Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (41-қисм)
Зумда у Фазлиддин билан Малоҳатни хаёлан ёнма-ён қўйиб кўрди. Осмон билан ерча фарқ борга ўхшаб кетди. Кўнглининг туб-тубида Фазлиддинни куёв қилиш истаги бор эди. Бироқ манави хотиннинг гапларидан сўнг ўша истак лаҳзада йўқолгандай бўлди.
— Бор, — деди Соли ака бироз ўнғайсизланиб.
— Агар бор бўлса… Тўғрисини айтганда, мен бир нима деёлмайман. Ҳар қалай, мен фақат ўзимнинг фикримни айтдим.
— Аммо мен сиз айтган нарсаларни илгари сира ўйламаганман. Фазлиддин мактабни битиргунча ҳам ёмон ўқимаган эди. Лекин Тошкентга келиб жуда ўзгарди. Сўзлариям, хатти-ҳаракатлариям. Менимча, бу ерда кимлардир қаттиқ таъсир ўтказган бўлишса керак.
— Балки… Майли, ҳозир Фазлиддинни қўйиб турайлик. Ҳозирча у ишончли ва тўғри йўлда кетяпти. У ёғини вақт кўрсатади.
— Хўп. Барибир, қизимни ўқишга киритаётганингизда озми-кўпми харажат қиласиз. Менга шуни айтсангиз. Берсам. Кўнглим хотиржам бўлса.
— Беш юз сўм. Ўқишга киритиш қиммат туради. Лекин сизнинг ишингиз беш юз билан ҳал бўлади.
Соли аканинг чўнтагида нақд икки минг сўм бор эди. Саидага шунча пулни атаганди. Ўзи, аслида, йиғиб тергани бирор беш мингча чиқарди. Шу пулидан Саида учун ажратгани икки минг эди.
Унинг кўзлари қувнади. Ахир бор йўғи беш юз сўм билан қизи ўқишга киради. Ёмонми?
У шартта қўлини чўнтагига тиқди-да, чамалаб, пулларидан бир қисмини ажратиб чиқарди. Пулларининг бари йигирма беш сўмликлар эди. Шу пуллардан салкам йигирматасини олибди. Яна киссасига қўлини тиқди. Хуллас, Хонзодахон айтган пулни унинг қўлига тутқазди.
Сўнг яна бироз суҳбатлашиб ўтирган бўлишди. Кейин Хонзодахон хайрлашиб ўрнидан турди.
Соли аканинг бир ўзи қолди. Кафтини пешонасига қўйди. «Ҳаммаси жуда осон бўлдими? Бу хотин мени алдаб кетган бўлса-чи? Балки, атайлабдан: «Пул олганимни Фазлиддинга билдирманг», деган бўлса-чи?» дея хаёлидан ўтказди. Шунда унинг кўзи буфетга тушди.
Бориб анави бўйни узундан олиб келди. Кеча Муҳаммад Али қоридан эшитганларини унутиб, икки қадаҳ ичди… Ҳа, столда олти сих кабоб бор эди. Хонзодахон ҳеч нима емаганлиги учун, Соли ака ҳам қўлини урмаганди. Мана энди ўша кабоб газак вазифасини ўтаб турибди.
Фазлиддин тезда келмади, чунки ўша пайтдаги қип-қизил майдонда ўз хаёлларига бурканиб айланиб юрганди. Азбаройи бекор қолгани учун унинг юраги сиқилаётганди. Аммо ора-чора мана шундай бекор қолиш, миясини дам олдириш ҳам шарт эканлигини ўша онларда у билмасди.
Бу ёқда Соли ака майда-майда қилиб шишани охирлатиб қўйди. Азбаройи маст бўлиб қолмаслик учун кўп еди. Бироқ, барибир, ширакайф бўлиб қолди.
Бироздан сўнг Фазлиддин келаётганини кўрди. Ҳали Хонзодахон айтиб кетган гаплар таъсир қилди, шекилли, Фазлиддиндан чўчиб, шишани секин столнинг тагига қўйиб қўйди-да, шогирдини кулиб кутиб олди.
— Сени бу устозинг ҳам обдан мақтади, — деди Фазлиддин келиб унинг рўпарасидаги стулга ўтиргач.
Йигит кулиб қўйди ва шу заҳоти Соли аканинг ичиб ўтирганини сезди. Ёқтирмади. Бироқ ёқтирмаса ҳам, яхши гаплардан гапириши шарт эди. «Домла айтган гапларнинг ҳаммаси ҳавога учибди-да», дея кўнглидан ўтказди у. Шунингдек, Хонзодахон ҳам Соли акага қўшилиб ичдимикин, дея ўйлаб қўрқди. Бироқ қўрққани бекорга экан.
— Устозинг бир нимадан татиб ҳам кўрмади. Ўн минутда кетди. Шу вақт ичида фақат сени мақтади. Айтганча, шу ўқитувчинг ишончли аёлми? — деди Соли ака.
Унинг шу гапларидан Фазлиддин Хонзодахон опанинг ичмаганини билди.
— Билмадим. Аммо сира гапидан қайтмайдиган аёл, деб эшитганман. Менга бўлса шу пайтгача бирорта бундайроқ нарса айтмаган ёки қилмаган, — дея жавоб берди Фазлиддин.
— Ҳа, унда яхши.
— Бирор нима дедими?
— Йўқ, ҳеч нима демади. Майли, қўлимдан келганча ёрдам бераман, деди. Шунга унга ишонсак бўлаверадими, демоқчиман-да.
— Айтган бўлса, қилади. Кейин Саида опанинг ўзиям зўр тайёргарлик кўряпти-ку, бировнинг ёрдамисиз ўтиб кетса керак.
— Эй-й, сен билмайсан-да. Шундай ўйинлар бор, мактабда умуман ўқимаганлар биринчи бўлиб ўқишга кириб кетишлари мумкин. Ҳа, бўпти. Бу ёғи пешонасидан кўради. Кетамизми?
— Майли.
Соли ака таксида кетишни маъқул кўрди. Чунки у ҳар қанча ўзини тутишга ҳаракат қилмасин, барибир, оёқлари чалкашаётганди…
Эртасига Саида ҳужжатларини топшириб бўлганидан кейин Соли ака икки қизини Фазлиддинга ишониб қолдирди-да, уйига жўнаб кетди. Дарвоқе, бундан олдин у Фазлиддин билан бирга бозорга тушди. Эски Жўвага. Гарчи Фазлиддин унамаса-да, бозорлик қилди. Фазлиддинга:
— Қара, ўрган, — деди.
Соли ака аввал оладиган картошка, пиёз ва бошқа нарсаларнинг нархини сўраб чиқар экан. Кейин фалон жойда бунча деди, фистон жойда манави нархни айтди, деб обдан таҳлил қиларкан. Ундан сўнг бориб, арзон айтганлар билан роса талашиб-тортишиб, маҳсулотини сотиб оларкан.
Фазлиддин ўрганди. Аммо кўнглида: «Бунга менинг вақтим бўлмаса керак», деб ҳам ўйлади.
У устозини автовокзалгача кузатиб қўйди. Қачонки Соли ака автобусга ўтириб жўнаганидан кейингина изига қайтди.
Малоҳат ҳаяжонда эди. Ахир тушига ҳам кирмаган воқеалар содир бўлиб кетди. Энди у Фазлиддин билан битта уйда яшайди. Икки ой, кўпми-озми, бирга яшайди. Битта жойдан нафас олади. Аслида, орзуси ҳам шундай эди. Бироқ у энди жуда ноқулай аҳволга тушиб қолди. Воқеа бундай бўлмаслиги керак эди. Айрилиқ. Ҳа, яна камида яна беш-олти йил улар айрилиқда бўлишлари керак эди. Аммо Саиданинг ўқишга топшириши ҳаммасини ўзгартириб юборди. Малоҳат отаси кетгунича ўзини қўярга жой тополмай юрди. Фазлиддинга фақат кўзининг остидан бировга сездирмай қарайди. Мумкин қадар камроқ гапиришга ҳаракат қилади. Аммо иккиси сўзлашган пайти дарров юзига табассум барқ уриб чиқади.
— Сен Фазлиддинга ҳар бало деяверма, — деди Саида йигит отасини кузатгани кетганида. — Кўзигаям кўринаверма. Яна иржайиб-тиржаяверма.
Малоҳат опасининг сўзларига қовоқчасини уйиб жавоб қайтарди. Бирон нима демади. Илло, у ҳам опасининг аҳволини жуда яхши тушунарди. Саида, аслида, Фазлиддинни куёв қилишни орзу қиларди. Ахир бир куёвинг бўлса шунчалик бўлсин-да. Ана, Зебо опасининг эри. Тайиниям йўқ. Яна шу ҳолига қўлига рубоб олволган, салгина «тиринг-тиринг»ни билади. Аммо шу ҳолидаям тўйларга чиқади. Мактабдаги тадбирларни ўтказиб юради. Унинг олдида Фазлиддин осмон. Бироқ ҳали эрта. Шунинг учун ҳам у Фазлиддин билан Малоҳатнинг ўртасига тушиб олиши керак. Уларнинг жуда яқинлашишига йўл бермаслиги шарт.
Фазлиддин қизларни музқаймоқ билан сийлади.
— Илгари йўқ эди. Мутлақо кутилмаганда ва айнан шу бугун кўчанинг бошида музқаймоқ қаҳвахоначаси очилибди. Боя билмабман очилганини. Билганимда энг биринчи бўлиб музқаймоғидан олган бўлардим…
— Эрияпти, — деди Малоҳат жилмайиб.
Дарҳақиқат, Фазлиддин гапга берилиб кетиб, қўлидаги музқаймоқлар эрий бошлаганига эътибор бермабди. Ҳа, Малоҳат борлиги учун у кўп гапирди. Қизнинг олдида гарчи истамаса ҳам сал-пал ғўдайгиси келиб қолди.
Малоҳатнинг гапидан сўнг Фазлиддин кулиб юборди ва опа-сингилга музқаймоқларни берди.
— Отам яхши кетдими? — дея сўради Саида.
— Ҳа. Олдинги ўриндиққа ўтириб олди. Автобус жўнаганидан кейин мен бу томон юрдим.
Унинг сўзларига Малоҳат яна жилмайди. Саида эса унга ўқрайиб қараб қўйди.
Шундан кейин Фазлиддин айвонга ўтди. Ҳозир у ерга соя тушган, очиқ деразадан эса енгил шабада эсиб турарди.
У одати бўйича дарс қилишдан олдин Қуръон ўқиди. Нақ икки соат. Шу вақт ичида икки порани тугатди. Кейин дарс қилишга тушди. Химия ҳам, физика ҳам билган одам учун жуда қизиқ ва ўзига боғлаб олади. Фазлиддин ҳам худди шундай дарров унга ёпишиб қолди. Ҳали масалаларни ечаркан, кўз ўнгида масалада иштирок этаётган моддалар гавдаланар ва янги бир моддани ҳосил қилар эди.
— Тушлик вақтингиз ўтиб кетди.
Малоҳат айвонга ўтиб, Фазлиддинга шундай деди. Унинг юзида ўша-ўша табассуми бор эди. Мафтункор табассум. Одамни ўзига тортиб, ўзига боғлаб оладиган табассум эди. Бу табассумнинг қармоғига тушган одам ундан қутулиб чиқиши қийин эди. Гўзал Малоҳат ҳам ўзининг мана шундай сеҳри борлигини жуда яхши билар ва уни асрашга уринар, аммо Фазлиддинни кўрганида қандай қилиб ноёб хислатини унга тақдим этганини сезмай қоларди.
— Йўғ-э, ҳозир тураман-у…
— Нега бунча кўп ўқияпсиз?
— Билмадим, Малоҳат. Менимча, бир йиллик ўқиш даврини уч ойда ҳал этиш қийин кўринаётган бўлса керак.
— Ундан аввал Қуръон ўқидингизми?
— Ҳа.
— Жуда ёқимли экан. Нега менга ўргатмаяпсиз?
— Ўргатаман. Яхшиси, сизни Хадича опанинг ёнига олиб бораман.
— Ким у?
— Келди-ку уйга. Ош дамлаб берди.
— Ҳа-а, шошилинчда… Тўхтанг, юринг, бирор нима еб олинг.
— Яна айтинг.
— Нимани?
— Бирор нима еб олинг, деганингизни.
Малоҳат жилмайди ва бошини ирғади. Сўнг ошхона томонга ишора берди.
Фазлиддин ошхонага кирди-да, ўпкасини тўлдириб нафас олди.
— Оҳ, ҳидини қаранг, ҳидини! — деди.
Бу сафар унинг сўзларига Саида ҳам жилмайди.
— Топ-чи, нима овқат? — дея Фазлиддинга тикилди.
— Топаман. Топа оламан. Мастава! — дея кўрсаткич бармоғини юқорига кўтарди Фазлиддин.
— Ҳа, шундай. Энди уни ким қилганини ҳам топ-чи? — дея бу сафар мийиғида кулди Саида.
— Малоҳат.
— Қандай билдинг?
— Оддий. Мен келганимдан бери умуман бу томонга ўтганим йўқ. Сиз бўлсангиз имтиҳонларга тайёргарлик кўряпсиз. Демак, хонангиздан чиқмагансиз. Ким қолади? Малоҳат.
— Қалай, Саида опа? — дея опасига қараб қўйди қозон ёнида турган Малоҳат.
— Сен ўзинг айтган бўлсанг керак-да. Майли, энди суз…
Аслида, ҳамма гап бозорликда эди. Чунки Соли ака бозорни ҳеч бир камчиликсиз қилганди. Бироқ Малоҳатнинг пазандалигини ҳам айтмасак бўлмайди. Ахир мана, неча ойдирки, овқат қилиш унинг зиммасида. Саидахоннинг баҳонаси бор. У киши ўқишга кириши керак.
Фазлиддин косадаги маставадан бир қошиқ ичар экан, кўзини юмиб, унинг қанчалик мазали эканини иккала қизга кўрсатди-да:
— Мен бир коса билан тўймайман, — деди, сўнг Малоҳатга юзланиб: — агар семириб кетсам сиз айбдор бўласиз, — дея қўшиб қўйди.
Даврада енгил кулги пайдо бўлди.
— Менга қара, — деди Саида бир бурда нонни маставага ботираркан, — сен ҳамма ўзингдан кичикларни сиз дейсанми?
— Йўқ, — деб жавоб берди Фазлиддин унга қарамай.
— Унда нега Малоҳатни доим сиз дейсан?
Малоҳат дув этиб қизарди ва опасига норози қиёфада қаради.
— Билмадим. Бошидан сизлаганим учун…
— Сен деявер. Униям қулоғи ўргансин.
Фазлиддин Малоҳатга юзланди.
— Шундайми? — деди.
Малоҳатнинг боши эгик, юзи ҳали айтганимиздай қизарган эди. Бунинг устига, киприклари ҳам пирпирарди.
— Билмадим, — жавоб берди Малоҳат кескин.
Бу унинг опасидан қаттиқ жаҳли чиққанидан далолат берарди.
— Энди менинг тилим сен дейишга айланмайди… Балки, ҳеч қачон айтолмасам ҳам керак.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)