Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (43-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (43-қисм)

Дўсти уни узум тагидаги чорпоя устига таклиф қилишига қарамасдан, Каримбой Фазлиддин томонга юрди. Йигитнинг бировга қарашга вақти йўқ эди. У гоҳ хом ғиштларни устага узатар, гоҳида дарров хандаққа тушиб, челакни лойга тўлдирарди. Ўзининг ҳаммаёғи лой бўлиб кетганди.

— Ҳорманглар!..

Фазлиддин овозни уйнинг эгасига тегишли бўлса керак, деб ўйлади ва қўлидаги ғиштни устага улоқтириб, пешонасидаги терни қўлининг орқа томони билан артаркан, у томонга қараб ҳайратдан қотиб қолди. «Каримбой?! У бу ерда нима қилиб юрибди?» деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди.

— Ассалому алайкум! — деди шошиб.

— Фазлиддин! Ўзингмисан, ука? Бу мен сени курашчи, чемпион деб юрсам, сенинг бошқа амалинг ҳам бор экан-ку, а! — деди Каримбой.

Фазлиддин безовталанди. Айб иш қилиб қўйган одамдай секин бошини эгди.

Каримбойнинг ортидан келган Усмон ака дўстининг гапларини эшитиб:

— Қанақа чемпион? — дея сўради Каримбойдан.

— Яқинда СССР чемпиони бўлган бола бу! Мен сенга айтгандим-ку! Эсингдами?!

— Ҳа-а, — дея бошидаги дўпписини қўлига олди Усмон ака.

Фазлиддин ноқулай аҳволга тушиб қолганидан бир Каримбойга, бир Усмон акага қарарди.

— Чиқ, — деди унга Каримбой, — ювиниб, чорпоянинг ёнига бор.

Фазлиддин Усмон акага қаради.

— Майли, юр. Мен сенинг кимлигингни билмагандим. Билмай олиб келиб қўйдим-да. Шу телевизорниям ҳар-ҳар замон кўриб туриш керак экан, — дея Усмон ака ҳовлиси томон кета бошлади.

У ҳам энди ўзини айбдордай ҳис этарди. Шу боисдан ҳам Каримбой билан бирга чорпоя ёнига борганларида:

— Энди нима қиламан? Эшитганлар нима дейди? Келиб-келиб спортчини ишлатибди, дейишмайдими? — деди.

— Қўйсанг-чи бунақанги гапларни! Ҳозир ўзи келсин, мардикор бозорда нима қилиб юрганини сўраймиз. Сен уни мардикор бозордан олиб келгансан-ку, тўғрими?

— Ҳимм.

— Бўлди унда.

Фазлиддин оёқ-қўлини ювди. Аммо лой бўлган кийимларини ечмади. Ахир қайтиб келиб яна ишлаши керак. Ишни охирига етказиши шарт.

Каримбой унга яна бошдан оёқ разм солди. Кейин дўстига юзланиб:

— Бу, томоғимизни ҳўллайсизми, йўқми? Ё ҳар доимгидай чой билан алдаб жўнатиб юбораверасанми? — деди.

Бу унинг сен нарироққа бориб тур, болакай билан алоҳида суҳбатим бор, дегани эди. Усмон ака шу заҳоти уни тушунди ва уларни ёлғиз қолдириб кетди.

— Менга қара, сенга оз эмас, кўп эмас, ўн минг сўм бергандим. Бунча пулга одамлар камида икки йил ишлашади. Сен бўлсанг шу пулга ҳам қарамасдан яна мардикорлик қилиб юрибсанми? — деди Каримбой дўсти кетганидан кейин.

— Берган пулингиз ҳаром экан, — дея жавоб берди Фазлиддин пинагини ҳам бузмасдан.

— Ҳаром?! — деб пешонасини тириштирди Каримбой.

— Ҳа, ҳаром экан. Устозим айтди.

— Унда нега ўша пулни ўзимга олиб келиб бермадинг?

— Бошида билмай отамга бериб қўйибман. Кейин қайтиб олиш ноқулай бўлди.

— Унда барибир ўша ҳаром пулни оиланг ишлатишига рози бўлибсан-да.

— Билмай олганим учун бир сафарга мумкин экан.

— Устозинг ким?

Фазлиддиннинг айтгиси келмади. Бироқ айни пайтда айтмасликни-да иложи йўқ эди. Шу боисдан бир муддат жим турганидан кейин имомнинг исми-шарифини тилига олди.

— Ҳимм, уми? Уни танийман. У айтган бўлса шундай. Нега ҳаромлигини ҳам айтдими?

— Айтди. Икки кишининг бирор нима устида ўртага пул тикиб баҳс бойлаши ва улардан бирининг ғолиб бўлиши қимор, деди. Қимор эса ҳаром.

— Менинг кимдандир ютиб олганимни қаёқдан билдинг?

— Ўзингиз айтдингиз.

— Ҳимм. Унда сенга давлат ҳам икки минг сўм берганди. Ўша пул ҳам кичкина эмасди. Уни нима қилдинг?

— Масжиднинг эҳсон қутисига ташладим.

— Ҳаммасиними?

— Ҳаммасини. Сиздан олганларимнинг бадали сифатида.

— Оббо! Ғалати бола экансан-ку! — деб Каримбой дўсти томонга ўгирилиб қаради-да: — А, бу томоқ қуриб кетди-ку. Шундайлигингни билганимда, ўзим билан олиб келган бўлардим! — дея бақирди.

Усмон ака унинг шундай дейишини кутиб турган экан, дарров келди, қўлида ўша у сўраган нарса ва иккита кичкина қадаҳча бор эди.

— Усмон, оғайни, бу бола нима деяпти? Бу менинг берганларимни бетинг-кўзинг демай ҳаром деди-ку, — деди Каримбой дўсти ёнига келиши билан унинг қўлидагини тортиб оларкан.

— Очиғини айтганда, мен нимани гаплашганларингни билмайман, лекин…

— Тўхта, — деди шу заҳоти Каримбой, — бу бола катта бўлса, худди сенга ўхшаган бўлади. Аниқ. Сен ҳам ойликдан бошқасига қарамайсан. Буям шундайга ўхшайди…

Усмон ака кулди ва Фазлиддиннинг ёнига келиб, унинг елкасига қоқиб қўйди-да:

— Нимаси ёмон? — деди.

— Ёмонлиги ўзингни ўзинг қийнайсан. Аммо сизларники тўғри.

Каримбой шундай деб иккита пиёлани тўлдирди. Кейин биттасини шу заҳоти бўшатиб, лабини қўлининг орқаси билан артаркан:

— Битта ҳавас қиладиган томоним шу. Лекин мен бошқа нарсаниям биламан. Ўзи мен билмайдиган нарсалар дунёда жуда оз қолган.

— Унда гапир-да, — деб Усмон ака Фазлиддинга қараб кўзини қисиб қўйди.

— Фазлиддин, — деди Каримбой ўта жиддий қиёфада, — менинг сенга берганларим сен учун ҳалол. Чунки мен сенга ҳадя қилганман. Ҳадя ҳамиша ҳалол бўлган. Шу гапларингни устозингга айт, агар устозинг йўқ, у ҳам ҳаром дейдиган бўлса, мен ўзимнинг эркаклигимдан воз кечаман. Мен у ёқда қандай пул топаман, нима қилиб топаман, униси менинг ишим. Сен уларни билмайсан. Аммо сенга бераётганим ҳадя. Домлалар ҳам бирор маросимга боришса, уларга тугунча бериб юборишади. Улар фақат Усмонга ўхшаган ўта коммунистларнинг уйларига эмас, бизга ўхшаганларникига ҳам боришади. Қайтаётганларида биз ҳалигидай қилиб юборамиз. Шу пайтгача бирортаси буни ҳаром, сен ҳаромдан даромад қиласан демаган. Аммо сен шу ёшингданоқ ҳаром-ҳалолни бир-биридан ажратаётган экансан, кам бўлмайсан, оғайни… Энди, — деб Каримбой чўнтагига қўлини тиқди-да, битта эллик сўмни чиқарди, — мана буни олиб қўй, бу ҳам сенга ҳадя. Студент ҳадя олиши шарт. Чунки ўқишнинг ўзи бўлмайди. Яна, оғайни, чемпион ҳолингга мардикор бозорига чиқиб юрма. Агар сенинг шундай юрганингни давлатнинг одамлари билиб қолишса, ўқиш жойингдаги директорнинг оёғи осмондан бўлади. Кўрдингми, йўқ жойдан кимгадир зиён етказиб қўясан.

Фазлиддин довдираб қолди. У бир пулга, бир Каримбойга қарарди.

— Олавер, — деди Усмон ака ҳам, — сенга қандайдир фоиз ёки ундай-бундай демаяпти, ҳадя беряпман деяпти. Топган пулим яхшиликка ишласин деяпти. Каримбой акангни ҳам ўйла. Эрта бир кун ҳаммамиз ҳам ўламиз. Ҳаммамиздан ҳам қандайдир яхшилик қолиши керак. Мени бу ярамас коммунист деди, — деб у Каримбойни кўрсатди, — ҳақорат қилди.

Каримбой дўстининг сўзларига кулди.

— Кўрдингми? — деди у Фазлиддинга. — Менга бор-йўғи мана шу Усмонгина шундай дея олади. Шунча қайтараман дедим, сира иложини қилолмадим. Сен оласанми ё қўлим толиб кетсинми?!

Фазлиддин унинг қўлидан пулни олди.

— Ана бу бошқа гап, энди енгил тортдим, — деди Каримбой, — энди кийимларингни алмаштириб, чорпояга чиқ. Сен ишламайсан. Мен Усмонга бошқа бир одам топиб бераман. У сенинг ишингни қилади.

— Йўқ, — деди Фазлиддин бошини чайқаб, — мен ваъда берганман, кечгача ишлайман. Ҳамма айтганларингизга кўндим. Энди менинг ҳам гапимга рози бўлинг. Барибир, ҳеч нарса еёлмайман.

— Индама, — деди Усмон ака, — энди буни ҳам ўз ҳолига қўй.

Шундан кейин Фазлиддин устанинг ёнига кетди. Уста лаблари орасида сигарета тутатиб, ҳовли томонга қараб деворнинг устида ўтирарди. У бўлиб ўтган гап-сўзларнинг бирини эшитди, бирини англаёлмай қолди. Аммо Фазлиддиннинг чемпионлигини билди. «Мен ҳам чемпионман, ўз ишимнинг чемпиони», дея кўнглидан ўтказди у.

Фазлиддин устага бир оғиз ҳам гапирмасдан яна лой хандаққа тушди…

Кечгача зўр иш бўлди. Девор деярли битди. Тепасида икки қатор қолди. У ҳам бўларди, қоронғи тушиб, ғишт теришнинг иложи бўлмай қолди. Ғишт ҳам тугаб қолди…

Фазлиддин лой кийимларини сумкасига тиқди. Кейин чўмилиб, овқатланди. Кетар маҳал:

— Ишни устанинг ўзи битириб қўя қолади. Жа бўлмаса, ўзим қарашиб юбораман. Сен энди бемалол дарсингни қилиб юравер, — деди Усмон ака ва келишилган йигирма беш сўмни унга узатди.

— Йўқ, — деди Фазлиддин, — олмайман. Оладиганимни ортиғи билан олиб бўлдим.

— Уни мен сенга берганим йўқ. Нима, сенда бор виждон менда йўқми? Ол, барибир, эрта бир куни керак бўлади. Ундан кейин бу пулларни пешона теринг билан ишлаб топдинг, — дея Усмон ака пулни унинг олдига ташлади.

— Агар, — деди уларни кузатиб ўтирган уста (у икки юзта отиб олганди. Ўзи сўраб олди. «Отмасам, чарчоғим чиқмайди», деди), — менга беришганида, яна қўшинг дердим. Ҳали ёшсан-да, — дея ҳиринглаб кулди.

Фазлиддин кетди.

Уйига соат ўнга яқин кириб борди. Бунгача Малоҳатнинг тоқати тоқ бўлганди. У неча марталаб дераза ёнига бориб ташқарига қаради. Ҳар қараганида ярим соатча турди. Ҳеч қаердан Фазлиддиннинг қораси кўринавермаганидан кейин кайфияти баттар тушиб, ошхонадаги стулга ўтирди. Китобдан бош кўтармай ўтирган опасининг ёнига кирмади. Дардини айтолмади. Кеч тушганидан кейин эса хавотири баттар кучайди. Ҳатто йиғлагиси келди. Аммо йиғлаёлмади. Опасидан қўрқди.

Ниҳоят, эшик қўнғироғи чалинди. Малоҳат бир сапчиб тушди. Югуриб бориб эшикни очди. Қаршисида ўша ўзи кутган одами… Унинг кўзига ёш тўлди ва ортига бурилиб кетди. Фазлиддин бунинг боисини тушунмади. Малоҳатнинг ҳатто салом бермаганидан эса ажабланди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: