Антиқа робот-чангютгич: зинадан ўзи чиқа олади, заряди тугаса, қувват олиш базасига мустақил етиб олади, сувни ўзи алмаштиради ва… (видео)

Антиқа робот-чангютгич: зинадан ўзи чиқа олади, заряди тугаса, қувват олиш базасига мустақил етиб олади, сувни ўзи алмаштиради ва… (видео)

Калифорниянинг стартап компанияси «Мigо Robotics» томонидан инновацион робот-чангютгич ихтиро қилинди: «Ascender» ўзининг квадрат шакли билан нафақат хона бурчакларини яхши тозалайди, балки зинапоялар бўйлаб тепага чиқиш ва пастга тушиш функциясига ҳам эга, деб ёзмоқда daryo.uz.

Мазкур гаджет зинапояга кўтарила оладиган илк тозаловчи-робот саналади. Лойиҳа устида «Google», «Boston Dynamics» ва «Dyson»нинг собиқ ходимларидан иборат жамоа иш олиб борган.

«Ascender» чангютгични кўтарадиган иккита “оёқ” билан жиҳозланган. Қурилма кўп қаватли кенг уй эгалари учун жуда қулайдир.

Робот-чангютгичнинг 12000 мА/соат батареяси 500 квадрат метр ҳажмдаги хоналарни тозалаш учун етарли. Агар иш вақтида унинг заряди тугаб қолса, гаджет қувват олиш базасига мустақил етиб олади ва қолган ишларни тўхтаб қолган қисмидан давом эттиради.

«Ascender» нам тозалаш ишлари билан биргаликда гиламларни тозалаш, ўз-ўзини фильтрлаш ва сувни автоматик тарзда алмаштириш қобилиятига эга. Қурилмага камера ва GPS ўрнатилган бўлиб, инсон аралашувисиз 30 кун мобайнида тозалаш ишларини амалга ошира олади. Унинг ахлат учун мўлжалланган қопини 2 ойда бир марта алмаштириш кифоя.

«Миго Ascender» биринчи марта 2023 йил июнда тақдим этилган. Ҳозирда унинг нархи 1500 долларга баҳоланмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: