Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (32-қисм)

Фазлиддин шу куннинг ўзидаёқ Малоҳатнинг ёнига бормоқчийди. Қуёш ботиб, қоронғи тушгунича уйида бўлади. Сўнг секин бировга билдирмай укасининг велосипедини олади-да, жўнайди. Аммо режаси амалга ошмай қолди. Уйларига меҳмон келди. Отасининг жўраси. Иккаласи институтда бирга ўқиган экан. У бир ўзи эмас, ўғли ва аёли билан келибди. Шунинг учун ҳам Фазлиддин кетолмади. Аммо ичи роса қизиди. Меҳмонлар ҳам обдан меҳмон бўлгилари келган экан, роса ўтиришди. Фармон аканинг жўраси бир-икки марта томоққа черткиликка шаъма қилди, бироқ шу заҳоти Фармон ака гапни бошқа ёққа буриб кетаверди. Хусусан, Қуръон ўқиш, ўқишдан олинадиган лаззат ҳақида гапирди. Бироқ негадир у очиқдан-очиқ: «Мен ичишни йиғиштирдим, бундан бу ёғига фақат тавба қиламан», демади.

Икки дўстнинг суҳбати шу зормандасиз ҳам қизиди. Кейин Фармон аканинг дўсти кетишга тараддудланди. Фармон ака уни қолдиришга кўп уринди. «Бор-йўғи эллик километр йўл. Эртага қиладиган ишларим бор. Аслида, энди ўзингнинг галинг, бир борсанг, тоққа чиқардик. Бормаганинггаям анча бўлди, ошна», деб дўсти кўнмади.

Эртасига Фазлиддин учгудай бўлиб ўтирарди. У бошқалар каби туман марказига боришни истаётганди. Малоҳатнинг ҳам боришига умид қилаётганди. Одам шунақа баъзан хомхаёл бўларкан. Саробдан олма умид қилиб, оғзининг сувини оқизиб юравераркан.

У минг қийинчилик билан туман марказигача бориб олди. Кичкина сариқ «Паз» автобуси жуда тиқилинч эди. Салондагиларнинг юзлари бир-бирларига ёпишиб қолганди ҳисоб. Қараса, туман марказини ҳам одам босиб кетибди. Худди ер ёрилиб, одам кўкариб чиққандай. Ҳамма истироҳат боғи томонга ошиққан. Чунки ҳамма томоша шу ёқда бўлади-да… Фазлиддин бу ердан Малоҳатни топиб бўлмаслигини дарров тушуниб етди. «Ўзи қайси калла билан унинг бу ерга келишини тахмин қилдим? — дея кўнглидан ўтказди у. — Қиз билан келишиб олмаган бўлсам».

У дарров ортига қайтди. Ҳатто битта музқаймоқ олиб емади. Ўзи турк-месхети аёллари сотадиган (негадир ҳамма жойда фақат улар сотишарди. Яна ўзларини киборлардай тутишарди. Қарашлари нафратга лиммо-лим эди) музқаймоқхонанинг ёнига яқинлашиб бўлмасди. Гўё ҳамма туман марказига музқаймоқ егани келганга ўхшарди.

Фазлиддин энди жўнайман деб турган ўша сариқ «Паз»га чиқиб олди. Қайтишга ҳозирча одам оз экан. Шу боис ҳайдовчи шошилмади…

«Яхшиям, устозга берадиган қоғозларимни ўзим билан олганим, бирдан Малоҳатларникига кириб ўтаман. Баҳонада унинг қаердалигини ҳам билиб оламан», дея ўйлади у. Малоҳат эса ундан ақллироқ чиқиб қолди. У талотўп бўлиб ётган туман марказига бормабди.

Бахт келса, қўша келаркан. Малоҳатнинг отаси ҳамкасблари билан байрам қилгани дарё бўйига кетибди. Онаси кичкина укасини олиб синглисиникига равона бўлибди. Уларнинг уйларида Малоҳат, унинг яна битта укаси ва ўқишга кириш учун бутун вужуди билан берилган Саида опаси бор экан.

Фазлиддин борганида Малоҳат узум сўрисининг остидаги темир чорпоя устида укаси билан ўтирган экан. Фазлиддин ўзининг келганини билдириш учун томоғини қириб қўйди. Малоҳат шу заҳоти овоз келган томонга қараб, бир муддат карахтлангандай тикилиб қолди. Сўнг шоша-пиша чорпоядан тушиб, Фазлиддиннинг истиқболига юрди. Юзидан табассум билан бирга қандайдир ўкинч ҳам бордай эди.

У салом берди. Кўришиш учун қўлини узатди. Фазлиддин унинг қўлини тутди. Шунда Малоҳат бирдан сиқиб ушлаб олди.

— Ёмон бола! Қаерларда юрибсиз, қаерга келишингизни унутиб қўйдингизми? — деди у.

Унинг кўзида ёш жилваланди.

— Ўқишда эдим.

— Шунақа узоқ қолиб кетаверасизми?

— Энди…

— Бунақа баҳонани гапирманг, — деди Малоҳат ва қиқирлаб кулиб юборди-да, кўз ёшини артди. Сўнгра: — Қалай, ўхшадими? — дея баттар қиқирлади.

— Ҳа, ўхшаганда қандоқ!.. Лекин нимага ўхшарди, шуни билолмай ҳайронман.

— Катта бўлсангиз билиб оласиз, юринг.

У Фазлиддиннинг қўлидан тортқилади. Шу билан бирга қўлини қўйиб юбормади. Фазлиддиннинг эса бутун вужуди жимирларди. Ҳартугул, Малоҳат тез қўйиб юборди. Акс ҳолда, аҳволи чатоқ бўлар эди.

Йигитча чорпояга таклиф қилинди.

— Уйда ҳеч ким йўқми? — сўради Фазлиддин таклиф этилган жойга чиқаётиб.

Малоҳат унга қараб жилмайди. У ҳаддан зиёд очилиб кетган эди. Сочларини ёйиб олмаган, юзига, лабига ҳеч нарса сурмаган бўлса-да, шу ҳолида очилганди, шу ҳолида гўзал эди.

Малоҳат ҳам чорпоянинг бир чеккасига омонатгина ўтирди. Шундан кейин уйидаги катталарнинг қаерда эканлигини айтди.

— Нега хат ёзмай қўйдингиз? — дея шоша-пиша сўради Фазлиддин.

— Нега ёзмас эканман? — деб ҳайрон бўлиб сўради Малоҳат.

— Шу мен кетганимдан сўнг ёзганларингизми?

— Йўқ. Ундан кейин ҳам кўп ёздим. Беш марта. Ҳозир мен ёзувчи бўлиб кетганман. Бир ёзганимда, уч-тўрт варақдан кам ёзмаяпман.

— Аммо мен бирортасини ҳам олмадим-ку.

— Нега? — дея ҳайрон бўлди Малоҳат.

— Билмадим. Лекин менинг манзилим ўзгарган ҳозир. Ётоқхонадан чиқиб кетганман. Квартирада турибман.

Малоҳатнинг юзига қизиллик югурди.

— Бировлар олиб ўқиган бўлишса-я!.. — деди бошини эгиб, кейин яна дарров бошини кўтарди. — Аммо барини арабчада ёзганман.

— Унда яхши. Барибир, ўқий олишмайди. Мен бўлсам, минг хил ўйга бориб юрибман… Ҳозир қаердан келаётганимни биласизми?

— Уйингиздан бўлса керак-да.

— Йўқ, мен сизни қидириб район марказига борибман. Бордим-у, пешонамга урдим.

— Нега? — дея жилмайди Малоҳат.

— Одам шунақанги кўпки, оёқ босгулик жой йўқ. Малоҳат бунақа жойларга келмайди, деган ўй кейин келди хаёлимга.

Малоҳат кулди.

— Тўғри, оёқости бўлиб кетишдан қўрқаман. Хўп, бориб шундай қайтавердингизми?

— Ҳа.

— Менга ҳеч нарса олмадингизми? Масалан, музқаймоқ.

— Музқаймоқ эриб кетарди. У ёқданмас, бошқа ёқдан олгандим. Арзимаган шоколад.

Фазлиддин шундай деб ўзи кўтариб юрган пакетдан икки дона «плиточный» шоколад чиқарди.

Ука анчадан бери шу ерда эди. У ҳатто Фазлиддинга салом берганди. Аммо на йигитча, на қиз унга эътибор берди. У ана шу эътиборсизликдан хафа эди. Қовоғини уйганча турарди. Ахир манави бола унинг опаси билан гаплашяпти. Энди биринчи синфга бораётган эса-да, рашк деган туйғу аллақачон уйғониб бўлганди. Аммо у шоколадни кўриши билан бирдан тилга кирди.

— Менга-чи? — деди.

Малоҳат гўё уни энди кўриб тургандай дув этиб қизарди.

— Мана, — деди қўлидаги шоколадлардан бирини унга узатиб.

— Раҳмат, — деди болакай ва уй томонга югуриб кетди.

— Саида опамдан суюнчи олади ҳозир, — деб кулди Малоҳат. — Укасидан ҳам. Ундан кейин укаси хархаша қилади. Шунинг учун иккинчисини унга олиб қўяман.

— Лекин менда иккита эмас, нақ олтита, — деб Фазлиддин қолган шоколадларни ҳам чиқарди.

Малоҳатнинг кўзлари қувончга тўлди.

— Мени қутқардингиз. Чунки опамга ҳам пора беришимга тўғри келади, лекин у бировга бир нима деёлмайди. Сабаби сизнинг келишингизни мендан кам кутмаяпти, — деди кулиб.

Малоҳат шу сўзларни айтаркан, дилида яширин бўлган туйғуларини ошкор этиб қўяётганини сезмасди.

— Унда пора берманг.

— Шундай қилсаммикин?

— Йўқ, бериш керак.

— Ҳа, бўпти. Лекин ёзда мен ҳам Тошкентга боришга уриниб кўраман.

— Қандай?

— Опамнинг бир ўзи бормасин дейман. Ҳозир отам ўзи шу тўғрисида бош қотириб юрибди. Бир марта гап очилганида: «Ўқишга-ку, майли, лекин бир ўзингни қандай ташлаб келаман?» деди. Мен шу баҳона имтиҳонларни топшириб олгунича ёнида бўламан, дейман. Тамом.

Фазлиддин Малоҳатнинг соддалигидан кулди. Аммо тилига бошқа гаплар кўчди.

— Яхши фикр. Балки, мен ҳам Малоҳат борсин, десам, иш янаям осонроқ битар.

— Сиз айтсангиз, хаёли бузилади. Айтганча, қачон келдингиз?

— Кеча. Кечки пайт келмоқчийдим, имкон тополмадим.

— Лекин мен ҳам кеча кутган эдим… Устозингизни баҳона қилиб келдингизми?

— Ҳа, — деди Фазлиддин, — бошқа нима қилай, йўли йўқ-да!..

— Аммо сизга ҳамма ўрганиб қолди. Бемалол, шунчаки ҳам келаверсангиз бўлади.

— Энди, барибир, қандайдир сабаб бўлиши керак-да.

— Тошкентда қизлар кўп бўлса керак?

— Кўп.

— Ҳаммаси олифтами?

— Бор ундайлариям.

— Ҳимм.

— Лекин бировга қарашга вақт йўқ. Истак ҳам.

— Ростданми?

— Менинг шу ерда ўтирганим қанчалик рост бўлса, гапларим ҳам худди шундай.

— Ишондим…

— Синфдошларингиз яхши юришибдими? — дея жилмайди Фазлиддин.

— Ҳимм, ҳаммаси ёш болага ўхшайди. Фикрлари жудаям тор. Бировининг бир жойда ўқиш нияти йўқ. Ўйин болалари. Мана, сиз нега бошқачасиз?

— Мен ҳам, аслида, худди улардайман. Мени биринчи ҳаракатга келтирган…

Шу жойда Фазлиддиннинг сўзлари узилиб қолди.

— Шунақами? Ўзларинг шоколад еб, бизни меҳмон қилиш йўқ экан-да! — деган овоз келди уй томондан.

Эшикдан Саида чиққан эди. Фазлиддиннинг синглиси билан гаплашиб ўтирганини кўриб ғаши келди. Жаҳли чиқди. Малоҳат севги-муҳаббат ҳақида ўйлашга жуда ёшлик қилади. Фазлиддин эса қизнинг бошини айлантириб олган. Қиз бечора кеча-ю кундуз унинг хаёли билан юради. Эрта бир кун Фазлиддиннинг феъли айниб, бошқа бир қиз томонга кетадиган бўлса, Малоҳат тамом бўлади. Жинни бўлиб қолади. Шундай бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. Чунки Фазлиддин кўчада юрган бола. Кўп нарсани билади. «Мен бунинг олдини олишим керак. Шарт. Шундай бир иш қилайки, Малоҳатнинг кўнгли совиб кетсин».

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: