Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (38-қисм)

Малоҳат уйига кетди. Фазлиддин яна бир соатча жойида қимирламай ўтирди. Ахир велосипедини миниб ортга қайтса, Ниғматулла муаллимнинг уйи ёнидан ўтади. Агар муаллим уйига кирмаган бўлса, уни кўради… Фазлиддин Малоҳатнинг эртароқ кетганидан хурсанд эди. Аслида, ич-ичидан Малоҳатдан айрилишни истамасди. Бироқ қўрқди. Худодан қўрқди. Шайтоннинг йўлига кириб қолишдан қўрқди. Ярамас ишларни қилиб қўйишдан қўрқди…

Билим юртида Фазлиддинни обдан табриклашди. Жараён икки кун давом этди. Биринчи куни ўқув юрти ўқитувчилари, ўқувчилари қутлаган бўлишса, иккинчи кун «ГорОНО» деган ташкилотдан одамлар келишди… Шу кунларда Фазлиддин устози Муҳаммад Али қорининг ёнига боролмади. Ваҳоланки, аввал унинг дуосини олмоқчи эди.

Ниҳоят, учинчи кун деганда у масжидга борди. Бомдодга. Суннатни ўқиб бўлиб, имомнинг келишини кутди. Шунчаки кутмади, кўзларини юмиб, истиғфор айтиб ўтирди. Устози: «Агар банда бир кунда ўн марта «Ихлос» сурасини ўқиса, унга жаннатдан бир уй қурилади», деганди ҳадислардан бирини шарҳлаш асносида. Фазлиддин ундан шу гапни эшитганидан кейин ҳар куни шу сурани бомдод пайти суннат билан фарз намозлари оралиғида такрорлашга одатланганди…

Намоз тугади. Намозхонлар тарқалишди. Имом Фазлиддинни табриклади. Сўнг уни ўз хонасига бошлади.

Иккисининг суҳбати дарров қизиди. Гаплари сира узилмасди. Бириси тугаши билан иккинчиси бошланиб кетарди.

Охири имом билагидаги соатига қаради.

— Эй-й, келинойингиз билан бир жойга боришни келишиб қўйгандик. Энди узр, Фазлиддинбек, насиб этса, бошқа пайти яна гаплашамиз, — дея жилмайди Муҳаммад Али қори.

Ана шунда Фазлиддин «кўча болалари»дан пул олганини айтди.

Энди ўрнидан турмоқчи бўлган қори яна қайтиб жойига ўтирди.

— Ўз-ўзидан беришдими? — дея сўради қошлари чимирилиб.

— Йўқ, олдинига: «Ютсанг, беш минг берамиз», дейишди. Лекин кейин ўн минг беришди. Яна Каримбой деган каттаси мен билан яна битта курашчининг орқасидан икки юз минг сўм ютганини ҳам айтди.

— Нима қилдингиз пулни?

— Отамга олиб бориб бердим.

— Ҳимм. Негадир бундан қиморнинг ҳиди келяпти. У ютибдими, демак, ким биландир ўртага пул қўйиб баҳс бойлашган. Бу эса қиморнинг бир тури. Қимордан орттирилган пул эса ҳаром…

— Ҳаром? — деди Фазлиддин киприклари пирпираб.

— Ҳа.

— Лекин мен уни…

— Тўғри, билмасдан олгансиз. Аммо келажак учун билиб қўйинг…

— Бориб пулни олиб келайми?

— Билмагансиз-ку.

Фазлиддин бошини эгди.

— Ҳа, лекин… Отамдан қандай оламан? «Ҳаром экан. Буни менга кўча болалари беришди», десам… «Сен ҳали шулар билан ош-қатиқ бўлиб юрибсанми?» деб… мени бу ердан олиб кетиб қолиши мумкин. Аммо режаларим нима бўлади?..

— Хафа бўлманг, бир йўлини қилармиз, — дея унинг кўнглини кўтарган бўлди қори.

Шундан кейин улар хайрлашишди. Энди Фазлиддиннинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. Турса ҳам, ўтирса ҳам «ҳаром» деган сўз унинг хаёлидан кетмасди.

Аксига олиб, шу куни мураббий унинг ўқиш жойига келди. Директордан унинг учун рухсат сўради. «Бир кунга бериб туринг болангизни», деди. Бироқ негалигини айтмади.

Улар биргалашиб спорт комитетига боришди. Фазлиддин шу ерда Акбарни кўрди. Акбар ўзида йўқ хурсанд эди. Устидаги кийимлари ҳам ўзгарган. Ўзини тутиши ҳам бошқача эди. У Фазлиддиннинг қўлини қаттиқ сиқди. Фазлиддиннинг суякларини синдириб юборай деди.

— Қалайсан, чемпион, маза қилиб юрибсанми? — дея кулди.

— Йўқ. Анави олганимиз ҳаром экан, домла айтди, — деди Фазлиддин жиддий.

Акбар кўзини юмиб очди.

— Домланг нима деганини билмайман-у, лекин сен билан мен меҳнатимиз билан топдик. Ана шу нарсани эсингдан чиқарма. Кейин бошқаларгаям ҳамма нарсани гапираверма, — дея танбеҳ берди Акбар.

Фазлиддин индамади.

Бу ерда ҳам чемпионларни тақдирлаш маросими бўлди. Чемпионларга икки минг сўмдан пул ҳам берилди.

— Бунисиям ҳаромми? — дея пичирлади Акбар ёнида турган Фазлиддиннинг қулоғига.

Фазлиддин жавоб бермади. Шунчаки елкасини қисиб қўйди.

Эртаси куни пешиндан кейин Фазлиддин қори билан тушлик қилди. Қорининг аёли ош дамлабди. Ошни роса боплабди. Устоз-шогирд ҳар бири бир лагандан таомни кўрдим демай еб қўйди. Кейин қори:

— Анчадан бери эҳсон қутиси бўм-бўш эди. Одамлар негадир… Тўғри тушуниш ҳам керак-ку-я. Бу ёқда сиёсат бунақа… Лекин сиёсат қандай бўлишидан қатъи назар, садақа деган нарса бор. Балки, садақа беришни истаётганлар бировга билдирмасдан атрофидаги муҳтожларни таъминлаб туришгандир ҳам. Аммо шу таҳоратхонанинг сувини тўғрилаш учун маблағ керак бўлиб турганди, — дея қори пиёлани қўлига олди. Фазлиддин унинг гапининг давомини эшитиш илинжида унга қаради. — Қайсидир барака топгур, уйинг нурга тўлгур, эҳсон қутисига нақ икки минг сўм ташлаб кетибди.

Фазлиддин бирдан бошини эгди. Қизарди. Ўзининг қилган ишини устози билиб қолишидан чўчиди. Аммо имом бу ишни Фазлиддин қилганини жуда яхши биларди. Масжиддан чиқаётганида эҳсон қутиси ёнида Фазлиддиннинг турганини кўрганди.

— Устоз, — деди Фазлиддин бирдан гапни чалғитиш учун, — менинг анавилардан олганларим нима бўлади? Бўлса-бўлмаса, қанчасинидир отам ишлатгандир, ундан кейин қишлоқдан қайтаётганимда менинг қўлимга эллик сўмини ҳам тутқазганди…

— Фазлиддинжон, гап бундай. Дунёда энг қийин иш — фатво бериш. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳ замонасининг энг билимдон кишиларидан бири бўлган. У кишига қозиликни таклиф қилишганида кўнмаганлар. Сабаби пайғамбаримизнинг «фатвога яқинлигингиз дўзахга яқинлигингиздир» деган ҳадисларини жуда яхши билганлар. Ҳозирги шароитда менинг ҳам фатво беришим жуда оғир. Аммо бир нарса билан кўнгилни хотиржам қиламиз. Билмасдан еб қўйилган таом, унинг қандай бўлишидан қатъи назар, ҳатто у чўчқа гўштидан тайёрланган бўлса ҳам, еган одам учун ҳалол, деб ҳисоблайлик… Бироқ бу ҳам ҳали айтганимдай, фатво эмас… Энди менга кейинги пулни, икки минг сўмни қаердан олганингизни айтинг.

Фазлиддин баттар қизарди. Ҳатто қулт этиб ютинди. Бурнини тортди. Сўнг секин:

— Спорт комитети берди, — деди паст овозда, — ҳар хил ёрлиқлар билан бирга пул мукофоти ҳам бор экан.

— Сиз унинг ҳаммасини масжид қутисига ташладингиз.

Фазлиддин индамай бошини ирғади.

— Унда аввалги олганингизни ҳалолга йўямиз. Фақат битта шарти билан: бошқа ҳеч қачон баҳс бойлашилган нарсалардан бир нима олмайсиз.

— Хўп, — деди айбдордай ўтирган Фазлиддин.

Кейин имом шогирдининг ортиқ қийналишини истамай, гапни бошқа ёққа бурди…

Фазлиддин бир қадар енгил тортган эди. Шунинг учун ҳам уйига келганидан сўнг дарс тайёрлай олди. Ахир мана неча кунки, ҳатто Қуръон ўқиёлмаётганди…

Кунлари аввалгидан ҳам баттар тиғизлашди. Назарида, ҳеч нарсага улгуролмаётгандай туйилаверди. Ваҳоланки, ўқиб мазмунини хотирасида сақлаб қолиши керак бўлган ҳеч қандай машқ ва масаласи бўлмаган китобларни бир кунда ўқиб чиқар ва ўша китобларнинг мазмуни тўла-тўкис эсида қоларди.

Бироқ бундай жараён ҳам бор-йўғи бир ҳафта давом этди. Кейин қараса, ўқиганлари эсидан чиқиб кетяпти. Йигирма-ўттиз бет китоб ўқийди. Ўқиганларининг мазмунини, хотирасида қолганларини эслайди. Аммо орадан ҳеч қанча муддат ўтмасдан, ўшаларни хотирлайман деса, калласи бўм-бўш. Шундай пайтларда унинг бақириб юборишига бир бахя қолади.

Охири бўлмади. Чидаёлмади. Камол Шоннинг ёнига («Зафарнома»нинг қолган қисмини олиш учун) борганида, ёрилди.

— Сен бола бунақанги оғирликни елкангга олишни йиғиштир, — деди унинг сўзларини охиригача эшитганидан кейин Камол Шон. — Сенга битта белги берилган. Агар ўзингни эртароқ йиғиштириб олмасанг, эрта бир кун аниқ жинни-пинни бўлиб қоласан. Аввало, мияни дам олдир. Уни Худо сенга устидан кулишинг, эзишинг учун бериб қўймаган. Ундан кейин шошмасдан, бамайлихотир ўқиганларингни такрорлаб юр. Тез-тез такрорла, токи мутлақо хотирангга муҳрланиб қолсин.

Фазлиддин шу сафар унинг айтганларини қилди. Ҳатто дарс тайёрламай қўйди. Қиладиган иши фақат Қуръон ўқиш эди… Бир куни ҳатто у Чирчиқ дарёсига борди. Дарё четида эрталабдан кечгача сувга термилиб ўтирди.

Қайтиб келганидан кейин эса аввалги ҳолатига қайтди. Яна ёзиш-чизиш, ўқишга кўмилди.

Ана шундай кунларнинг бирида Малоҳатдан хат олди. Аммо бу сафарги номанинг конверти негадир уриниб қолибди. Ҳатто у ойлаб офтобда қолиб кетгандай сарғайган эди. Одатда, Малоҳат оппоқ, қандайдир нақшлари бор конвертда жўнатарди.

Фазлиддиннинг кўнгли қандайдир нохушликни сезди. Конвертни очолмай бир муддат унга термилиб қолди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: