Ҳолиқ вайнер қамалди (видео)
Блогер Холиқжон Самадов 7 суткага, унинг тўрт нафар шериги 5 суткага қамалди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро шаҳрининг Намозгоҳ кўчасида суратга олинган видеолавҳада вайнер ўз бошқарувидаги Nexia автомашинасида ҳаракатланиб, йўл белгисига қасддан шикаст етказади. Видеода вайнер икки нафар лавҳа қаҳрамонининг устига машинани ҳайдаб боргани акс этган. Видео бўйича вилоят ички ишлар бошқармаси, Жамоат хавфсизлиги хизмати, Йўл ҳаракати хавфсизлиги томонидан суриштирув ишлар олиб борилиб, автомашина ва уни ҳайдаган фуқаро шахсига аниқлик киритилди.
Машина жарима майдончасига жойлаштирилган. Вайнер Холиқжон Самадов ва унинг тўрт нафар шеригига нисбатан МЖтКнинг тегишли моддалари билан маъмурий иш қўзғатилиб, иш жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида мазмунан кўриб чиқилди.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ЖХХ ЙҲХБ Ахборот гуруҳи катта инспектори Улуғбек Шукурлаевнинг айтишича, видеода иштирок этган жами 4 нафар фуқарога МЖтКнинг 183-моддаси тартибида 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, ушбу ҳолатнинг асосчиси бўлган Холиқжон Самадов МЖтКнинг бир қатор моддаларига асосан айбли деб топилиб, унга узул-кесил 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.