ОСМОН ЯҚИН, ЕР ҚАТТИҚ

ОСМОН ЯҚИН, ЕР ҚАТТИҚ

Бола эдим. Кекса аммам бўларди. Туриб-туриб, ғалати гаплар айтарди. Бир куни шундай деб қолди:
— Осмонда меҳр кўп. Ер устида орзу кўп. Ер тагида армон кўп…
— Бу нима деганингиз? — десам
— Катта бўлганингда тушунасан, — деб қўяқолди.
Ростини айтсам, катта бўлганимда бу гапларни унутиб юборган эканман. Яқинда тасодифан ёдимга тушди. Аммамнинг гапини энди англагандек бўлдим.
«Осмонда меҳр кўп» дегани Аллоҳнинг карами кенг, бандаларига меҳрибон, дегани экан. «Ер устида орзу кўп» дегани одамзод борига қаноат қилмайди, бир орзуси ушалиши билан бошқасининг кетидан югуради, дегани экан. «Ер тагида армон кўп» дегани эса бандаси вафот этганидан кейин тириклик чоғида ўзи билиб-билмай қилган гуноҳлари учун армон чекади, дегани экан…
Билмадим… Ҳарқалай мен шундай тушундим…
Ўткир ҲОШИМОВ
Дўстларингизга ҳам юборинг: