Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (31-қисм)
Пешингача иш зўр бўлди. Акбар бир лаҳзага бўлсин тинмади. Фазлиддин унинг қолипига лой тўлдириб беради. Акбар шу заҳоти қолипни кўтариб югуриб кетади. Эллик метрча узоқлашиб, қолипнинг ичидаги лой ғиштни ерга ағдариб, яна ортига югуради, қолипни қумлайди, Фазлиддиннинг ёнига қўяди. Фазлиддин қолипга лой ташлайди, унинг устидан босиб текислайди. Кейин яна Акбар уни кўтариб югуради…
Улар ишга берилиб кетганларидан пешин вақти бўлиб қолганини сезишмади ҳам.
Чол Акбарнинг нонуштасини кўриб, қойил қолганди. Бу бола унча-мунчага тўядиганга ўхшамайди, деб катта сирли лаганга олти коса сиғадиган мошхўрда солиб, уни қатиқлаб, райҳон тўғраб қўйган экан. Буни кўрган Акбарнинг кўзлари чақнади. Учта нон билан мошхўрданинг ҳаммасини паққос туширди. Ҳар сафар мошхўрда симирганида «шўрқ, шўрқ» этган овоз эшитилар эди. Фазлиддин унинг ичишига маҳлиё бўлиб, нон чайнаб ўтирди.
— Ҳой, — деди овқатини еб бўлган Акбар, — бу аҳволингда кечгача овқат ейсан, бўл тез, вақт кетяпти!
Шундан кейин Фазлиддин жонланди. Аввалига Акбардай ичмоқчи бўлди. Аммо уддалай олмади. Сал қолса, тиқилиб қолаёзди.
Кейин яна иш бошланди. Акбарнинг қорни билинмасди. Демак, унинг ҳамма егани куч бўлиб баданига сингиб кетаркан.
Кечгача тўрт мингта ғишт қуйилди. Акбарнинг иштиёқи ҳали сўнмаган эди, лойлари тугаб қолмаганда, яна шунча иш қилгудек кучи бор эди.
Кечки овқатга чол ош дамлатиб қўйган экан. Акбарга алоҳида катта лаганга сузиб келишди. Фазлиддинники эса бундайроқ эди. Чолнинг ўзи ҳам дастурхон бошига келиб ўтирди. Катта кафти билан ошни оғзига уриб тиқаётган Акбарга:
— Очиғини айтганда, шу ёшга кириб, бундай ейдиган, бундай ишлаган одамни кўрмаган эдим, — деди ҳайратини яширолмай.
Акбар оғзида ош билан жилмайди ва луқмасини ютганидан кейин, дўрилдоқ овозда:
— Отахон, сизга иш эртароқ битиши керак. Бизга бўлса, пул ва яна овқат, студентликда аҳвол анча қийин. Шунинг учун қаердан овқат топсак, мумкин қадар кўпроқ «жир» йиғиб қолишга уринамиз, — дея хохолаб кулди.
— Ишингга яраша еяр экансан. Агар бошқа бировларни ёллаганимда, бир кунда жуда борса олти юз, етти юзта ғишт қуярди. Еган ярайди-да. Қани энди ҳамма сенга ўхшаган бўлса! Аммо шеригинг ҳам чакки эмас экан. Кўриб турдим, ҳеч сендан орқада қолай демади. Лекин, барибир, сенга бировнинг тенг келиши қийин, — деб кулди отахон.
— Шерик чаккимас, — дея Фазлиддинга юзланди Акбар, — аммо сал ёшлиги бор. Кейин ейишининг мазаси йўқ. Агар емаса, икки кунда чарчаб қолади. Ҳалиям спортчи бола экан, чидади. Бошқаси бўлганида, ҳозир чўзилиб ётган бўларди.
— Менга ўн мингта ғишт керак. Бугун тўрт минг қуйдинглар, эртага яна келасизлар. Бошқа бировни айтиб ўтирмайман. Сизларни кўрганимдан кейин бошқанинг кераги ҳам бўлмай қолди.
— Бўлди. Яна бир ярим кун экан-да. Сиз тупроқ олиб келтириб қўйинг. Тупроғингиз қолмади, ҳисоб, — деди унга жавобан Акбар.
— Ҳозир телефон қиламан, саҳарлаб олиб келиб беришади.
— Лекин мен келолмайман, — деди Фазлиддин бошини эгиб, — дарсим бор.
— Тўғри қиласан. Ҳали ёшсан. Бизга ўхшаб ишлашингга озроқ бор, — деди Акбар.
— Бу укамизнинг гапида жон бор. Сен ҳали бундай оғир ишларга ёшлик қиларкансан. Аммо акангдан кам ишлаганинг йўқ. Сениям қолип кўтариб югурганларингни кўрдим. Аммо гап ундамас. Гап сенинг майиб бўлиб қолишингда. Ҳозирдан бундай оғир меҳнатни елкангга олсанг, келажакда ҳеч нимага ярамай қоласан, болам. Бу гапларимни сени ёқтирмаганимдан эмас, ачинганимдан гапирдим. Қарасам, калланг ҳам бутунга ўхшайди… Бизда сенинг ёшингдагилар нонларини йиғламай еса ҳам катта гап.
Фазлиддин бир оғиз сўз айтмади. Фақат бош ирғаб турди.
Кечки овқат тугаб, дастурхон атрофидагилар юзларига фотиҳа тортганларидан сўнг чол мардикорларнинг қўлига тугун тутқазди. «Бунисини ётоқхонага боргандан кейин ейсизлар», деди. Сўнг пул берди. Нақд қирқ саккиз сўм. Бу жуда катта пул эди. Эпласанг, бемалол бир ойга етади. Акбар йигирма беш сўмни ўзи олди, Фазлиддинга йигирма уч сўм тегди. Адолатли тақсимот. Аслида, Акбар кўпроғига муносиб эди. Аммо у бундай қила олмади. Шунингдек, у кетаётганларида: «Сен мендан хафа бўлма. Ўйлаб қарасам, эртага келмаслигингни маъқуллаб гапирганим бошқачароқ чиқди. Лекин мен сира ўзимни ўйламадим. Агар хоҳласанг, эртага саҳарлабдан ётоқхонамизга кел, бирга борамиз. Аммо мен сенга ачиндим. Чунки ҳали сенинг мардикорчилик қилишингга анча эрта», деди. Фазлиддин унинг сўзларига кулди. «Мен, шунчаки, уйдагиларга ёрдам бўлсин дегандим, шунинг учун бўш вақтимда ишга чиқиб тураман. Ака, мен ўзим чин кўнгилдан айтдим «ўқишим бор», деб. Лекин сиз зўр ишларкансиз, ҳавасим келди. Аммо мен сиздай бўлолмасам керак».
Акбар кулди. Фазлиддиннинг елкасига катта кафтини қўйди.
— Мендай бўлма. Бўлишнинг ҳожати ҳам йўқ. Аммо курашчилигинг менга ёқди. Агар келиб турсанг, сени ўзимизнинг машғулотларга ҳам олиб борардим. Сенинг вазнингдаги курашчилар жудаям бўш. Кейин чемпион бўлиб ҳам пул ишлаш мумкин. Кўпроқ ишлаб топасан. Агар халқаро мусобақаларга боролсанг, мутлақо йўлинг очилиб кетади. Бундан ташқари, яширин кураш ҳам бор. Бойлар ташкил этишади. Мафиозлар. Бир марта «мат»га чиқиб, бир йиллик пулингни ишлаб топишинг мумкин. Аммо, мабодо, шундай таклиф билан келиб қолишса, кўнма. Бирдан уларни орқаларига қайтарсанг, сенга зиён-заҳмат етказишмайди. Чунки уларнинг мардликлариям бор-да. Агар бир марта бориб қўйсанг, тамом, ортга йўл йўқ. Вақти-соати келиб, балки, сен ҳам уларнинг биттасига айланиб қоларсан. Шунинг учун қанча берамиз дейишса ҳам борма. Ҳатто улар сени қўрқитишлари мумкин. Бу юзаки қўрқитув бўлади. Агар сира кўнишмаса, менинг исмимни айт. Келишдикми? — деди Акбар.
— Хўп, — дея бош ирғади Фазлиддин. Кейин унинг кўнглидан: «Қаерга қарама, нима иш қилма, олдингда битта тўсиқ пайдо бўлади», дея кўнглидан ўтказди.
Сўнг у қўлидаги тугунчасини Акбарга берди.
— Ака, мен квартирада тураман. Бекорга ош увол бўлади. Сиз ётоқхонадагиларга беринг, — деди.
Мана шу мардикорликка чиққанидан кейин одам бир ўтиришда олти коса овқат ея олиши мумкин экан ёки бир лаган ошни кўрдим демайдиганлар ҳам ҳаётда учрар экан, деган гап хотирасига муҳрланиб қолди.
Кунлар яна шиддат билан ўта бошлади. Унинг кун тартиби олдингиларидан ўзгаришсиз қолаверди.
Май ҳам дарров келиб қолди. Биринчи майга у ҳам тайёргарлик кўрди. Фақат бошқа мақсадда. Малоҳатнинг отаси учун янгилик тайёрлади. «Зафарнома»нинг давомини. Тўғрироғи, кўчириб олди. Чунки Камол Шон ушбу асарга муккасидан кетганди. Фазлиддин неча марта унинг ёнига борган бўлса, шунча марта мана шу китоб устида ишлаб ўтирганининг устидан чиқарди. «Газетага мақола тайёрлашга зўрға улгуряпман. Шунда ҳам уйда. Бўлмаса, иложи йўқ. Чунки тирикчилик ҳам керак-да», дерди у.
Ўтган кунлар мобайнида Малоҳатдан бир марта ҳам хат келмади. Фазлиддиннинг бормаган хаёли, кирмаган кўчаси қолмади. Малоҳатнинг нега бирдан бундай «гум-гурс» бўлиб кетганига ҳайрон эди. Боз устига, бошқа нарсалар билан чалғийман, деб қанча уринмасин, бот-бот Малоҳатнинг мактуб йўлламай қўйгани хаёлига келаверар эди.
Яна камига сўнгги кунларда қизларнинг унга хушомад қилишлари ошиб кетди. Бир нарсаларни баҳона қилиб ёнига ўтириб олишар ва сўрайдиган нарсасини Фазлиддиннинг қулоғига айтишарди. Фазлиддиннинг бирдан эти жимирлар ва гап қулоғига кирмасди. Ўзини тортарди. Бундай ҳолнинг сони йигирмадан ошди. Охири Фазлиддин қизларни умуман яқинига йўлатмайдиган бўлди. «Гапингизни нарироқда туриб айтсангиз ҳам эшитаман. Сир бўлса, қоғозчага ёзиб жўнатинг», деди.
У одатига хилоф қилмай, ҳамма байрамга кетишидан бир кун олдин уйига жўнади. Наврўз билан биринчи май оралиғи анчагина муддат эди. Уйдагиларининг ҳаммаси соғиниб қолишибди. Айниқса, отаси. «Бу боланинг келиши чўзилиб кетдими? Илгари тез келарди. Энди йўқ бўлиб кетди-я», деган гапни тез-тез такрорлайдиган бўлибди у.
Фазлиддин келгач, уйларида бир муддат хурсандчилик бўлди. Кейин Фармон ака эски ҳолига қайтиб олди. «Агар Фазлиддинга жуда кўп эътибор бераверсам, уни жуда кўп эркалатиб юбораверсам, талтайиб кетади. Кейин укаси билан акасининг ҳам ғаши келиши мумкин», дея кўнглидан ўтказди. Шу боис бир пиёладан чой ичиб, бир косадан овқат еганларидан сўнг:
— Заб келиб қолибсан. Пахтани ўт босиб кетди. Нафсимиз ҳакалак отиб, жуда кўп гектар олиб юборган эканмиз. Энди ўтоқдан чиқаролмай гарангмиз, — деди ва шу заҳоти аёлининг қаҳрига гирифтор бўлди.
— Отаси, нима деяпсиз? Болангиз энди келган бўлса, ҳали бечора нафасини ростлашгаям улгургани йўқ. Қаранг, озиб-тўзиб кетибди. Энди уни дарров пахта ўтоғига олиб чиқмоқчимисиз? Ўлсин шу пахта!
— Ҳай, ҳай, кампир, ўзингни бос. Мен ҳозир борасан деяётганим йўқ-ку. Бугун дам олади. Гурунг қиламиз. Эртага эрталаб укаси билан бирга…
— Қўйинг шу гапингизни. Бир-икки кун дамини олсин. Бунинг устига, эртага биринчи май. Байрам.
— Байрам бизникимас.
— Бу отангга илгари бир нарсани тушунтириб бўлмаган, бундан кейин умуман ҳеч балони уқтираман деб ўйлама.
Фармон ака кулди.
— Кампир, ўқимагансан, ўқиганингда аниқ прокурор бўлардинг. Бошимга чиқиб ёнғоқ чақардинг. Бўпти, эртага байрам қилсин, лекин индинига… — деб Фармон ака ўғлига юзланди: — Ўзи қанчага келдинг?
— Тўрт кунга, — жавоб берди Фазлиддин.
— Бўпти, — дея бошини қашлади Фармон ака.
Кейин у ўғлига Қуръон ўқиб берди. Жуда секин, ҳар бир ҳарфга алоҳида тўхталди. Баъзан ўйланиб қолиб ўқиди. «Айн» иштирок этган калималарда жуда қийналди. Бироқ шунга қарамай Фазлиддин уни мақтади. «Зўр ўзлаштирибсиз, агар ўқийверсангиз, ҳеч қанча вақт ўтмай, ўқишингиз силлиқ бўлади», деди. Шунда ота китобни унинг қўлига тутқазди. Фазлиддиннинг ўқиши бошқача эди. Одамни ўзига ром қиларди. Фармон ака гўё сеҳрланди, кўзини юмиб бошини қимирлатиб ўтирди. Кейин ўғлининг елкасига қоқди.
— Барака топ, болам. Бошқа ҳеч нимада мақтамасам ҳам, Қуръон ўқишингни эшитсам, бутун танам эриб кетади, — деди.
— Ота, китобни қаердан олдингиз? — дея сўради Фазлиддин.
Фармон ака худди гапини бегона одам эшитиб қоладигандай эшикка қараб олди, сўнг паст овозда:
— Мулла бободан икки ойга олдим. Китоб бўлмаса, ўқиб кетишим қийин, дедим. Олдинига бермади. Лекин уч кун муттасил ялинганимдан сўнг берди, — дея жилмайди.
— Лекин боплабсиз.
— Шундай-ку-я, аммо ўзимни ҳар балога уриб, ўқишга жуда кам вақт ажратяпман. Шунинг учун ҳалиям «а-а-а», «б-б-б» деб юрибман. Менинг ўрнимда бошқа одам бўлганида, аллақачон сендай бўлмасаям, шунга яқин ўқий оладиган бўларди.
— Йўқ, ота, ундаймас. Тез бўлиб қолмайди.
— Ҳимм.
— Отанг кам вақт ажратяпман деяптими? — дея кулди она гапга аралашиб. — Ярим оқшомгача китобдан калласини кўтармайди. Бу ёғи бир ишга қўлини урмайди, ҳисоб, куни билан ўқигани-ўқиган.
— Сен қўшилмасанг нима бўларди, кампир? Ичингда бир гап турмай қолибди. Ҳа, калламга кирмаяпти. Шуни айтишинг шартми?
Аёл дарров чекинди. Шу боис баҳс бошланмай туриб тугади.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)