АҚШ молия вазири апрель ойида Хитойга боради
АҚШ молия вазири Жанет Йеллен апрель ойида Хитойга ташриф буюриб, Хитой раҳбарияти вакиллари билан учрашмоқчи.
Бу ҳақда Politico газетаси икки америкалик расмийга таяниб хабар берди.
Нашрнинг хабар беришича, ташриф икки томонлама муносабатларни “масъулият билан бошқариш”га қаратилган. Йеллен 2023 йил июль ойида Хитойга сафари чоғида кўтарилган масалаларни муҳокама қилишни давом эттириши кутилмоқда. Ушбу ташриф натижасида “икки давлатни ташвишга солаётган масалалар”ни муҳокама қилиш учун иқтисодиёт ва молия бўйича иккита ишчи гуруҳи тузилди.
Январь ойида Америка ва Хитой ҳукумати вакиллари Пекинда икки кунлик учрашувда иқтисодий масалалар бўйича алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар, шунингдек, Йелленнинг Хитойга ташрифи имкониятларини муҳокама қилишди.
Нашрнинг қайд этишича, Вашингтон маъмурияти Хитойдан экспорт ҳажмининг тез ўсишидан қўрқади. Америка томонининг фикрича, бу жаҳон бозорларини беқарорлаштириши мумкин.