Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (19-қисм)
Улар саҳарлаб шоҳбекатга боришди. Фазлиддин билан ёнма-ён ўтирмаслик учун Раъно ўзига ҳамроҳ топиб олибди. Буни кўриб, Фазлиддин ҳам хурсанд бўлди. Ахир у кечаси тушида бир неча марта безовта бўлди. Ўтган оқшом ҳам шундай бўлганди. Уйғонганида, шайтон мен билан ёмон ўйин қиляпти, деб ўйлади. Кейин Раъно эсига тушди. Бугун у билан ёнма-ён ўтиришини кўз олдига келтирди. Ўтирмаслиги ҳам мумкин. Бироқ бунинг учун беш ярим соат тик оёқда кетишига тўғри келади. Аммо шу билан бирга унинг ёнида ўтирадиган қизни ҳам топиши керак. Ахир Раъно унинг таниши, танишини ҳимоя қилиш эса унинг бурчи… Ўшанда у бемалол чипта сотиб оламиз, бемалол ўтириб кетамиз деган хаёлда эди. Бироқ шоҳбекатга борганидан кейин билдики, чучварани хом санабди. Чунки касса олдида одам шунақанги кўп эдики, яқинига йўлаб бўлмасди…
— Бугун кетишим шарт. Уйдагиларга ваъда бериб қўйганман. Синглимнинг ҳам туғилган куни. У мени муштоқ бўлиб кутади, Фазлиддин, — деди Раъно.
Фазлиддин навбатда турди. Бир соат, икки соат ва уч соат деганда кассанинг ёнига етиб борди. Орқадагилар эса уни турткилай бошлашди. Ахир унинг жуссаси студентларникидан кичкина эди-да. «Чеккароқда тур, сен кейин ҳам кетаверасан», дейишди. Фазлиддин кўнмади. «Сизлар қолиб кетсанглар ҳеч нима қилмайди. Лекин менга ўхшаганлар эртароқ кетса, уйидагилар хавотир олмайди. Мен анавиларгаям чипта олишим керак», дея кутавериб тинкалари қуриб турган иккита қизни кўрсатди.
— Чатоқсан-ку сен бола. Кўринишингдан анчагина кичкинага ўхшайсан. Шу ёшингдан қизларни ўрашга ҳаракат қилиб қолдингми? — деди студент.
— Тилингизга эрк берманг. Улар менинг опаларим, — дея қовоғини уйди Фазлиддин.
— Эй, унда узр, ука. Бўпти, тезроқ ол чиптангни.
Уларга автобуснинг охирроғидан жой тегди. Ҳар қалай, қуруқ қолишмади. Умуман олганда, қиш кунлари автобус салонининг олд тарафидан кўра орқаси яхшироқ. Ҳарна, «Икарус» моторининг иссиғи уриб туради.
Ниҳоят улар йўлга тушишди. Қизлар олдинги ўриндиқда, Фазлиддин уларнинг ортида. Ёнида эса шоҳ бекатда у билан сал-пал тортишган студентнинг шерикларидан бири. «Ҳеч ким билан гаплашмай ухлаб кетаман», дея кўнглидан ўтказди Фазлиддин. Шундай ҳам қилганди. Бироқ автобус Тошкент вилоятидан чиқмай туриб, қор ёғишни бошлаб юборди. Аста-секин тезлашиб, олдинига йўл четлари оппоқ бўлди, кейин йўл ҳам оқарди. Автобус секинлашди. Салондагиларнинг ичларига ваҳима оралади: «Етиб олармиканмиз? Олдимизда кичкина бўлса ҳам довон бор. У ерда қор бу ердагидан икки баробар кўп ёғади. Яна доим шамол бўлиб туради, ерни музлатади. Автобус музда қандай юраркан?»
Роса мириқиб гаплашиб кетаётган ҳайдовчилар миқ этмай қолишди. Иккисининг ҳам кўзи йўлда.
— Тормозга оёғингни теккизма, бир маромда ҳайда, — деб рулда ўтирганига тайинларди олдинги ўриндиққа ўтириб олган шериги.
Жимжитлик. Автобус салонида қирқ бешта одам бор. Бироқ бирортаси ҳам оғиз очмайди. Ҳамма юрагини ҳовучлаган… Жимжитлик шунчалик эдики, қирқ бешта одамни музлатиб қўйганди гўё. Азоб. Худди ҳамманинг ажали бир вақтда келганга ўхшарди. Ана-мана дегунча жонини оладигандай эди. Қизиғи, қирқ бешта одам ажали келганини олдиндан билгандай эди… Бу автобусда кетиш мана шундай азоб, тушиб қолишнинг ҳам иложи йўқ. Тушиб нима қилади? Қаерга боради? Шу қоронғи қишда унга кимнинг кўзи учиб турибди?
Автобус баттар имиллади. Агар ташқарида эшак арава бўлганида ундан ўтиб кетарди, деб ўйлайсан… Ниҳоят қоронғи тушди. Салондагиларнинг ички ваҳималари баттар кучайди. Агар юраги бўшлар бўлса, бир балони орттириб олишарди. Ҳартугул, ундайлар йўқ эди.
Улов Самарқанд билан Жиззах орасидаги «юқори нуқта»дан амаллаб чиқиб олди. Ҳамма шу ердан қўрққанди… У ёғига эса яна имиллаб-имиллаб кетди.
— Сиз қолинг, — деди Раъно уйига яқинлашгач, — кеч бўлди, яна изғирин кучайган. Эртага эрталаб чиқиб кетасиз.
— Йўқ, раҳмат. Етиб оламан. У ёғи қийинмас, — дея жавоб берди Фазлиддин.
Шу билан бироз ўтиб, Раъно тушиб қолди. Ана шунда Фазлиддин пешонасига урди: «Балки, унинг уйи анча наридадир, худди бизникидай, бир ўзи кетишга қўрқар, шунинг учун менга қолинг дегандир. Мен бўлсам, бормайман дедим», деган хаёлга борди. Ваҳоланки, бундай эмас эди. Тўғри, Раъноларнинг уйи анча нарида, бироқ у уйига телеграмма жўнатганди. Бекатда укаси беш соатдан бери опасининг келишини кутаётганди.
Фазлиддин ҳам манзилга етди. Бу пайтда соат миллари ўн иккини урган эди. Нақ беш соат олдин келиши керак эди. Аммо қор сабаб кечикди.
Фазлиддин автобусдан тушиб бирор юз қадамча юрганидан кейин ташқарида изғирин кучлилигини билди. Қор юзига уриб ёғарди. Унинг эса бошида ҳатто телпаги ҳам йўқ.
Орадан сал ўтмай, Фазлиддиннинг юзи, бурни, қулоғи музлай бошлади. Юриши қийинлашди. Шундан кейин у елкасидаги сумкани ерга қўйиб, унинг ичидаги кир, эски кийимларидан бирини олиб, боши, қулоқ, бурнини бўйнига қўшиб ўраб олди. Аммо шунда ҳам юриш қийин эди, чунки рўпарадан келаётган қор парчалари кўзини очишига йўл қўймасди…
Бошқа пайт уйи билан катта йўл ораси, нари борса, ярим соатлик йўл. Фазлиддин шунча масофани икки соат деганда босиб ўтди.
Қишлоқда аллақачон чироқ ўчган экан. Қиш бошланиши билан соат кечки пайт тўққиз бўлар-бўлмас чироқ ўчиб қолади.
Баҳодир пишиллаб ухларди. Қоронғида кўринмасди. Пишиллаганидан унинг қаерда ётганлигини билиш мумкин эди. Кеча печкага олов ёқилган, кейин кўмир ташланган. Аммо ҳозир кўмир ҳам аллақачон ёниб бўлган, оз-моз чўғи қолган, шу чўғларнинг милт-милт шуъласи печка эшиги тирқишидан сал-пал кўрингандай бўлади. Уй совий бошлаган. Тахмонда тахланиб турган кўрпалар эса муздай.
Аммо буларнинг бари Фазлиддинга билинмади. Сабаби у совуқдан келди. Уй ичкариси ҳаддан зиёд иссиқ туйилди.
У гарчи чарчаган эса-да, анча пайт ухлаёлмади. Гоҳ у ёнига, гоҳ бу ёнига ағдарилди. Автобусда ҳам қотиб ухламоқчи бўлганди, бироқ бўлмади. Энди ҳам худди шу аҳвол такрорланаётганга ўхшарди. Лекин бир муддатдан кейин кўзини уйқу элитди.
Отаси қишми, ёзми, жазирама ё қаҳратонми, фарқи йўқ, болаларини қуёш чиқмасидан бурун уйғотади. Бир сафар, кимданлигини эслолмайди, аммо у шундай деганини хотирасига муҳрлаб қўйган: «Бойўғли қуёш чиққунча ухлаганларни ўлик ҳисоблар экан». Шу-шу ўзи ҳам, ўғиллари ҳам қачон уйқуга ётишларидан қатъи назар, тонг отар-отмас ўринларидан туришлари шарт.
Эшик ортида турган оёқ кийимини кўрганидан кейин Фазлиддиннинг келганини аввал онаси билди. Сўнг у эшикни секин очиб, ухлаётган болаларига қараб қўйди. Фазлиддиннинг пешонасидан ўпиб қўймоқчи бўлди, бироқ уйғотиб қўйишдан чўчиди. Кейин ўзининг хонасига кириб, энди ўрнидан қўзғалган эрига: «Фазлиддин ўқишдан келибди. Жуда кеч келганга ўхшайди. Уни уйғотиб қўйманг», деди. Фармон ака томоғини қириб йўталган киши бўлди. Бироқ барибир билганидан қолмади. Ювингач, ухлаётган ҳар икки ўғлини ҳам уйғотди.
— Одамларнинг моли аллақачон емишини еяпти. Сенлар бўлсанг, ухлашдан бошқасига ярамайсанлар!..
Фазлиддин отасининг овозини тушида эшитдими ё ўнгидами, билолмади. Шу боис ухлашда давом этди. Аммо ота иккинчи марта, бу сафар олдингисидан баландроқ овозда бақирганидан кейин сапчиб турди.
— Баҳодир, сен бориб молларнинг тагини тозала, Фазлиддин, ювиниб уйга кир!..
Фазлиддиннинг елкасида тегирмон тоши тургандек эди. Биров кўзини елимлаб қўйганга ўхшарди. Бироқ отанинг сўзлари ҳар иккисидан ҳам оғир эди. Шу боис у уйга кириб, эшикдан берироққа қўйган сумкасини титкилади. Эски кийимларини кийди. Бу пайтда Баҳодир кўзларини ишқалаб, тўнғиллаганча ташқарига чиқиб кетган эди.
У ювингач, уйқуси ўчди. Ота-онаси ўтирадиган, ҳамма чой ичадиган хонага кирди. Онаси дарров унга ёпишди. Юз- кўзларидан ўпди ва шу аснода бемеҳр чолидан нолиди ҳам. Фармон ака эса ўтирган жойидан қимирламади. Фазлиддин икки букилиб у билан қўл бериб кўришди.
— Ўтир, — деди ота унга.
Фазлиддин отадан тўрда ўтирмайди. Аммо бунинг иложи ҳам йўқ. Авваллари бунга эътибор бермасди. Аммо ҳозир… Печка пойгакка энг яқин жой, унинг ёнидаги кўрпача эса отасиники. Ундан бошқа жойнинг ҳаммаси отага нисбатан тўрда. Фарзанд эса отадан юқорида ўтириши мумкин эмас. Шу боис Фазлиддин бир муддат тараддудланиб қолди.
— Ичингга қозиқ ютганмисан, ўтир! — деди Фармон ака.
— Болам бечора келишга улгурмай туриб, сиз уни уришасиз, — дея аёл норози бўлиб эрига қаради.
— Ишинг бўлмасин.
Фазлиддин ноилож отасига мумкин қадар яқинроққа ўтирди.
Онаси унинг ёнига ўтириб олди. Бошидан қучди, айланиб-ўргила бошлади. Отанинг эса энсаси қотди.
— Нимага бунча болангга ёпишиб олдинг? Минг йилдан бери кўрмаганга ўхшайсан. Берироқ тур, — дея аёлини жеркиб берди ва Фазлиддинга қараб: — Қачон келдинг? — деди.
— Билмайман, шу, иккилар бор эди, — деб жавоб берди Фазлиддин тезда.
— Ҳимм, қор айни зўрайган пайти экан, мен соат бирда ташқарига чиққандим.
— Ҳа, қор яхши ёғаётганди…
— Яхши, — дея дарров боласининг гапини бўлди ота, — энди ташқарига чиқиб, ҳовлининг қорини кураб ташла, тизза бўйи бўлиб кетган. Ҳализамон сингилларинг сигир соққани боришади. Уларга оғилхонага боришга йўл оч.
— Хўп, — деди бирдан Фазлиддин.
— Сиз қандай отасиз ўзи? Болам бечора шунча совуқда, қорда, яна соат иккида қийналиб келган бўлса, сўфи азон айтмасдан турғизиб олиб иш буюрасизми?..
— Ишинг бўлмасин, — деди яна ота.
Фазлиддин эса бошқа гапга ўрин қолдирмасликка ҳаракат қилиб ўрнидан турди. Ота ўғилларига шундай қаттиқ туради. Аммо қизларига ғиринг демайди. Ҳатто уларни эркалатади. Онаси эса, аксинча, ҳамма заҳрини қизларига сочади. Худди эр-хотин шунга келишиб олганга ўхшайди.
— Болам, отанг шундай. Ҳеч қачон ўзгармайди…
Фазлиддин ташқарида қолдирган чойнакдаги сув ҳали совишга улгурмаганди. Фазлиддин уни олди-ю, шоша-пиша таҳорат олди. Кейин кириб тезда бомдод намозини ўқиди. Отаси яна уришиб беришидан ёки ўзи куракни олиб ҳовлини қордан тозалашга тушиб кетишидан қўрқди.
Отанинг эса ичидан зил кетди. Ёши элликдан ошди. Аммо ҳали намоз ўқимайди. Боласи бўлса… Фазлиддиннинг азон айтганини эшитганди. «Бугуноқ Саидумар эшон бобонинг ёнига бораман, намоз ўқишни ўрганаман», дея кўнглига тугиб қўйди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)