Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (42-қисм)
Малоҳатнинг ич-ичида қандайдир ёруғлик пайдо бўлди. Ахир у ҳам Фазлиддиннинг шундай гапиришига ўрганиб қолган ва энди бошқачасини қабул қила олмаслиги тайин эди.
— Опа, — деди у Саидага, — сиз, менимча, бу ерга ўқишга кириш учун эмас, бошқа бир нимага келганга ўхшайсиз. Айтганча, анави француз тилидан аҳволингиз анча чатоғ-а!..
— Уфф, — дея бошини сарак-сарак қилди Саида, — шундан чалғийманми дегандим. Ҳозиргача ҳисоблаб кўрсам, беш юзта французча сўз ёдлабман, лекин қайси текстни ўқимай, тўхтаб қоляпман.
— Ҳечқиси йўқ. Олдинда ҳали вақтингиз бемалол. Ундан кейин бундан бу ёғига Малоҳат иккаламиз қўлимиздан келганча ёрдам берамиз. Ундан кейин кунига икки соат, ҳа, камида икки соат миянгизга дам берасиз. Маълумотлар ўта кўпайиб кетса ҳам мия бир жойда қотиб қолади.
— Ўзинг-чи, — деди Фазлиддинга Саида, — ўзинг ҳам китобдан каллангни кўтармаяпсан-ку.
— Иккимизники бошқа-бошқа нарсалар-да. Аммо янаги йилдан мен ҳам сизнинг аҳволингизга тушиб қолишим мумкин. Ундан кейинги йил эса Малоҳат шундай бўлади. Шунинг учун сира қайғурманг.
— Ўқишга кироламанми? — дея умид билан Фазлиддинга қаради Саида.
— Отангиз киради, дедими, демак, кирасиз.
Улар шу тарзда суҳбатлашиб икки соатча тушлик қилишди. Бунча вақт беҳуда ўтиб кетиши Фазлиддинга ёқмади.
У ора-чора опа-сингилни уйда қолдириб, ташқарига чиқиб кетарди. Кўчаларни айланар, ҳеч нима тўғрисида ўйламасликка ҳаракат қилар ва шу йўл билан ўзини дам олдирарди. Бундан ташқари, ҳар куни эрта тонгдан, баъзан тонг отмасдан бурун масжидга чиқиб кетарди. Масжидга ҳаммадан олдин борарди. Азон айтилмасидан бир кунлик қазо намозларини ўқирди…
Малоҳат ҳар куни унинг мана шундай қоронғилик ҳали этагини йиғиштирмай кетишини сезарди. Сўнг дарров дераза ёнига бориб Фазлиддинни кузатарди. Бошида унинг масжидга кетаётганини билмади, шу боис ажабланди. Кейин Фазлиддиннинг ўзи ёрилгач, менгаям ўргатинг, деб туриб олди. Айтганча, ҳар куни уларнинг ёлғиз суҳбат қуришларига имконият пайдо бўлди. Бу пайтда Саида ухлаётган бўларди. Куни билан китобдан бошини кўтармаган бечора қиз шомдан зўрға нарига ўтар ва ухлаб қоларди.
— Келажакда ким бўласиз? — деб сўради бир сафар Малоҳат.
— Химик, — дея шу заҳоти жавоб берди Фазлиддин.
— Нега?
— Чунки химияни яхши кўраман. Кейин физикани ҳам. Агар шу иккаласини мукаммал ўрганиб олсам, бошқа ҳеч ниманинг кераги йўқ.
Унинг шу гапидан кейин Малоҳат томонидан «ёмон бола» деб қўйилган лақабнинг ёнига «химик» деган янги лақаб қўшилди. Чунки Малоҳат унинг исмини айтолмасди. Айтишга тили бормасди. Уяларди. «Ёмон бола», деса, ён-атрофдагилар ажабланишади. Бир марта ҳатто Саида уришиб берган. У пайтда улар қишлоқда эдилар. Гап орасида Малоҳат Фазлиддинни «ёмон бола» деб атаб юборди. Кейин Саидадан балога қолди. «Сен қиз шу ёшингдан нималар деяпсан? Гапларингдан худди аллақачон унинг хотини бўлиб олгандайсан», деди у. Унинг сўзлари ўта қўпол чиқди. Малоҳатнинг кўнглини ҳам яралаб ўтди. Мана энди янги лақаб пайдо бўлди-ю, у енгил тортди.
Орадан саккиз кун ўтиб, Фазлиддин Малоҳатнинг ёлғиз ўзини Хадича опанинг ёнига олиб борди. Лекин унинг ёлғиз ўзини уйидан олиб чиқиш ҳам осон кечмади. Сабаби Саида рухсат бермади. «Ҳали улгурасан, жуда ёниқаверма, сен Фазлиддин иккаламизга овқат тайёрлаб берсанг ҳам катта гап!» деди у.
— Зерикиб кетдим. Бирингиз у ёқда, бирингиз бу ёқда ўзингиз билан ўзингиз оворасизлар. Мен бўлсам, ў-ў-ў-тираман, — деди. Шундан кейингина Саида рози бўлди. Ҳар қалай, синглисига ичи ачиди.
Хадича опа эса Малоҳатни кўриши билан яйради. Маҳкам қучоқлаб, пешонасидан ўпди. «Бирам яхши, пешонаси ярақлаган қизсиз», деди. Малоҳат уялди ва секингина Фазлиддинга қараб қўйди.
Фазлиддин ҳам ўнғайсизланди. Шу билан уларнинг ҳар иккови ҳам бир-бирига бўлган муносабатларини ошкор этиб қўйишди.
Фазлиддин мақсадини айтди.
— Жоним билан, — деди шу заҳоти Хадича опа, — Малоҳатга ўргатмасам, бошқа кимга ўргатаман? Шундай ўргатайинки, сиздан ўтиб кетсин.
— Менинг устозим катта, — дея Фазлиддин ҳазиллашган бўлди.
— Ҳечқиси йўқ. Биз барибир сизлардан ўтиб кетамиз. Тўғрими, Малоҳат? — дея жилмайди Хадича опа.
— Ҳимм, — деб кулди Малоҳат ҳам.
Шундан кейин Фазлиддин уларни ёлғиз қолдириб, ўзи дўкондаги янги келган китобларни кўриш билан машғул бўлди.
Малоҳат араб алифбосидаги кўп ҳарфларни жуда яхши биларди. Чунки унгача Фазлиддиннинг ўзи ўргатиб қўйган эди-да. Бунга Хадича опа ҳайрон бўлди ва қаердан билишини сўраганида, Малоҳат кўзининг таги билан Фазлиддин томонга қаради.
— Ҳа-а, айбдор, унинг шунақа киши билмас ишлари ҳам борми ҳали? — деб кулди Хадича опа ва Малоҳатга қиз бола ўзини қандай тутиши ва унинг юриш-туриши қанақа бўлиши кераклиги ҳақида гапира бошлади.
Роппа-роса икки соат дарс билан машғул бўлишди.
— Энди иккаламиз бунақа ёнма-ён юрмаймиз, — деди Малоҳат улар уйга қайтаётганларида.
— Нега? — дея ўзини гўлликка олиб сўради Фазлиддин.
— Мумкин эмас экан. Биз бегоналар эканмиз.
— Шундайми?
— Билмадим.
— Билмадим, деган гапнинг борлиги ҳам яхши-да. Одам вазиятдан осон чиқиб кетади. Унда мен сизни қандай қилиб бу ёққа олиб келаман?
— Хадича опанинг ўзи бизникига бораркан.
— Ҳимм, ҳимм… Бориши яхши. Лекин… Аслида, лекин деган нарсанинг ўзи йўқ.
— Аммо келганимиз яхши бўлди. Битта уйда ўтиравериб зериккан эканман. Сизга маза, ҳар куни эрталаб чиқиб кетасиз. Кейин кундузи ҳам мени ҳайрон қолдириб бир жойларга бориб келасиз.
— Сиз ҳам ҳар куни кечки пайт айлангани чиқасиз-ку. Саида опам, яна мен билан…
— Эй-й, жуда оз муддатга чиқамиз. Лекин музқаймоқ зўр экан. Мен қўрқяпман.
— Нимадан?
— Ўрганиб қолишдан. Ҳар куни музқаймоқ ейверсам, қишлоққа борганимдан кейин нима қиламан?
— Шу ердан сизга жўнатиб тураман.
— Ҳа, эриб, сут бўлиб боради, — деб кулди Малоҳат.
— Мен уни қалин жунли нарсага ўраб жўнатаман-да.
— Тўғри, баттар қиласиз-да.
— Йўғ-э… Унда бирор нима ўйлаб топармиз.
— Қизлар жуда кўп экан-а бу ёқларда.
— Бу ҳали кам.
— Нега кам?
— Ўқийдиганлар уйларига кетишган. Шаҳарлик қизлар ҳам кўпда кўчага чиқаверишмайди.
— Сизга маза экан-да, тўғрими?
— Унчаликмас.
— Қанчалик?
— Мана шунча, — дея Фазлиддин иккита бармоғини очиб кўрсатди.
— Сизни жазолайман, — деб кулди Малоҳат.
— Етолмайсиз. Мен ёмон югураман.
— Барибир, ушлаб оламан.
— Лекин бошқа куни, майлими? Чунки ҳозир уйга келиб қўйдик.
— Омадингиз бор экан…
Саида ошхонада иягига муштини тираб ўтирарди. У синглиси ва Фазлиддин кириб келиши билан қовоғини уйди-да:
— Нега бунча қолиб кетдинглар? Қаерга бординглар ўзи?! — деди.
— Хадича опанинг ёнига. Бирдан кўп дарс ўтди, — дея жавоб берди Малоҳат.
— Энди ҳар доим шундай бўладими?
— Йўқ. Хадича опанинг ўзи келаркан уйга.
Шундан кейин Саиданинг юзи ёришди.
Ётиб еганга тоғ чидамайди, деганлари рост экан. Дарров… Аслида, дарров эмас, нақ ўн икки кун деганда музлаткич бўшаб қолди. Картошка-пиёзнинг ҳам таги кўринди. Фазлиддиннинг эса чўнтаги қуриганди. Унинг ўша отаси берган эллик сўми бор эди. Бироқ кунига икки-уч сўмдан сарф этавергач (музқаймоқ, нон, тухум, сут…), у ҳам адо бўлди. У Саида билан Малоҳатдан бирор нима олмайди, ололмайди ҳам. Демак, ягона йўли — мардикор ишлаш эди. Ҳозир мардикор бозори яхши. Чунки студентлар уйларига кетиб бўлишган. Мардикор бозорида эса тўртта русийзабондан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Одамларнинг уйларида эса иш қайнаб ётарди.
Фазлиддин бомдод намозига бориб келганидан кейин Малоҳат тайёрлаб қўйган нонуштани апил-тапил еди-да, кўчага отланди.
— Бунақа саҳарлабдан бир жойга кетадиган одатингиз йўқ эди-ку, — дея ҳайрон бўлиб сўради Малоҳат.
— Ора-чорада шунақа бўлиб қолади, — деб жавоб берди Фазлиддин ва эски кийимларини сумкасига тиқиб, ташқарига йўл олди.
Эрта боргани яхши бўлган экан. Ишлайман дейдиганларнинг бирортаси ҳам йўқ. Аммо иккита харидор турибди. Биринчиси қирқ беш-эллик ёшлардаги одам. Иккинчиси ўттизга ҳам бормаган.
Ўша ёши катта одам дарров унга харидор бўлди.
— Менинг уйимда устам бор. Унга ғишт билан лой узатиб туриш керак, шуни қиласанми? — деди.
— Ҳа. Шунга чиқдим-да ўзи, — деди Фазлиддин унга кулиб.
— Йигирма беш сўм бераман. Бунча бераман, деб савдолашмадим, — деди харидор кўзойнагини тўғрилаган киши бўлиб.
— Келишдик…
Харидорнинг эски «Москвич»и бор экан. «Самарқанд дарвоза»да тураркан. Оти Усмон, ўзи ҳам, хотини ҳам ўқитувчи экан. Учта қиздан бошқа фарзанди йўқ экан…
У манзилга етгунларича Фазлиддинга мана шуларни гапириб берди. Ўғли йўқлигидан афсусда эканлигини ҳам қистириб ўтди. Ҳа, устанинг ўжарлигини гапирди. «Битта ёрдамчи олиб келиб бермасангиз, мен ишламайман!» дебди уста.
Ўша ўжар устанинг тишлари сарғайиб кетганди. Лаблари орасида доим фильтрсиз тамаки қистирилиб турарди. Сочлари ўсиб пахмоққа айланганди. Серсоқол, озғин эди. У Фазлиддинни кўриб хурсанд бўлди. Ҳатто елкасига қоқиб қўйди. Кейин иш бошланди. Уста бекорга қайсарлик қилмас экан-да. У ўзининг ишини зўр бажараркан. Қўллари тинмаскан, кейин режа иписиз ҳам бемалол ғиштни тўппа-тўғри териб кета оларкан. Аммо шу билан бирга оғзи ҳам сира гапдан тўхтамаскан… Фазлиддиннинг чаққон ишлаши унга ёқди. «Сендай бола билан ишлаш одамни чарчатмайди», деди…
Вақт чошгоҳга яқинлашиб қолганди. Усмон аканинг меҳмони келиб қолди. Меҳмон, буни қарангки, «кўча»нинг эгаси Каримбой эди. У бир қарашдаёқ Фазлиддинни таниди ва қошларини чимирди. Ахир Фазлиддинга оз эмас, кўп эмас, нақд ўн минг сўм берган. Бунча пули бор одам мардикорлик қилмаслиги керак. «Наҳотки бу бола шунчалик очофат бўлса?!» деган ўй ўтди унинг хаёлидан.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)