Охирги курсда ўқирди.

— Нимага айтмадинг?! — дея бақирди аёллардан бири.

— Гапиришга қўймаяпсизлар-ку! Зуҳра опа киргизди хонамга!..

Зуҳра опа — вахтёр хотин.

Милиционерлар нималарнидир англагандай бўлишди. Аввалроқ ўз-ўзидан, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, Фазлиддинга ташланиб қолган вахтёр хотин — Зуҳра опанинг бақир-чақирларига эътибор бермай, уни сал нарида турган милиция машинасига олиб кетишди…

Ҳангоманинг давомини кўришга Фазлиддиннинг тоқати етмади ва ётоқхонага кириб кетди… У ўзини каравотга ташлаб, юзини ёстиққа босди. «Агар беш дақиқа кейин келганимда, ҳеч ким менга туҳмат қилмасди», дея хаёлидан ўтказди. Кейин қоғозчаларга ёзилган инглизча сўзларни ёдлаб ўтирган анави болани эслади. «Падар лаънати мени руҳлантирмаганида, музқаймоқни охиригача еган бўлардим. Ётоқхонага келгунимча ҳаммаёқ тинчиган бўларди», дея ўйлади.

Шу куни у қолган икки пара дарсга бормади. Билим юртига кирганидан бери бу биринчи ҳолат эди. Шу куни устозидан дарс олиши лозим эди. У ҳам қолди. Ҳаммасига қўл силтаб, ухлади. Уйғонганида эса аллақачон қоронғи тушиб бўлганди.

Фазлиддин ювиниб келганидан сўнг, сочларини ғижимлади. Ахир у бутун бошли ярим кунини ҳавога совуриб қўйганди. «Баттар бўл, Фазлиддин. Мана энди мен сени жазолайман. Умуман ухлатмайман. Ярим тунгача дарс қиласан, кейин эрталабгача намоз ўқийсан. Сенга бошқа дам олиш йўқ. Дамни олиб бўлдинг, ярамас», дея ўзига ўзи ҳукм ўқиди.

Кечаси тахминан соат биргача тетик эди. Бу пайтда йўлакдаги шовқин-суронлар тинган, пашша учса билинарди. Дарсларининг ҳаммасини қилиб бўлиб, қўшимча ўқишларни ҳам бажарди. Кейин намозга ўтди. «Шайтон оловдан яратилган, у сувдан қўрқади», деган эди устози. Роса эринчоқлик унинг елкасига миниб олганида шу гапни эслади, бориб чўмилиб келди. Нақ ярим соат сув тагида турди. Анча енгил тортиб, намоз ўқишга киришди… Ўн кунлик намозни ўқиб бўлганида соат бомдод вақти кирганлигини билдириб жиринглади. Ҳозир кун қисқарган, тун узайган пайт. Демак, соат олтига яқинлашиб қолган.

У бомдодни ўқиганидан сўнг нонушта қилди. Кейин дафтарларини қўлига олди.

Фазлиддин биринчи пара тугагунча тетик эди. Аммо иккинчи пара бошланганида уни уйқу элита бошлади. Бунгача қизлар уни роса сўроқ-саволга тутишди. Ахир оз эмас, кўп эмас, гуруҳдаги қизларнинг тенг ярми уни яхши кўради. Шундай экан, кечаги ҳомиладор қиз воқеасига қизиқишади. Унда Фазлиддиннинг исми ҳам тилга олингани қизиқишларини икки ҳисса оширган.

— Нега жисмоний тарбия дарсига кирмадингиз? — дея сўради қизлардан бири.

— Сизлар мендан уяларкансизлар. Ўқитувчи шундай деб қайтарди. «Келмасанг ҳам, сенга битта беш бор», деди, шунга кирмадим, — деди унга жавобан Фазлиддин.

— Ўлақолсин, биз қачон айтибмиз Фазлиддиндан уяламиз деб? Ўзи-ку, кўзини лўқ қилади. Индамасанг, еб қўяман дейди кўзи билан.

Синфхонада бирдан кулги кўтарилди. Шундан кейин Фазлиддин четга чиқиб, ўқитувчи бош мавзуга айланди.

Мана, иккинчи пара яримлаяпти. Унинг қулоғига умуман ҳеч нарса кирмай қўйди, кўзи юмилиб кетяпти. Йўқ, бўлмади, сира чидашнинг имкони йўқ. Ниҳоят, бошини парта устига қўйди ва шу заҳоти пинакка кетди. Ўқитувчи сезмади ё ўзини сезмаганга олди. Дарс тугади, аммо Фазлиддин ухлашда давом этди. Бу ёғи пичинглар бўлди: «Бу бола кечаси билан кимнинг қучоғида бўлдики, уйқу бермабди?»

Учинчи пара бошланишидан аввал эса меҳри ўта қайноқларидан иккитаси келиб уни уйғотди…

Фазлиддин ҳарна бироз тетиклашди.

Дарсдан кейин устозининг ёнига борди. Кеча келолмагани учун узр сўради. Ростини айтди: «Ухлаб қолибман», деди. Қори Муҳаммад Али уни койимади. Койиш унинг учун ёт нарса эди. Бунинг ўрнига жилмайди. Ухлаб қолиш сабабини сўради. Фазлиддин воқеани ипидан игнасигача қолдирмай гапириб берди.

— Сиз Аллоҳ йўлида, Аллоҳнинг каломлари билан руҳланишингиз керак эди. Сўзларингизга қараганда, у бола жуҳуд чиқар. Илло, уларгина шунчалик тиришқоқ бўлишади. Янаям Аллоҳ билгувчидир. Эсингиздан ҳеч қачон чиқарманг, сиқилган ёки боши берк кўчага кириб қолган маҳалингиз Қуръонгагина суянинг. Асло бандаларни орқа қилманг. Унда сиз энг катта хато қилувчилардан бўлиб қоласиз. Бир пайтлар шайтон ҳали шайтон бўлмасидан аввал Азозил бўлган, барча фаришталарнинг устози эди. Ҳатто Жаброил алайҳиссаломга устозлик қилган. Аммо кунларнинг бирида кўнглида ширк амалини қилиб қўйган. Бу ҳақда бировга гапирмаган, шунчаки кўнглидан ўтказган: «Мана, орқамда фаришталарнинг энг катталари намоз ўқишяпти. Худо бўлсам бўларкан», деган. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи, кўргувчи, эшитгувчидир. Ҳатто кўнглингиздан кечаётганларини ҳам. Ана шундан сўнг Одам ато яратилади ва Азозил илмига мағрурланиб, одамга сажда қилмайди. Ваҳоланки, Аллоҳнинг фармони сўзсиз адо этилиши шарт. Шундан сўнг у лаънатланади. Шайтонга айланади. Бас, шундай экан, нафақат тилингиз ва амалингизда, ҳатто хаёлингизда ҳам: «Мен шу нарсани боплайман, қойиллатаман!» деманг. «Менга фалончи ёрдам беради, фалончининг ёрдами билан мен бундай ишларни қиламан», деманг. Агар Аллоҳ хоҳламаса, қўлингиздан ҳеч нима келмайди. Ҳатто битта ҳарфни ўргана олмайсиз. Бунинг мисоли ўзингизнинг олдингиздан чиқибди. «Сен шу ишни қилганда, мен қилолмайманми?» деган ўй, эҳтимол, хаёлингиздан ўтгандир. Сиз хотиржам ўтиришингиз, музқаймоқни охиригача ейишингиз, фикрлашингиз, ўша ўтирган жойингизда Қуръон оятларидан ҳеч бўлмаганда биттасини ўқишингиз керак эди. Ана шунда Худо сизнинг кўнглингизга шундай бир илҳомни берардики, бир кунда қилолмаган ишингизни бир лаҳзада адо этардингиз.

— Хўп, — деди Фазлиддин қўлларини кўксига қўйиб.

Шу куни у устозининг гапларидан бошқача руҳланди. Ётоқхонага қандай кириб келганини ҳатто сезмади.

Унда Қуръони карим китоби йўқ эди. Қуръон сураларини устози ёддан айтиб турар ва айни чоғда ёзаётган Фазлиддиннинг ёзувларига диққат билан тикилар, шогирди хатога йўл қўйишининг олдини оларди.

Фазлиддин ёзиб олган сураларини ётоқхонага келганидан кейин ёдларди…

— Эртага Камол Шоннинг ёнига боринг, — деди устози у билан хайрлашаётганида.

— Пайшанбага келишгандик, — дея ҳайрон бўлиб унга қаради Фазлиддин.

— Сиз бораверинг. У режасини ўзгартирган, — деб кулди қори Муҳаммад Али.

Фазлиддин улар шунга келишиб олишган бўлса керак деб ўйлаганди. Камол Шон яқин кунларда домланинг ёнига мутлақо келмабди. Бироқ у, ҳақиқатан ҳам, миллий кутубхонага бориш кунини ўзгартирибди. Тўғрироғи, кутубхона директори «Олдинроқ келиб кетинг», дебди. «Домла бу хабарни қаёқдан эшитибди?» дея Фазлиддин ҳайрон бўлди. Аммо шу заҳоти бу фикрини унутди.

— Мен, — деди Камол Шон улар йўлга тушганларида, — йигирманчи аср бошлари маданияти ҳақида маълумот йиғаман. Ҳар қалай, директорга шундай деганман. У ўша даврда чиққан газета нусхаларининг ҳаммасини беради. Сен шу фурсатдан фойдаланиб, ўзингга керакли маълумотларни секин кўчириб олаверасан. Кейин келиб, унинг устида иккаламиз ишлаймиз.

Фазлиддин дашноқларни Камол Шондан эшитганди, аммо газеталардан бошқа маълумотларни ҳам олди. Уларнинг бирида (эски ўзбек тилида ёзилган) болшовойларнинг «босмачилар» либосини кийиб қишлоққа бостириб борганликлари, одамларнинг уйларини ёққанликлари, молларини талон-торож қилганликлари ҳақида ёзилган экан. Қизиқ томони, улар қочиб кетишлари билан дарров «қизиллар» шу қишлоққа етиб келишган ва жабр чеккан қишлоқ одамларига ёрдам беришган… Бу бориб турган фитна эди… Маълумотларнинг айримларини гарчи Фазлиддин дафтарига қайд қилиб қўйган бўлса-да, тушунмади. Тушунчани эса таҳририятга қайтиб келганларидан кейин Камол Шон берди. У Фазлиддин эски газеталардан йиққан маълумотларни ўқиркан, кўзидан ёш оқди…

Шу куни Камол Шон яна ичди. Аламидан ичди. Ичаётган маҳали баттар жўшиб кетди. Бирор ким эшитиб қолади, оғзимдан чиқаётган гаплар ўта хавфли, дея ўйлаб ҳам ўтирмади. Умуман олганда, бошқалар ҳам ундан кам гапиришмаётганди. Ўзи охирги пайтларда одамларнинг, айниқса, журналистларнинг кўнгил чигаллари анча ечилиб қолганди. Улар истаган гапларини бемалол гапиришлари мумкин эди. Бунинг учун бировнинг олдида ҳисоб беришмасди. Бироқ айтган гапларининг ҳеч бирини газетада чиқара олишмасди. Мард бўлиб ёзганлари, газета саҳифасига жойлаганлари бўлган. Афсуски, газета саҳифаланаётганида олиб ташланган…

Камол Шонни Фазлиддин уйига олиб борди. Аммо ўзи ичкарига кирмади. Аслида, Камол Шон унчалик ҳам маст эмасди. Оёғида бемалол турарди. Шунга қарамай, Фазлиддин хавотир олди ва Камол Шонни уйининг йўлагигача кузатди. Сўнг хайрлашиб қайтиб кетди.

Бир сафар қори Муҳаммад Али ичаётган одамларнинг ёнларида ўтирмасликка ҳаракат қилинг, деганди. Фазлиддин ўтирмайман деб, ўзига ўзи ваъда берганди. Бироқ, мана, биринчи марта шундай ҳолга дуч келди-ю, кетиб қололмади. Камол Шоннинг юзидан ўтолмади.

Эртасига устозининг ёнига борганида, кутубхонадан ундирганларини тўлиб-тошиб гапириб берди. Айни чоғда Камол Шоннинг қаттиқ қайғуга берилганини ҳам қистириб ўтди.

— Ҳа, ниҳоятда таъсирчан бола. У билан бир гаплашиб олишим керак, — деди домла. Кейин ўзи ҳам ўша даврларга оид баъзи маълумотларни берди.

— Агар, — деди у дарсининг сўнгида, — Ёсин сурасини ёд олсангиз, мен сизга Қуръон совға қиламан.

Бу гапни эшитиши билан Фазлиддиннинг кўзи чарақлади. Ёнди. Юзида табассум пайдо бўлди.

— Ёдлайман, эртагаёқ ёдлайман. Ёздирганингизга уч кун бўлди. Бир неча марта ўқидим. Эртага сиз китобни олиб келинг! — деди.

— Келишдик.

Фазлиддиннинг оёқлари ерга тегмади ҳисоб. У ётоқхонага қанчалик тез келганини ҳатто ўзи ҳам сезмай қолди. Келди-ю, кийимларини алмаштириб, яхшилаб чўмилди. Ана шундан сўнг берилган топшириқни бажаришга киришди. Худо унинг қалбига илҳом берди. Бир ўқишдаёқ оятларни ёд ола бошлади…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: