Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (47-қисм)
Жугашвилли эрталабдан тўрт шиша пивони бўшатди. Дарвоқе, у бошқалардан фарқли ўлароқ, бир ўзи битта хонада яшаётганди. Кейин айвонга чиқиб чекди. Худди шу пайт Фазлиддин чечен йигит билан лифтда пастга тушаётганди. Кенг, бемалол ўн киши сиғадиган, ёруғ, салқингина лифт. Унинг қандай кўтарилиб, қандай тушишини сезмайсан ҳатто.
Хуллас, улар фойедан ўтаётганларида ҳам Жугашвилли сигаретасини чекканча пастга қараб турганди. Аммо йигитлар эшикдан ташқарига чиқишлари билан у бармоқлари орасидаги сигаретани кулдонга эзди ва ҳожатхонага шошди. Чунки пиволар ўз кучини кўрсата бошлаганди.
Улар энг яқин озиқ-овқат дўконига киришди. Ҳар икковининг ҳам бирдан кўзи ёнди. Ахир расталарга тахлаб қўйилган нарсаларни тушларида ҳам кўришмаганди-да. Ҳар хил ичимликлар, ширинлик ва ҳоказолар… Аммо улар ўзларини анграйган ҳолда тутишлари мумкин эмасди. Ўзларига-ўзлари: “Бу нарсаларнинг бари чикора, бизда булардан минг баробар зўрлари бор!” дейишди. Ҳа, шундай деб ўзларини ўзлари ишонтирмоқчи бўлишди. Кейин харид қилишди. Чечен жуда антиқа бир нарсани сотиб олгани чиқмаган экан. Икки қути шоколад, салқин ичимлик ва яна нотаниш бўлган ширинлик олди. Қизиғи, у сотувчига доллар берди. Сотувчи ҳам индамай олиб қолаверди. “Бу Американинг пули, бизда бундай пуллар ўтмайди”, демади. Индамай битта йигирматалик купюрани олди-да, қайтимига фунт-стерлинг берди. Чечен мардлик қилди. Фазлиддинга бир қути шоколад олиб берди.
Бор-йўғи қилган ишлари мана шу. Аммо шугинани ҳам Жугашвилли билиб қолганида, уларни бир ёқли қилиб юбориши мумкин эди.
Фазлиддин шоколадни сумкасига жойлади. Кейин каравотига ётганида, уни Жугашвилли йўқлаб келди. У ғирт маст экан.
— Нима қиляпсан? — дея сўради у кўзлари сузилиб.
— Ётибман, — деб жавоб қилди Фазлиддин.
— Сенларга роса кайф бўлиб қолди-я! Давлатнинг қанча пули кетаётгани билан ишларинг йўқ. Ҳамманг ишрат қиляпсан. Бекордан-бекорга ётибсан!..
— Нима қилай? Сакрайми ё думалайми? — деди энсаси қотган Фазлиддин.
— Сен боланинг тилинг чиқиб қолибдими? Нега келганингни биласанми?
— Курашгани келдим.
— Хўп, яхши биларкансан, шуғулланмайсанми? Қара, чемпион бўлишларинг керак. Бунақа ётишларингда сенлар чемпион бўлмайсанлар. Давлат бекордан бекорга пул сарфлагани қолади. Спорт залга туш. Бўл тез!
Жугашвилли эшикни қарсиллатиб ёпиб, қорасини ўчирди.
Кейин у бориб, бошқаларнинг ҳам асабига тегибди. Чечен бола, сал бўлмаса, уни уриб, жағини синдириб қўяёзибди. У: «Зўрға ўзимни босдим. Шайтон олдимга келиб: «Нима қилиб қараб турибсан? Бу ит маст бўлиб, сени ҳақорат қилишини қара! Жағига бир-икки мушт тушир, кўзи мошдай очилсин», деди. Лекин мен унга ҳай бердим», деди.
Кечга яқин мусобақага кетганлар қайтиб келишди. Яна учтаси енгилибди. Мураббийларнинг кайфиятлари йўқ. Улар ҳам худди Жугашвилли каби обдан ичкиликдан аламини олишди. Фазлиддин уларнинг қаердан пул олаётганларига ҳайрон эди…
Аммо кейинги кун ҳамманинг омади келди. Айниқса, Акбарнинг. У швейцариялик рақибини икки лаҳзага олиб бормади. Матга чиқишди. Қўл олишди. Ҳакамнинг ишорасидан кейин бел олишишга тушган маҳал Акбар рақибини усулга туширди. У амални шунчалик тез бажардики, залдагиларнинг кўпчилиги кўрмай ҳам қолди. Ўзиям рақибнинг оёғи осмондан бўлиб кетди. Кейин Акбар ўзининг остида ётган рақибини типирчилашга ҳам қўймади. Бўйнини қўлига қўшиб шундай сиққан эди, рақиб тинчиди-қолди. Шуларнинг барига бор-йўғи икки лаҳза кетди.
Бундан олдин Фазлиддин италиялик билан обдан курашган ва ғолиб бўлган эди…
У энди ярим финалга чиқди. Рақиб — Греция вакили. Ундан нақ тўрт ёшга катта. Ўзиям, роса чаққон экан. Мускуллари буралиб кетган. Яна аллақандай ёғ суртган, шекилли, ялтирайди…
Аммо булар Фазлиддинни чўчитмади. У грецияликни қандай қилиб тутиш, унинг ҳаракатларига чап бериб қолиш йўлларини излай бошлади. Умуман, шу ергача етиб келдими, демак, камида учинчи ўрин нақд. Чунки иккита учинчи ўрин бор. Ярим финалдагилар ютқазганларидан кейин ўзаро курашишмайди. Иккисига ҳам учинчи ўрин берилади. Ана шу нарса ҳам Фазлиддинни бироз хотиржам қилди. Айни пайтда у ўзидан ўзи қониқмай, ўзини анча яниди ҳам. Чунки, назарида, у курашдан бошқа нарсани ўйламаётгандай эди.
Гарчи ҳаммадан тез ғолиб бўлган эса-да, хонага кириб келишганидан кейин Акбар кўп гапирмади. Бир мартагина «Бопладимми?» деб қўйди, холос…
Навбатдаги кун ўта шиддатли кечди. Уларнинг жамоасидан биринчи бўлиб матга чиққан ўрис бола енгилди. Роса йиғлади. Уни мураббийлар койишмади. Қайтага, бошини силашди. “Учинчи ўрин ҳам ўрин”, дейишди… Шундан кейин Фазлиддин ютқазди. Осонлик билан бой бермади. Роса тиришди. Бироқ грециялик, барибир, кучлилик қилаверди. Охирги лаҳзагача уларнинг ҳисоблари тўрту тўрт эди. Аммо сўнгги лаҳзалар ўтаётган бир паллада грециялик Фазлиддинни ёнбошига ағдара олди…
Аммо у мард бола экан, ҳакам унинг қўлини кўтарганидан кейин келиб, Фазлиддиннинг қўлини кўтарди. Инглизча гапирди.
— Сен ҳам финалга лойиқсан!.. Сен билан финалда дуч келганимда бошқача бўларди! — деди.
Мураббийлар эса ўрис болани юпатганлари каби уни юпатишмади.
— Спорт бу, спортда, албатта, кимдир ютқазиши керак, — дейишди.
Акбар эса ютди. Аммо у меҳмонхонага борганларидан кейин фақат Фазлиддиннинг кўнглини кўтариш билан овора бўлди. “У боланинг ёши катта экан. Яна бир йилдан кейин кўрасан, биттада жойини соласан. Ҳали олдинда Жаҳон чемпионати кутиб турибди. Ўшанда қасдингни оласан, шунинг учун кўп сиқилаверма, ҳали ҳамма ютуқларинг олдинда сени кутиб турибди” ва ҳоказо гапларни айтди.
Фазлиддин эса у ўйлаганчалик хафа эмасди. У қутулганига кўпроқ шукур қилди…
Эртаси куни, кутилмаганда, грециялик рақибини меҳмонхона фойесида учратиб қолди. Аввал у Фазлиддинни кўрди ва эшикдан ташқарига чиқиб кетаётган рақибининг ортидан келиб елкасига қўлини қўйди. Фазлиддин меҳмонхона ҳовлисида бироз айланмоқчи эди. Финалга чиққанлар мусобақа ўтказилаётган залга кетишганди. Ваҳоланки, мусобақа бошланишига тўрт соат бор эди. Иккита мураббий ва битта массажчи қолганди. Улар қолганларни кейинроқ олиб борадиган бўлишди тақдирлаш маросимига. Чунки учинчи ўринни олганларнинг ҳам бўйинларига медаль илинади-да.
— Сизлар шу ерда эканингизни билардим. Биз кеча кўчиб келдик. Қалайсан, дўстим? — деди грек.
— Ёмонмас. Мен сени бу ерда учратаман деб ўйламагандим, — дея жавоб қилди Фазлиддин инглиз тилида.
— Юр, барга кириб, озгина гаплашамиз, — дея жилмайди грек.
— Майли, кетдик. Барибир, менинг қиладиган ишим қолмади.
— Мендан хафамисан?
— Нега энди?
— Билмадим.
— Қўйсанг-чи. Сен зўр экансан.
Шундай қисқа суҳбатдан кейин улар меҳмонхона барига киришди. У ерда одам анча кам экан. Аммо кечки пайт жой бўлмайди…
— Мен, — деди грек стулга ўтирганидан кейин, — СССРда фақат руслар яшашади, деб ўйлаб юрардим. Аммо унақа эмас экан. Таржимонимиз шундай деб айтди. Сенинг миллатинг нима?
— Мен ўзбекман, — дея жавоб қилди Фазлиддин.
— СССРнинг қаерида яшайсан?
— Харитани биласанми?
— Йўқ, билмайман. Аммо, албатта, қарайман. Ўрганиб чиқаман.
— Унда аввал Ўзбекистонни топ, пойтахти Тошкент. Аммо мен у ерлик эмасман…
— Бир дақиқа, — дея грек унинг гапини бўлди ва югуриб бориб бардан ширинлик ва икки стакан шарбат олиб келди.
— Хафа бўлмайсан, СССРнинг одамлари, айниқса, эркаклари роса пиёниста бўлишади, дейишганди бизга, — деди грек.
— Йўқ. Биз мусулмонмиз. Мусулмонлар ароқ ичишмайди. Қолганларини билмайман ва бировлар учун жавоб бермайман.
— Икки ойдан кейин жаҳон чемпионати бўлади. АҚШда. Сен ҳам борсанг керак.
— Билмадим. Аммо бормасам керак, деб ўйлаяпман.
— Ютқазганинг учунми?
— Йўқ, умуман, курашни ташламоқчиман.
— Нима, сен боймисан?
— Тушунмадим…
— Масалан, мен агар чемпион бўлиб борсам, камида юз минг АҚШ доллари миқдорида мукофот оламан. Асосий вазифам шу пулни олиш. Шунга эҳтиёжим бор. Сен бўлсанг, тайёр пулдан воз кечмоқчи бўляпсан. Шунга қараганда, ота-онанг ниҳоятда бой бўлса керак.
Фазлиддин унинг гапларига кулди ва бошини сарак-сарак қилди-да:
— Бизда пул биринчи ўринда эмас, — деди.
— Унда нима биринчи ўринда?
— Билмадим. Балки, ватанпарварлик бўлса керак…
— Ҳимм. Унда энди ватанпарварлик қилгинг келмай қолдими?
— Нега унақа деяпсан?
— Курашдан кетаман, деяпсан-ку.
— Йўқ, бошқа иш билан шуғулланиш ниятим бор. Химия билан.
— Завод очасанми?
— Нега энди завод?
— Ахир қандайдир мақсадинг бўлиши керак-ку.
— Тўғрисини айтганда, мени саволларга кўмиб ташладинг. Мен гарчи СССРда яшасам-да, Афинани жуда яхши биламан.
— Борганмисан? — дея сўради грек кўзлари чақнаб.
— Бормаганман. Ўқиб ўрганганман. Хатто тарихи билан.
— Сен менга ёқиб қолдинг. Аммо курашни ташлама. Энди ширинликдан е. Мен яхши кўрадиганим қулупнайлиси. Сенга ҳам шунисидан олиб келавердим. Бугун мен сени меҳмон қиламан.
Фазлиддин кулиб қўйди. Қонун-қоида бўйича хорижликлардан бирортаси бирор нима таклиф қилиб қолса, улар олмаслиги керак эди. Аммо Фазлиддин бу қоидани бузиб, ширинликни еб қўйди. Шарбатни ҳам ичди. Шу билан иккинчи хатога йўл қўйди ва бу хатоларнинг ҳаммасини эрталабдан бу барнинг доимий мижозларидан бирига айланган Жугашвилли кўрди…
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)