Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (28-қисм)

Яна битта қизиқ томони шунда бўлдики, бу сафар ота Фазлиддинга бирорта ҳам юмушни бажаришни айтмади. Баҳодирга айтди. Баҳодир акасига кўзини олайтириб қаради. «Манави арзанда ҳеч нима қилмайдими?» демоқчи бўлди. Аммо шу заҳоти отаси унинг хаёлини уқиб олди-да:

— «Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила», деб Навоий бобо бекорга айтмаган, болам. Фазлиддин менга бир ҳарф эмас, жуда кўп нарса ўргатди. Энди мен унга иш буюришга уяламан, — деди.

— Йўқ, ота, — дея шу заҳоти эътироз билдирди Фазлиддин, — сизнинг менга шу пайтгача қилганларингизни мен бутун умрим давомида ҳам адо этолмайман. Бу ғазалнинг ота-болага дахли йўқ.

— Барибир-да.

— Мен Баҳодир билан бирга, у нима қилса, қиламан.

— Унда акангнинг уйига боринглар. У мендан қочиб юрибди, — деди Фармон ака.

— Нимага? — дея қизиқиб сўради Фазлиддин.

— Абдуалимга қўшилиб ичибди. Бунга йигирма кунча бўлиб қолди. Шундан бери қорасини кўрсатмайди. Абдуалим келганди, обдан ҳақини бердим. Шу билан у мени кўриб қолса, бир тош наридан ўтади. Фахриддиннинг қорасини кўрсатмагани майли, шу пайтгача томорқасигаям бир кетмон урмабди. Одамлар ҳализамон картошкаларини кавлаб олиб ейди. У бўлса, тараллабедод қилиб юрибди. Келин келиб, онангга анча кўз ёш тўкиб кетибди. Хуллас, иккаланг иккита кетмонни олиб, уникига боринглар, биргалашиб ерини ағдариб, текислаб, экин экинглар. Бир нима дейдиган бўлса, отам айтди, денглар. Унга ҳеч ақл кирмади-да, — дея афсус билан бош чайқади Фармон ака.

— Унингиз ишламайди. Ётволиб бизга иш буюради, — деди Баҳодир норози бўлиб.

— Бор, дедим, тамом-вассалом! Ана, Фазлиддин ишлатади уни.

Акасининг ҳовлисида умуман ҳеч нарса экилмаган, ерни аллақачон бегона ўтлар босиб кетган экан. Фазлиддиннинг ичидан зил кетди. У тўғри томорқага кириб, ерни ағдаришга тушди. Укасига Фахриддинни чақириб келишни буюрди. Бироқ аввал янга кўриниш берди. Айланиб ўргилди, саломни қуюқ қилди ва эрининг телевизор кўраётганини қистириб ўтди. Унинг гапини акасини ташқарига чиқаролмаган Баҳодир ҳам тасдиқлади. У бошқача айтди: «Носини чекволиб, оёғини осмондан қилиб ётибди. Агар шу нос чекканини отам билиб қолса, тишини уриб синдиради».

Фазлиддин индамади. Кетмонни қўйиб, акасининг уйи томон кетди. Эшикдан кириши билан салом берди. Ҳар қалай, ака унинг ҳурматига ўрнидан туриб кўришди.

— Ака, юринг, зўр гап бор, — деди.

— Қўй. Отам мени ёмон кўради. Мени сендай шаҳарда ўйнатиб қўйгани йўқ. Қўлим ишга бормаганидан ҳеч нима экмадим, — дея норози бўлиб тўнғиллади Фахриддин.

— У ёғини қўйиб туринг, зўр гап бор, юринг, айтаман, — деб Фазлиддин акасини мажбурлаб ташқарига олиб чиқди. Улар Баҳодирнинг ёнига боришди.

— Сен кетмонни акамга бергин-да, ўзинг бориб, янгамдан бошқа кетмон сўраб олиб кел, бўлмаса, ҳамсояларникига бор, — деди.

Ака-укалар ишга тушиб кетишди. Эрталабдан кечгача ер ағдаришди, экинга тайёрлашди. Шу вақт мобайнида Фахриддин укасининг оғзини пойлади. Зўр гапни кутди. Бироқ ука кечгачаям зўр гапни айтмади. Бўлмаса, ака бир неча марта: «Нима демоқчийдинг? Гапир», деб сўради. Бироқ Фазлиддин айтмади. «Ҳали вақти бор», деди. Шом намозини ўқиганидан кейин эса: «Уйга борамиз», деди.

— Мен бормайман, сизлар кетаверинглар. Абдуалим акам айтди: «Отанг сени уриб ўлдиради, кўзига кўринма», деди, — дея бошини қашлади.

— Бўлмаган гап! Юраверинг. Ош тайёр, янгам ҳам боради. Ювининг тезроқ, — деб қистади Фазлиддин.

Бу гал ака кўнди. Аслида, ўзининг боргиси келиб юрганди. Ахир бу азобга қанча чидаш мумкин? Бунинг устига, кундан-кунга юрагини ваҳима босади. Уйига отаси келиб қолишидан қўрқади. Келса, тамом. Отаси хотининг бор, боланг бор деб ўтирмайди. Шунақа чангитиб сўкадики, Фахриддин ерга кириб кетади. Хотинининг олдида обрўси бир пул бўлади… Энди эса Фазлиддин бор, ҳартугул, ота Фазлиддиннинг олдида қаттиқ уришмайди.

Бироқ Фахриддин адашган эди. Ота чапаниликни аллақачон ташлаганди. Энди қанчалик ғазаби қўзимасин, ўзини боса олади. Шунга қарамасдан:

— Ароқ ичгунча заҳар ичсанг бўлмасмиди?! — дея ўғлини енгилгина койиб қўйди. Ҳа, бу койиш илгариги сўкишлар олдида ўта юмшоқ гап.

— Ота, бир марта адашдим-да, бошқа такрорланмайди, — деди Фахриддин бошини эгиб.

Шу билан олам гулистон бўлди.

Эртаси куни Фахриддиннинг ҳовлисида экилиши мумкин бўлган барча экинлар экилди. Энди Фахриддиннинг ўзи ташаббус кўрсатди. «Кўпчилик бўлиб, ака- укалар билан ишлаш бошқача-да», деди у.

Фазлиддиннинг эса хаёлидан Малоҳат кетмасди. У жуда кўп вақт жим ишлади. Ана шу жим бўлган пайт хаёлида Малоҳат бўлган…

Ниҳоят, йигирма биринчи март ҳам келди. Фазлиддин эрталабдан тайёргарлик кўра бошлади. Соч ювилди. Кийимлар дазмолланди. Секин йўлга тушди. Биров қаерга боряпсан, қачон келасан, деб сўрамади. Илло, Фазлиддин уйда сўроқ-саволга тутилмайдиган ягона фарзанд эди. Албатта, бундан Баҳодирнинг жаҳли чиқарди. Бироқ нима қилсин, акаси Тошкентда ўқийди. Яна отасининг кўнглига йўл топди.

Кичкина сариқ «ПАЗ» автобусида у тиқилиб, жиққа терга ботиб, зўрға район марказига етиб олди. Шунда у Малоҳат ва унинг синфдошларини ўйлади. Агар улар ҳам мана шундай аҳволда кетишган бўлса, олиб бораётган нарсаларининг стол устига қўядиган ҳоли қолмаган бўлса керак, деган хаёлга борди.

Бундай тадбирлар, одатда, истироҳат боғида ўтказилади. Ҳамма байрамлар шу ёқда — қалин, баланд ўсган чинорлар остида бўлади. Майдони ниҳоятда кенг — беш гектарча келади. Тасаввур қилинг, шунча катта майдонда ёзда дарахтларнинг қалинлигидан тангадай қуёш нури ерга тушмайди. Бироқ тадбир у ерда эмас экан. Ундан нарироқда ғалаба майдони бор: елкасига автомат осилган иккита аскар ҳайкали ўрнатилган. Улардан бирининг қўлида ёш бола ҳайкали бор. Одатда, ғалаба майдонига келин-куёвлар келишади. Ҳайкал оёқлари остида ёниб турган «мангу олов» четига гул қўйишади… Наврўз байрами ҳам шу ерда ўтказилаётган экан. Районда нечта мактаб бўлса, ҳаммаси келган, ҳар бирининг олдида иккитадан мактаб партаси бор. Унинг устида эса Наврўз таомлари…

Фазлиддин ўзи ўқиган мактаб ўқувчиларини, уларнинг орасидан Малоҳатни қидириб топди. Деярли энг чеккада экан…

Ўқитувчилар, ўқувчилар жуда кўп, мусиқа янграган, ана шу мусиқа ғала-ғовурни босган. Фазлиддин бир муддат томоша қилиб турди. Сўнг ҳайкаллар томон юрди. Шу ёқдан борса, Малоҳат турган жойга яқинлашаркан. Ялтираб турган атлас кўйлаги унинг чиройини янада ошириб кўрсатарди. У ёнидаги қизлар билан нималарнидир гаплашади, кулишади, кейин бошини кўтариб атрофга аланглайди: Фазлиддинни қидиради. «Келдимикан, хатимни олдимикан, шаъмамни тушундимикан?» дея ўйлайди. Аммо қидирган одамини тополмайди. Юраги гупурлайди. Алами келади. Бу пайтда эса Фазлиддин унга янада яқинроққа бораётган бўлади.

У ўзи ўқиган мактаб ўқувчиларининг ёнига боролмади. Берироқда тўхтади. Қарама-қарши томонда турган Малоҳатга тикилди.

Малоҳат яна қизлар билан гаплашганидан кейин атрофга қаради ва бирдан рўпарасида турган Фазлиддинга кўзи тушди. Юраги баттар гупурлади.

— Мен ҳозир келаман, — дея шивирлади Муяссарнинг қулоғига.

— Қаерга кетяпсан? — деб сўради ҳайрон бўлган Муяссар.

— Дарров келаман.

Малоҳат бошқа ҳеч нарса демади. Столлари устига қўйилган таомларни келиб кўриб, санаб, сўнг бир-иккита намуна олиб кетадиган комиссия аъзоларини кутиб турган бошқа мактаблар ўқувчиларининг ортига юрди. Фазлиддин унинг келаётганини кўриб, қизни қаршилашга одимлади.

Уларнинг орасидаги масофа икки қадам қолганда ҳар иккиси ҳам тўхтади. Бир-бирларига қарашди. Жилмайишди.

— Қаердан келиб қолдингиз? — дея сўради Малоҳат кўришганларидан кейин.

— Самолётда учиб кетаётгандим, шу ерга келганида осмондан ўзимни ташладим, — деди Фазлиддин кулиб.

— Зўр бўпти. Мен сизни келмасангиз керак, деб ўйлагандим.

— Нега келмас эканман? Келишим шарт. Ҳали анча турасизларми?

— Билмадим. Турибмиз офтобнинг тагида куйиб-пишиб.

— Кўпчилик келганмисизлар?

— Ҳа. Учта ўқитувчиям бор. Отам олиб келди мени. Айтганча, опамнинг мактабдошлари ҳам келган.

— Опангиз ҳам шу ерда…

— Худди шундай.

— Боғнинг ичкарисида яхши музқаймоқ бор. Бормаймизми?

— Борамиз.

— Жуда яхши. Ҳозир борсак, тинч-осойишта. Ҳализамон тадбир тугаса, ур-тўполонда ёнига яқинлашиб бўлмайди.

— Унда Муяссарга ҳам айтаман. Бирга борамиз. Битта ўзим бўлсам, гап-сўз кўпаяди. Майлими?

— Майли.

— Унда сиз шу ёққа бориб туринг, биз тезда… Шошманг, Муяссардан бошқасига айтсам-чи? Ёки Муяссар борсинми?

Фазлиддин кулди.

— Менга фарқи йўқ. Муҳими, сизнинг ўзингиз бўлишингиз, — деди.

— Хўп, — дея жилмайди Малоҳат.

Фазлиддин кўп кутмади. Малоҳат Муяссар билан бирга кўриниш берди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам жилмайиб келарди. Иккисининг эгнида атлас кўйлак. Иккисининг ҳам чаккасига гул тақилган.

Улар келгунларича Фазлиддин музқаймоқларни олиб, столнинг устига тайёрлаб қўйганди.

Қизлар ҳам қуруқ келишмабди. Пичак (кўк сомса) олиб келишибди. Фазлиддин яхши кўради. Онаси бир марта қилиб берди. Аммо ҳали нафси тўла қонмаганди.

— Вў-ў! — деди у Малоҳат столнинг устига қоғозга ўралган пичакни қўйиши билан. — Аввалроқ кўриб оғзимнинг суви қочганди.

— Малоҳат нималарни яхши кўришингизни беш қўлдай билади, — деди Муяссар.

Малоҳат уни турткилади.

— Ҳа, ўзинг боя айтдинг-ку, пичакни яхши кўради деб, — дея Муяссар дугонасининг сирини ошкор этиб қўйди.

— Билгани яхши. Унда бундай қиламиз. Мен пичакнинг ҳаммасини ейман. Ўзимнинг музқаймоғимни эса, сизларга бўлиб бераман.

— Келишдик, — деди шу заҳоти Малоҳат ва Муяссарга қараб қўйди.

— Хўп, хўп, битта ўзинг ейсан, — дея қиқирлаб кулди Муяссар.

— Сотқин, — деб Малоҳат унга қовоғини уйган бўлди.

Худди шу пайт қизларнинг синфдошларидан бири уларни кўриб қолди ва Малоҳатнинг шайдоси бўлиб юрган болага ҳамма кўрганларини айтиб берди. Шу заҳоти унинг кўзи чўғдай ёниб, Малоҳатнинг бошқа ошиғига айтди.

— Сен мен билан уришаман, деб юрибсан. У ёқда Малоҳатнинг эгаси чиқиб турибди. Энди мен билан муштлашасанми ёки аввал икковлашиб ўтган йили мактабни битириб кетган Фазлиддинни орадан олиб ташлаймизми? — деди.

— Аввал уни! — дея костюмининг енгини шимарган бўлди иккинчи ошиқ.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: