Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (40-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (40-қисм)

У яна китоб ўқишга муккасидан кетди. Фақат кунига бир марта ўқув юртига бориб келишни канда қилмади. Сабаби у эртароқ ўқитувчиси Хонзодахонни топиши керак… Унинг телефон рақами бор. Қўнғироқ қилиб бемалол дардини айтса бўлади. Аммо Фазлиддин бундай қилишни истамайди.

Ҳар қалай, сўнгги борганида у излаган ўқитувчисини топди. Хонзодахон бир-иккита ҳужжат учун келган экан. Аслида, у таътил маҳал ўқув юртида умуман қорасини кўрсатмас эди. Фазлиддинни кўрди-ю, жилмайди. Одатига хилоф қилиб кўришиш учун қўлини чўзди. Фазлиддин қизариб-бўзарди. Одобсизлик қилмайин деган хаёлда ўқитувчиси истагандай кўришди.

— Сен бу ерда нима қилиб юрибсан? Қишлоғингга бориб, тоза ҳаводан нафас олиб, маза қилиб юрмайсанми? — деди ўқитувчи.

— Кузги имтиҳонларга тайёргарлик кўриб юрибман, — дея жавоб берди Фазлиддин.

— Эй-й, нима қиласан бошингни қотириб? Шундоқ ҳам сени ўтказиб қўямиз, чунки ҳатто битириб кетганлар ҳам сенчалик билимга эга бўлмаганликларини яхши биламиз, — деб Хонзодахон ўқувчисининг елкасига қўлини қўйди. Шунда Фазлиддин хушбўй ифор ҳидини туйди. Ҳаяжонланди.

— Билмадим. Ўзим топширсам дегандим.

— Лекин сен ҳақсан. Бу ерга нега келиб юрибсан?

— Сизни излаётгандим.

— Тинчликми? Ё уйда бирор ким безовта қиляптими? Қайси қўшни? Шундоқ битта қўнғироқ қилсанг, ҳар қандайи билан гаплашиб қўярдим.

— Йўқ, опа, ҳеч ким безовта қилмаяпти. Шу, қишлоққа борганимда устозим қизини ўқишга олиб келишини айтганди.

— Хўш, ёрдам керакми?

— Ҳалиги, сарсон бўлишмасин, имтиҳонларни топшириб бўлгунича уйда туриб турса, шунга рухсат берсангиз…

Хонзодахон қиқирлаб кулди ва Фазлиддиннинг елкасига қоқиб:

— Менга қара, устозингнинг қизи чиройлими? — деди.

Бу гапни эшитган Фазлиддин дув этиб қизарди, сал бўлмаса, қочиб кетаёзди.

— Билмадим, — деди зўрға ва бурнини тортиб қўйиб, — у мендан катта, — дея қўшимча қилди.

— Вой болам-а! Сенинг кимлигингни яхши биламан-ку. Шунчаки ҳазиллашдим. Ҳозир таътилдаман. Ўқитувчи мақомида эмасман, шундай экан, сал-пал ўзимни эркин қўйсам бўлаверади. Майли, келсин, турсин. Қолаверса, устозинг билан бирга келаркан-ку. Ҳа, устозингга тайинлаб қўй, нима ёрдам керак бўлса, бемалол айтаверсин. Сен сабаб қўлимдан келган барча ёрдамни бераман.

— Яна битта илтимосим бор эди, — деди Фазлиддин.

— Бемалол айтавер.

— Менинг шу ерда, қизларнинг орасида ўқиётганимни айтмасангиз. Мен уларга қурилиш техникумида ўқийман деб айтиб қўйганман.

— Оббо! — дея кулди Хонзодахон. — Тушунаман. Аслини олганда, сенинг бундай гапларингни бошқа томонга буришим мумкин эди. Яъни айтмоқчиманки, бу ерда шундай жойни менсимаяпсанми ва ҳоказо, ва ҳоказо… Аммо ундай демайман. Эркак кишисан. Агар бировга нуқул қизларнинг орасида ўқийман десанг, устингдан кулишлари мумкин. Лекин сен тўғри йўлдасан… Майли, у ёғига гапирсак гап кўп. У масалада хавотир олма. Ҳозир эса менинг вақтим ўта зиқ!..

Хонзодахонни билим юртининг рўпарасидаги йўл бўйида қоп-қора «Волга» кутаётган эди.

Фазлиддин анча енгил тортди. Чунки бу ҳам натижа эди. Анчагина катта натижа… «Ўзи бундай олиб қараганда, — деди Фазлиддин ўзига ўзи, — бошқа ўқитувчиларга нисбатан Хонзодахон опа «эркак». Ҳамма нарсага реал қарайди. Ўзининг ўлчамига тўғри келадими, тамом, бостир, дейди. Ундай бўлса бундай бўлиб қолармикан, бундай бўлса унақага айланиб кетса-чи, деб ўтирмайди. Шартта масалани ҳал қилади-қўяди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ўқитувчиларнинг бари ундан зириллашар. Тўғри, эрининг юқорида ишлаши ҳам рол ўйнайди. Бироқ, барибир, ўзидаям бор-да…

Ниҳоят, кутилган қўнғироқ бўлди. Бошида Фазлиддин умид билан тез-тез телефонга қараб қўяётганди. Бироқ ундан тезда садо чиқавермагач, қарашни-да унутди. Шу боис телефон жиринглаганида, унинг ёнига бепарво келди. Гўшакни кўтариб қулоғига қўйганидан кейин эса ҳаяжонга тушди.

Малоҳатнинг отаси Фазлиддинга қўнғироқ қилиш учун туман марказига борибди. Салом-аликдан кейин аввал шуни гапирди, сўнг: «Келаётган якшанбада борамиз, Саида билан Малоҳатни олиб бораман», деди.

Малоҳатнинг исмини эшитиши билан Фазлиддиннинг юраги гупурлади. Гўшакни қўйганидан кейин эса кафтларини бир-бирига уриб сакради… Кейин уйни кўздан кечириб чиқди.

Якшанба куни пешингача вақт тез ўтди. Чунки у нонушта қилганидан сўнг одати бўйича кеча ўқиганларини такрорлади. Кейин бозорга борди. Яхшилаб бозорлик қилди. Уйга келгач, боплаб бир ош дамламоқчи бўлди-ю… Аммо у ош дамлашни билмасди-да. Шу боис бошини қашишдан нарига ўтолмай, совуқда сақланиши керак бўлган нарсаларни музлаткичга қўйди. Кейин, барибир, ниятини амалга ошириш учун Хадича опа ишлайдиган китоб дўконига бориб, «Миллий таомлар» китобини сотиб олди. Хадича опа кулди.

— Энди ошпаз бўлишни ҳам истаб қолдингизми? — деди.

— Энг қўлимдан келмайдиган иш шу бўлса керак. Аммо уриниб кўрсам нима қилибди, деган хаёлдаман. Қолаверса, бугун меҳмон келиши керак. Шунга…

— Ким келади? — дея сўради Хадича опа унинг гапини бўлиб.

— Ўқитувчим.

— Жуда яхши. Унга нима тайёрлаб бермоқчисиз?

— Ош.

— Аввал ош пиширганмисиз?

— Йўқ.

Хадича опа қиқирлаб кулди:

— Унда пиширманг. Мен сизнинг ўрнингизга тайёрлаб бераман. Қори акангиз билан бирга борамиз. Нима, меҳмоннинг ёнига чақирмайсизми?

— Эй-й, — деб пешонасига урди Фазлиддин, — эсимга келмабди.

— Ана шунақа-да. Қачон келишаркан?

— Қачонлигини билмадим. Агар эрталаб йўлга чиқишган бўлса ҳам, икки-учларга етиб келишлари керак.

— Ие, унда вақт оз қолибди. Масаллиғингиз борми?

— Ҳа, бозор қилиб келдим.

— Бўпти, сиз кетаверинг, мен қори акангизга қўнғироқ қиламан…

Хуллас, имом билан унинг аёли меҳмонлардан нақ ярим соат олдин келишди. Хадича опа бирдан ишни бошлаб юборди. Фазлиддин унга масаллиқларни бергач, устозининг ёнида ўтирди…

Эшик қўнғироғи жиринглаганида эса, у сакраб тушди ва шоша-пиша ўрнидан турди…

Малоҳат ҳаммадан орқада, зинада эди. Бошини эгиб турарди. Юзида ним табассум ва уялиш бор эди. Юракчаси гупурларди. У эшикни очиб, отаси билан кўришаётган Фазлиддинга бирровгина қараб қўйди. Шундан ўзгасига унинг кучи етмади. Лабини маҳкам тишлаб олди.

У бундай иззат-икромни, умуман, Фазлиддиннинг бундай кутиб олишини кутмаганди. У турадиган жойда аёл кишининг ҳам борлиги тушига ҳам кирмаганди. У Фазлиддин билан кўришмади. Эшитилар-эшитилмас салом бериб қўйди. Кейин отаси билан бирга меҳмонхонага кирмади. Тўғри ошхонага ўтди. Боши ва бўйнини рўмол билан ўраб олган аёл юзидан чўлпиллатиб ўпаётганида, ўзини бошқача ҳис этди. Ўзи аслидаям Хадича опа буни ўзгача кўрди…

Қизларга бошқа хонага жой қилинган эди.

Қори Муҳаммад Али жамоатга имомлик қилишни муаззинга топширган экан, шу боис у Фазлиддин билан бирга аср намозини шу ерда ўқиди.

Суҳбат қизигандан-қизиб борарди. Малоҳатнинг отасининг саволлари жуда кўп эди. Шу боис Муҳаммад Али қорини, бир лаҳзага бўлсин, жим ўтиришига қўймади. Мавзулар турли-туман эди. Ораларида ҳатто таом ҳақидагилари ҳам бор эди…

Фазлиддиннинг бир хаёли қўшни хонада, Малоҳатда эди. Йигит уни-буни баҳона қилиб бир неча марта ошхонага чиқди. Шу ерда Хадича опага кўмаклашаётган Малоҳат билан нигоҳлари оз муддатга тўқнашди. Аммо улар сўзлаша олмадилар…

— Зўр одам экан! — деди Малоҳатнинг отаси Муҳаммад Али қори ва унинг аёлини кузатиб қўйганларидан кейин. — Биз ҳам юрган эканмиз-да ҳеч нимадан хабаримиз бўлмай. Сизлар намоз ўқиётганингизда ер ёрилмади, кириб кетмадим. Анча умрни бой бериб қўйибмиз. Лекин қишлоққа қайтиб борай, мен ҳам бошлайман. Бу домлани қаердан топдинг?

Фазлиддин бўлган воқеаларни қисқагина қилиб гапириб берди.

— Этагини маҳкам ушла, қўйиб юборма, — деди устози.

— Хўп, — дея бош ирғади Фазлиддин.

— Бўлмаса, режа бунақа. Эртага Саиданинг ҳужжатларини топшириб келамиз. Индинига мен кетаман. Укам тўй қиляпти. Малоҳат ҳам шу ерда қолади. Опаси билан бирга имтиҳонларга бориб-келиб юради, — деб ўқитувчи Фазлиддинга қаради.

Фазлиддин ўзида йўқ хурсанд эди. Бироқ хурсандлигини билдирмади.

— Яхши, — деди.

— Ётоқхонадан кўра мана шу ерда тургани маъқулроққа ўхшайди, нима дединг? Эй, шошма, бу квартиранинг эгаси ҳали нима деркан?

— Мен рухсат сўраб қўйдим. У ўқитувчимиз бўлади. Аёл киши. Кейин у: «Устозингга айт, ёрдам керак бўлса, мен тайёрман», деди.

— Ҳа-а-а, — дея қошларини чимирди Малоҳатнинг отаси. Бироқ айни шу дамда нимани ўйлаганини Фазлиддинга айтмади. — Бунисиям зўр бўпти. Ўзи: «Сенинг бирорта таниш-панишинг йўқми? Бир об-ҳавони билиб қўяйин», демоқчийдим. Ўзинг айтиб қолдинг. Унақа бўлса, ўша ўқитувчинг билан учраштир.

Фазлиддин йўлакда деворга осилган соатга қаради.

— Қўнғироқ қил, деганди. Ҳали кечмас, ҳозир, — деб у ёнидаги тумба устида турган телефон гўшагини кўтарди.

Хонзодахон уйида эди. Телевизор кўриб ўтирарди. Қизлари эса айланишга чиқиб кетганди. Шу боис гўшакни ўзи олди. Фазлиддиннинг овозини эшитганидан кейин эса лабида табассум пайдо бўлди.

Фазлиддин устози келганини, у билан кўришмоқчилигини айтди.

— Жуда яхши бўлибди. Фақат олдинроқ айтиб қўймабсан-да. Яхшилаб меҳмон қилдингми ўзи? — дея сўради Хонзодахон.

— Ҳа, амалладим.

— Амаллаш билан бўлмайди-да бу нарса. Эртага пешин пайти «Анҳор» ресторанига олиб кел, ўзим меҳмон қиламан.

Фазлиддин «хўп», деди ва эртаси куни Малоҳатнинг отаси Соли акани Хонзодахон айтган жойга олиб борди. Икки устозини учраштирди. Аммо улар билан бирга ўтирмади.

— Сен, болам, боравер, биз икки устоз обдан сен тўғрингда «ғийбат» қиламиз. Гапимизни эса эшитишингнинг ҳожати йўқ, — деди Хонзодахон.

Фазлиддинга ҳам шу нарса керак эди. Улар билан бирга ресторанда ўтириш жуда ноқулай эди. Шу боис ортиқча гап-сўзга ўрин қолдирмасдан жўнаб қолди…

— Сиз шогирдингизни кетказиб юборганимга хафа бўлманг, — деди Хонзодахон Фазлиддин кетганидан кейин. — Сабаби, унинг ёнида у ҳақда гапиролмайман. Унинг шу ёшидаёқ салобати бор. Очиғини айтганда, мен жуда кибрли аёлман. Атрофимдагилар мендан қўрқишларини яхши биламан. Лекин бундай ўйлаб қарасам, мен ҳам қўрқарканман шу Фазлиддиндан. Рости, қандай ўқувчини улғайтиргансизлар, билмайман. Илм олишга шунчалик чанқоқки, уни нима билан қондиришни билмайман. Олган, олаётган билимлари, хатти-ҳаракатлари салобатли қилиб қўйган. Ҳатто директор ҳам унга бирор нима дейишдан олдин роса ўйлаб олади.

— Кўз тегмасин, — деди Соли ака Фазлиддин кетган томонга қараб қўйиб.

— Ҳа, тўғри. Бу, қизингизни олиб келибсиз-да.

— Ўқийман деб оёқ тираб олди. Ўзи асли ниятим ҳам шу эди.

— Домла, яхши қилибсиз. Лекин бирор ким билан гаплашдингизми? Айтмоқчиманки, таниш-панишлар билан.

— Йў-ў-қ, менинг биргина танишим бор, у ҳам бўлса шу Фазлиддин.

— Ҳимм. Қизингиз киради, хавотир олманг. Менинг хўжайиним ҳов тепада ишлайди. Бир оғиз гапи. Унинг гапини бирорта ҳам ректор қайтармаган. Қайтаришга жони нечта уларни… Ўзи, аслида, мен унча-мунча одамнинг орасига тушмайман. Керак бўлса, ўқиб калласи билан кирсин дейман. Бироқ шу Фазлиддин сабаб қизингизга ёрдам бермоқчиман. Чунки минг билими бўлгани билан четда қолиб кетиши мумкин. Бунисини ўзингиз яхши биласиз.

— Биламан, ҳа. Энди очиғини айтинг, қанча бўлади?

— Сизга текин. Ёки текинга яқин. Фақат битта шарти бор. Фазлиддинга лом-мим демайсиз. Ҳали айтдим, мен ундан қўрқаман, унинг биргина қараши синдириб қўяди одамни. Ишонсангиз, бошида мен уни ўзимга куёв қилиб олмоқчи эдим. Чунки Фазлиддиндан тўрт ёш кичик қизим бор. Аммо кейин фикримдан қайтдим. Қизимни қийнаш ниятим йўқ.

— Нимага?

— Фазлиддин ҳаддан зиёд ақлли. Бундай одам билан яшаш оғир. Мабодо сизнинг қизингиз йўқми? Яъни айтмоқчиманки, кичик…

Соли аканинг хаёлига бирдан Малоҳат келди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: