Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (14-қисм)

Соат миллари тунги бирни кўрсатаётган маҳал у ёд олиб бўлган сурани тўртинчи марта ичида такрорлаётганди.

Ички иштиёқ, хоҳиш кўп ухлашига йўл бермади. Саҳарлаб уйғонди ва таҳорат олиб келиб, намозини ўқиб тугатиши билан Ёсинни такрорлади. Ёдидан чиқмабди. У шунчалик хурсанд эдики, ўзини қўярга жой топа олмади.

Дарсда паралар оралиғидаги танаффусларда ҳам қалбига жо бўлган сурани такрорлайверди. Устозининг ёнига кеккайиб, ғўдайиб борди. Ана шу ғўдайиши дарров панд бериб қўйди. Ўнинчи оятга келганда тўхтаб қолди. Навбатдаги оят сира хаёлига келмас эди…

Устози кулди.

— Ёд олганингиз ростмиди? — дея сўради.

— Ҳа, қасам ичиб айтаман. Аниқ ёдлагандим. Сизнинг ёнингизга келаётганимда ҳам такрорлагандим, — деди Фазлиддин йиғламоқдан бери бўлиб.

— Хаёлингиздан нималар кечганди? — сўради домла.

— Ҳозир бориб шариллатиб айтиб ташлайман дегандим.

— Мени ҳайрон қолади, деб ўйлагансиз, тўғрими? Бемалол кўпроқ вазифа бераверинг, Ёсинни эмас, Бақара сурасини вазифа қилиб топширганингизда ҳам бемалол ёдлай олардим, дегандингиз, тўғрими?

Фазлиддин бошини эгди. Илло, устози ҳақ гапни айтаётган эди.

— Ҳа, — деди.

— Аллоҳ кибрланганларни ёқтирмайди. Мен сизга шайтоннинг кибри ҳақида гапириб бергандим. Бундан ташқари, олимларнинг ичида ҳам салгина кўнгли кибрга кетганлари бўлган. Улар шайтон бўлишмаган, бироқ Фотиҳа сурасидаёқ адашишган.

— Мен энди нима қиламан? — дея сўради кўзидан ёш оқа бошлаган Фазлиддин.

— Ортиқ бундай хатога йўл қўймайсиз. Ҳар доим Аллоҳдан нажот сўраб туринг. Ҳеч қачон банда эканлигингизни, Аллоҳнинг қудратига, ҳимматига муҳтож эканлигингизни унутманг. Энди ёдлаганларингизни бошқатдан айтинг.

— Хўп, — деди Фазлиддин ва хаёлини бир жойга қўйиб, кўзларини юмиб ёдлаган сурасини айта бошлади. Бу сафар адашмади…

Устози уни ўрнидан турғизди. Пешонасидан ўпиб қўйди. Жуда кўп марталаб ўқилганидан анча уриниб қолган китобни унинг қўлига топширди.

Шу кундан бошлаб, Фазлиддиннинг ишлари қандайдир енгил кўча бошлади. Нимани ният қилса, шу куни ўша ниятига етарди. Ниҳоят, у Раънони эслаб қолди. Ўша химфакда ўқийдиган қизни. Ахир унга албатта ёнингизга бораман деб ваъда бериб қўйган эди.

Химия факультетининг ётоқхонаси улардан беш бекат нарида. Аммо Фазлиддин автобусга чиқмади. Пиёда кетди. Сўнгги пайтларда хаёл суришни яхши кўриб қолган. Автобус, биринчидан, тез олиб боради, иккинчидан, тиқилинч, хаёл суришингга йўл қўйишмайди. Шунингдек, унинг салонида шайтон ўта фаол. Йигитлар ва қизларга ҳар доимгидан ўн-йигирма баробар кўпроқ ҳамла қилади. Уларни бир-бирларига шунақа чиройли, истарали кўрсатадики, охирида турган бола автобус салонининг энг олдида кетаётган қизни нигоҳи билан ўзига қарата олиши мумкин. Нигоҳлар тўқнашганидан кейин эса хаёлда кечадиган воқеаларни ёзишга қалам ожизлик қилади. Чунки у ўта ўткир сюжетли, яна ҳаддан зиёд очиқ. Уяласан киши.

Фазлиддин орзулар уммонида сузиб кетди. У шунчалик ширин нарсаларни ўйладики, манзилга етгач, нега йўл яна озгина чўзилмади, дея кўнглидан ўтказди.

Ётоқхонага кириб чиқувчи қизлардан кўра ўғил болалар кўп эди. Вахтёрга Раъно исмли қизни сўраб келганлигини айтди.

— Шошмай тур, бирортасидан айттириб юбораман, — деди вахтёр. У эркак киши эди. Ёши анча ўтиб қолганди. Одамларга бепарво қарарди. Кўнглидаги анча-мунча нарса аллақачон сўниб бўлганди.

— Феруза, — деди у орадан бироз ўтиб, — қўшнинг Раънони чақир, манави бола сўраб келибди.

Феруза дарров Фазлиддинга қараб олди. Ёш бола. Ёш боланинг Раънода нима иши бор экан, дея кўнглидан ўтказди. Раънонинг ошиқлари кўп эди. Ўша ошиқларнинг ҳаммаси катта болалар эди. Шу боис ҳам Феруза ҳайрон бўлди ва тўғри Раънонинг хонасига кириб, унга:

— Сени онанг сал-пал хунукроқ туғиши керак экан. Катталар қолиб, энди муштдай болалар ҳам орқангдан эргашадиган бўлишибди. Биттаси сени пастда кутяпти. Бор, севги-муҳаббатга лиммо-лим сўзларидан баҳраманд бўл, кейин олган «ноз-неъматларинг»дан бизга улашарсан, — деди.

Раънонинг энсаси қотди.

— Ким экан? — дея каравотига ўтирди ва шу ондаёқ сапчиб турди.

— Уни мен неча кундан бери излаб юргандим! — дея ҳайқирди ва оёғига шиппагини илар-илмас, эшикдан отилиб чиқиб кетди.

Хонада учта қиз бор эди. Улар бир-бирларига ҳайратланиб қарашди. Кейин Феруза эшик томонни кўрсатиб:

— Шу Раъномиди? — деди.

Қолганлар тасдиқлашиб бошларини қимирлатишди. Кейин бараварига кулиб юборишди.

Раъно пастга шамолдай учиб тушди.

Фазлиддинни кўрибоқ тўхтади. Сўнг кўрсаткич бармоғини юқорига қилиб:

— Сиз ёмон бола экансиз! — деди.

Шу заҳоти Фазлиддинни ток ургандай бўлди. У зина охирида турган қизга ҳайрат билан тикилди. «Наҳотки Малоҳат бўлса», деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди. Оғзини очишга улгурмасидан:

— Қачон келаман деб ваъда бергандингиз? — дея сўради қиз.

Фазлиддин дудуқланди. Қиз қиқирлаб кулди.

Сўнг Фазлиддиннинг ёнига келиб кўришмоқ учун қўлини чўзди. Аммо Фазлиддин унинг қўлини ушламади.

— Мумкин эмас, — деди.

Қиз мийиғида кулди.

— Хўп, тушундим. Қани, бу ёққа юринг, — дея қиз ортига бурилди.

У спортча кийиниб олганди. Ҳаммаёғи ёпиқ эди, лекин қомати шу ҳолатда ҳам йигит кишининг эс-ҳушини ўғирларди. Фазлиддин ҳаяжонланиб қизга эргашди.

Раъно уни хонасига олиб кирди. Хонадаги қизлар ҳамон Раънонинг ғийбатини қилиш билан банд эдилар. Ана шундай пайтда Раъно йигитчасини бошлаб кириб турибди.

— Хўш, — дея мийиғида кулди Феруза, — бу болача қаердан келиб қолди?

— Биз автобусда танишганмиз, — деди Раъно, — бу боланинг исми Фазлиддин. Ниҳоятда ақлли. Кўп нарсаларни билади. Ўзининг ёшидан ўтиб кетган. Айтишим мумкинки, менинг укам. Топиб олган укам. Шундайми?..

Фазлиддин бу қизларнинг ҳаммасидан кичкина. Аммо балоғатга етган бола. У гоҳ-гоҳида шайтоний тушлар кўриб қолади… Қизларнинг эса кўйлакларининг енги йўқ. Биттаси енгсиз атлас кўйлак кийган. Шунчаки енгсиз бўлса ҳам майли эди, енг тиркаладиган жойи анчагина кенг. Шу боис Фазлиддин уялганидан кўзини қаёққа олиб қочишини билмасди. Қизлар буни дарров сезишди ва қитмирликка ўтишди.

— Ҳурматли Раънонинг кўчадан топиб олган укаси, қайси биримиз чиройлимиз?! — деди Феруза.

Фазлиддин жавоб бермади. Бунинг ўрнига Ферузага нафрат билан қаради.

— Узр, узр, бошқа гапирмайман. Раънонинг кўчадан топиб олгани тегманозикка ўхшайди, — дея қиқирлаб кулди Феруза унинг важоҳатини кўриши билан.

— Феруза, — деди бирдан Раъно, — методикадан ташқарига чиқиб кетяпсан. Сен кейинги йил Фазлиддин тенги болаларга дарс ўтишингга тўғри келади. Ҳозирдан практикага бориб келяпсан. Боланинг онги бузилиши эҳтимоли бор.

— А, тушундим. Унда мен хонамга кета қолай. Агар мен билан кетишни истаганлар ораларингда бўлса, марҳамат, хонамнинг эшиги очиқ. Бағрим эса кенг. Кўпчиликка жой топилади.

Қизлар хандон отиб кулиб, бирин-кетин чиқиб кетишди.

— Улардан хафа бўлманг, — деди Раъно вазиятни юмшатиш учун, — ўзи ҳаммаси яхши қизлар. Баъзи-баъзида мана шундай шўхликлар қилиб туришади.

— Ҳаммагами? — сўради Фазлиддин.

— Энди сиз ҳаммамизга укамиз қатори. Шунинг учун опаларингиздай кўринг, олам гулистон… Аммо мен сизни уч марта қурилиш техникумига излаб бордим. Лекин биров танимаскан. Бир-иккита Фазлиддинни кўрсатишди. Аммо уларнинг бирортаси ҳам сиз эмас.

— Ўқишларим кўпайиб кетганди. Шунга вақт тополмадим.

— Ҳа, пахтадан кейин дарслар тиқилиб қолган. Бизда ҳам аҳвол шундай. Лекин барибир бу баҳонага ўтмайди. Хўш, қачондан дарс берасиз менга?

— Мен сизга бир нима ўргатолмасам керак.

— Нимага? — дея узун киприкларини пирпиратди Раъно.

— Ҳали ўзим тузукроқ ўрганганим йўқ. Лекин битта опа бор, агар мен илтимос қилсам, бажонидил ўргатиб қўяди.

— Қандай яхши!

— Яхшиликка яхши-ку-я, битта чатоқ томони бор-да.

— Нима экан? — деди шу заҳоти жиддий тортган Раъно.

— Бу кийимингизда у сиз билан саломлашмайдиям.

Шу заҳоти Раъно тезлик билан устидагиларга кўз югуртириб олди.

— Бундай кийимда бормайман, — деди жиддий тортиб, — бу менинг уй кийимим.

— Ота-онангизнинг уйида ҳам шундай юрасизми?

— Йўқ.

— Нега унда бу ерда шундай юрибсиз?

— Фазлиддин, мени уялтирдингиз. Азбаройи илм учун…

— Илм учун эмас. Ичингизни тозаламасангиз, илм яқинингизгаям келмайди. Лабораторияда бирорта моддани ўрганаётганингизда, унга бошқа модда қўшилса нима бўлади?

— Ўзгариб кетади.

— Ана шундай.

— Нима қилай унда? — дея Фазлиддинга тикилди Раъно.

— Ҳеч нима. Шунчаки, уйдаям, кўчадаям бошқача кийинасиз. Хадича опа ҳаммасини сизга ўргатиб қўяди.

— Унинг ўзи айтдими менга араб тилини ўргатишни?

— Йўқ. Мен. Чунки менинг кучим етмаслиги аниқ. Кейин орамиздаги ёш ҳам халақит беради. Бунинг устига, қиз болага аёл киши ўргатгани маъқул.

— Фазлиддин, сиз қандайдир катта болага ўхшайсиз. Бўпти, айтганингизни қилганим бўлсин. Ҳаётда шакл-шамойилни, дунёқарашни тез-тез ўзгартириб туриш керак.

— Бунисини билмайман. Химияни нима қиламиз?

— Нечанчи синфдан химия ўтилса, ўша китобни олиб келасиз. Тахминан куннинг мана шу пайтида. Ҳозирча шу ерда дарс ўтамиз. Кейин, балки, менинг бўш вақтимга қараб факультетга кўчирармиз.

— Унда мен кетаверайми?

— Чой дамлайман.

— Йўқ, раҳмат.

— Унда нима ҳам дердим…

Раъно қандайдир сўлиш олди. Фазлиддин кетганидан сўнг эшик кесакисига суянганча ўйга толди. Унда ўзгача бир ҳиссиёт уйғонган эди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: