Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (30-қисм)
Дарҳақиқат, Фазлиддиннинг сингиллари энди ҳеч қаерда, ҳатто мактабда ҳам бошяланг юришмасди. Ўқитувчилар ҳам ечдира олишмади. У пайтлари динга қарши бўлганлар бироз эътиборсиз эдилар. Рўмол ўраб юрганларга қаршилик қилаверишмасди. Кейин буни ҳижоб деб ҳам ҳисоблашмас эди. Фазлиддиннинг сингиллари оппоқ эдилар. Уларга рўмоллари жудаям ярашганди. Қизларнинг ҳаваслари келарди.
Кейин Малоҳат унинг қўлига бир энлик хат бериб, дарров кетиб қолди.
Фазлиддинга Малоҳатнинг номаси шунчалик тинчлик бермай қўйдики, у эртароқ хатни ўқишни истарди. Шу боис устози билан бўлган суҳбат унчалик узоққа чўзилмади. Фазлиддин унга қисқагина қилиб «Зафарнома» ҳақида гапириб берди. Амир Темурнинг ёшлиги, у туғилган пайтда Мовароуннаҳрдаги ижтимоий ҳолат муаллимда жуда катта қизиқиш уйғотди. У ҳам эртароқ Фазлиддиннинг ёзганларини ўқигиси келди. Кейин китоб ҳажмининг катталигини ва Фазлиддин ундан жуда озини кўчириб олиб келганини эшитиб:
— Эҳҳе, яна келгунингча роса ичимиз қизиркан-да, — деди.
Шунда Фазлиддин эртароқ қолган қисмларини кўчириб олишни, иложи бўлса, ўзи олиб келишини, агар келишнинг имконини тополмаса, хат орқали жўнатишни ваъда қилди.
Малоҳатнинг номасини уйга бориб ўқиди.
«Ассалому алайкум!
Мен сизнинг район марказига келишингиздан умидимни узаёзгандим. Сабаби биз жуда эрта бордик. Мен билан опамни отам олиб борди. Шундан кейин мен кута бошладим. Кутганингда вақтнинг ўтиши ҳам қийин бўларкан.
Мени кечиринг тез кетиб қолганим учун. Кўп ўтиролмадим, уялдим… Аммо синфдош йигитлар сизнинг келганингизни ва Муяссар иккаламиз сиз билан музқаймоқ еганимизни билиб бўлишган экан. Иккитаси ҳатто сизни урмоқчи бўлибди. Бу гапни эшитганимдан кейин Муяссар билан бирга ўзимиз жавобини бериб қўя қолдик. Аммо гап-сўз кўпайиб кетди. Мен бу гаплар отамгача етиб келишидан қўрқаман. Чунки отамнинг сизга муносабати жуда бошқача. Кейин мен ўзим ҳам ноқулай аҳволга тушаман… Опам хурсанд бўлди. «Нега менга учраштирмадинг?» деди. Уйга келишингизни айтганимда, у ҳам сиз билан гаплаша олмаслигини айтди… Авваллари қачон келишингизни билардим. Энди эса билмайман. Чунки олдинда байрамлар… Тўғри, биринчи май, тўққизинчи май бор. Аммо сиз келармикансиз? Келсангиз, яна кўрганлардан балога қоламан. Нима қилишни ҳам билмай қолдим.
Сиз ёзиб берган Қуръон сураларини ёдлайман. Энг кичкиналарини ёздим, дебсиз. Барибир нотаниш сўзларни ёд олиш бироз қийинчилик туғдирадими, деб ўйлайман. Аммо бу келишингизгача, албатта, ёд олиб бўламан. Яна менга қўшимча арабча ҳарфларни вазифа қилиб берибсиз. «Айн, ғайн, дз…» Аммо буларни устозсиз ўрганиб бўлмайди дебсиз. Ким менга устозлик қилади?.. Мана шунақа. Яна нимани сизга ёзай? Ҳа, кетишимиз билан Муяссар мени койиди. «Шошдинг», деди. Менинг ўрнимда ўзи бўлганида нима аҳволга тушарди? Яна менга иккалангиз бошловчилик қилганингизни айтиб беряпти. Худди мен кўрмагандай… Гапни дарров бошқа ёққа бурдим. Қолган гапларни хат орқали ёзиб жўнатаман.
Малоҳат».
Фазлиддин ўқиб тўймади. Шу боис унга яна кўз югуртириб чиқди.
Таътил кунлари кўз очиб юмгунча ўтди-кетди. Фазлиддин Малоҳатни кўргани бошқа келолмади. Бунинг имкони ҳам йўқ эди.
У Тошкентга йўл олди. Автобусда кета туриб жуда кўп нарсаларни режалаштирди. Яна ўзини койиди ҳам. Чунки ўзи хоҳлагандай ўқиёлмаётганди. Ҳали кўп нарсани билиши, ўрганиши керак. Бу секинликда ҳали-бери бирор нимага эришиши қийин. Унинг ўзи шундай ҳисоблаётганди.
Ўқувчиларнинг ҳаммаси қайтиб келганларидан сўнг дарслар бошланиб кетди. Унинг учун дарслар зўр янгилик билан бошланди. Гуруҳлар алоҳида махсус гуруҳларга бўлинаркан. Ким қайси фанга қизиқса, кимнинг қайси фанга иқтидори баландроқ бўлса, ариза ёзаркан ва шунга ўтаркан. Бу йилдан синов тариқасида шундай усул қўлланиларкан. Агар натижаси яхши бўлса, кейинги йил бошиданоқ янги қабул қилинганлар шу тарзда ўқитилар экан.
Аслида, бу янгилик қишки таътилдан сўнг жорий қилиниши керак эди. Янги йил байрамига кетишларидан олдин бу ҳақда айтишганди. Аммо негадир муддати чўзилиб, Наврўздан кейин амалга ошириладиган бўлибди.
Фазлиддин хабарни эшитиши билан химия фанини ёзди. Бироқ химияга қизиқадиганлар жуда оз бўлиб чиқди. Бор-йўғи тўрт киши. Фазлиддиндан бошқалар билим юртини битирганларидан кейин тиббиёт олийгоҳига киришни ният қилишибди. У ерда биринчи фан химия саналаркан. «Бунақаси кетмайди, — дейишди раҳбарлар. — Химияни физикага қўшамиз». Шундай ҳам қилинди ва натижада гуруҳдагилар сони ўн саккизтага етди.
Бошқа гуруҳларда, хусусан, адабиётда ўқийдиганлар кўпайиб кетди…
Фазлиддин ўзининг ҳаётига янги мазмун кирганини ҳис этди. Унинг иштиёқи аввалгидан ҳам ошди. У ҳар куни ҳаммадан олдин дарсга келар ва дарсларни пухта ўзлаштиришга ҳаракат қиларди. Бунинг устига, у Раънонинг ёнига тез-тез борадиган бўлди. Аммо шу ерда бошқа «лекин» чиқиб қолди. Раъно бу йил ўқишни битиради. Имтиҳонлари кўп. Бунинг устига, у ҳам араб тилини ўрганишга қатнайди. Шунинг учун Фазлиддинга жуда кам вақт ажратарди. Кейин у ўзининг ўқитувчисига ялинди. Ёрдам сўради, бошқаларга нисбатан кўпроқ вазифа беринг, деди. Ўқитувчи уни яхши кўриб қолди. Чунки химияга бунчалик ёпишиб оладиганлар, одатда, жуда оз бўлар эди-да. Кейин у физикани ҳам шу фанни танлаганлардан кўпроқ билишга интилди. Чунки физикада ҳам бир-биридан ғаройиб, сирли мавзулар кўп эдики, тушунган одамни ўзига маҳлиё қилиб қўярди. Айниқса, физиканинг электр бўлими ва ҳар қандай ҳаракатдан электр олиш мумкинлигини эшитганидан кейин унга ошиқлиги химиядан ўтса ўтдики, кам бўлмай қолди.
Бир куни физика ўқитувчиси унга:
— Мен сен учун келяпман дарсга, — деб қолди.
Фазлиддин ҳайрон бўлди:
— Нега? — дея сўради.
— Билишга иштиёқи бор ўқувчи ўқитувчини ҳам руҳлантириб юбораркан.
Ўқитувчиси ёш, аёл киши эди. Бор-йўғи иккита боласи бор. Юриш-туриши, сўзлари жиддий. Ундан шундай гап чиқишига биров ишонмайди.
Бомдодни масжидда ўқиш, нонуштани уйда қилиш, икки кунда бир марта спорт залга бориш, булардан ташқари, яна ҳар икки куннинг бирида қори Муҳаммад Алидан дарс олиш, орада вақт топиб, Камол Шоннинг ишхонасини ҳам зиёрат қилиб келиш Фазлиддинни бутунлай банд қилиб қўйди. У эртароқ араб тилини ўрганиб бўлгач, рус тилига зўр бермоқчи эди, бироқ сира унга вақт тополмай қолди. Тўғри, билим юртида рус тили фани ҳам ўтилади. Бироқ қониқиш даражасида эмас.
Фазлиддиннинг вақти зиқ бўлганидан у баъзан қаҳвахоналарга кириб овқатланишга мажбур бўларди. Бу эса чўнтагидан кўпроқ пул сарфлаш дегани эди. Натижада отаси бериб юборган эллик сўмнинг таги кўриниб қолди. У уйидан чиқаётганида бундан бу ёғига уйдан пул олмайман, деб ўзига ўзи ваъда берган эди. Чунки отаси ишдан бўшаган. Звено бўлиб олган. Демак, у ердан оладиган маоши унчалик ҳам кўп эмас. Ўзи маош оладими-йўқми, бунисиниям билмайди. Чунки звено деганлари хўжалик ҳисобида бўлиб, колхоздагидай давлат пул бериб қўймайди. Яна сигирлар бор. Бироқ сариёғ, сузмани сотишдан келадиган пул шунча болани едириб-ичиришга етадими-йўқми, буниси ҳам номаълум… Шуларни ўйлаган Фазлиддин ўзи пул ишлаб топишни режалаштириб қўйди. Бунинг учун фақат якшанба бор. Бироқ якшанбагача унинг суроби тўғриланиб қолади.
Бу сафар мардикор бозорига чиқди. Эски Жўвада икки марта бўлари бўлди. Биттасида кисавурлар билан муаммо туғилган бўлса, иккинчисида унинг устидан роса кулишди. Энди бу ёқни ҳам кўрай, деб у одамлар уйларига олиб кетиб ишлатадиган ҳақиқий мардикор бозорига борди.
У ерда узоғи билан ўн бештача мардикор бор эди. Шуларнинг ярми талабалар бўлса, қолганлари рус, татар усталар. Тасодифни қарангки, Фазлиддин бўйи узун, суяклари йирик, пешонаси кенг бир студентнинг ёнида турарди. Уларнинг ёнига ёши олтмишдан ошган, соқол қўйган бир чол келди.
— Ишлайсизми? — дея студентдан сўради.
— Ҳа, — дея йўғон овозда жавоб берди студент.
— Ғишт қуйиш керак.
— Бемалол.
— Мингтасига ўн икки сўмдан бераман. Фақат яна битта шерик ҳам оласиз.
Студент атрофига аланглади. Фазлиддинга кўзи тушди.
— Борасанми? — деб сўради.
— Бораман, — дея жавоб қилди Фазлиддин.
— Мана, — деди студент уни кўрсатиб.
Чол Фазлиддинга бошдан-оёқ қараб олди. Сўнг «бўлади», дея бошини қимирлатди.
Чолнинг қизил «Москвич»и бор экан. Улар шу машинанинг орқа ўриндиғига ўтиришди.
— Илгари ғишт қуйганмисизлар? — дея сўради чол моторни ўт олдираркан.
— Хавотир олманг, ота. Суягимиз шунда қотган, — деб студент Фазлиддинни туртиб қўйди.
Улар «Самарқанд дарвоза» яқинидаги маҳалланинг ичкарисига киришди.
Тупроқ кўп экан. Тахминан икки «Камаз».
Чол: «Мана тупроқ, мана сув, мана қолип, мана иккита кетмон», дея ҳамма нарсани кўрсатди ва ўзи ичкарига кириб кетди.
— Овқатланганмисан? — дея сўради студент.
— Ҳа, — деди Фазлиддин бошини қимирлатиб.
— Менинг исмим Акбар. Сеники-чи? — деди студент.
Фазлиддин айтди.
— Менимча, техникумда ўқисанг керак. Гавданг айтиб турибди. Лекин мушакларинг бақувват экан. Спорт билан шуғулланасанми?
— Ҳа, курашга қатнашаман.
— Ие, иккаламиз… Шошма, мен сени кўрганман. Республика биринчилигига мен қатнашолмагандим. Битта қариндошимиз ўтиб қолганди. Лекин ярим финал, финалда кураш тушганларни кўрганман. Ўшанда сен ҳам бор эдинг. Майли, булар тўғрисида кейин гаплашиб оламиз. Ҳозир бўлса, тупроққа сув қуйиб, кейин чой ичиб оламиз. Чолнинг ўзи билиб олиб келса яхши, бўлмаса, сен айтасан, ука. Менга ноқулай бўлиб турибди. Қорин оч бўлса, ҳеч нарсага қўлинг бормайди. Калланг ҳам ишламайди.
— Хўп, ака, — деди Фазлиддин.
Аммо чол унинг гапиришига ҳожат қолдирмади. Улар тупроқнинг устини ёйиб, атрофига шу тупроқнинг ўзидан девор ясаб, кейин унга сув қуйгунича, нонуштани тайёрлаб қўйди. Сўнг: «Келинглар, бир чой ичиб олинглар», деди.
Фазлиддиннинг оғзи очилиб қолди. Бу студент яқин орада бир нима еганга ўхшамас эди. Тўртта ноннинг учтасини бир ўзи паққос туширди. Кейин икки чойнак чойни ҳам кўрдим демади. Чол қараса, бола тўймаганга ўхшайди. Дарров уйидагиларга олтита тухум қовуртириб олиб келди. Студент уларни ҳам паққос туширди. Фазлиддин эса номига бир нималар еган бўлди…
Аммо Акбарнинг бу еганлари ҳолва эди. Даҳшати тушликда кутиб турарди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)