Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (20-қисм)

Фазлиддин бир соатдан мўлроқ қор куради. Бу вақтда сингиллар ҳам уйғониб, ювиниб унинг ёнига келиб кўришиб кетишди. Тонг отди. Аммо қуёш кўринмади. Чунки гарчи сийраклашган эса-да, ҳали-ҳамон қор ёғмоқда.

Сут пишибди. Чой дамланган, дастурхонга қанд-қурс қўйилган экан. Одатда, ширинликлар фақатгина меҳмон келгандагина дастурхон юзини кўрарди. Демак, Фазлиддин — меҳмон.

Фазлиддинга икки қават кўрпача тўшалди. Бироқ шу заҳоти Фармон ака бир қаватини олдирди. «Қариб-чуриб қолгани йўқ, талтайтирма», — деди аёлига.

Шундан кейингина у боласидан ўқиши ҳақида сўраб-суриштирди. Олдига қўйилган бир коса сутни тугатиб, қорни тўйган заҳоти яна уйқу элита бошлади уни. Онаси буни дарров сезди.

— Бор, хонангга кириб озроқ ухлаб ол, отангга қолса, умуман дам олмаслигинг керак, — деди у.

Шундан кейингина отаси унинг туришига зўрма-зўраки рози бўлди.

Фазлиддиннинг ётиш нияти йўқ эди. Бироқ уйқунинг зўрлиги боис шунга мажбур бўлди.

У уйғонганида вақт пешиндан ўтган эди. Онаси печкага олов ёқиб кетибди. Уй иссиқ. У уйғонса-да, бир муддат печкага термилиб ётди. Малоҳатни ўйлади. У билан кўришиши керак. Бироқ биттагина имконияти бор. Тарих мавзусида йиққан-терганини отасига олиб боради. Шу баҳонада кўришади. Гаплашолмайди. Фақат кўришади. Аммо шу кўришишнинг ўзи ҳам катта гап. Яна битта томони бор. Малоҳат унга номаҳрам, у билан ёлғиз қолиши мумкин эмас. Демак, унинг ёнида кимдир бўлиши керак. Бироқ кимнингдир бўлиши у билан кўнгилдагидай гаплашишни тўсиб қўяди… У кўзини юмди. Бир муддат ётди. Сўнг турди.

Онаси ош дамлабди. Абдуалим амакиси келибди. Акаси Фахриддин келибди. Иккаласи чақчақлашиб ўтиришибди. Фазлиддинни кўриб кўришишди. Шунда Фазлиддин амакисининг ичиб олганини билди. Бурнини жийирди. Аммо буни ўзидан бошқаси сезмади.

Онаси Фазлиддин уйғонганидан қувониб: «Ошни сузаман», деди.

— Отам-чи? — деди Фазлиддин. — Отам келмайдими?

— Отанг кечга келаман деб кетган, — дея шу заҳоти жавоб берди онаси.

— Янга, бир минут. Сузмай туринг. Мен шундай бориб…

— Қўйинг, қайним, — дея шу заҳоти Абдуалимнинг гапини бўлди аёл, — болаларнинг олдида шу зормандани ичманг.

— Эй-й, янга, сиз билмайсиз-да. Ундан кейин бу ёғи байрам. Одамлар байрамни йигирманчидан бошлаб юборишган, — дея илжайди Абдуалим ва қалин мўйловини силаб қўйди.

— Одамлармас, менинг ўзим денг. Лекин овсин охирги пайтларда жуда норози бўлаяпти, шу охири акангизга айтаманов, — деди Фазлиддиннинг онаси.

— Янга, бу гапни қўйинг. Бу ёғи паловхонтўра усиз томоқдан қандай ўтади?

— Мойдай ўтади.

— Майли, сиз унда сузиб туринг, мен ҳозир келаман. Фахриддин, юр мен билан.

— Фахриддинни қўйинг. Муштдай болага ичишга бало борми?

— Ичмайди, янга. Ваъда бераман. Ичса, ўзим тишларини қоқиб оламан.

Улар кетишди.

— Охири бориб бу қайним (у ҳеч қачон Абдуалимнинг исмини айтмаган) Фахриддинниям йўлдан урмасайди, — дея уй бекаси бошини сарак-сарак қилди.

Ош ниҳоятда хушхўр бўлган экан. Фазлиддин онасининг ошини соғинибди. Бир ўзи бир лаган ошни паққос туширди. Идишига чой солиб ичди. Лаган худди ювилгандай топ-тоза бўлди. Уларнинг уйларида илгари ҳеч ким бундай қилмаган. Аммо Фармон ака бир жойларга тўйга борганида шундай воқеаларга гувоҳ бўлган ва бу ҳақда уйига келиб айтганди.

— Болам, — деди она ич-ичидан эзилиб, — яна солиб берайми, тўймадингми?

Фазлиддин кулди.

— Тўйдим. Савоби тагида бўлади, деб ўргатишганди. Агар идишда овқат юқи қолса, шайтонга ризқ бўларкан. Мен шу шайтоннинг ризқини қийдим-да…

Унинг сўзларига сингиллар анграйиб қолишди. Баҳодир эса пинагини ҳам бузмади.

— Майли-ку-я, — деди онаси, — лекин бировларнинг олдида бу ишни қилма. Улар бошқача хаёлга боришади.

— Унда шайтонга овқат қолдирган бўламан-да.

Фазлиддиннинг бу гапларидан кейин онаси ортиқ бошқа нарса демади. Аммо шу воқеадан кейин сингиллари ҳам овқат еб бўлганларидан кейин идишларини мана шундай тозалаб қўядиган бўлишди. Оддий нарса, лекин суриштирсангиз, жуда катта ҳикмат бор.

Абдуалим билан Фахриддин келди. Абдуалимнинг кайфи анча ошиб қолган экан. Келди-ю, оғзи тинмади. Аммо Фахриддин ичмабди.

Асрга яқин жўралари Фазлиддинни сўраб келишди. Келганидан хабар топишибди. Ўпка-гина қилишди. «Сен одаммас экансан», дейишди. «Шу қорангни ўчирганингдан бери қайтиб кўринмадинг. Олдинги сафар келганингдаям, суриб қолдинг. Эшитдик борган жойингни. Сочлари манави қордай оппоқ муаллимникига борибсан. Муаллим баҳона дийдор ғанимат. Бу ёқда жўраларнинг умуман кераги бўлмай қолдими?..» Шокирнинг тили заҳар. Бетинг-кўзинг дейдиган бола эмас. Кўришганлари заҳоти шунча гапни гапириб ташлади. У билан келган Алишер илжайиб туришдан нарига ўтмади.

— Ундаймас, вақт бўлмай қолди. Ғўзапояларинг тайёр турган экан…

— Ҳа-а, — деди Шокир мийиғида кулиб, — Малоҳатнинг уйига боришга вақтинг бўлди. Лекин жўраларинг билан ўтиришга, гаплашишга вақт тополмадинг. Хуллас, гапни кўпайтирма. Беш сўм бер. Бугун ўтириш бор жўралар билан. Илгари уч сўмдан йиғардик. Энди катта бўлиб қолдик, уч сўм етмайди. Беш сўмдан.

Фазлиддиннинг чўнтагида ўн сўми қолганди. Дарров беш сўмини чиқариб Шокирнинг қўлига тутқазди.

— Қорни қара, қорни. Маза қилиб юрмайсанми? Тошкентингда бунақанги қорни тополмайсан. Топсанг ҳам, бу ердагидай маза қилолмайсан. Келиб уйингда биқиниб ўтиравермасдан, сен ҳам одамга ўхшаб кўчага чиқ.

— Ҳозир уйда меҳмон бор. Кейинроқ борсам ҳам бўладими?

— Унда гап бундай, — дея гапга қўшилди Алишер, — жўра, Одилникида ўтиряпмиз. Биров халақит бермайди. Кун кеч тушмасдан ўтаверасиз. Шокирнинг гапларига эътибор берманг.

— Бўлди, бораман, — деб ваъда бериб юборди Фазлиддин.

Қишнинг куни қисқа, ҳаш-паш дегунча кеч кирди. Изғирин турди. У кўчага чиқди. Қор бўлса-бўлмаса, бундай пайтда кўчада одам бўлмайди. Чунки қишлоқ одамларининг иши кўпаяди. Мол деган бир нарса бор. Уни оғилга киргизиш керак, ем-хашагини солиш керак. Қиз-жувонлар сигирларни соғишлари керак ва ҳоказо.

Одилнинг уйи қишлоқнинг ўртасида. Одилнинг бир ўзи яшайди. Аслида, уларнинг оиласи ҳам бошқаларникига ўхшаб катта эди бир пайтлар. Беш ака-ука, тўрт опа-сингил. Аммо Одил ҳали учинчи синфда ўқиб юрганида онаси оламдан ўтди. Кейин отаси ҳам узоқ яшамади. Икки йил. Айни улар бешинчи синфда ўқиб юрганларида падар ҳам нариги дунёга равона бўлди. Бунгача акалари бир-бирини тортиб чўлга равона бўлишганди. Икки опа турмушга чиққан. Яна иккитасидан биттасининг қадам олиши бежолашиб кетганди. Одамлар қизларини умуман унинг ёнига яқинлаштирмай қўйишди. Аслида, у қиз уйида кам бўларди. Қаерда юрганини бир ўзи, кейин Худо билади. Яна уч-тўрт қишлоқ наридаги тўйларда кўрганлар ҳам бор. Отарчилик қилиб юрган экан.

Ота вафот этгач, тўртинчи опа аввал турмушга чиқиб кетган опалариникига, кейин чўлга кетди. Одилнинг битта укаси бор эди. Уни ҳам акалари олиб кетишди. Шундай қилиб, ҳайҳотдай ҳовлида Одилбойнинг ёлғиз ўзи қолди.

Жўралар бекорга унинг уйини танлашмаган. Йиғиб-териб борганларини уларникида пишириб-куйдиришади. Ейишади. Кейин тарқалганларида Одилга камида бир ҳафталик егулик қолади.

Фазлиддин яхшиям укасининг телпагини кийиб олган экан. Кўчага чиққанидан кейин изғирин шамол юзига урилди. У куни кеча бўронли ҳавода келганини эслади…

Борса, жўралар жам бўлишибди. У келганидан кейин қийқиришди. Бирма-бир қучоқлашиб кетишди… Овқатни аллақачон пишириб бўлишган экан. У ўтириши билан сузишди.

Ҳунар-техника билим юрти уларни яхшигина тарбиялаб қўйибди. Илгари биргина Одил қочиб-пусиб чекиб юрарди. Энди ёнига яна иккита қўшилибди. Яна айни шулар ичадиган касбни ҳам ўрганиб олишибди. Улар учун, ҳартугул, оқи эмас, қизилидан олишибди. Фазлиддин устозининг гапини эслади. «Ичимлик бор дастурхонда ўтирма». Аммо бу ердан қандай чиқиб кетади? Агар кетадиган бўлса, кейин булар уни қўшмай қўйишади.

— Анавини олиб қўйинглар, шундай зўр дастурхонни бузиб турибди. Ўзи қайси гўрдан топиб келдинглар? Ҳали ҳамманг муштдай бола бўлсанг, ичишга бало борми? — деди.

— Эй-й, сенинг ишинг бўлмасин. Буям эркакларга чиқарилган, — дея иржайди Одил.

— Ичмаган одам эркак бўлмай қоладими?

— Сен ичмайсанми? Ана, сенга ўхшаган саккизта бола бор. Уйнинг тўрига ўтгин-да, шулар билан гаплашиб ўтиравер.

— Бўлмаса, ташқарида ичинглар. Бир эшитганман, қозон бошида зўр кетармиш. Тўйларда кўрмайсизларми, ошпазлар ош пишиши билан битта бўлиб олишади.

— Сен балоларни биласан, бўпти, сазанг ўлмасин. Ҳар қалай, узоқдан келгансан, меҳмонсан. Кетдик, — дея Одил ҳамшишаларини ташқарига бошлади.

Суҳбат қизигандан-қизиди. Унинг мазмуни асосан қизлар тўғрисида эди. Жўраларнинг гапларига қараганда, мактабда мўмин-қобил, босиқ юрган қизлар ҳунар-техника билим юртига борганларидан кейин анча очилиб кетишибди. Болалар билан бемалол севги-муҳаббат тўғрисида гаплашармиш. Ҳатто синфдош қизлардан бирини қўшни қишлоқда турадиган бошқа бир синфдош жўра илинтириб ҳам олибди.

Фазлиддин шу гапларни эшитаркан, беихтиёр хаёлига Малоҳат келди. Энтикди, кўргиси келди. Агар унинг ичидагиларини бу ердагилар билиб қолишса борми, кўзини очиришмайди.

Ғала-ғовур бошланди. Училищедаги воқеалар, кимнинг нима қилгани, қайси пайт дарсга етиб боришлари, қайси пайт кетишлари ва ҳоказо гаплар. Фазлиддин эшитганларидан шуни билдики, жўралари умуман ўқимас экан, умрлари йўлда ўтиб кетаркан. Яна ойига ўн сўм стипендия ҳам олишаркан. У ёғи кийим-кечак, овқат. Суҳбат шу аснода кетаркан, Шокир ундан: «Ўзингда нима гаплар, бу техникум деганлари қандай экан?» деб сўраб қолди. У ёнида ўтирарди. Шунинг учун бақириб, ҳаммага эшиттириб сўрамади. Секин гапирди.

Фазлиддин кўп нарсани тўқиб-бичиб ташлади. «Ахир мен ҳам худди сенларникига ўхшайдиган жойда ўқийман. Фарқи педагогика билим юрти. Кейин бир-иккита ногиронларни ҳисобга олмаса, ҳаммаси қизлар. Шу қизларнинг орасида хўрозга ўхшаб ўқийман», деб қандай айтсин? Агар шундай дейдиган бўлса, бошқа гап-сўзлар ҳам болалаб кетади. Қолаверса, у ёзда: «Қурилиш техникумига кирдим», деб айтиб қўйган… Ҳар ёлғон гапирганида ичидан зил кетар: «Эй Худо, ўзинг кечир, мажбур бўляпман», дея кўнглидан ўтказар эди. Қолаверса, у унчалик кўп маълумот бермади ҳам.

— Қизлар қандай? — сўради Шокир.

— Қизлар… Шаҳарда қизлар кўп. Ҳар қадамда, — дея жавоб берди Фазлиддин.

— Роса ҳаммаси олифта бўлишса керак.

— Ундайи ҳам бор, бундайи ҳам бор.

— Бирортасини секин ўрамадингми?

— Эй-й, гаплашишни билмайман.

— Агар сен шундай десанг, менга ўхшаганлар оғизларини очишолмаса керак.

— Умуман, менинг вақтим ҳам йўқ. Дарслар кўп.

— Малоҳат билан гаплашдингми? — дея айёрона тикилди Шокир.

— Нега у билан гаплашаман? Ўзи бу гапни қаердан олдинг? — деди Фазлиддин ўзини гўлликка солиб.

— Майли-ку-я, лекин бир нарсани сенга айтиб қўяй. Агар эртароқ ҳаракат қилмасанг, Малоҳатингдан айрилиб қоласан. Бир эмас, учта рақибинг пайдо бўлган.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: