Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (16-қисм)

Илм билан жуда кўп шуғулланиш одамни анча жиддийлаштириб, камгап қилиб қўяркан. Фазлиддиндан нафақат гуруҳдош қизлари, балки бошқалар ҳам уяладиган бўлиб қолишди. У келди дегунча қизлар кийимларини тартибга солишга ҳаракат қилиб қолишар, бошқа гаплар у ёқда турсин, ҳатто овозларини баландлатишга ботина олишмасди. Шунингдек, ўқитувчилар ҳам алоҳида ҳурмат кўрсата бошладилар. Айниқса, рус тили ўқитувчиси. У бошида уни роса ерга урганди. Энди эса: «Бундай ўқувчини кўпдан бери кўрмаганман, жуда қисқа муддатда ҳатто рус мактабларида ўқиганлардан ҳам ўтиб кетди», дерди у. Химия ўқитувчиси Лобар опа агар синфда Фазлиддин бўлмаса, умуман дарс ўтмай қўя қоларди. Чунки бошқалар химияни билмасликлари етмагандай, ўрганишга ҳам ҳаракат қилишмасди. Дарс Фазлиддин билан бошланиб, Фазлиддин билан тугарди. У ўқитувчи келганида доскага чиқар ва шу билан қайтиб ўтирмасди. Бу ёқда бошқаларга маза эди. Бемалол гаплашиб ўтиришарди.

Аммо барибир Фазлиддин ўзидан қониқмаётганди. Қандайдир ортда қолаётганга ўхшарди. «Ортиқча нарсаларни йиғиштиришим керак. Фойдали дарсга кўпроқ вақтимни ажратсам, эртароқ мақсадимга эришаман…» деб ўйларди ўзича.

Жисмоний тарбия дарсини йиғиштирди. Бунга ўқитувчининг ўзи сабабчи бўлди. «Сен шаҳарда курашда иккинчи ўринни олиб, билим юртимиз обрўсини оширдингми, энди дарсимга келмасанг ҳам, баҳоингни қўйиб бераман», деди. Кейин меҳнат, болалар психологияси каби фанлардан ҳам озод этилди. Бу эса ўз-ўзидан унинг имкониятларини янада ошириб юборди.

Унинг режаси шундай эди:

Бомдод намозини ҳар қандай шароитда ҳам ўқиш, кунига Қуръондан ўнта оят ёдлаш, дарсларни қолдирмаслик (юқоридагилардан ташқари), химия билан нафақат дарсда, балки ундан кейин ҳам шуғулланиш, кўпроқ масала ечиш, лабораторияда ҳар куни икки соат ишлаш, химия ўқитувчиси ва Раънодан кўпроқ нарса ўрганиш. Раъно билан ҳафтада уч кун, ўқитувчи билан эса ҳар куни кўришиш, икки кунда бир марта устоз қори Муҳаммад Алидан сабоқ олиш. Ҳафтада уч кун (уч соатдан) спорт залда Владимир Бодров билан шуғулланиш. Физика ва рус тилига ҳам кунига бир соат… Овқатланишга сарфланаётган вақтни қисқартириш…

Бошида қийин бўлди. Хуфтондан кейин қимирлашга дармони етмай қолди. У хуфтон намозини ўқиб бўлиши билан ўзини каравотга ташлар ва тарашадай қотиб қоларди.

У тонгдан бир соатча олдин тураман деб ўзига ўзи ваъда бериб қўйганди. Бироқ дастлабки икки ҳафта бунинг сира уддасидан чиқолмади. Чарчоқ ҳамиша устун келаверди. Соат жиринглайверганидан қўшни хонадагилар уйғониб кетишар, деворни тепишарди, бироқ Фазлиддин уйғонмасди. Охири қизлар айтишди: «Агар турмайдиган бўлсангиз, соат қўнғироғини бунчалик барвақтга қўйманг». Қилган ишидан Фазлиддиннинг ўзи уялиб қолди. Сўнг бошқа бир йўлини ўйлаб топди. Айтиш мумкинки, бу унинг энг биринчи кашфиёти бўлди.

Пластик идишга сув солиб, бошининг тепасига илиб қўйди. Уни ип билан боғлаб соат милларига улади. Ичкаридан улади тангача тишларига. Соат миллари тонгги тўртга бонг урганда ипни секин тортади. Пластик идиш қийшаяди ва унинг ичидаги сув ухлаб ётган Фазлиддиннинг бошидан томчилай бошлайди. Йигит бировга халақит бермасдан уйғонади. Уйғонганда ҳам тетик уйғонади.

Ихтиро дарров иш берди.

Мана энди бировга халақит бермайди. Бироқ барибир ҳафтанинг охиригача Фазлиддиннинг тинкаси қуриб қоларди. У якшанба куни ухлайди. Тонгда туриб бомдод намозини ўқийди. Қуёш чиқишини кутади. Офтобнинг илк нурлари кўриниши билан ўзини каравотга ташлайди. Шу билан пешин арафасидагина уйғонади.

Соатлар, кунлар, ҳафталар шунчалик тез ўтардики, Фазлиддин худди бир кун яшагандай бўларди. Кейин ҳафтасини сарҳисоб қилиб кўрса, унинг назарида деярли ҳеч вақо йўқ.

Аксига олиб, охирги пайтларда чўнтаги ҳам бўшаб қолди. Бир қарашда у жуда камхаржга ўхшаб кўринади. Бироқ қизлар ора-чора кечки пайт унга овқат пишириб олиб келиб беришади. Эвазига ҳеч нарса сўрашмайди. Аммо Фазлиддиннинг ўзи бориб бозорлик қилиб келади. Ҳамма нарса — картошка-пиёздан тортиб, гўштгача сотиб олади. Шу билан анча харажат қилиб қўяди. Агар келтирган нарсаларини бир ўзи еса, бир ойга етади. Аммо ундай бўлмайди-да, бозорлигидан унга жуда кам егулик тегади. Чунки ўзи ётоқхонада бошқалар каби ўтирмайди.

Ўша куни шанба эди. Эски Жўва бозорига борди. Шунчаки тентираб юрди. Кун кеч бўлиб қолганди, савдогарлар нарсаларини ўраб- чирмаб кетишаётганди. Бир маҳал пиёз ортилган «Камаз» келиб қолди. Энди уни растанинг орқасига тушириш керак. Туширадиган одам йўқ. Ҳайдовчи эса бундай пайт қўлини совуқ сувга урмайди.

Бечора деҳқон у ёққа қаради, бу ёққа қаради, аммо нажот берувчини топмади. Бу ёғи ҳайдовчи қисталанг қиляпти: «Тез бўл! Одам топ! Менинг вақтим йўқ. Бўлмаса, яна эллик сўм тўлайсан», деяпти. Деҳқоннинг эса юзи шунақа ачинарли тус олдики, кўриб ичинг ачийди.

Фазлиддин қорайиб, пешонаси тиришган деҳқоннинг ёнига борди.

— Ака, ёрдам керакмасми? — деб сўради.

— Керак! — деди бирдан пиёз эгаси. — Керак бўлгандаям унақа-бунақа эмас. Агар шу машинадаги пиёзни туширишга ёрдамлашсанг, ўн беш сўм бераман!

— Майли, — дея дарров кўнди Фазлиддин.

— Бошладик унда.

Пиёз қопланмаган экан. Ҳайдовчи машинанинг орқасини растага тираб қўйди. Шундан кейин деҳқон билан Фазлиддин ишга киришди. Чайир, танаси меҳнатда қотган деҳқон жуда тез ҳаракат қиларди. Ахир ҳар дақиқа ғанимат, агар кечга қолишса, ҳайдовчи калласини қотиради. «Яна қўшиб берасан», дейди. Уйидан шу ергача икки юз сўмга келишишган. Бу унинг ҳамма пули. Бошқа сариқ чақаси ҳам йўқ. Фазлиддинга ўн беш сўм бераман дея ваъда қилди. Бироқ ўша ўн беш сўмни қаердан олишни билмай боши қотган. Ана шу ўн беш сўм сабаб ўзи кўпроқ ишлашга уриняпти.

Нақ бир ярим соат деганда, улар юкни тушириб бўлишди. Ҳайдовчи пулини олди-ю, жўнаб кетди. Деҳқон мўлтираб Фазлиддинга қаради.

— Пулингни эртага берсам майлими? Эртага савдо қиламан, ўн беш сўм йиғилиши билан бераман. Ҳозир бир мирим қолмади, — деди.

— Майли. Менга фарқи йўқ, — дея яна тезда рози бўлди Фазлиддин.

— Менга қара, яхши болага ўхшайсан. Эртага бозор, ўқиш йўқ. Саҳарлабдан келолмайсанми? Пиёзни биргалашиб сотардик. Агар савдо зўр бўлса, пулингга қўшиб бераман.

Фазлиддиннинг режасида якшанба дам олиш куни. У ҳеч бир иш қилмаслиги керак. Бироқ деҳқонга ачинди.

— Бомдодни ўқийман-у, келаман, — дея жавоб берди жилмайиб.

— Сен намоз ўқийсанми? — деб сўради ҳайрон бўлган деҳқон.

— Ҳа, ўқийман.

— Унда келмасанг ҳам келасан. Бўптими?

— Хўп, — деди Фазлиддин.

Унинг уч сўми қолганди. Ҳозир-ку, ётоқхонага бемалол етиб олади. Аммо эртасига фақатгина таксида келиши мумкин. Чунки у пайтда автобус ҳали қатнашни бошламаган бўлади.

У ухламоқчи эди. Бўлмади. Курсдош қизлар кутиб туришган экан. Физикадан масала еча олишмаётган экан. Фазлиддин йўлакда пайдо бўлиши билан ёпишишди. «Ёрдам беринг», дейишди. «Эвазига биз сизга кечки овқат тайёрлаб берамиз», дейишди. Фазлиддинга малол келди. Чунки чарчаган. Аммо начора, қизлар ўзларини бечора тутишяпти. Физика ўқитувчиси аёл киши. Жуда қаттиққўл. Яна эркакшодалиги ҳам бор. Дарсини тайёрламаганларни ерга тиқиб ташлайди. Шундай гапларни айтадики, эшитгувчи бундан кўра ўлимни афзал билиб қолади. Душанба куни биринчи соат физика. Орада якшанба бор. Бироқ қизлар ҳозирдан тайёрлаб қўйишни исташяпти.

Фазлиддин кўнди. «Ҳозир кийимларимни алмаштириб, хонангларга кираман», деди.

Борса, дастурхон тайёр экан. Қизлар ош қилишибди. Ошни водийлик қиз дамлаган. Овқатга бошқалардан кўра у уста. Овқати жуда ширин чиқади. Фазлиддин у тайёрлаган таомни кўп еган. Ҳамиша мақтаган.

— Энг аввал ош ейман. Сизлар масалаларни тайёрлаб туринглар, — деб Фазлиддин стулга ўтирди.

Ўзиям роса оч қолган экан. Агар шу ҳолида ётганида, аниқ бир-икки соат ухлаёлмай, у ёқдан бу ёққа ағдарилиб ётарди.

Бирпасда лаган бўшади. Агар олиб келишганида, у яна шунча еган бўларди.

Масалалар жуда оддий эди. Унинг учун, албатта. Аммо тушунмаган одамга мураккабнинг мураккаби.

Фазлиддин тўртта қизнинг вазифасини бажаришга йигирма дақиқа сарфлади. Сўнг адоқсиз раҳматларни эшитиб, хонасига равона бўлди.

Саҳар пайти ўзи ўйлаганидай, автобус йўқ эди. У кўчага чиққан маҳал машиналар ҳам онда-сонда битта ўтаётганди. Шу боис Фазлиддин ярим соатча такси кутиб қолди.

Инсоф ҳали ўлмаган, одамлар вазиятдан фойдаланиб қолишни ҳали ўрганишмаганди. Айниқса, таксичилар. Улар ҳисоблагич неча сўмни кўрсатса, шунча олишарди. У бир сўм билан Эски Жўва бозорига етиб олди.

Деҳқон (унинг исми Муродулла эди) пиёзининг ёнида бошини эгиб уйқусираб ўтирган экан. Фазлиддиннинг саломини эшитиши билан бошини кўтарди.

— Келдингми? — деди ҳорғин овозда.

— Ҳа, — дея жавоб берди Фазлиддин.

— Мен сал кўзимни илинтириб олай. Умуман ухламадим. Кечаси ўғри босди…

— Пиёзингизни ўғирлашдими? — дея сўради қўрқиб кетган Фазлиддин.

Муродулла ака «йўқ» дегандек бош чайқади. Унинг гапиришга ҳам мадори қолмаган эди.

Тонг аста-секин бўзариб отаётган маҳал кўтара сотиб олувчи савдогарлар бирин-кетин кела бошлашди.

Бу йил пиёз қимматлаган. Аммо қанчалик қимматлигини Муродулла ака билмайди. У эллик тийиндан сотмоқчи. Бироқ шу бозорнинг ўзида куни кеча кўтарасига етмиш тийиндан сотишди. Майдалаб сотаётганларнинг нархлари бир сўмдан ошиқ. Бугун ундан ҳам қиммат бўлади. Чунки бозорга фақатгина Муродулла ака пиёз олиб келди. Қолганларники ҳали йўлда. Улар пешиндан кейин етиб келишади.

Кўтарачилар тўғри пиёз томонга юришди.

— Пиёз қанча? — деди улардан бири қўрқа-писа. У бир сўм деса нима қиламан деган хавотирда эди. Чунки бир сўмдан олса, камида бир сўм эллик тийиндан сотиши керак. Кеча ўзи қанча одам сўкиб кетди. Биттаси очиқдан-очиқ: «Уйинг куйсин!» деди.

— Ҳозир, — деди унга Фазлиддин ва Муродулла акани туртиб уйғотди. — Неча пул деб сўрашяпти.

— Эллик тийин, — деб жавоб берди Муродулла кўзини ярим очиб.

— Эллик тийин?! — деди шу заҳоти Муродулла аканинг оғзидан чиққан нархни эшитган харидор.

— Ҳа, шундай деяпти-ку. Неча кило берай? — дея сўради ундан Фазлиддин.

— Неча кило эмиш? Бир тонна!

Фазлиддиннинг бирдан капалаги учди. Бу одам адашмаяптимикан, деган ўйда:

— Қанча дедингиз? — дея қайта сўради.

— Бир тонна! Тез торт! Бир четга уйиб турамиз!..

Фазлиддин Муродулла акани уйғотди:

— Ака, туринг, бир тонна олмоқчи! — деди.

Шу заҳоти Муродулла аканинг кўзи очилиб кетди ва ўрнидан сапчиб турди.

— Қанча дединг? — деб юзини ишқалади.

— Бир тонна!

— Бир тоннани ким оларкан?

— Мен! — деди харидор ғўдайиб.

— Бўлди. Лекин ҳали тарози олмадим. Тарозига бориб келай.

Муродулла ака шошиб қолганди. Ахир у савдоси бундай бошланишини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаганди.

— Тўхтанг, — деди унга харидор, — мен ўзим олиб келаман. Сиз бировга сотмай туринг!

У югуриб кетди. Муродулла ака Фазлиддинга, йигит унга қаради. Ҳар иккови ҳам елкасини қисди.

— Ҳазиллашяпти, — дея бошини қашлади Муродулла ака.

— Менимча, йўқ.

Харидор эса ҳаялламади. Дарров ортига қайтди. Келди-ю, қўйнидан пул чиқарди.

— Эсиз, оз олиб чиққан эканман. Ҳарна борига барака, — деб беш юз сўм санади-да, Муродулла аканинг қўлига тутқазди.

— Арзон айтиб қўйдимми дейман? — деб энди елкасини қашлади Муродулла ака. — Пиёз қимматлаб кетганини эшитгандим. Лекин унчалик ҳам қиммат бўлмагандир дегандим… Бирдан бир тонна олаяпти-я!

Харидор беш юз килолик тарозини кўтариб келган экан.

— Қопим йўқ, — деди Муродулла акага, — чеккага ажратиб олаверамиз.

Челакни ўлчов қилишди. Унга ўн кило кетаркан. Тортганида шунча чиқди. У тарозига бир марта қўйилганидан сўнг бошқа қўйилмади…

Харидор бир тоннани ажратиб олгунича, яна ўнта савдогар келди. Бирови икки юз кило, бошқаси беш юз кило деб турди. Биттаси бирдан икки тоннанинг пулини берди. Нақд минг сўм. Минг сўм катта пул. Бунча пулни қўлига ушлаган одамнинг юраги ўйнайди…

Қуёш энди-энди нурларини сочаётганди. Жанжал бошланиб кетди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: