Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (29-қисм)

Ҳали мўйлови сабза урмаган йигитчалар бир-бирига қаради. Шу билан гўё билаклари янада кучга тўлди.

Улар ҳозир борибоқ ўзлари севган қизнинг кўз ўнгида «ов»ларига халақит бериб турган бу йигитчани тавбасига таянтириш иштиёқида истироҳат боғи ичкариси томон шиддат билан юришди. Бирдан иккиси ҳам тўхтади. Чунки уларнинг кўзлари «учел» (ҳунар-техника билим юрти) болаларига тушди. Улар нуқул жанжални ўйлашади, шафқат нималигини билишмайди. Шу каби гап-сўзлар урчигандан-урчиб кетган эди. Шунинг учун ҳам ота-оналар у ерга болалари ўқишга боришларини исташмасди. Аксига олиб, юқорида айтганимиздай, Фазлиддиннинг синфдошлари ҳаммаси ҳунар-техника билим юртига мажбуран жўнатилганди. Ҳозир улар қаторлашиб келишяпти. Ораларида қизлар ҳам бор…

Фазлиддиннинг танобини тортиб қўймоқчи бўлган йигитлар бир-бирларига қараб олишди.

— Жўралари, — деди бири иккинчисига.

— Уролмаймиз, улар ҳаммаси қўшилади. Қайтдик, бошқа пайт кўрамиз, — деди иккинчиси.

Улар ортларига бурилишди. Бу пайтда Фазлиддин:

— Мен бўлсам, пичакнинг ҳаммасини бир ўзим ейман, ҳеч кимга бермайман. Ўзи оз экан, — деди қизларга.

Қизлар қиқирлашди.

— Ош бўлсин! — деди Малоҳат. — Биз анави ерда у олиб келгандан битта, бу олиб келгандан биттадан деб анча нарса еб қўйибмиз, қорнимиз тўқ, ҳозир музқаймоқдан бошқасини еёлмаймиз.

— Бошладик, бўлмаса, — дея стол устида турган пичаклардан бирини қўлига олди Фазлиддин.

Аммо у ўзи ўйлаганчалик ҳаммасини ея олмади. Сабаби жўраларининг бир қисми байрамни томоша қилиш учун кетган бўлса, қолганлари шу музқаймоқхонанинг бошқа бир столи атрофига ўтиришди. Табиийки, энг чеккада ўтирган Фазлиддинга кўзлари тушди.

— Акани қаранглар, акани! — деди улардан бири баланд овозда.

Овоз Фазлиддинга таниш туйилди. У товуш келган томонга қаради-ю, музлади. Ранги ўзгарди. Сўнг қизлар ҳам шу томонга юзларини буришди. Улар ҳам Фазлиддиннинг синфдошларини кўришди.

Фазлиддин эса кулди.

— Биз кетамиз, — деди бирдан Малоҳат.

— Йўқ, музқаймоқни охиригача ейсизлар, ана ундан кейин кетасизлар, — деди унга жавобан Фазлиддин, — қани, ҳеч нарса кўрмагандай, ишингизни давом эттираверинг-чи.

— Лекин…

— Ҳеч қанақанги лекинга ўрин йўқ, — деди Фазлиддин Малоҳатнинг гапини бўлиб.

Малоҳат қизарганди. Уни ҳаяжон босганди. У ўзини ўғрилик устида қўлга тушган одамдай ҳис қилаётганди.

— Манави сизга, — дея уни чалғитмоқчи бўлди Фазлиддин ва Малоҳатга чиройли селлофан пакет узатди.

— Нима бу? — сўради Малоҳат.

— Ярми Саида опага. Шпаргалка. Ўқишга кириши учун. Шундан тайёрланади. Кейин сизнинг ўзингизга қўшимча дарс…

— О-о-о, — дея жилмайди Муяссар Фазлиддин гапини тугатмасдан, — бунақада Малоҳатни олим қилиб юборасиз-ку… Яна битта сирни айтайми сизга?

Малоҳат базўр ўтирганди. Қўллари қалтираётганди. Музқаймоқни ҳам тайинли емаётганди. У бирдан дугонасига қаради. «Яна нима балони айтмоқчисан?» демоқчи бўлди.

— Бу қиз, — деб Малоҳатни кўрсатди Муяссар, — дарсда адашиб кетиб арабча ёзиб юборяпти.

— Қачон? — деди Малоҳат юзида табассум билан.

— Математика дарсида. Машқ сўзини арабча ёзиб қўйибсан.

Малоҳат қиқирлаб кулди. Фазлиддин ҳам унга қўшилди.

— Энди бир марта бўлиб қолди-да, — дея ўзини оқлаган бўлди Малоҳат, сўнг изн сўраш маъносида кўзлари жавдираб Фазлиддинга қаради: — Биз бормасак бўлмайди. Ростини айтганда, синф раҳбаримиз кетганимизни билмайди. Билса, балога қоламиз.

— Ҳали келганингизга беш дақиқа ҳам бўлмади. Музқаймоқ тугайди, ана ундан кейин жавоб. Чунки бунча нарсани бир ўзим еёлмайман. Томоғим оғриб қолади. Қанча тез еб бўлсангиз, шунча тез кетасизлар.

Муяссар хотиржам ея бошлади. У мутлақо шошилмаётганди. Муяссар уларни биров қидирмаслигини яхши биларди. Қолаверса, у Фазлиддиннинг жўраларидан уялмасди. Чунки Фазлиддин билан гап-сўз бўлмаган. Бир воқеани ҳисобга олмаганда. Ўша янги йилда бошловчилик қилганидан сўнг гап-сўзлар оралаганди. Буни бир неча бор Малоҳат ҳам эслатган. Азбаройи қизғанганидан, кесатиб айтган. Кейин ҳар икки томонда ҳеч бир учқун кўринмагач, ҳаммаси унут бўлган. Қолаверса, ҳозир Малоҳат билан Фазлиддин ҳақида гап кўп. Кўрганлар ҳам уларни гапиришади. У четда қолиб кетаверади. Шундай экан, нега музқаймоқни, ҳа, ўлгудай яхши кўрадиган музқаймоғини охиригача еб қўймаслиги керак?

— Фазлиддин ака, — деди Малоҳат ялинчоқ, юмшоқ оҳангда, — борайлик. Рости, гап эшитиб қоламиз.

— Хўп, — дея бу сафар Фазлиддин рози бўлди.

— Фақат биз кетсак, сиз хафа бўлмайсиз.

Малоҳат шу гапи билан ўзининг ҳам кетгиси келмаётганини билдирди.

— Мутлақо хафа бўлмайман. Сизлар хурсанд бўлсангиз, шунинг ўзи менга етади.

— Отамга ҳеч нарса олиб келмадингизми?

Бу билан Малоҳат уйга борасизми, демоқчи эди.

— Ҳа. Лекин ўзига бераман. Сиз… Сиз Саида опага бериб қўярсиз.

Ана яна битта жумбоқли гап ва бунинг ечими ўзига ва Малоҳатгагина аён.

«Сизники ҳам бор. У қўлингиздаги пакетда», эди бунинг мазмуни.

— Хўп, албатта, хурсанд бўлади, — дея жилмайди Малоҳат.

У шунчалик очилиб кетдики, Фазлиддин дод деб юбораёзди.

Улар кетишди. Фазлиддин эса шошилмасдан қолган пичакнинг ҳаммасини еди. Шу билан бирга, қоғоз сочиққа (у босмахонадан келтирилган шунчаки қоғоз бўлаклари) иккита ғилдирак ва уларни бирлаштирувчи тўғри чизиқ чизди. Кейин у ҳам турди. Тўғри жўраларининг олдига борди. Жўралар унинг қизлар билан ўтирганини улар кетганидан кейин кўришди.

— Сени келмасанг керак деб ўйлагандик, сенга жўра керакмас. Мактабни битирганингга бир йил ҳам бўлгани йўқ, лекин жўраларни эсингдан чиқариб юборгансан. Сенга анави иккита қиздан биттаси керак, — деди кўришиш учун ўрнидан турганлардан бири.

— Мен сизларни кутаётгандим. Буларнинг бари йиғилиб шу ерга келади, деб ўйлагандим. Айтганимдай бўлди, — дея кулди Фазлиддин.

Улар қучоқлашиб кўришишди. Кейин Фазлиддин бошқалар билан ҳам шундай омонлашди. Сўнг ўтирди ва дастлабки қилган иши боя ўзи чизган нарсани кўрсатиш бўлди.

— Ғаройиб нарса. Бу дунёда энди пайдо бўлди. Аммо нималигини айтмайман, — деди.

Тўртта дўст. Байрам ҳам, қизлар ҳам қизиқтирмайдиган, умуман, ҳаётда унча-мунча нарсани ёқтирмайдиган болалар. Аслида, шунинг учун улар байрамни томоша қилгани боришмаганди.

Улар дарров Фазлиддин топиб келган нарсага қарашди. Биров у деди, бирови бу деди. Учинчиси, тракторнинг олд рамаси билан иккита ғилдираги, деди. Лекин топа олишмади. Умуман, бу топиладиган нарса ҳам эмасди. Шунчаки, болаларни чалғитиш учун чизилганди. Сабаби ҳализамон томошага кетганлар қайтиб келишади. Ана ундан кейин бу ердагилар Фазлиддинни кимлар билан кўрганларини айтиб қолишса, у балога қолиб кетиши ҳеч гап эмасди. Ўйлаганидай бўлди. Улар овора бўлишди: токи байрам тугаб, бошқалар ҳам қайтиб келгунларича. Уларнинг орасида ҳамқишлоғи Шокир ва Алишер, яна бошқалари ҳам бор эди. Қўрққан олдин мушт кўтарар қабилида Фазлиддин улардан ўпка қилди. «Қайси чумчуқ неча марта ерга қўниб, нечта дон еганини балодай биласизлар, лекин менинг келганимни эшитиб, бир марта сўроқлаб бормадинглар уйга. Бу ерга ҳам ундан-бундан хабар топиб келдим», деди.

Шу заҳоти Шокирдан:

— Сен ўзингнинг оёғинг синиб қолган, уйингдан тўрт-беш қадам нарига чиқишни билмайсан, — деган гапни эшитди.

Фазлиддин эса унинг гапларини эшитмаганга олиб, қизлар билан сўрашишга тушиб кетди. Қизлар унинг ўзгариб кетганини, билаклари бақувватлашганини ва уни курашда учинчи ўринни олганини телевизорда кўришганини айтишди. Бу суҳбатга ўғил болалар ҳам қўшилди. «Сенинг тиниб-тинчимаслигингни билардик. Лекин нега ютқазиб қўйдинг? Биринчи ўринни олишинг керак эди», дейишди жўралар. «Кам шуғулланган бўлсам керак», дея қисқа жавоб берди Фвзлиддин.

— Фазлиддин, бугун мактабимиз келганини, байрамда қатнашаётганини билармидингиз? Айтганча, улар бешинчи ўринни олишди, — деди Ҳанифа.

Оҳ, бу қиз нафақат синфдошларининг, балки тўрт-беш ёш катта йигитларнинг ҳам жонларини олган. Унинг бир оғиз каломи улар учун олтин-кумушдан ҳам афзал. Ҳунар-техника билим юртига келгандан бери у янада очилибди.

— Мактабларнинг келганидан хабарим бор. Лекин мен сизларни шу ерда кутишни хоҳладим, — дея кулди Фазлиддин.

— Бормабсиз-да. Биздан кичкина баъзи қизлар ҳам келишган экан, — дея сирли жилмайди Ҳанифа.

У шундай деганидан кейин бу ерда қолган тўртта шоввоз бир- бирларига қараб қўйишди. «Бу сизлар ўйлаганингиздан анча ўзиб кетган. Аллақачон ўша қизларни бу ёққа олиб келиб, уларни музқаймоқ билан сийлаб ҳам бўлди», дея кўнгилларидан ўтказишди.

— Насиб этмаган экан, — деди у.

— Лекин ҳали ҳам кеч эмас, — дея Ҳанифани туртиб қўйди унинг ёнида ўтирган Рисолат, — ҳали кетишмади…

— Кетмайдиям, — дея орага гап қўшди Шокир, — ҳаммаси ҳали гала-гала бўлиб бу ёққа келишади…

У шундай деркан, «Ғалаба» майдони томонга бўйнини чўзиб қаради-да:

— Келишяптиям, — деб қўшиб қўйди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан музқаймоқ майдони ўғил-қизларга тўлиб кетди. Шовқин-сурон, ғала-ғовур бошланди. Энди бировнинг гапини бошқаси эшитмас эди. «Учел»нинг ўғил-қизлари кетишга мажбур бўлишди. Фазлиддин нигоҳи билан Малоҳатни қидириб тополмади. Демак, улар келишмаган.

Фазлиддин эртаси куни кечки пайт Малоҳатларникига борди. Устози уни ҳар доимгидан кўра хурсанд ҳолда кутиб олди. Улар бу сафар иккисигина гаплашиб ўтиришди. Ҳаво иссиқ, дим эди. Ҳатто қоронғи тушганидан кейин ҳам шундай бўлди. Шу боис улар ташқарида, олма дарахтининг тагидаги чорпоя устида ўтиришди. Қолган ҳамма ичкарига кириб кетганди. Суҳбат давомида Саиданинг ўқишга кириш-кирмаслиги муҳокамаси ҳам бўлди. Фазлиддин: «Кирсин, ўзим хабар олиб тураман», деди. Агар астойдил ўқиса, бемалол кириб кета олишини айтди. Устози индамади. Бироз ўйланиб қолди. Кейин у ҳам Фазлиддиннинг қандай қилиб курашда учинчи ўринни олганини сўради. «Билмадим, — деди Фазлиддин, — омадим келиб қолган бўлса керак». «Омад шунчаки келмайди. Унинг тагида озмунча меҳнат ётибдими? Сен ўз устингда ишлашдан тўхтама», деди. Шу пайт қўшниси сўроқлаб келиб қолди. Фақат ўзига гапи бор экан. Шу боис устози у билан уйнинг ёнбош томонига ўтиб кетишга мажбур бўлди.

Малоҳатнинг бутун диққат-эътибори ташқарида эди. Фазлиддиннинг қандайдир муддатга ёлғиз қолишини кутаётганди. Ҳозир ана шундай вақт келганини билиши билан тезда чорпояга келди. «Кечаги музқаймоқ, совғалар учун катта раҳмат. Шоколадни маза қилиб едим. Рўмолни ҳар доим ўраб юрайми?» дея шивирлади. «Ҳа», деди Фазлиддин унга жавобан. «Хўп. Худди сингилларингиздай ўраб юраман».

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: