Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (15-қисм)

Орадан сал ўтиб, унинг дугоналари келишди. Мақсадлари Раънонинг устидан кулиш эди. Бироқ Раъно бир гап билан уларнинг юзларидаги кулгини йўқотди.

— У мен билан қўл бериб кўришмади. У Қуръон ўқийди, — дея иккала хонадошига бир-бир қараб чиқди.

— Қуръон?! — дея ҳайратланди бирдан кўзлари олайган Ҳалима.

Ҳалима хонадошларига нисбатан босиқроқ юради. Чунки унинг ота-онаси, ўзининг айтишига қараганда, эскичага алоҳида эътибор қилишади. У отаси ёки онаси бу ерга келиб қолишидан қўрқади. Сабаби оддий: юриш-туриш, айниқса, қизлар.

— Ҳа, кейин кўп ҳадисларни ёддан биламан деган. Ёшгина бўлса ҳам мени роса уялтирди. Сизлар кетганингиздан кейин у игнанинг устида ўтиргандай бўлди.

— Йўғ-э, нима, у бошқа келмас эканми? — дея сўради Ҳалима.

— Билмайман. Лекин мен ундан араб тилини ўрганмоқчийдим. Келмаса, қандай топаман?

— Унда келади, Раъно. Хавотир олма.

Бу пайтда Фазлиддин ҳорғин кетаётганди. Унинг елкасига биров тегирмон тошини ортиб қўйганга ўхшарди. Келаётганида беш бекат пиёда юрди. Чарчоқ нималигини сезмади. Умуман олганда, мутлақо толиқмади ҳам. Бироқ ортга қайтиш оғир бўлди. У зўрға битта бекатни пиёда босиб ўтди, сўнг автобусга чиқди. Алам қилди. «Бугунги куним ҳам қуп-қуруқ ўтадиганга ўхшайди. Ҳеч нарсани ўрганмасдан, ётоқхонага бориб, оёғимни осмондан қилиб ётмасайдим», деган ўй ўтди хаёлидан. Бироқ ётоқхона эшигидан кириши билан янги тайинланган вахтёр унинг қўлига хат тутқазди (дарвоқе, Фазлиддинга туҳмат қилган вахтёр хотин ишдан бўшатилганди. Чунки ҳамма бало-қазонинг бошида турган унинг ўзи экан. Анави қизни ҳомиладор қилган бола унинг жияни бўлиб, кўча безорилигидан бошқа юмуши йўқ экан. «Мен сени уйлантириб қўяман», деб ётоқхонага киритиб юборибди. Ўзи кўз остига олиб юрган қизнинг хонасининг калитини ҳам берибди. Айни шу пайтда қизнинг хонадошлари дарсда бўлиб, у боши оғриётганини баҳона қилиб ўқишга бормабди. Қиз билан йигит орасида нима воқеалар (айни ўша пайтда) содир бўлганини биров билмайди. Аммо йигит кейин ҳам бир неча марта келган. Қизнинг ҳомиладорлиги маълум бўлиб қолгач эса: «У менга ёқмади, уйланмайман», деб туриб олган. Ана шундан сўнг ҳаммаёқ алғов-далғов бўлиб кетган… Энди уйланадиган бўлибди. Уйланмаса, иши чатоқ: қамалади).

Фазлиддин илгари ҳам тез-тез хат олиб юргандай, номани олди-ю, қоровул хотинга бир оғиз раҳмат айтиб қўйиб, йўлида давом этди. Хонасига кирганидан кейин эса шоша-пиша хатни очди. Ахир у Малоҳатдан келган экан. Бирдан ҳаяжон босиб, пешонасидан тер чиқди.

«Ассалому алайкум, ҳурматли ёмон бола! Қаҳрамон!.. Кетганингиздан кейин отам сизни обдан мақтади. Яна камига, мактабда ҳам дарсга кириб, сизнинг қилган кароматларингиз тўғрисида тўлиб-тошиб гапирди. «Ана, ўзида бор бола шундай қилади. Изланади, ҳаракат қилади. Куйиб-пишиб яшайди», деди бечора отам. Чунки у сизнинг бошқа умидда келганингизни билмасди-да… Аммо мен бу гапларни хафа бўлиб ёзмаяпман. Йўл топганингиздан ҳайратланиб ёзяпман… Араб ҳарфлари ёқиб қолди менга. Ҳар куни шу ҳарфларда бир нималар ёзяпман. Безаб нақшласангиз, ёзганларингиз роса чиройли чиқаркан. Айниқса, «Малоҳат»даги «л» ҳарфининг устига қўйган юракчангиз жудаям бошқача… Кетганингиздан сўнг опам Саида билан икки кунча аразлашиб юрдик. Сабаби, унинг кўнгли менинг умидимда келганингизни сезибди. Эсингизда бўлса, ўтган йили мен билан сиз тўғрингизда мактабда гап тарқаганди. Ана шу гапдан хабари бор эди. Мени уришганди: «Муштдай бошинг билан ўлдим-куйдимга бало борми? Агар сенга гапирса, уришиб ташла», деганди. Лекин айтгани бўлмади. Чунки сиз менга гапирмадингиз. Агар гапирганингизда ҳам сизга қарши ҳеч нарса деёлмаган бўлардим… Уяламан. Аммо сиздан ўч оламан. Ўтган йили, январь ойида мен қизлар билан мактаб ҳовлисида кетаётганимда орқамдан қор билан ургандингиз, кейин гўё ҳеч нарса бўлмагандай тескари ўгирилиб олдингиз, ёнингизда яна иккита бола бор эди, шунинг учун индаёлмаганман. Ана кўрдингизми, биларканманми?.. Саида мактабни битириши билан Тошкентга бормоқчи. Ўқишга кираркан… Менга икки кундан кейин хушомад қила бошлади. Сабаби сиз бўлсангиз керак. Яъни сиз орқали кетишни мўлжаллаганга ўхшайди… Кў-ў-ў-п ёзиб ташладимми?.. Яхши юринг. Ўқишингизга омад!..

Малоҳат».

Фазлиддиннинг юзида табассум пайдо бўлди. Хатни яна ўқигиси келди. Кейин яна… Бешинчи бор ўқиётганида эса Малоҳатнинг ёзганларини ёд олди.

Шу куни хат ёстиғининг остида бўлди.

Фазлиддин ярим кечагача ухламади. Дарс қилди. Араб тилидан қўшимча саксонта сўзни ёдлади…

Эртасига фақатгина ваъда бериб қўйгани учун Раънонинг ёнига борди. Хонасига чиқмади. Пастга чақириб гаплашди. «Сизнинг менга: «Иккаламизни химия билан физика олиб кетаяпти», деганингиз тинчлик бермаяпти. Тезликда ўрганишим керак. Чунки ҳар куни икки соат ортиқча вақтим бор», — деди.

Раъно пишиққина-пухтагина қиз эди. Унинг ҳам мақсади бор эди. Шу боис Фазлиддин чақираётганини эшитиши билан дарров кийимларини алмаштирди. Қишлоқда кийиб юрадиган кўйлагини кийди. Кенггина кўйлак Раънонинг қадди-қоматини мутлақо билинтирмасди. Яна лозим кийди, рўмол ўради. Сабил қолгур қиз шу ҳолатида ҳам ўта гўзал эди. Фақатгина у келинга ўхшаб қолганди.

— Ҳартугул, мен билан боғлаб турадиган нимадир бор экан. Қачон борамиз ўша опанинг ёнига? — дея сўради у жилмайиб.

— Вақтини айтаман. Чунки эртага нима бўлишини билмайман. Ўзим келаман. Балки, факультетингизга борарман. Агар дарсда бўлсангиз, топиб оламан. Ҳозир шу гапни айтгани келгандим. Машғулотга боряпман. Керак бўлса-чи, мен курашчиман, — деб кулди Фазлиддин, — мана, елкамга сумка осиб олганман. Сумкада спорт кийимларим бор. Бўпти, мен кетдим.

— Ҳой бола, шунча қисқа муддатга келдингизми? Мен сиздан яна баъзи нарсаларни сўраб олмоқчийдим, — дея уни бир муддатга бўлса ҳам ушлаб қолмоқчи бўлди Раъно.

— Айтдим-ку, келаман деб.

Яхшиямки, вақтни аниқ айтмаган экан. Спорт залга борса, Владимир Бодров шаҳар биринчилиги бошланганини, уни ҳам рўйхатга киритиб қўйганини айтди. Қўлига қоғозча берди. Бу қоғоз мусобақа ўтказилаётган пайтда уни дарслардан озод қилар эди.

Уч кун Раънонинг олдига бормади. Тўртинчи куни амаллаб вақт топди. Шунда ҳам пешиндан кейин. Раъно бу пайтда дарсда эди. Вақти ниҳоятда тиғиз бўлган Фазлиддин уни дарсдан чақиртириб олди.

Албатта, Раъно ундан ўта хафа эди. Агар кўпчилик олдида сўраб келишганини айтишмаганда, чиқмасди.

— Раъно опа, — деди Фазлиддин салом берибоқ, — юринг, кетдик. Вақт жудаям оз. Эртароқ бормасак бўлмайди.

— Нимага энди? Нега томдан тараша тушгандай келиб, «юринг» деб турибсиз? Нима, сиз мен билан ҳисоблашмайсизми? — дея қошларини чимирди қиз.

— Йўқ, бунга иложим йўқ. Мусобақа кетяпти. Ҳозир бир амаллаб келдим. Юринг, Хадича опа билан таништириб қўяй, у ёғига вақтини келишиб оласизлар, — деб жилмайди Фазлиддин.

— Мени бурчакка тиқиб қўйяпсиз. Қандай жавоб олиб чиқаман? — деди Раъно норози бўлиб.

— Бир амалини қиласиз-да энди. Шуниям ўргатайми?

— Бўпти. Кутиб туринг, мен ҳозир…

У аудиторияга кириб кетди. Сал ўтмасдан қўлида сумкаси билан қайтиб чиқди-да:

— Кетдик, яна бир нималарни сўраб қолишмасин, — деди.

Фазлиддин аввалдан Хадича опани огоҳлантириб қўйганди. Шу боис сотувчи аёл уларни китоб дўконида очиқ чеҳра билан кутиб олди. Ахир у ҳам Фазлиддинни қизғанарди. Шу ёшидан қизларга илакишиб қолишини истамас, унга опалик меҳри билан қарарди.

— Сизлар бемалол гаплашиб, келишиб олаверинглар, мен кетдим. Шундоқ ҳам кечга қоляпман. Мураббийнинг бошидан тутун чиқаётган бўлса керак, — дея Фазлиддин уларни таништириши билан ортига қайтди.

У кетма-кет уч марта ютди. Ютганларининг тажрибалари унчалик ҳам кўп эмас эди. Деярли ўзи қатори. Аммо Фазлиддинда шижоат бошқача эди. Бунинг устига, табиий жисмоний имконияти юқорироқ эди. Шуларнинг ортидан ютди. Энди бундан бу ёғига оғир бўлади. Чунки қолганлар профессионал, катта мусобақаларда қатнашган курашчилар эди. Ораларида битта халқаро спорт устаси ҳам бор. Улар билан бел олишиш Фазлиддинга осон кечмайди. Бироқ устози Бодров уни: «Зўрсан, чемпион бўласан, буларнинг бари пахтада бўлган, ўзлариям пахтадай бўлиб қолишган», деди.

Унинг гаплари рост, шекилли, Фазлиддин Раънони Хадича опанинг ёнида қолдириб келганидан кейин рақибининг елкасини ерга теккизди. Ўзиям сўнгги лаҳзаларда шундай қила олди. Унгача ютқазаётганди, олтию тўрт эди ҳисоб. Агар яна икки сония рақиби чидаб турганида, Фазлиддин ютқазарди. Бироқ ўзини хотиржам тутди. Икки секундга чалғиган рақибини устидан айлантириб ташлади.

Ундан кейингилари янада қийин бўлди. Аммо Фазлиддин ютишнинг уддасидан чиқди. Фақат ўша халқаро спорт устасига финални бой берди. У жуда бало экан. Фазлиддинга мутлақо имконият қолдирмади. Ўзиям тиши чиққандан бери кураш билан шуғулланар экан-да. Бироқ рақиби Фазлиддиннинг елкасига қоқди: «Зўр, маза қилдим, мен ўзимга яхши рақиб пайдо бўлганидан хурсандман, сен билан ҳали йўлларимиз кўп кесишади», деди.

— Пахта пайти у Москвада эди. Шу ёқда шуғулланди. Битта мусобақага ҳам бориб келди. Ютиши аниқ эди. Лекин сен ундан ўтиб кетасан, бор-йўғи уч ойда шу даражага келдингми, кейинги йил униям биттада йиқитасан, — дея Фазлиддиннинг кўнглини кўтармоқчи бўлди Бодров.

Фазлиддин индамади. Мағлублар каби бошини эгиб турди.

Кейин яна унинг тиғиз кунлари бошланиб кетди. У Раънонинг ёнига серқатнов бўлиб қолди. Ахир нима қилиб бўлса ҳам, химияни ўзлаштириб олиши керак-ку. Мақсади энди ўзгарган.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: