Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (18-қисм)

Муродулла акани домла телефонда гаплашган «ака»нинг йигитлари олиб кетишди. Ўғрилар эса имомнинг хонасига киришди. Ҳар иккиси ҳам пойгакда ўтирди.

— Мен сиз иккингиздай мард одамни кўрмаганман! — деди домла.

Фазлиддин: «Устоз нега бундай деяпти?» дея ҳайрон бўлиб унга қаради.

— Қойил лекин. Бунча катта юрак билан қандай юрибсизлар? — дея гапида давом этди қори.

— Домла, — деди ўғрилардан бири бошини кўтармаган кўйи, — устимиздан куляпсизми?

— Йўқ. Мутлақо. Аслида ҳам сизларда отнинг юраги бор экан. Агар шундай бўлмаганида эди, Худонинг ғазабидан қўрққан бўлардинглар!

Қори Муҳаммад Али шундай деб ўрнидан турди ва хона тўридаги шкафнинг тортмасидан битта гугурт олиб қайтиб келди.

— Иккалангиз ҳам қўлингизни беринг, — деди.

Ўғрилар ҳайрон. Бир-бирига ўзларининг ўғринча қарашлари билан қараб олишди. Сўнг имом томонга қўлларини чўзишди.

Домла гугурт чақди ва ёниб турган чўпни уларнинг бармоқларига теккизди, ҳар иккиси ҳам бирдан қўлларини тортиб олишди.

— Битта шу гугуртнинг майда оловига чидай олмадинглар, дўзах оташига қандай чидайсизлар? У ердаги оловнинг дами пўлатни сув қилиб эритади… Мана шунинг учун мен сизларни мард дегандим.

— Тавба қилдик, — деди ўғрилар.

— Қуруқ тавба билан иш битмайди. Сизлар қанчадан-қанча одамларнинг шўрини қуритгансизлар…

— Бунинг учун иккаламиз ҳам ўтириб чиққанмиз.

— Бу дунёнинг жазоси. Аслида, шу дунёнинг ўзида аллақачон қўлларингиз кесилган бўлиши керак эди. Нариги дунёда нима қиласизлар? Ўтириб чиққанингиздан кейинги ўғриликлар-чи? Устингиздан қайнаган сув қуйилиб, терингиз шилиниб тушганида ва шу нарса адоқсиз давом этганида ким сизларга ёрдам беради?

Домланинг бу гапларидан кейин ҳар икки ўғрининг ҳам кўзида ёш пайдо бўлди. Улардан бири қулт этиб ютинди.

— Нима қиламиз энди, домла? — дейишди улар.

— Азроил келиб жонларингни олмай туриб, чин кўнгилдан тавба қилинглар. Аллоҳ кечиргувчи зот. Ҳар қандай гуноҳни кечиради. Фақат чин кўнгилдан тавба қилиш керак. Кейин қайтиб мутлақо гуноҳга яқинлашмаслик лозим. Агар имконини топсанглар, кимнинг шўрини қуритганингизни билсанглар, бориб олган нарсаларингизни қайтариб беринглар!

— Аммо, — деди сал орқароқда ўтирган ўғри, — биз уларни танимаймиз, қаерда туришлариниям билмаймиз!

— Етим-есирлар бор, қариб кучдан қолганлар бор, ана шуларга беринглар, зора Худо қабул қилса. Энди боринглар. Мен сизларни огоҳлантирдим, хулоса чиқариш ўзингиздан.

Иккала ўғри ҳам игнанинг устида ўтиргандай эди. Сапчиб туриб, ўзларини эшикка уришди…

Имом билан унинг шогирди бир муддат жим ўтиришди.

— Айтганларингизни қилишармикан? — сўради Фазлиддин.

— Билмадим. Мен вазифамни бажардим, холос.

— Лекин Муродулла акага жуда катта ёрдам бердингиз. Телефонда гаплашган одамингиз ким эди?

Имом кулди.

— Ана шунақа. Кўчанинг болалари билан ҳам танишлигимиз бор. Гаплашганим «кўча»ни сўраб турганларнинг каттаси. Ҳар хил маросимлар қилишади. Чақиришади. Бориб ўтказиб бераман. Ҳозирги ўғриларга қилган насиҳатларим уларга ўтмайди. Уларнинг ўз дунёлари бор. Ўта паст ишлари билан бирга мард ишлари ҳам бор. Ҳар доим борганда: «Хизмат айтинг», дерди. Мен ичимда: «Илоҳим, шуларга ишим тушмасин», дердим. Лекин мана, тушиб турибди. Аччиқни аччиқ кесар, дейишади. Мана, ўғрининг дамини ўғри кесиб турибди. Бундай масалада… Майли, қўйинг, дўстим. Ҳадемай, пешин вақти киради. Агар бозорга борган бўлсангиз, энди яхшилаб ғусл қилиб олинг. Боринг, — деди домла.

Фазлиддин хафа бўлишини ҳам, хурсанд бўлишини ҳам билмай ётоқхонага келди. Бир кунда қирқ сўм ишлаб топди. Агар бу пулни тежаб ишлатса, анча муддатга етади. «Тирикчилик учун мана шундай кечки пайтлари бозорга бориб турсам бўларкан», деган хулосага келди.

Пешинга масжидга бормоқчи, устозининг орқасида туриб намоз ўқимоқчи эди. Бироқ ухлаб қолиб, боролмади. Боши ёстиққа тегибди-ю, қотиб қолибди. Уйғонганида эса аср вақти кирганди.

Шу билан эртаси куни устози билан кўришди. Узр-маъзурини айтди… Устози тушунди. Фазлиддин имом билан хайрлашганидан сўнг, «ака» унга қўнғироқ қилганди. «Меҳмонингиз жўнаб кетди. Энди ёлғиз келмасин. Ёки бизга хабар бериб қўйса, бехавотир ишини битириб кетади. Ҳозир пиёз тилло қатори бўлган. Мен ўзим Қирғизистондан икки вагон буюртма бердим», деди. Кейин яна озгина гаплашиб, гўшакни қўйди.

— Бозорга кўп вақт сарфламанг, — дея яна қайта тайинлади у шогирдига, — борсангиз ҳам калима қайтариб юринг. Кейин ёдлаган дуоларингизни такрорлашни ҳам канда қилманг. Ана шунда шайтон сиздан нари бўлади.

— Хўп, — деди шу заҳоти Фазлиддин.

Унинг кунлари янада шиддат билан ўта бошлади. Энди у ухлашга ҳам вақт тополмайдиган бир аҳволга келди. Сабаби жуда катта юкни елкасига олган. У ишларининг ҳаммасини ўз вақтида бажаришга уринарди. Бироқ, барибир, қайсидир ишлари чала қолиб кетаверарди. Шу боис у сўнгги пайтларда бироз жиззаки бўлиб қолди. Сергей билан эса сал қолса жанжаллашаёзди.

— Мен энди умуман сенинг ишларингни қилмайман. Чунки сен ичасан. Ичган одамнинг ёнига яқинлашмайман! — деди.

Унинг сўзлари Сергейга ёқмади. Ўзи ичкиликни ёмонлаган одамни жини суймасди.

— Унда қорангни ўчир, ярамас! — дея иягини кўтарди у.

— Кимни ярамас деяпсан?!

Фазлиддин дарров қизарган, қўли эса мушт бўлиб тугилганди.

— Нима, мен билан уришмоқчимисан? — деб бурнини тортиб қўйди Сергей.

Шунда Фазлиддиннинг хаёлига устозининг гаплари келди. «Шайтон сизни ҳар қадамда издан чиқаришга ҳаракат қилади. Шунинг учун умуман биров билан сен-менга борманг. Илло, бу шайтоннинг тузоқларидан биридир», деганди у.

— Йўқ, уришмайман. Лекин энди ҳақиқатан ҳам қорамни ўчираман.

Орадан уч кун ўтиб, хўжалик ишлари бошлиғи Сергейга бориб ёрдамлашишини айтганда, бирдан:

— Бормайман, — дея жавоб қайтарди.

Ҳар доим итоаткор бўлган, нима деса «хўп» деб кетадиган боланинг бундай дейиши бўлим бошлиғининг жаҳлини чиқарди.

— Нима деяпсан? — деди у.

— Бормайман. Мен у билан уришиб қолдим. У доим маст бўлади. Маст одамни жиним суймайди, — деб жавоб қайтарди Фазлиддин.

— Ҳа-а, бу гапинг рост.

Шундан кейин у ҳам Фазлиддинни безовта қилмай қўйди.

Раъно ва унинг дугоналарини Хадича опа мутлақо ўзгартириб юборибди. Улар умуман бўянишмас, атир сепишмас, очиқ ва калта кўйлак кийишмасди. Раъно шунда ҳам гўзал эди. Илгарилари шунчаки кўнгилхушлик учун унга хушомад қилган бўлишса, энди уйланмоқчи бўлган йигитлар кўпайганди. Фазлиддиннинг ҳам унинг ёнига кўпроқ боргиси келарди. Асосий мақсади дарс олиш эди, албатта. Раънонинг самимийлиги Фазлиддинни ўзи томон кўпроқ тортарди. Лекин энди ҳеч қачон унинг хонасида иккиси қолиб кетмасди. Албатта, Раънонинг хонадошларидан бири бўларди. Қолаверса, Фазлиддин ҳам қизларнинг араб тилини ўрганишига кўмаклашарди. Шу боис Раъно ҳарфларни қисқа муддатда ўргана олди. Ҳатто ҳижжалаб сўзларни ўқишни ҳам бошлаб юборди.

Шу тариқа дарров декабрь ойи ҳам келди. Кундан кунга Фазлиддиннинг Малоҳат билан учрашадиган вақти яқинлашаверди. У Малоҳатни кўп эслар, у билан эртароқ гаплашишни истарди. Кўришиш учун баҳонаси тайёр. Хоин хонлар, жадидлар ва ҳоказо. Ахир у газетага чиқариш учун Камол Шон билан озмунча маълумот йиғдими? Ҳатто Камол Шон мақола тайёрлаб муҳаррирга берди. Аммо муҳаррир мақтаб-мақтаб қўлига қайтариб берди. «Бундай нарсаларни ёзиб, одамлар орасида иғво тарқатгандан кўра, фойдали иш билан шуғулланинг. Қолаверса, менинг бошим иккита эмас», дебди. У эса Фазлиддинга: «Бундан буёғига тарихга қизиқишни йиғиштир. Эртароқ бўладиган касбнинг бошини тут. Токи менга ўхшаб, вақтинг ўтиб кетганидан кейин афсусланиб юрма», деди.

Аммо шу топган маълумотлари ҳам Фазлиддинга етарли бўлди. Боради, Малоҳатнинг отаси билан гаплашади. Йиққан-терганларини унинг қўлига тутқазади. Кейин яна унинг ёнига боришга бирорта баҳона топилиб қолар…

Охирги марта борганида, Раъно уни мақтади. «Кетишингиз жуда яхши. Энг асосийси, тушунча бор. Қолганига сиздан ҳаракат. Ана, техникумдаги ўқитувчингиз ҳам яхши ўргатаётган экан. Бунақада сиз олим бўлиб кетасиз», деди. «Қуруқ гапдан қочиб, кўпроқ масала ечиш, лаборатория ишларини бажариш билан шуғулланинг», деди.

Фазлиддиннинг режасидан тарих ҳам иккинчи даражага тушди. Ўзи шу билганлари ҳам унинг обрўсини ушлаб турибди.

Янги йил учун дам олишга уч кун қолган эди. Гуруҳ раҳбари кириб: «Янги йилдан бошлаб гуруҳ алоҳида йўналишларга бўлинади. Биз эксперимент ўтказишга қарор қилдик. Шунинг учун ким қайси фанга кўпроқ қизиқса, ёзиб берсин», деди. Фазлиддиннинг айни кўнглидаги қарор бўлди, дарҳол ариза ёзди. Химия ва физика гуруҳига ўтказишларини сўради…

Байрам арафасида яна тўполон, яна ур-сур бошланди… Чунки ҳамма ўқув юртларига баравар жавоб берилган, талабаларнинг ҳаммаси уйларига шошаётганди.

Раъно унга: «Бирга кетайлик, битта ўзим эзилиб қоламан. Чунки ҳар йили шундай бўлади», деди. Фазлиддин рози бўлди.

Йигитнинг юраги гупурлаб урарди. Ахир у яқин кунларда Малоҳат билан кўришади. Бир марта хат ёзиб, кейин ёзмай қўйган қиз билан…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: