“Касалхонада 4 марта ҳаёт билан хайрлашганман”. Раъно Шодиева рус келинини қандай қабул қилган? (видео)

“Касалхонада 4 марта ҳаёт билан хайрлашганман”. Раъно Шодиева рус келинини қандай қабул қилган? (видео)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева саратон касаллигини енггани ҳамда рус миллатига мансуб келинини қандай қабул қилгани ҳақида сўзлаб берди.

Яшаш истаги

— Туркияда даволанаётган пайтимда энг камида тўрт марта ҳаёт билан хайрлашдим. Ҳатто шифокорларнинг ўзлари ҳам “Яқинларингизни, турмуш ўртоғингиз ва болаларингизни чақиринг, улар сиз билан хайрлашишга улгуришсин”, дейишган. Шундай гаплардан кейин мен ҳамма нарсага тайёр эдим. Организмим, иммунитетим чарчаб қолган эди. Ҳаётдан кетаётганимни қабул қилиб бўлган эдим. Кунлардан бирида эрта тонгда кўзимни очдим ва ўзимга “Сен нима қиляпсан? Қаерга кетмоқчисан? Тўғри, фарзандларинг сенсиз ҳам яшашда давом этади. Лекин ўзинг-чи? Яшашни истамайсанми?” дедим. Шу тарзда ўзим билан ўзим суҳбатлашиб, ўзимни ерга туширдим. Авваламбор Аллоҳ, лекин инсон касал бўлганида ўзига раҳми келмаслиги керак. Имкон қадар курашиш керак. Шифокорлар менинг яшаб кетганим мўъжиза эканлигини айтишди.

— Биринчи операциядан кейин метастаз кузатилди ва мени иккинчи операцияга тайёрлай бошлашди. Ўшанда “Мендирман Жалолиддин” сериалининг иккинчи фасли съёмкаси бошланган эди. Ўрнимга бошқа актриса олишса, мендан ҳам яхши ўйнаб берарди балки. Лекин мен образимни бошқа актрисадан қизғандим. Ўшанда продюсерларимиз менга қўнғироқ қилиб, “Ўзингиз ўйнаб бера оласизми?”, дейишди. Мен эса фақат маълум шарт-шароитлар асосида ишлай олишимни айтдим. Меҳмет Бўздағ “Ролингизни ўзингиз ўйнаб берсангиз, мамнун бўлар эдик”, деди. Шу гаплар ҳам менга катта туртки бўлди.

Шифокорлар менга 8 соат давом этадиган кимётерапияни қилишди, ундан сўнг эса 42 соатлик бошқа кимётерапияни улашди. Мен салкам уч кун мобайнида кимётерапия олиб юрганман. Бўйнимга осиладиган сумкачага химияни солиб қўйишарди. Мен ўша ҳолатда сумкани кийимларим тагига яшириб, сериалда суратга тушганман.

“Кўзларим энди порламаса-чи, деб ўйладим”

— Муолажалардан кейин жуда озиб кетдим. 43 килограмм эдим ўшанда. Бир куни касалхонада ойнага қараб ўзимни таний олмай қолдим. Юзим бир аҳвол, терим қуриб кетган, кўзимдаги ёғду сўниб қолгандек эди. Наҳотки энди кўзларим аввалгидек ёнмаса, деб ўйлаганман. Шифокорлар эса секин-аста организмим қайта тикланишини айтишган. Шукрки, буларнинг ҳаммаси орқада қолди ва мен яна ўз ишимга қайтдим. Ҳозирда битта сериалда суратга тушмоқдаман. Режиссёрга бир кунда 6 соатдан ортиқ ишлай олмаслигимни айтганман. Режиссёрлар ҳозир мени жуда яхши тушуниб, шартларимга кўнишади. Улар менинг профессионализмимни қадрлашади.

Келини Анастасия билан муносабатлари ҳақида 

— Туркияда бўлганимда ўғлим бошқа миллатга мансуб қизни севиб қолганини айтди. Унинг бу қарорини қабул қилиш мен учун қийин кечган. Бир оз қарши ҳам бўлганман. Урф-одатларимизга кўра тўй қилишимиз керак, деб ўйладим. Онам “Раъно, сен бу ҳақда ўйлама, мен ўзим ҳал қиламан”, деди. Шундан кейин онам қудамникига бозорлик қилиб олиб борибди. Улар кечаси билан суҳбатлашиб чиқишган. Шунда онам менга қўнғироқ қилиб, “Раъно, ташвишланма, жуда яхши инсонлар экан”, дедилар. Келиним Настья ростдан ҳам жуда яхши қиз. Уни ўз фарзандимдек кўраман. Ўғлимга ҳам уни хафа қилдириб қўймайман.

@shoubizyangiliklari

Дўстларингизга ҳам юборинг: