Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (33-қисм)
Овоз йигит ва қизни бирдан сергак торттирди. Малоҳат дарров ўрнидан турди-да:
— Сизникини алоҳида олиб қўйганмиз, — дея жилмайди.
— Агар шундай қилмаганингда нақ балога қолардинг-да, — дея юзаки кулди Саида, сўнг келиб Фазлиддин билан қўл бериб кўришди.
Боя Фазлиддин Малоҳатнинг қўлини ушлаганида: «Бекор қилдим, гуноҳга ботдим, Малоҳатни қанчалик яхши кўрмайин, у мен учун ҳозир номаҳрам», деб ўйлаганди. Энди эса унинг опаси билан ҳам кўришди. Шунга мажбур бўлди. «Иродасизлик қилдим. Бундай бўлмаслиги керак эди. Мен нафақат кўришдим, ҳатто Малоҳат билан ёлғиз қолиб, анча гаплашдим. Укаси… Тўғри у ҳам бор эди. Бир менга, бир опасига қараб турди. Аммо, барибир, кўнгил хотиржамлиги учун бу камлик қилади. Ҳаммаси қандай ёзилган бўлса, худди шундай бўлиши керак. Қийин экан». Аслида, қийин эмас эди. Шунчаки итоат зарур эди. Малоҳат унинг хатти- ҳаракатларининг ҳаммасига рози бўлиб турибди. Ҳатто Фазлиддиннинг қўл бериб кўришмаслигига ҳам. Лекин буни Фазлиддин билмас эди-да.
— Ҳой, хонимча, — деди Саида синглисига, — меҳмонни нима қилиб ташқарида олиб ўтирибсан? Ичкарига киргиз.
— Мен кетаман. Устоз йўқ экан, овора бўлманглар, — дея эътироз билдирди Фазлиддин.
— Йўқ. Сен келмаганингга қанча бўлиб кетди! Балки, Малоҳат ўзига керакли бўлган нарсаларни сўраб олгандир. Лекин мен сендан билишим керак бўлган нарсалар жуда кўп. Менинг Тошкентда ўқишимни хоҳлайсанми?
Опасининг бу гапларидан Малоҳат бирдан қизарди. Унинг қалбида рашк ўти ёнди.
— Балки, ишлари бордир, — дея опасига қаршилик қилди.
— Ишлари бирор соатга кутиб турар. Тўғрими, Фазлиддин?
— Билмадим. Майли озгина ўтираман.
— Малоҳат, дарров уйга кириб кўрпача тўша, мен чой дамлаб кираман. Фазлиддинга жавоб йўқ.
Малоҳат опасидан хафа бўлишни ҳам, бўлмасликни ҳам билмай уйга кириб кетди. Дарров кўрпача ёзди. Фазлиддин ўтирадиган томонга икки қават. Ахир ҳозирдан у итоатни бошлаб юборган, тунлар неча марталаб бедор ётганида: «Нимаики айтмасин, сўзсиз бажараман!» деган.
Саида Фазлиддинни ёмонлашнинг уддасидан чиқолмади. Қайтага, уни мақтаб, ўзи Малоҳатнинг кўзига ёмон кўриниб қолди. Опа бўлса ўз йўлига, нега бунчалик хушомад қилади, мақсади фақат ўқишга кириш учун Фазлиддиндан фойдаланишми ёки бошқа бир нималарни ҳам режалаштиряптими? Ахир ўзидан кичикларга турмушга чиққанлар озми? Мактабнинг ўзида иккита. Биттаси кутубхоначи. Иккинчиси олдинги француз тили ўқитувчиси. Шу боис Малоҳатнинг росмана жаҳли чиқди. Бу пайтда Саида:
— Агар бошқалар ҳам сендай ўқиганида, ҳамма олим бўлиб кетарди. Лекин ўқимайди-да. Синфимизда «қимирлайдиган»лар узоғи билан уч ёки тўртта. Қолганининг ҳеч бало билан иши йўқ, — деди.
— Опа, сиз қаердан биласиз? Уларнинг ичига кириб чиқмагансиз-ку. Бир нималарни режалаштириб юришгандир. Ундан кейин ҳамма ўқиши, олим бўлиши шартми? — дея жилмайган бўлди Малоҳат. Жилмайиши аччиқ эди. Жилмайишида қандайдир алам борга ўхшарди.
— Лекин ҳар ким келажагини ўйлаши керак. Майли, бу нарсаларни қўйиб турайлик….
— Лекин, опа, менинг ҳам келажагим қоронғи. Ҳамма ўқишни хоҳлаганларни ёрқин келажак кутиб турибди, деб бўлмайди. Бунинг устига, ҳали бирорта ҳам катта ўқишга кирганим йўқ. Шунинг учун ҳозир мақтайверсангиз, талтайиб кетиб, ҳамма нарсани йиғиштириб қўйишим мумкин, — дея Фазлиддин вазиятдан чиқиб кетишга уринди.
— Ҳа, гапинг тўғри. Лекин ҳозирги қилаётган ишларинг яхши. Айтдим-ку, у ёғини қўйиб тур, мен ўқишга кириб кетоламанми, шундан гапир, — деб мийиғида кулди Саида.
— Нимага кирмас экансиз? Астойдил, чин кўнгилдан уринсангиз, бемалол кироласиз. Айтдим-ку, жуда кўпчилик ўз кучи билан кирган. Мен шундайларни кўрдим. Улар барибир бошқача. Гапларини эшитсангиз, ҳайрон қоласиз… Биринчи навбатда адабиётга қаттиқ тайёргарлик кўринг. Кейин иншода мазмунга кўп ҳам эътибор беришмас экан. Асосийси, хатога йўл қўймаслик.
— Ҳа, тушундим. Аммо Малоҳатхон ҳам отини қамчилаб қолган.
Опасининг сўзларидан Малоҳат қизарди. Кўзининг қири билан Фазлиддинга қаради. Нима деркан, деган ўй ўтди хаёлидан.
— Зўр-ку. Лекин менга ҳеч нима демаганди, — дея кулди Фазлиддин.
— Менимча, саккизта умумий дафтарни иншога тўлдириб ташлади. Ҳар куни ёзади. Яна араб ёзувидаям бир нималарни ёзади. Нималигини менга айтмайди.
Опанинг бу мақтовларидан Малоҳат буткул шолғом тусига кирди.
— Алдаяпти, унча кўп ёзмайман. Лекин мен ҳам ўқийман деб турибман. Сиз ўқишга кирсангиз-у, мен пахта чопиғида бўлсам, алам қилади-да. Яна ўзингиз синфдошларингизни ёмонлаб ўтирибсиз.
— Ёмонламаяпман. Айблаяпман.
— Мен сизга яна шпаргалкалар олиб келдим. Олдинги йилги. Сотганларнинг гапларига қараганда, ҳар йили айнан мана шу мавзулар тушармиш. Бундан кўчириб олиш эмас, фойдалансангиз бўлади. Қарамадим, балки хатолари ҳам кўпдир. Чунки пул учун нималар қилишмайди.
Фазлиддин гапираётганда Малоҳат унга тикилиб ўтирарди. Мақсади Фазлиддиннинг юз кўринишини тўла-тўкис хаёлида сақлаб қолиш эди. Ўтган сафар Фазлиддин келиб кетганидан кейин унинг кўринишини хаёлида тиклашга қанча уриниб кўрди, аммо сира эслай олмади. Шундай бўлмаслиги учун ҳозир бор диққатини унга қаратганди. Фазлиддин унинг нигоҳларини илғаб олди. Безовталанди. Қандайдир ички бир туйғу унга: “Сен ҳам бир марта қараб қўй, қиз бечора шунча кутди. Кетасан, яна кутади. Қарасанг-чи!” деяётгандай бўлаверди.
Саида Фазлиддин берган қоғозларни олди-да, ўрнидан турди. «Ҳозир бориб бошқаларига қўшиб қўймасам, бошим кирди-чиқди бўлиб қолди», деди у.
Малоҳат билан Фазлиддинга айнан шу керак эди.
Саиданинг уйдан чиқишини иккиси бараварига кузатиб турди. Саида эшикни ёпиши билан эса улар яна бараварига бир-бирига қаради.
— Тайёргарлик кўраётганингиз ростми? — дея сўради Фазлиддин.
— Ҳа. Бу тўғрида мен сизга ёзгандим. Лекин олмаган экансиз хатларимни.
— Зўр. Сизга ўзим кўп нарса олиб келиб бераман. Ёки сиз ҳам мендай бу йилнинг ўзидаёқ қочиб кетмоқчимисиз?
— Йўқ. Менимча, рухсат беришмайди. Бирдан опам иккаламиз кетиб қолсак, уйдагилар қийналиб қолишса керак. Лекин-чи, ҳали айтдим-ку, отам иккалангни бирга олиб бораман дегандай бўлди. Мен бирорта техникумга ҳужжат топширмасам ҳам, опам имтиҳонларидан ўтиб бўлгунича ёнида бўлсам керак.
— Бўлади. Чунки сиз мактабни битирасиз, мен ўқиётган жойимни бир йил кейин битираман. Шунда иккаламиз бир пайтда институтга ўқишга кирамиз.
— Лекин мен химияни умуман тушунмайман. Сиз бўлсангиз, химик бўлмоқчисиз.
— Ҳечқиси йўқ. Мен химияда, сиз бўлсангиз, худди опангиздай адабиётда ўқийверасиз.
— Сиз шуни хоҳлайсизми?
— Ҳа.
— Унда шундай қиламан.
— Ана, келишиб олдик. Ундан кейин сиз рўмол ўраб юрасиз!
— Шуни сиздан ҳар доим сўрайман дейман.
— Мусулмон хотин-қизларига очиқ-сочиқ юриш мумкин эмас экан. Ҳадисларда ўқидим. Аслини олганда, соғлиғига ҳам жуда катта фойдаси бор экан. Ундан кейин саккизинчи мартни умуман нишонлаб бўлмайди. Мен шунинг учун ҳеч нарса совға қилмагандим.
— Нега?
— Бунисини кейин айтаман.
— Демак, мени ўраб-чирмаб қўясиз.
— Олтиннинг ошиғи кўп бўлади. Шунинг учун у яширилади. Ҳамма қимматбаҳолар худди шундай. Сизнинг ҳам баҳойингиз йўқ…
Малоҳат бундай сўзларни эшитаман деб ўйламаганди. Шу боис уялди. Бошини эгди. Баттар қизарди. Ҳаяжоннинг зўридан нафас олиши тезлашди. Фазлиддин ундан баттар аҳволда эди. У гапириб бўлганидан кейин нима деганини англаб етган эди.
— Лекин тиллони бўйинларига илиб юрганлар кўп, — деди Малоҳат шу ҳаяжон билан.
— Улар тилла, олтин эмас. Бунинг устига, тақинчоқ. Тақинчоққа, албатта, нимадир қўшилган бўлади.
Малоҳатнинг юзида табассум пайдо бўлди. Бироқ Фазлиддин буни кўролмасди. Чунки у Малоҳатга қарамасди, қолаверса, Малоҳат бошини эгиб олганди.
Уларнинг суҳбати шу ерда узилди. Чунки Саида кириб келган эди.
Қолган гапларнинг ҳаммаси ўқиш ва ўқишга кириш ҳақида бўлди. Фазлиддиннинг кетгиси келмасди. Шу боис у анча муддат ўтириб қолди. Анчадан кейин: «Устоз ҳали келмайдиганга ўхшайди, имконини топсам, яна келарман», деди.
Шу заҳоти Малоҳат унга ялт этиб қаради. «Келинг. Келмасангиз мен қийналаман, мен кейин сизни жазолайман. Хат ёзмай қўяман», деяётгандай эди нигоҳлари.
— Манави, — деб гапини давом эттирди Фазлиддин, — отангизга. Яна тарих. «Зафарнома». Қолган қисми. Бир-иккита жойлари сал тушунарсиз. Агар келсам, ўзим тушунтириб берарман.
Саида Фазлиддиннинг қўлидагиларни олиб, қоғозларга бир қараб олганидан сўнг:
— Ана, келишинг керак экан. Кел, — деди.
У синглисининг тилидан гапиргандай бўлди. Шу боис Малоҳат бор диққатини Фазлиддинга қаратди. «Келаман, денг. Нима бўлса ҳам келаман, денг», дея кўнглидан ўтказди.
— Бўлди унда, эртага ёки индинга келаман, — дея жавоб берди Фазлиддин.
Ахир унинг ўзи ҳам келишга ошиқ эди. Бир марта келиш, бир марта Малоҳатни кўриш озлик қилаётганди.
Эртасига унинг куни тиқилинч бўлиб, келолмади. Сабаби қишлоғида таъзия бўлиб қолди. Етмишдан ошган чол вафот этди. Умр бўйи даладан бери келмаган. Нимаики оғир меҳнат бўлса, ҳаммасини сўзсиз бажарган. Ракка чалинган экан боёқиш. Томоғидан. Жуда қийналибди. Ўғилларидан бири Фазлиддин билан тенгдош эди… Шундай бўлса-да, кечки пайт Фазлиддин келмоқчи эди. Бироқ онаси: «Тоғангларникига бориб келайлик. Анчадан бери бормайсан. Кўп сўрашади», деди. Шу билан Фазлиддин қўшни қишлоқда яшайдиган тоғасининг уйидан онаси билан бирга жуда кеч қайтди. Кейинги кун Малоҳатларникига борди. Ўқитувчиси кўзи тўрт бўлиб кутиб ўтирган экан. Фазлиддинни кўриши билан кўзлари чақнади. Суҳбат узоқ чўзилди. Фазлиддин ўзи билганича «Зафарнома»дан гапириб берди. Орада «Зафарнома»нинг жуда кўп жойларига аниқлик киритиш кераклигини ҳам айтди. «Олимлар жиддий шуғулланишлари керак экан. Шунчаки, ўзбекчага ўгириб, чиқариб юборгани билан иш битмаса керак», деди. Унга Камол Шон худди шундай деган эди. Бундан ташқари, унинг Малоҳат билан кўзлари жуда кўп тўқнаш келди. Нигоҳлар бир-бирларига талпинди. Бироқ сўзлашишнинг имкони йўқ эди. Фазлиддин кетар чоғида Малоҳат йўлини қилиб унинг қўлига дастрўмол тутқазди. Дастрўмолга озгина атир ҳам сепилган экан, Фазлиддин уйигига кетаётиб ҳидлаб билди. Кейин унинг бир чеккасида ёзув ҳам бор эди. Ёзувни қоронғида ўқий олмади. Бироқ уйига борганидан кейин қараса, «Аллоҳ сизни паноҳида асрасин», деб ёзиб қўйилган экан. Фазлиддин тўлқинланиб кетди…
Билим юртида уни мутлақо ёқимли яна бир янгилик кутиб турган экан. Янгиликни адабиёт ўқитувчиси Хонзодахон биринчи бўлиб етказди. У билим юрти биноси ичкарисида Фазлиддинни кўриши билан ёнига чақирди. Кейин шундай деди: «Кеча педсоветда обдан сенинг масаланг кўрилди. Ҳамма ўқитувчилар талашиб- тортишишди. Қарасам, менинг иштирокимсиз масала ҳал бўлмайдиган. Мен шартта ёнингни олиб чиқдим. Ҳаммасининг, ҳатто директорнинг ҳам дами ичига тушиб кетди. Хуллас, билим юрти тарихида бўлмаган воқеа юз берди. Сени курсдан курсга сакратамиз, келаси йили учинчи курсдан ўқийсан».
Хабар Фазлиддиннинг кўзларини яшнатиб юборди. У сал қолса бақириб юбораёзди.
— Йўғ-э! — деди бошқа гап тилига келмай.
— Лекин битта шарти бор, — дея жилмайди Хонзодахон.
— Мен тайёрман. Нима шарт бўлса, мен бажараман.
— Иккинчи курсдаги ҳамма фанлардан имтиҳон топширасан.
— Ҳаммасидан? — деди капалаги учган Фазлиддин.
— Ҳа, нега қўрқиб кетдинг? Қилолмайсанми?
— Билмайман.
— Бажарасан. Мен сенга ишонаман. Ўзимнинг фанимдан ҳозирнинг ўзидаёқ беш қўйиб бераман. Чунки учинчи курсдагилар билмайдиган ғазалларни биласан. Шарҳлайсан. Агар бошқа фанлардан ҳам шундай ўзлаштирсанг, бир йил ютасан. Яна сенга кузгача имконият берилади. Имтиҳонларни сентябрь ойида пахта бошланмасидан олдин ўтказишга келишдик.
— Унда бажараман, — деди яна юзи ёришган Фазлиддин.
— Келишдик. Энди ҳаракатингни бошла.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)