Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (44-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (44-қисм)

Саида эса ўзининг хонасидан чиқиб келди. Фазлиддин унга салом берди.

— Қаерларга кетиб қолдинг? — деди Саида.

— Ҳа, бир жойда озгина ишим бор эди, — деб Фазлиддин ошхона томонга ўтди. Шунда унинг хаёлига нон олиб келмабман-ку, деган ўй келди. У ҳар куни кечки пайт нон олиб келарди. Оз оларди. Суви қочиб қолмасин дерди. Бугун эса… Қизлар барибир ҳеч қаерга чиқишмайди. Ҳали чиқишга қўрқишади. Демак, уйда нон йўқ.

— Эй-й, бир нарса эсимдан чиқиб қолибди, — деди у ва шоша-пиша изига қайтиб, оёқ кийимини кия бошлади. Малоҳат ажабланди. Қовоқчасини уйиб Фазлиддинга қараб турди. Фазлиддин унга эътибор бермасликка ҳаракат қилиб уйдан чиқиб кетди.

Шундан кейин Малоҳат у қолдириб кетган сумканинг ёнига келиб унга қаради. Сўнг опасига юзланди.

— Сумкаси бирор девор-певорга текканми дейман, — деди.

— Балки… Ким қаерга бориб келган у. Сумкаси теккандир-да. Очиб қара-чи, — дея маслаҳат берган бўлди Саида.

Малоҳат сумкани очди ва кўзи лой бўлган кийимларга тушди. Бирдан хаёлига отасининг: «Биз студентлик пайтларимиз мардикор бозорга чиқардик», дея айтган гаплари тушди.

— Опа, кийимлари лой, — деди у йиғи овозда.

— Лой? — дея унга тикилди Саида.

— Ҳа, лой. Қаергадир ишга борганга ўхшайди…

— Балки, ҳозир келсин…

— Йўқ, айтмайди…

— Яхшилаб сўраймиз-да…

Малоҳат опасига бошқа гапирмади. Хонасига кириб кетди. Кириб юзига сочиқни ёпиб кўз ёш тўкди. Аммо овозини чиқармади. У Фазлиддиннинг мардикор бўлиб юришини сира истамайди. Фазлиддиннинг ҳаёти бошқача кечишини истайди. У бошқаларга ўхшамаслиги керак. Ўзи ҳам ўхшамас эди. Аммо бирдан…

Фазлиддин анча нарига кетишга мажбур бўлди. У чиққан маҳал ҳамма дўконлар ёпилганди. Ҳеч қаерда нон йўқ эди. Шу боисдан ресторанга борди. Уч баробар қимматига нон сотиб олди. Кейин қайтишда югурди…

Бу сафар эшикни Саида очди.

— Қаерга кетиб қолдинг яна? — деди.

— Эсимдан чиқиб кетибди. Нон олиб келишим керак эди. Шунга… Ҳаммаёқ ёпилиб кетибди…

— Шарт эмасди. Малоҳат қуюқ овқат қилганди. Нонсиз ҳам еса бўлади. Овора бўлибсан.

— Барибир бўлгани яхши. Мен нонхўрман-да.

— Ҳа, кундузи қаерда эдинг?

Фазлиддин Саиданинг юзига қаради. Билдики, у буни ўзи учун сўрамаяпти. Кулди.

— Ҳашарга бордим. Бир танишим девор кўтараётган экан. Ҳашарга айтганди.

— Чиқ энди! — деди Саида ортига ўгирилиб.

Уларнинг суҳбатига хонасида ўтирган Малоҳат қулоқ солиб турганди. «Ҳашар» сўзини эшитганидан сўнг юзида табассум пайдо бўлди. Лабини тишлаб қўйиб:

— Ҳозир, — деди.

Аммо келганидан кейин опасига кўрсатмасдан Фазлиддинга қовоғини уйган бўлди. Унинг бу қилиғи кулгили чиқди. Чунки сохта эди-да. Шу боисдан Фазлиддин кулди.

Уларнинг муносабатлари кундан кунга илиқлашиб кетаётганди. Энди Малоҳат Фазлиддинсиз куни ўтмаслигини тўла-тўкис англаб етганди. Иккисининг ўртасида ишқий сўзлар бир оғиз ҳам бўлмасди. Бироқ улар шунчалик боғланиб қолишгандики, Фазлиддин ярим соатга бирор жойга кетса, ҳар иккиси ҳам соғинч ҳис этар эди.

Шундай кунларнинг навбатдагисида Хонзодахон қўнғироқ қилиб қолди. Бу пайтда Фазлиддин кимёдан масалалар ечиш билан овора эди. Роса берилиб кетганди. Бир лаҳзага бўлсин бошини кўтаргиси келмаётганди. Телефон гўшагини эса Малоҳат кўтарди. Унинг овозини эшитган Хонзодахон Малоҳатнинг саломига алик олганидан кейин:

— Солижон аканинг қайси қизисиз? — деди.

Малоҳатнинг бирдан энсаси қотди. Қўнғироқ қилган аёлнинг шу биргина саволидан отасини рашк қилди.

— Кичкинаси, — деди у истар-истамай.

— Саидахон қалай? Дарс қиляптими?

— Ҳа.

— Фазлиддин-чи?

— У ҳам.

— Унақа деманг, қизим. Улар денг. Ҳурмат қилинг. У дейишингиз сенсирашдай гап. Энди Фазлиддинни бир телефонга чақириб юборинг.

Малоҳатнинг баттар энсаси қотди. Аммо шунга қарамай, бориб Фазлиддинни чақириб келди.

Фазлиддин ўқитувчисининг овозини эшитиши билан жилмайди ва Малоҳатга қараб қўйди.

— Болам, қаерлардан юрибсан? Уч кундан бери бутун шаҳар оёққа турган. Ҳамма сени излаяпти, — деди Хонзодахон шогирдининг саломига алик олганидан кейин.

— Тинчликмиди, опа, нега излашаяпти? — дея ҳайрон бўлиб сўради Фазлиддин.

— Эртага соат саккиздан кечикмасдан, билим юртига бор. Директор сени кутаяпти. Янгилик бор эмиш. Фақат, албатта, бор. Қайсарлик қилма.

— Хўп.

— Бўпти, хайр.

Фазлиддин секин гўшакни жойига қўйиб, ўзига термилиб турган Малоҳатга қаради:

— Директорга менинг нима керагим бор экан? — деди.

— Анави аёл айтмадими?

— Йўқ, айтмади.

— Ким эди у?

— Бизга дарс беради.

— Отамни қаердан танийди?

— Мен таништириб қўйгандим. Эсингизда бўлса, Саида опамга ёрдам бераман деганди. Кейин мана шу уйнинг эгаси.

— Ҳимм.

— Музқаймоқ еймизми? — сўради Фазлиддин жилмайиб.

— Еймиз.

— Кетдик.

— Ҳозир Саида опамга айтай.

— Яхши.

Улар ўша янги очилган музқаймоқхонанинг доимий мижозларига айланиб қолишганди. Деярли ҳар куни боришарди у ерга. Камида икки соат ўтиришарди…

Эртаси куни Фазлиддин айтилган пайтда билим юртига борди. У ерда деярли ҳеч ким йўқ эди. Ўқув биноси худди ташландиқ иморатга ўхшарди. Бечора бўлиб кўринарди.

У ичкарига кириб, иккинчи қаватга чиқди. Сўнг директорнинг эшиги ёнига бориб, бироз тараддудланди ва ичкарига қулоқ тутди. Ичкарида эса русча суҳбат кетаётганди. Аммо Фазлиддин бунга эътибор бермай, секингина эшикни тақиллатди.

— Кираверинг, эшик очиқ, — деган овоз эшитилди ичкаридан.

Фазлиддин директорнинг ёнида Владимир Бодровни кўраман деб ўйламаган эди. Кирди-ю, ҳайрон бўлиб қотиб қолди.

— Мана сиз қидириб юрган қочоқ бола! — деди қориндор директор ўрнидан тураркан.

— Ниҳоят, — деди Бодров рус тилида.

— Мен…

— Ҳа, сен, — деди директор Фазлиддиннинг гапиришига йўл қўймай.

Фазлиддин ҳеч нарсага тушунмай, турган жойида қотди.

— Сени қидирмаган жойим қолмади! — деб жилмайди Бодров. — Кел, ўтир, — дея ўзининг рўпарасидаги стулни кўрсатди.

Улар бир-бирлари билан қўл бериб кўришишди.

— Фақат бу спорт устозинг эмас, мен ҳам қидирдим. Кейин бирдан хаёлимга Хонзодахон келиб қолди. Ҳар қалай, у сенинг қаердалигингни биларкан, — деди директор Фазлиддин ўтирганидан кейин.

— Нега машғулотларга бормай қўйдинг? — дея сўради Бодров директор гапириб бўлиши билан.

— Дарсларим кўпайиб кетганди, — деб жавоб берди Фазлиддин хотиржам.

— Лекин спорт ҳеч қачон дарсга халақит бермаган.

— Тўппа-тўғри, — деб Бодровнинг сўзларини маъқуллади директор.

— Гап бундай, оғайни. Сени Москвадан сўрашган.

— Нега? — дея ҳайрон бўлиб Бодровга қаради Фазлиддин.

— Мен сени рўйхатга киритганман. Сендан бошқани киритишим мумкин ҳам эмасди. Хуллас, йигирма кундан кейин Европа биринчилиги бўлади…

— Лекин мен боролмайман. Мен бир йиллик дарсларни уч ойда битиришим, кейин кузда имтиҳон топширишим керак.

— Бу йигитимизни, — Фазлиддиннинг гапларига тушунча бера бошлади директор, — биз бир йилга сакратмоқчимиз. Иккинчи курсда ўқимайди. Тўғри учга ўтади. Педсоветда шунга қарор қилинган.

— Аммо чемпионга енгиллик берилади, менимча, — деди Бодров.

— Албатта…

— Аммо мен ўқиб топширмасам бўлмайди.

— Ростини айтайми? — деди Бодров. — ССРИ кубогидан кейин сен бирдан ўзгариб қолдинг. Сенга кимдир нимадир деганга ўхшайди. Мен илгари ҳам бу ҳақда сендан сўрагандим. Лекин индамагансан. Энди очиғини айт, грузинлардан бирорта босим бўлганмиди ўшанда?

— Йўқ.

— Унда нега ўзгардинг?

— Билмайман. Ўқишга…

— Бу баҳона.

— Фазлиддин, — деди директор, — сен бутун бошли СССР номидан борасан. Бундай ишонч ҳаммага ҳам берилавермайди. Гапир, болам, сени нима қониқтирмаяпти?

— Ўқишим керак, — дея қисқа жавоб берди Фазлиддин.

— Агар, — деди директор ва тортмасидан чеккилик қутисини олиб столнинг устига қўйди, — ўқиб профессордан ҳам кўп биладиган даражага чиқиб кетсанг-у, бу ёқда бутун бошли Москванинг ишончини суиистеъмол қилсанг, сен нафақат сакрайсан, балки ҳайдалиб кетишинг ҳам ҳеч гап эмас.

— Нима? — дея ажабланиб сўради Фазлиддин.

— Чунки ҳали айтдим сенга, Ватан обрўси, шон-шуҳрати тикилган ўртага. Бундай пайтда бўйин товлаган одам ҳеч қачон кечирилмайди… Борсанг, муносиб ҳимоя қилсанг, сен ўқимасанг ҳам биз сени курсдан курсга сакратиб юборамиз. Буни мен сенга тўла ишонч билан айтяпман.

— Директор тўғри гапиряпти, — деди Бодров, — фақат чемпионларгина халқаро мусобақаларга боришади. Сен ютган грузин спортдан чиқиб кетган. Бошқалар шунчаки ютқазиб қайтишади. Шармандаликни эса юқоридагилар кўтара олишмайди. Қолаверса, мениям оёғимни осмондан қилишади. Ишлагани қўйишмайди. Кўрдингми, бормаслигинг орқасидан қанча одам жабрланади?

Фазлиддин бошини эгди.

— Ҳали, — дея гапини давом этказди Бодров, — қанча машғулотларни ўтказиб юборгансан! Тикланишинг учун ҳам кўп вақт кетади.

— Бўлди, — деди директор, — боради. Бориб, керак бўлса, чемпион бўлиб келади. Ҳали менга спорт комитетидан ҳам қўнғироқ қилишганди. Роса гап ҳам эшитдим. Ўқувчингнинг қаерда юрганини билмайсан, дейишди.

— Унда, — деди Бодров директорга қараб қўйиб, — бугун соат учда машғулотни бошлаймиз.

— Хўп, — деди ноилож қолган Фазлиддин.

У сўлиганча уйига қайтди. Кўнглига ҳеч нарса сиғмаётган эди. У агар мусобақада иштирок этадиган бўлса, Каримбой яна унинг номидан пул тикадигандай туйилаверди… Аммо энди ортга йўл йўқ. Нима бўлишидан қатъи назар, мусобақада қатнашиши шарт. Мусобақа Лондонда бўларкан. «Эҳ, — деди ўзига ўзи, — инглиз тилини ҳали тўла ўрганишга улгурмагандим».

Малоҳат унинг ичида кечаётган ўй-хаёллардан бехабар табассум билан кутиб олди. Аммо Фазлиддиннинг юзидаги сўлишни кўриб, бирдан жиддий тортди ҳамда:

— Тинчликмикан? — дея сўради.

— Шуни билмадим-да. Яна мени мусобақага олиб боришмоқчи. Атайлабдан машғулотларга бормай қўйгандим, — деди Фазлиддин.

— Қаерга?

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: