Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (37-қисм)

Бирдан миясига келган ўйдан кўнгли ёришиб кетди. Биринчидан, ҳозир айни пайти. Уйида меҳмонлар бор. Меҳмонлар ўзлари билан ўзлари овора. Қолаверса, улардан акаси хабар олиб турибди. Ота-онаси ўзларининг хонасида ўтиришибди… Хуллас, ҳамма Фазлиддинни жўралари билан бирга кетган деб ўйлайди.

— Кетдик, яхшиси, мен сизларни кузатиб қўяман. Ростини айтганда, уйда ўтиравериб чарчаб кетдим. Келганимдан бери одамлар билан кўришавериб, бир хил саволларга бир хил жавоб беравериб чарчадим. Ундан кўра сизларни кузатиб келаман. Аммо уйингизга кириб ўтирмайман, — деди Фазлиддин.

— Менга қара, жуда нозик бўлиб кетибсанми? Одам сал машҳур бўлса, шундай бўлиб қоладими? — дея кесатди Шокир жўрасининг гапларини ёқтирмай.

— Йўғ-э, ундаймас. Юр, кетдик…

Улар панага ўтишлари билан Шокир лабига сигарета қистирди. Ўзи чекишни билмайди. Бир марта чекиб, сал бўлмаса, ўлиб қолаёзган. Бироқ ҳозир нимадир қилиб, Фазлиддиннинг қитиқ-патига тегиши керак. Нега Фазлиддин? Нега у? Ҳамма ҳунар-техника билим юртига боради-ю, Фазлиддин техникумга киради. Нега, нега? Яна акамнинг уникига боргиси келмасмиш…

— Бўпти, — деди Шокир, — ўзинг биласан. Биз билан бирга юришинг ҳам шарт эмас. Гўдакмасмиз. Уйимизни топа оламиз. Сен ҳозир осмонда юрибсан. Оёғинг ердан узилган…

— Оббо, шу гапинг камлик қилиб турганди-да, — дея юришдан тўхтади Фазлиддин.

Улар хайр-хўшни ҳам насия қилиб кетишди.

Орадан ярим соатча ўтгач, Фазлиддин Алишерларнинг уйига борди. Ҳартугул, у уйида экан.

Бу пайтда энди қоронғилик тушган эди.

— Ошна, — деди унга Фазлиддин, — боя хафа бўлмадингми?

— Йўқ, нималар деяпсан? Кўрдик-ку аҳволингни. Энди Шокирдан хафа бўлиб юрма. У ўзи шунақа. Ҳамма унинг ўлчови билан юриши керак. Ўлчовига тўғри келмадими, одам ҳисобламайди у. Юр, уйга кирамиз.

— Мен ўзи битта илтимос билан келгандим. Боя Шокирнинг олдида айтолмадим. Чунки унинг оғзи бўш. Эшитганини бирдан дунёга етказади. Бир жойга боришим керак.

— Шерик бўлайми?

— Йўқ, велосипед керак. Иложи борми?

— Тушундим, жўра. Иложи бор. Шу ерда туриб тур, мен шундай бориб олиб келаман…

Алишер тез қайтди.

— Фақат бировга кўринмай кет. Ҳозир сенинг ҳар битта қадаминг одамлар тилига тушади. Кейин анави Шокирдан хафа бўлиб ўтирма. Унинг қандайлигини яхши биласан.

— Йўқ, уни ўйлаётганим ҳам йўқ. Шунчаки, ҳамма нарсага улгуришга вақт етказолмаяпман, жўра. Ҳали ўтиришга имконият бўлади, Худо хоҳласа.

Фазлиддин велосипедни ҳайдаб кетди. Бахтига, уни биров кўрмади…

То Малоҳатларнинг қишлоғига етиб боргунича унинг бутун вужудини шиддат қамраб олганди. Бироқ кириб бориши билан бирдан бўшашди. «Уларникига нима деб бораман? Нимани баҳона қиламан? Отаси ёки онаси чиқиб қолса, нима дейман?» деган ўйлар унинг хаёлини эгаллаб олган эди. Шу боис тўхтади. Велосипеддан бир оёғини тушириб, туриб қолди. Кейин ортига қайтди. Яна тўхтади. «Кўрмасам бўлмайди», деди ўзига ўзи ва яна орқасига қайтди.

Аммо Малоҳатларнинг уйига етмасдан велосипеддан тушди ва пиёда юрди. Бу ёғига велосипед ортиқчалик қилди.

Малоҳатларнинг томорқасидан ариқча ўтарди. Унинг икки чеккасига терак экилган. Тераклардан баъзиларининг таналари бир қучоққа яқинлашиб қолган эди. Фазлиддин шулардан бирига велосипедни суяди ва ҳовли томонга юрди. Бироқ ҳовлига ўтиб кетмади. Ўтса, у ёғига чироқнинг ёруғи тушиб турибди. Уй ичкарисидаги одам бемалол деразадан кўриши мумкин…

Эшик очилгани эшитилди. Кейин қадам товуши. Фазлиддиннинг юраги гупурлаб кетди. «Агар отаси чиқиб қолса, тамом бўлдим», деди ўзига ўзи. Аммо буни қарангки, отаси эмас экан, Малоҳат экан, Малоҳат!

Малоҳат осмонга қаради, кейин Фазлиддин доим келадиган томонга.

— Малоҳат, — деди шунда Фазлиддин паст овозда. Қизнинг қулоғи динг эди. Мана неча кунки, шундай бўлади. Қалби билан у Фазлиддинни чорлайди. «Тентираб юравермасдан келмайсизми, ёмон бола?» дейди.

Малоҳат жавоб бермади. Бунинг ўрнига овоз келган томонга юрди. Тез юрди. У Фазлиддиннинг овозидан таниган эди.

Келибоқ йигитчанинг қўлини ушлади.

— Сиз… Қачон?.. Нега билдирмасдан?..

Саволларнинг бирортасининг охири йўқ эди.

— Ҳозир…

— Уйга…

— Йўқ, кетаман.

— Унда нега келдингиз?

— Сизни кўриб кетгани.

— Унда мен сал туриб чиқаман. Кўринмай туринг ҳеч кимга.

Малоҳат ортига бурилиб кетди. Фазлиддин эса шоша-пиша улови турган жойга борди. Велосипедни ариққа туширди. Сўнг сув йўқлиги сабаб ўзи ҳам тушиб олди.

«Худди ўғрига ўхшайман, — деди ўзига ўзи. — Кўрган одам аниқ ўғри деб ўйлайди. Шарманда бўламан. Агар ўғри демаганда ҳам шармандаман, чунки ўн олтига ҳам тўлмаган қизни алдаб, ишончига кириб… Йўғ-э, жа унчалик эмас, аммо номаҳрам билан хуфиёна учрашиш мумкин эмаслигини, бундай ишлар катта гуноҳлигини биламан-ку. Керак бўлса, бировларга шу ҳақда гапирдим ҳам. Энди бўлса, ўзим номаҳрам билан қоронғида ёлғиз қолишни тусаб турибман. Йўқ, кетаман. Бошқа бундай қилмайман… Лекин энди кетолмайман ҳам. Чунки Малоҳатга ваъда бериб қўйдим. Нима бўлса ҳам кутишим керак. Узоқ турмайман. Дарров кетаман…»

У анча кутиб қолди. Чунки идишларни бугун ювиши керак бўлган Саида китобдан бош кўтармагани боис чарчаб ухлаб қолганди. Малоҳат ноилож ҳамма идишларни ювиб, жой-жойига тахлаб, кейин Фазлиддиннинг ёнига чиқди. Бир ҳисобдан, унинг учун шуниси ҳам яхши бўлди. Чунки бу вақт ичида ота-онаси чироқни ўчириб, ухлаш учун ётишди. У ишларини битириб бўлиб, гўё хонасининг эшигини очиб ётди-да, секингина энгашиб, деразалар олдидан ўтиб, Фазлиддиннинг ёнига борди.

— Кутиб қолмадингизми? — деди ҳаяжон билан.

— Эрталабгачаям кутаверардим.

— Ҳамманинг ухлашини кутдим… Қачон келдингиз шаҳардан?

— Бугун.

— Ҳимм.

— Эртароқ келмоқчийдим, иложи бўлмади. Уйни одам босди. Қўни-қўшнилар, таниш-билишлар… Уларнинг ораларидан сирғалиб чиқиб бу ёққа келгунча кеч бўлиб кетди.

— Ўзиям ҳаммаёққа шов-шув қилдингиз-да. Мен ҳатто мактабга боролмай қолдим… Ҳамма сиз ҳақингизда гапиради. Айниқса, ўғил болалар. Кейин улар мендан анча нарида юрадиган бўлиб қолишган. Аммо негадир Муяссарнинг оғзи тинмай қолди.

— Нега?

— Билмасам, фақат сиз ҳақингизда гапиради. Ора-чора киши билмас бир нарсаларни сўраб ҳам қўяди. Шунисига тушунмаяпман.

—…

— Айтганча, расмингиздан бераркансиз.

— Кимга?

— Ўқитувчимизга. Ислом муаллимга. Семиз, қорни катта, мўйловдор Ислом муаллимга. У сизнинг расмингизни спорт залга осиб қўяркан. Расмингизнинг тагига «Бизнинг фахримиз!» деб ёзишаркан.

— Сиздан сўрадими расмимни?

Малоҳат қиқирлаб кулди.

— Нега мендан сўрайди? — деди сўнгра.

— Сўради, деганингизга…

— Йўқ, синф раҳбарингиздан. «Линейка» пайти.

— Илмагани яхши. Мен ҳали бир нимани қойиллатганим йўқ.

— Қойиллатдингиз.

— Нимани?

— Мени!

— Сизни? Қандай?

— Қўрқдим.

— Рақибим мени елкасига олганда қўрқдингиз, тўғрими?

— Ҳа.

— Онам билан бир хил экансизлар. Шу гапни онам ҳам айтди.

— Ўхшарканмизми? Яхши-да. Аммо ҳақиқатан ҳам қўрқинчли бўлди-да. Мен кўзларимни юмиб олдим. Отам: «Рақиби бир нима қилганга ўхшайди», деди.

— Ҳа, шундай бўлди.

— Лекин отам ҳам шу гапларни айтаётганида менга қараб қўйди-да.

— Кейин-чи?

— Уялдим… Хўш, ўшандаги ҳолатингизни айтиб беринг-чи.

Фазлиддин кулди:

— Қўйинг мени. Очиғини айтганда, шундай гаплардан безор бўлдим. Кимни кўрсам, бир хил гапни сўрайди.

— Хўп. Унда тўхтатаман. Лекин, барибир, ёмон боласиз.

— Келишдик. Яхши бўлишга ҳаракат қиламан.

— Опам сизни шу кунларда келармикан, деди.

— Нега?

— Ўқиши-да… Бечора озиб-тўзиб кетди. Ранги ҳам синиқлашган. Бир марта касал бўлиб қолди. Отамдан гап эшитди.

— Сиз-чи?

— Нима мен?

— Сиз ўқимайсизми?

— Сиз ўқияпсиз-ку, — дея қиқирлаб кулди Малоҳат.

— Сиз ҳам, барибир, Тошкентга боришингиз керак.

— Ҳимм. Бораман… Айтганча, бир-икки кун юрасизми?

— Йўқ, эртага саҳар кетишим керак. Чунки ҳеч кимга айтмасдан келдим. Ҳали ўқишдагилар ҳам қулоқ-миямни еб қўйишса керак. Аммо сира бировга айтган гапларимни такрорлагим келмаяпти. Айтганча, мана, одатдагидай, шоколад, — дея Фазлиддин қўйнидан ширинлик чиқариб Малоҳатга берди.

Малоҳат ички хурсандлик билан шоколадни олиб, дарров очди.

— Уйда секин…

— Йўқ, бу сафар фақат иккаламиз еймиз. Ҳаммаси ҳақини олиб бўлди. Қарасам, сиз доим қуруқ кетяпсиз.

— Лекин мен кўп ейман.

— Мен кўрмаганман. Ҳисобмас. Биргалашиб еймиз. Мен бир тишлайман, сиз бир тишлайсиз.

— Лекин мен катта тишлаб қўяман.

— Унда мен икки марта тишлайман.

Уларнинг ҳар иккиси ҳам қиқирлаб кулишди.

Шунда орқа томондан эркак кишининг йўталгани эшитилди. У ёқда Малоҳатнинг амакиси яшайди. Унинг ҳам девори йўқ. Уйининг олди экин экиладиган майдон. Анчагина катта. Бироқ у бошидан гапирган одамнинг гапини бу бошидаги одам эшитиши мумкин эди. Йигит билан қиз пичирлашиб гаплашаётганди. Бироқ, барибир, қандайдир товушлар нариги томонга сал-пал эшитиларди.

Уларнинг ҳар иккиси ҳам йўтал эшитилган томонга қаради.

— Амаким, — деди Малоҳат.

— Ниғматилла муаллим.

— Ҳа.

— Бизнинг гапимизни эшитиб қолган бўлса-я…

— Бўлиши мумкин. Унда тез уйга киринг. Эртага гап-сўз бўлиб юрмасин.

— Хўп… Лекин сиз кетасизми?

— Ҳа. Аммо шу ойнинг охирига келишим мумкин.

Малоҳат хўрсинди. У Фазлиддиннинг кетишини сира истамаётганди. Аммо эртага гап-сўз бўлиши эҳтимоли ҳақидаги қўрқув унинг хоҳиш-истагидан юқори эди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: