Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (39-қисм)

Охири сабри чидамай очди.

«Ассалому алайкум, ёмон бола!

Бу сафарги келиб кетишингиз худди тушга ўхшайди. Мен эртаси куни: «Ҳақиқатан келганмиди ёки менга шундай туйилдими? Балки, кўп ўйлаганим учун тушимда кўргандирман», деб ўйладим. Сўнг мени кутган жойингизга бориб далил қидирдим. Буни қарангки, топдим. Ўша шоколад қоғозини…

Лекин, барибир, ғалати бўлди. Нега бунақа қиласиз?

Сизни ёмон кўриб қоляпман. Негалигини билмайман. Балки, қандайдир совуқчилик тушаётгандир?.. Айтганча, жудаям уяляпман: мактабдаям, уйдаям, ҳатто дугоналарим билан гаплашаётганимдаям. Ҳамма менга бошқача қараётгандай туйиляпти. Мен ўзимни улғайиб қолгандай ҳис этаяпман. Ҳатто опам Саида ҳам ёш бола… Ҳа, сиз тўғрингиздаги гап-сўзлар босилиб қолди. Ҳеч қурса, шундан хурсанд бўляпман. Яқинда имтиҳонлар бошланади. Саида опам сизни олдингидан ҳам кўпроқ сўраяпти. Яхши юринг, ёмон бола.

Малоҳат».

Шуни Малоҳатнинг ўзи ёздимикин, дея кўнглидан ўтказди Фазлиддин, бироқ шу заҳоти унинг кўзи араб ёзувларига тушиб, бошқа биров эплай олмайди, дея ўйлади. Кейин қизнинг нега бунчалик хафа бўлаётганига тушунолмай, бориб юмшоқ каравотга чўзилиб ётди-да, кўзларини юмди. «Аслида, аҳмоқона иш бўлган эди. Бормаслигим керак эди. Шайтон йўлдан уриб…»

Шу хаёл кўнглига келиши билан ўрнидан туриб кетди. Бориб чўмилиб чиқди. Қуръон ўқиди. Сўнг химия китобини очди. У аллақачон фаннинг ўзига тегишли бўлган қисмини миридан-сиригача ўрганиб, иккинчи курсникини ҳам ярмига етказиб қўйган эди. Шунинг давомидан ўқишга, конспект ёзишга, масалаларни ечишга киришди…

Умрнинг ўтишини у бунчалик тез деб сира ўйламас эди. Бомдод билан хуфтон ораси бир қадамдай туйила бошлади. Кейин жуманинг ҳам жуда тез келаётганини сезиб қолди. Пешонасига урди. «Бунақада ҳеч нимага улгурмайман-ку», деди ва янада қаттиқ ўқишга берилди…

Энди физикадан боши берк кўчага кириб қолганди: электр токини жамлаш, сақлаш, иқтисод қилиш масаласида. Аслида, фан бўйича ўқитувчи учун унинг умуман кераги йўқ эди. Ўзига зарур бўлиб қолди. Бу ҳам ўз-ўзидан бўлиб қолмади. Электр оқимини ўрганаётган пайтда: «Наҳотки уни сақлаш омбори бўлмаса?» деб ўйлаб қолди ва кетма-кет китобларни титкилашга тушиб кетди. Бироқ ҳеч қаердан тополмади. Шундан кейингина ўқув юртига бориб, ўқитувчисидан сўрашга қарор қилди. Бироқ ўқитувчиси ўша куни келмабди. Бунинг ўрнига Раънони учратиб қолди. Раъно уни кўриши билан қарсак чалиб юборди.

— Худо деган одамман ўзи! — деди ҳайқириб.

Иккиси кўришган маҳал билим юртида одам кўп эди. Бунинг устига, улар ҳовлида учрашиб қолишганди. Шу боис ҳамма ҳайратланганча Раънога қаради. Биласизми, қараганларнинг асосий қисмини ташкил этган қизларнинг хаёлларидан: «Ҳали Фазлиддинни ўраб олган қиз шуми? Ёши каттароққа ўхшайди-ку. Ўзи Фазлиддинга катталарнинг тиши ўтмаса, тенгқурлариники ўтиши қийин. Лекин чиройли экан. Яна гапга ҳам балога ўхшайди кўринишидан», деган хаёл ўтди. Ҳа, худди мана шу фикр ўтди уларнинг кўнгилларидан. Яна бошқа гаплар ҳам бор эдики, уларни бу ерга жойласак, шундоқ ҳам семириб кетаётган китобнинг ҳажми баттар ошади…

— Раъно опа!

— Сизни топа оламанми, йўқми деб ўйлагандим. Кейин таваккал келавердим, — деди Раъно унинг ёнига келиб.

— Нега бошингизда рўмолингиз йўқ? — сўради Фазлиддин.

— Эй, ўқишда шу биттагина рўмолнинг орқасидан озмунча жанжал бўлдими? Охири ҳайдаймиз дейишди… Майли. Аммо Хадича опага тушунтирдим. Тушунгандай бўлди. Ҳечқиси йўқ. Битта имтиҳоним қолди. Шуни топшириб олсам, кейин яна ўраб оламан. Лекин ҳозир бошқа нарсани айтгани келдим… Тўйим бўляпти!..

— Эй-й, муборак бўлсин! Қачон? — дея сўради Фазлиддин кўзлари чақнаб.

— Бир ойдан кейин.

— Қишлоғингизгами?

— Йўқ. Қишлоқдагиларнинг тиши ўтмади, — дея кулди Раъно, — ўша сиз кўрган ва мен бир неча марта сизнинг олдингизда уялиб қолишимга сабабчи бўлган болага.

— Кўринишидан яхшига ўхшаганди…

— Ишқилиб, яхши бўлсин. Фақат кўриниши эмас, гап-сўзлари ҳам менга яхшидай туйилди.

— Туйилмасин, шундай бўлсин.

— Тўйимга, албатта, борасиз. Сиз бормасангиз, тўхтатиб қўяман. Айтганча, жуда узоққа кетмайсиз. Тўй шу ерда — Тошкентда бўлади. Икки томон шунга келишишди. Мен ҳам хурсанд бўлдим. Ҳамма курсдошларим, дугоналарим қатнашади.

— Зўр экан. Бораман, Худо хоҳласа.

Раъно кетди. Ишлари кўп экан. Тўй сабаб бир ҳафталик ишларини бир кунда битиришга тўғри келаётган экан. «Биласизми, мен роҳатланяпман, тўйим бўлаётгани учун эмас, ишларим кўплигидан ва улар тез битаётганидан. Илгари жуда эринчоқ бўлган эканман деб ўйлаяпман», деди кетар чоғи…

Фазлиддин бир муддат Малоҳатни эслади. Уни яна кўргиси келди. Кейин Малоҳатнинг сўнгги хати ёдига тушди. Қизнинг араз билан ёзган хати. Лекин аразида кўпроқ эркаланиш бордай эди…

Яна бир ойдан зиёд вақт кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. У ҳам курсдошлари қатори имтиҳонларни топшира бошлади. Фақат битта имтиҳон учун бир кун вақтини сарфламасди. Бир соат, ҳа, бориш-келишдан ташқари бир соат кетарди. Ўша бир соатнинг ҳам ярми имтиҳон бўлаётган аудитория ёнида ўтарди…

Ниҳоят, курсни якунлади. Имтиҳонлардан кейин яна кейинги курс тўғрисида бош қотиришга тушиб кетди. Орада Камол Шоннинг ёнига борарди. Чунки «Зафарнома»га жуда қизиқиб қолган ва устози уни эртароқ битиришини кутарди. Кейин масжидга боришни ҳам канда қилмаётганди. Бироқ кураш бироз оқсаб қолди. Сабаби ундан кўнгли совиганди. Ўлганининг кунидан, оёқларини зўрға судраб борарди. Агар: «Жисмоний чиниқишим шарт!» деган ўйи бўлмаганида, умуман қадамини босмаган бўларди. Мураббий сезди. «Сен бола бунақа қилма. Аввалги шиддатингни қайтар. Шу соҳада омадинг келиб турибди. Бу бахт қушинг бўлиши ҳам мумкин. Шундай экан, бемаза ўйларни миянгдан чиқариб ташлаб, чин кўнгилдан шуғуллан», деди. Шу гапни қори Муҳаммад Али ҳам айтди. Пайғамбаримиздан ҳадис келтирди. «Жисмоний чиниқиш руҳни ҳам кучли қилади», деди…

Ўқув юртида ҳамма, ҳатто ўқитувчилар ҳам таътилга кетиб бўлишганди. Биргина Фазлиддин ҳамон ўзига бўлган босимини камайтирмаганди. Бироқ у ҳам, ҳеч қурса, бир марта қишлоғига бориб келиши керак. Ҳарна, бироз чалғийди…

Шундай ҳам қилди. Навбатдаги ҳафтанинг шанбасида сумкасини елкасига илиб йўлга тушди.

Миясининг чарчагани рост экан. Автобусда сира ухлай олмасди. Ухлаб қолди. Ухлаганида ҳам қотиб ухлади. Автобус энди юра бошлаганида кўзи юмилганди. Шу бўйи тушишига озгина муддат қолгандагина уйғонди. Уйғонди-ю, деразадан ташқарига қаради. Таниш жойларни кўрди. Узоқ муддат ухлаганини билди.

Шу куни Малоҳатларникига бормади. «Бир-икки кун юраман, боришга улгураман», деди.

Аммо эртаси куни кеча келмаганига пушаймон еди. Сабаби Малоҳатнинг Зебо опасининг туғилган куни экан, Саида билан бирга ўша ёққа кетган экан. Уларникида устози, устозининг аёли ва кичкиналар бор экан. Малоҳатнинг йўқлиги Фазлиддиннинг юрагини сиқди. Аммо у буни билдирмасликка ҳаракат қилиб, устози билан «Зафарнома» тўғрисида берилиб суҳбатлашишга киришиб кетди. Ҳатто Малоҳат йўқлиги сабаб ўзини анча эркин ҳис этди… Соат миллари кечки ўндан ошганида кетишга рухсат сўради.

— Сен менга ўзингнинг манзилингни, агар бор бўлса, телефон рақамингни бериб кет. Саида аттестатини олиши билан бирга борамиз. Бечора қиз ўқишга кираман деб, ейиш-ичишни ҳам эсидан чиқариб қўйди. Агар олиб бормасам, жуда қаттиқ хафа бўлади, — деди.

— Хўп, — дея кўкрак чўнтагидан қалам олди. Ич-ичидан хурсанд бўлган Фазлиддин Малоҳатнинг укаси келтирган дафтарга ҳаммасини аниқ-тиниқ қилиб ёзиб берди. Дарвоқе, у яшайдиган уйда телефон бор эди. Бироқ шу пайтгача у бирор марта ҳам фойдаланмади. Қўнғироқлар бўлиб турар, унинг адабиёт ўқитувчиси Хонзодахонни сўрашарди. Ҳа, асосан, уни сўрашарди. Эрини эса бор-йўғи уч-тўрт марта сўрашди. Хонзодахонни сўраганларнинг асосий қисми эркаклар эди. Албатта, Фазлиддин бунга сира эътибор бермас ва ўқитувчисининг янги телефон рақамини бериб юбораверарди.

У қишлоқда зўрға уч кун юрди. Кейин: «Кетаман», деди. Ота-онаси ҳайрон. Чунки Фазлиддин уни курсдан курсга сакратмоқчи бўлишаётганини айтмаганди-да. Айтишни истамаганди. «Иш битсин, имтиҳонлардан ўтиб олай, ана ундан кейин айтаман!» деб кўнглига тугиб қўйган эди. Бироқ қараса, бўлмас экан. Чунки у ҳам таътилда эл қатори уйида бўлиши керак-да.

— Мени кейинги йилдан бирдан учинчи курсга ўтказишмоқчи. Лекин сентябрда имтиҳон топширар эканман. Шунга бориб тайёрланишим керак-да, — деди у.

Отанинг бирдан кўзлари яшнади. Биринчидан, ўғлининг шунчалик тиришқоқлигидан, иккинчидан, у ҳам бошқаларга боласини техникумда ўқияпти, дея доим ёлғон гапириб келаётганди. Агар Фазлиддин бирдан учинчи курсга ўтиб кетса, янаги йил битиради. Шу билан у ҳам ёлғон гапиришдан қутулади. Ана шулар унинг кўзига ёш тўлдирди. Дарвоқе, Фармон ака сўнгги пайтларда анча юмшоқ кўнгил бўлиб қолганди. Бунинг боиси дунёнинг умуман сариқ чақага арзимаслигини тушуниб қолганида эди. Аввалги ишларини бот-бот ёдига олаётгани ҳам уни мана шундай юмшашига сабаб бўлганди. «Керакли ва фақат ҳақиқат бор жойда нима деб жавоб бераман?» дея кунига камида ўн марта савол берарди.

— Бор. Менга, бошқаларга ўхшама. Фақат ўзингга ўхша. Ҳозир ҳамма нарса қилсанг бўлади. Бор, болам, бор, — деди у Фазлиддинга.

Фазлиддин қишлоғининг ҳавосига тўйиб-тўймай яна шаҳарга жўнади.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: