Мухлиси 10 000 доллар қистирган хонанда нега Ҳамдам Собировдан хафа? (видео)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева “Миллий” телеканалининг “Shou biz news” кўрсатувига интервью берди. Қуйида шу суҳбат видеоси ва матни билан танишасиз.
— Чақалоқ парваришида қийналмаяпсизми?
— Қизим — 10 йил кутилган фарзандимиз. Қиз фарзандни жуда ҳам орзиқиб кутганмиз. Албатта унга қарашга яқинларим ёрдам бергани учун қийналмаяпман. Шунинг сабаб 1 мартдан бошлаб ижод ва хизматларга қайтдим.
— Қизингизга айнан Меҳрибон деб исм қўйишингизга сабаб нима?
— Турмуш ўртоғим доим менга “Юлдуз, қизимиз бўлса исмини Меҳрибон деб қўяйлик”, дердилар. Мен эса Меҳримоҳ қўйишни хоҳлагандим. Лекин турмуш ўртоғим астойдил ният қилган эканлар, Меҳрибон исмини танладик.
— Овозингиз ўзингизга ёқадими?
— Овозим ўзимга ёқмайди. Қўшиқларимни эшита олмайман. Гапирганимда овозим ёқади, лекин куйлаганимда эшита олмайман. Уйда ҳам фарзандларим менинг қўшиғимни қўйишса, бошқа хонага чиқиб кетаман.
— Рэпертуарингиздаги ўзингизга ёқмайдиган қўшиғингиз қайси?
—“Фикр-у хаёлим сендадир” деган қўшиқни куйлаганимдан афсусланаман. Унга клип ҳам суратга олганмиз бунинг устига.
— Энг қимматга тушган қўшиғингиз қайси?
— Мени оммага танитган “Она, мен келдим дегин” деган қўшиғимизнинг клипига 5 минг доллар, бунгача эса қўшиқни сотиб олишга ҳам пул сарфланган. Унга умумий 7 минг доллар кетган.
— Гардеробингиздаги энг қиммат кийим?
— Кийим жавонимдаги энг қиммат кийим бу — Balmain брендига оид пиджак. Уни 3900 долларга олганман. Аслида сўнгги 2-3 йил ичида қимматбаҳо кийимлар сотиб олишни бошладим. Унгача кийимга кўп пул сарфламасдим. Европага борганимда қимматбаҳо брендларга ҳавасим келиб сотиб олдим. Лекин қиммат кийим олсангиз, уни жуда ҳам авайлаб кияр экансиз.
— Тўйда энг кўп қанча пул “қистиришган”?
— Битта тадбирда бошқа тилдаги қўшиқни куйлаганимда 10 минг доллар қистиришган. Ўшанда бошқа миллат вакилига қўшиғим шу қадар манзур бўлганидан у хизмат ҳақимдан ташқари қўлимга 10 минг доллар берган. Лекин бошқа бир озарбайжонча қўшиғим учун ундан ҳам кўпроқ пул олганман. Биз 15 киши бўлиб борганмиз. Ҳаммамизга совға-салом, меҳмондорчилик ва “икки миллат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаганим учун” жуда катта пул беришган.
— Эшитишимизча, сиз Ҳамдам Собировдан хафа экансиз?
— Шу пайтгача ижодкорлар билан орамизда ҳеч қандай келишмовчиликлар бўлмаган. “Майли” қўшиғимизни Ҳамдам Собиров ёзиб берган, у мухлисларга жуда манзур бўлган эди. Шунинг учун Ҳамдамга қўнғироқ қилиб қўшиқ сўрасам “Ҳозир унақа қўшиқлар йўқ”, деди. Лекин бошқа хонандаларга ёзиб беряпти. Шундан кейин билдимки, балки унга кўпроқ гонорар таклиф қилиш керакмикан? У мени Instagram саҳифасидан ҳам чиқариб юборибди, ҳозир мен ҳам уни кузатмайман. Бу гапларни мавзу тўғри келгани учун гапирдим, у билан ҳамкорлик қилгим келади, чунки яхши ижодкор.