Вьетнамда молиявий пирамида “маликасига” ўлим жазоси сўралди

Вьетнамда молиявий пирамида “маликасига” ўлим жазоси сўралди

Хошимин шаҳри прокуратураси Вьетнам ва Жануби-Шарқий Осиё тарихидаги энг йирик молиявий фирибгарликда айбланаётган 68 ёшли тадбиркор аёл Труонг Май Ланга ўлим жазосини беришни сўради.

Прокуратура маълумотларига кўра, Van Thinh Phat Holdings Group ривожланиш компанияси раҳбари Труонг Май Лан молиявий пирамида ташкил қилган ва бу Вьетнам ялпи ички маҳсулотининг 4,9 фоизини ташкил этадиган 20 миллиард доллар миқдорида зарар келтирган. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Прокурорларга кўра, тадбиркор ва унинг шериклари 2012 йилдан бери фирибгарлик йўли билан Вьетнамнинг энг йирик тижорат банки бўлмиш Сайгон акциядорлик тижорат банкидан (SCB) 304 триллион дондан (12,46 миллиард доллар) кўпроқ маблағни олиб қўйишган.

Бундан ташқари, SCB’ни воситачи компаниялари орқали назорат қилган Труонг Май Лан сохта тузилмаларга ноқонуний кредитлар берган, сохта банк облигацияларини сотган ва бошқа жиноий ҳаракатлар содир этган. Банк ва унинг омонатчиларига етказилган умумий зарар қарийб 20 миллиард долларни ташкил қилди.

Тергов маълумотларига кўра, тадбиркор аёлга фирибгарликни яширишга у пора берган юқори лавозимли амалдорлар ёрдам берган.

Айни пайтда, прокуратура маълумотларига кўра, Труонг Май Лан қилган жиноятига пушаймон эмас ва айбини тан олмайди. Прокурор Труонг Май Ланга пора бергани учун 19-20 йил, банк қоидаларини бузгани учун 19-20 йил ва катта миқдорда пулни фирибгарлик билан ўғирлагани учун ўлим жазосини сўради.

Суд жараёни баҳор охиригача давом этиши кутилмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: