Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (45-қисм)
— Англияга, — дея бошини қашлади йигит.
Малоҳатнинг лаби-ю юзида табассум пайдо бўлди.
— Сизнинг боргингиз келмаяпти, тўғрими? — деди у.
— Ҳа.
— Лекин борсангиз зўр бўлади. Баҳонада дунё кезиб келасиз. Таътилга чиққанингиздан бери ҳали тузук-қуруқ қишлоққа ҳам бормадингиз. Тўғрисини айтсам, имкони бўлганида, мени ҳам олиб кетинг дердим. Лекин бунинг иложи йўқ. Агар борсангиз, у ёқдаги одамлар, умуман, кўрганларингизнинг ҳаммасини гапириб берардингиз.
«Сендан айрилиб қоламан-да. Ёзги таътил, кириш имтиҳонлари дарров ўтиб кетади. Кейин сен қишлоққа қайтиб кетасан. Мен бўлсам, бу ерда қоламан. Бутун ўй-хаёлим сен билан банд бўлади. У ёқда сен, бу ёқда мен ич-этимизни еб ўтирамиз», дея кўнглидан ўтказди Фазлиддин.
— Агар, — деди у кўнглидагини тилига чиқармай, — сен шуни хоҳлаётган бўлсанг, борганим бўлсин.
— Яна шоколад олиб келасиз менга, — деб кулди Малоҳат.
— Ҳа, тўғри. Мен у ёғини ўйламаган эканман. Қани, кўрамиз, улар шоколадларни қандай тайёрлашаркин? Капиталистлар, ярамаслар…
— Балки, яхши одамлардир. Бир бориб кўринг.
— Келишдик. Лекин уйга бориб келишимга ҳам рухсат беришмас экан. Чунки шундоқ ҳам кўп вақт йўқотибмиз. Ҳар бир минут ҳисобда эмиш.
— Унда кайфиятни кўтарамиз. Сиз бир сафар музқаймоқ кайфиятимни кўтарди, деганмидингиз?
— Шундай.
— Емаймизми?
— Мен унда кетдим.
Малоҳат деярли ундан ажралмай қўйди. Фақат бомдод намози ўқишга ва кураш билан шуғулланишга Фазлиддиннинг ёлғиз ўзи кетарди.
Улар жуда кўп гаплашишарди. Гапларининг сира охири кўринмасди… Кейин Малоҳат қўрқа бошлади. Ахир яқин кунларда уларни айрилиқ кутиб турибди. Агар ҳозир ҳаддан зиёд боғланиб қолса, Фазлиддин кетганидан кейин нима аҳволга тушади?
У Хадича опадан дарс олгани борганида мана шундай кайфиятсиз бир аҳволда эди. Хадича опа аллақачон бу қизгинанинг Фазлиддинда кўнгли борлигини англаб бўлганди. Чунки бир неча марта синаб кўрди. Фазлиддинни мақтади. Шу заҳоти Малоҳатнинг юзи яшнади. Камчиликларини айта бошлаганида эса қизгинанинг қовоқчаси осилди. Ичида хурсанд бўлди. Аммо айни пайтда уларнинг битта уйда яшаётгани унга сира ёқмасди. Иккови ҳам бир-бирини севади. Бундай пайтда бунчалик яқинда яшаш… Ахир ўртада шайтон бор. Ҳозир, айниқса, шайтон уларга жуда қаттиқ ҳужум қилади. Чунки ҳар иккови ҳам иймон томонга кетяпти. Буни кўрган шайтон сира чидаб туролмайди. Нима қилиб бўлмасин, уларни йўлдан оздиришга ҳаракат қилади.
— Нима бўлди? — деди Хадича опа Малоҳатнинг хафалигини кўриб.
— Ҳеч нима, — дея жавоб берди Малоҳат жилмайишга уриниб.
— Алдаманг. Алдаш сираям сизга ярашмайди. Юз-кўзларингиз айтиб турибди. Нима бўлди? Ростини айтинг.
— Ўзим. Бугун қандайдир ҳаво иссиққа ўхшайди. Ундан кейин дим…
— Ҳимм. Ким билан келдингиз?
— Бир ўзим.
— Фазлиддин-чи?
— У шуғулланишга кетди. Бошида бир кунда бир бораётганди. Энди эрталабдан кетяпти.
— Мусобақага кетишига қанча қолди?
— Бир ҳафта, — деб жавоб қилди йиғламоқдан бери бўлиб турган Малоҳат.
— Шунга хафамисиз?
—…
— Ўзимнинг ширингина қизим, — дея Хадича опа Малоҳатни қучиб пешонасидан ўпди, — айрилиқ қанчалик оғирлигини яхши биламан. Домла неча марталаб вилоятларга кетган. Ҳатто бир сафар чет элга бир ойга кетган. Давлат жўнатган.
— Шунда сиз нима қилгансиз? — дея соддалик билан сўради Малоҳат.
— Нима қилардим? Худодан эсон-омон етиб келишини сўраганман. Кейин кутганман. Тамом.
Малоҳат хўрсинди.
— Ҳой қиз, — дея Хадича опа Малоҳатнинг юзидан секингина чимдиб қўйди, — сизга бундай юриш асло ярашмайди. Мен сизни тўла-тўкис тушунаман. Аммо Фазлиддин сизга номаҳрам. Маҳрам бўлишига эса ҳали анча бор. Агар ҳозирданоқ бунақа бўлса… Билинг, мен сиз билан гаплашмай қўяман. Яна тоат-ибодатларингизнинг бари ҳавога учади. Фазлиддинга ҳам зиён етказиб қўясиз. Мен ўзи анчадан бери бизникига кўчинглар деб айтсамми, деб юргандим…
Малоҳат бирдан қўрқиб кетди ва ортига тисарилди.
Хадича опа эса кулди.
— Бунчалик кўнгил берманг. Аллоҳнинг ғазаби келади. Банданинг бандага ҳаддан зиёд боғланиши мумкин эмас… Ишқилиб, ёлғиз қолиб кетмаяпсизларми?
— Йўқ. Ҳамиша Саида опам бўлади. Жуда ёнимизда ўтирмаса ҳам, гапларимизни эшитадиган узоқликда бўлади.
— Вой қизгинам, эҳтиёт бўлинг. Ҳамиша оралиқни сақланг. Худо хоҳласа, Фазлиддин ажойиб инсон бўлади. Унинг йўли тўсилишига сабабчи бўлманг. Хўпми?
— Хўп, — дея бошини ирғади Малоҳат.
Шундан кейин Хадича опа дарс ўта бошлади.
Илгари улар орасида бунчалик очиқ сўзлашув бўлмаган эди. Хадича опа шаъмалар билан ёки мисоллар билан Фазлиддиндан узоқроқ бўлишни тушунтирарди унга. Бугун эса ҳаммасини борича гапирмаса бўлмайдиган кўринди.
Аммо Малоҳатга қийин бўлди. Аввало, уйга борганидан кейин Фазлиддиннинг келишини интизорлик билан кутди. Келганидан кейин эса дарров гаплашишга чоғланди. Шунда Хадича опанинг сўзларини эслади. Яна унинг бахтига Фазлиддин ниҳоятда чарчаб келган экан. Стулга ўтириб Малоҳат узатган пиёлани қўлига олди-ю, кўзи юмилиб кетаверди.
— Озгина дам олсам майлими? — деди у.
Ўзи тайёр бўлиб келган экан. Шундоқ ёстиққа бошини қўйди, тамом, бирпасда қотиб ухлаб қолди.
Шундай ҳолат уч кун кетма-кет давом этди. Аммо кейинги куни Фазлиддин тетик келди. Ҳатто музқаймоқ кўтариб келибди. Малоҳат пиширган маставани мақтаб-мақтаб ичди.
— Бугун шуғулланмадингизми? — дея сўради Малоҳат.
— Деярли. Хўп, нима қиламиз?
— Имтиҳонга тайёргарлик кўрасан!..
Ошхона ёнидаги хонада ўтирган Саида унга шундай деб жавоб берди.
— Ҳа, энг тўғри гап шу. Имтиҳонга тайёргарлик кўрамиз. Фақат энди мендан ҳатто имтиҳон ҳам олишмаскан. Шундай бориб ютиб келсам, олам гулистон бўларкан. Аммо чучварани хом санашибди. Бутун дунёдан курашчилар келади. Ҳозир ҳаммаси худди менга ўхшаб тинимсиз шуғулланишяпти. Ундан кейин уларнинг курашдан бошқа ташвиши ҳам йўқ. Фақатгина мен ўзимни тўқсон тўққизта нарсага урганман. Лекин ҳаммасидан ҳам кўра химия, физика билан шуғулланиш минг марта афзал. Айтганча, фан олимпиадалари ҳам бўларди. Лекин негадир ҳеч биттасига мени таклиф қилишмайди. Агар таклиф қилишганда жон деб қатнашган бўлардим.
— Энди овқатингизни енг, — дея кулди Малоҳат.
— Мана буниси тўғри гап. Чунки нақ беш кило йўқотибман. Унақада ўзимнинг оғирлигимдагилар билан тушолмасканман.
Шундай деб Фазлиддин иштаҳа билан овқатланишга тушиб кетди.
Қолган уч кун ҳам кўз очиб юмгунча ўтди-кетди.
Малоҳат Фазлиддинни кузатаётганида йиғламасликка ҳаракат қилди. Бироқ сира уддасидан чиқолмади. Барибир кўз ёш тўкди. Эвазига, Фазлиддин хайрлашиб кетганидан сўнг Саидадан гап эшитди.
— Сен қиз жинни-пинни бўлиб қолганга ўхшайсан. Очиғи, шунақалигингни билганимда, умуман бирга олиб келмасдим. Эсинг жойидами? Фазлиддин ҳозир сенга ким? Ҳеч ким! Ана шу ҳеч ким учун ўлиб-тирилиб юрибсан. Эшитганлар нима дейди? Отам билан онамни тириклайин гўрга тиқмоқчимисан? Агар шуни деб ўлиб қолаётган бўлсанг ҳам, чида. Яна бу арабча ўқирмиш. Шу имтиҳонларим тугасин, бир минут ҳам турмайсан бу ерда. Керак бўлса, уйдагиларга айтиб, сени бу ёққа умуман ўқишга жўнаттирмайман. Ҳозирдан шундай бўлсанг, яна икки йилдан кейин тоза хотини бўлиб оларкансан!..
— Опа! — деди Малоҳат Саиданинг сўнгги гапларини эшитиши билан. — Ўйлаб гапиринг! Ҳар бало деяверманг! Керак бўлса, шу бугун кетишим мумкин! Кетайинми?!
— Билганингни қил!..
Иккиси ҳам бир-биридан ёмон аразлаган экан. Уч кун гаплашмай юришди. Учинчи куни уларникига Хадича опа келди. Ана шунда пайт пойлаб Саида ичидаги борини унга тўкиб солди. Унинг пичирлаётганини сочиқ олиб келиш учун қўшни хонага кирган Малоҳат эшитди. Шу боис бир муддат кирмай турди. Айни пайтда у опасининг сўзларини эшитиб қолмаслик мақсадида қулоқларини беркитиб олди. Хаёлида: «Кетаман, нима бўлса ҳам кетаман», деган ўй айланаверди.
Хадича опа Саиданинг ҳамма гапларини эшитганидан сўнг Малоҳатни чақирди.
— Нима бўлди, қизим? — дея сўради.
Малоҳатнинг боши эгилди. Юзи қизарди. Кўзларидан ёш оқиб, ерга туша бошлади. Аммо ундан жавоб чиқмади. Шунда Хадича опа Саидага юзланди.
— Саидахон, агар сиз Фазлиддиннинг ўрнига бошқа бир болани гапирганингизда, мен ҳам сиз томон бўлардим. Аммо Фазлиддин ниҳоятда тарбияли, билимли йигит. У нима қилишни, нимани гапиришни билади. Зарур бўлмаган, тақиқланган ишнинг умуман яқинига келмайди. Аммо шунга қарамасдан, барибир, бир-бирларингга бегона экансизлар, узоқроқ бўлганинглар маъқул. Аммо ҳозир фожиа ясамаслик керак. Нима бўлса, Аллоҳнинг изми билан бўлади. Бир-бирларинг билан аразлашиб ўтиргандан кўра, дуо қилинглар, Фазлиддин омон-эсон, юзи ёруғ бўлиб келсин. Бечора йигит шу ёшида ўзининг оғирлигидан минг баробар кўп юкни елкасига олволган. Саидахон, сиз каттасиз. Айтаётган гапларингизга жуда эътиборли бўлинг. Битта нарсани ҳар хил гапириш мумкин.
— Хўп, — дея бошини ирғади Саида.
— Энди ярашинглар.
Хадича опа шундай деб ўрнидан турди-да, Малоҳатни қучоқлаб юзидан ўпди.
— Ўзимнинг ширин қизим, — деб эркалади.
Шу билан опа-сингил аразни унутишиб, яна аввалгидай бўлиб олишди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)