Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (48-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (48-қисм)

Тақдирлаш маросимидан сўнг ҳамма спортчилар меҳмонхонага қайтиб келгач, байрам дастурхонидан аввал (элчихона ресторанда ғолибларни қутлаш учун байрам уюштирибди) мураббий Николай Васильевич Орлов уларнинг хонасига келди.

— Сен бугун нима иш қилгандинг? — дея сўради у Фазлиддиндан.

Фазлиддин жавоб беришдан олдин эндигина кийимларини алмаштириб бўлган Акбарга қараб олди ва шундан кейин:

— Бугун анча нарса қилдим. Нонушта, медаль олиш, қайтиб келиш…

— Бошни қотирма. Элчихона КГБси сен билан қизиқяпти. Биз мусобақага кетганимизда шаҳарга ёлғиз ўзинг чиқмаганмидинг ёки бирорта бегона одам билан гаплашмаганмидинг? — дея Орлов Фазлиддиннинг кўзига тикилди.

— Ҳеч қаерга чиққаним йўқ. Фақат анави мени ютган грек бола билан фойеда кўришиб қолгандим. У билан озгина гаплашдик. Барда биттадан кичкинагина ширинлик едик. Анави бор-ку, тортнинг майда шакли…

— Ҳимм, — деди Орлов унинг гапини бўлиб, — тушунарли. Юр, кетдик. Сен қўрқма, ўзим ёнингда тураман. Нима, спортчи спортчи билан ҳам гаплашмасинми?

Улар тўғри Жугашвиллининг хонасига киришди. Сочи-ю мўйлови сариқ, кўзи кўк, қирқ беш ёшлар атрофидаги одам Жугашвилли билан нималарнидир гаплашиб ўтирган экан. Улар хонага киришлари билан у Фазлиддинга бошдан-оёқ қараб чиқди ва Жугашвиллидан:

— Шуми? — дея сўради.

— Ҳа, — дея бошини ирғади Жугашвилли.

— Исминг нима? — дея сўради кўк кўзли одам Фазлиддиндан.

Фазлиддин жавоб берди.

— Барда пиво ичдингми? — сўради КГБ ходими.

— Мен ҳали ёшман. Кейин унақа ичимликларни умуман ичмайман.

— Грек сенга нима деди?

— Ютгани учун кечирим сўради.

— Яна?..

— Сен билан финалда дуч келишимиз керак эди, деди.

— Тушунарли. Кейин-чи? Кейин нимани гаплашдинглар?

— Жаҳон чемпионатига боришни.

— Ким меҳмон қилди?

— У.

— Сен едингми?

— Ҳа.

— Нега, очмидинг?

— Гап очлигимда эмас. Гап Иттифоқнинг обрўсида. Агар мен унинг таклифини рад этганимда, обрўйимиз тушиб қоларди.

— Нега тушарди?

— Чунки биз катта, қудратли давлатмиз. Улар майда. Худди ёш боладай гап. Қўлини қайтарсам, йиғлаши мумкин эди.

КГБ ходими кулди ва ўрнидан туриб, Фазлиддиннинг ёнига келди-да, унинг елкасига қоқиб қўйди.

— Аслида, сен жуда тўғри қилгансан. Агар у эмас, сен меҳмон қилганингда, ундан ҳам зўр иш бўларди. Кўриб қўйишсин эди бизнинг нечоғлик мардлигимизни. Аслида, капиталистлар ҳар бир чақасини санайдиган майдакаш одамлар бўлишади.

— Лекин менинг пулим йўқ эди-да.

Фазлиддин шундай дейиши билан бирдан кўк кўзнинг қовоғи осилди.

— Мен неча марта йигитларнинг қўлига пул бериб қўйиш кераклигини айтгандим! — дея бақириб юборди, сўнг Жугашвиллининг қаршисига бориб, ёқасидан олди. — Сиз пиёнисталик қилмасдан, мана шу оддий ва ўта майда масалани ҳал қилишингиз керак эди!

Жугашвиллининг бирдан кўзлари олайди. КГБ ходими эса унинг ёқасини қўйиб юбориб, Орлов билан Фазлиддинга юзланди-да:

— Сизларга рухсат, кетаверинглар, — деди.

Мураббий ва шогирд ўзларининг қаватларига тушгунларича гаплашмадилар. Кейин Орлов Фазлиддиннинг кўксига секингина уриб қўйиб:

— Бопладинг! Худди мана шундай жавоб керак эди. Жугашвилли «ўтириб» қўйди. Аслида, унинг «қулоқ»лигини яхши билардим. Аммо бунчаликка боради, деб ўйламагандим, — деди.

Фазлиддин унга ҳеч бир сўз демади.

Аммо кутилмаган воқеа кейинроқ бўлди. Ҳар бир спортчига пул бериб чиқилди. Чемпионларга минг фунт-стерлингдан, иккинчи ўрин олганларга сал камроқ, Фазлиддинга олти юз беришди.

— Агар, — деди чемпион бўлган Акбар, — шунақа пул беришларини билганимда, нима қилиб бўлса ҳам, сени чемпион қилдирардим.

— Ака, пешона экан.

— Эртага шаҳар айланишимизга қўйиб беришади. Эшитишимга қараганда, анавилар бизни инглизларга роса бой қилиб кўрсатишмоқчи эмиш. Дўконларга борамиз, хоҳлаган нарсамизни оламиз…

Фазлиддиннинг юзи ёришди.

Ресторандаги байрам жуда зўр бўлди. Ўзиям столнинг устини антиқа егуликлар билан тўлдириб ташлашибди. Яна элчихонанинг ўз артистлари бор экан, шулар концерт ҳам беришди. Табриклар ҳам зўр бўлди. Чунки СССР энг кўп медаль олган эди…

Фазлиддинни кўпроқ китоб дўкони қизиқтирарди. Шу боис у шундай дўкон қидириб кетди. Топди. Шаҳарнинг қоқ марказидан. Сўнг инглиз тилидаги химия ва физикага оид йигирмата китоб сотиб олди. Боз устига, гарчи капиталистик давлат бўлса-да, бу ерда Қуръони карим эмин-эркин сотиларкан. Ундан ҳам учта сотиб олди. Бири отасига, иккинчиси устозига, учинчиси Малоҳатга эди. Кейин яна ширинликлар ҳам харид қилди. Аммо бошқалар каби кийим-кечакка ёпишмади…

— Бунча китоб сенга нимага керак? — деди Акбар у меҳмонхонага келганидан кейин.

— Биздаги адабиётларда бу китоблардаги маълумотларни тополмайсиз. Энг ёмони, мен инглиз тилини яхши билмаганим бўлди, — деб Фазлиддин бошини чайқади.

— Нега, балодай гапирасан-ку, — дея кулди Акбар.

— Гапириш бошқа, ака. Аммо илмий терминларни тушуниш бошқа-да.

— Эй, нима қилардинг каллангни қотириб? Қара менинг олган нарсаларимни. Бу шимларни ўзимизда минг сўмгаям тополмайсан. Футболканинг сифатига қара. Агар эртагаям рухсат беришса, яна анча-мунча нарса оламан. Чунки анча пулим қолди.

У шундай дейиши билан эшик тақиллади. Фазлиддин бориб очди. Орлов билан массажчи келибди.

— Бизда қонун шундай, олган нарсаларингни кўрикдан ўтказиб қўямиз. Йўқса, кейин жавоб беришимизга тўғри келади, — дея у ичкарига қадам қўйди.

Фазлиддиннинг китоблари стол устида турарди. Орловнинг биринчи шу китобларга кўзи тушди.

— Эй-й, — дея бошини қашлади у, — китобларми? Акбар, сен олдингми?

— Йўқ. Фазлиддинники, — дея жавоб берди Акбар.

— Фазлиддинники?

Шундай деб Орлов столнинг ёнига келиб, китоблардан бирини қўлига олиб ўқиди: «Химиявий реакция». У Фазлиддинга юзланди:

— Бунинг сенга нима кераги бор? — деди.

— Шу йўналишда ўқийман, — деб қисқа жавоб қилди Фазлиддин.

Орлов лабини чўччайтириб бошқа китобни қўлига олди. Буниси физика тўғрисида эди. Инглиз тилини ҳаммадан яхши биладиган Орлов уни очиб, бир-икки жумла ўқиди. Сўнг қўйиб қўйди. Шундан кейин кўзи Қуръонга тушди ва у томонга қўлини узатган эди, “Шошманг!” дея Фазлиддин уни тўхтатди.

Орлов қўлини қайтарди ва савол назари билан Фазлиддинга қаради.

— Уни таҳоратсиз ушлаб бўлмайди, — деди Фазлиддин.

— Қуръонми?! — дея бирдан сўради Орлов ҳайрат билан.

— Ҳа, — дея жавоб берди Фазлиддин.

— Тушунарли.

Орлов бирдан ҳаммомга кириб кетди. Бирпасдан сўнг сувнинг шариллаган овози эшитилди. Яна озроқдан кейин сочлари ҳўл Орлов чиқиб келди.

— Муқаддас китоб, — деди у ва тез юриб келиб, Қуръонни қўлига олди, юз-кўзига сурди, ўпди.

Хонадагиларнинг ҳаммаси унга ҳайрат билан тикилиб турарди.

— Ўқишни биласанми? — дея сўради Орлов китобни қўлида тутиб турганча.

— Ҳа, — дея қисқагина жавоб берди Фазлиддин.

— Ўқи…

Китобни Фазлиддинга узатган Орловнинг қўллари қалтиради.

Фазлиддин: «Аъу’зу биллаҳи минаш шайтонир рожийм», дея Қуръонни очди ва «Қиёмат» сурасидан дастлабки учта оятни ўқиди. Орлов худди қотиб қолган одамдай эшитди. Унинг кўзи ёшга тўлди. Сўнг чуқур нафас олди-да: «Зўрсан», дея Фазлиддиннинг кўксига енгилгина муштлаб қўйди ва шундан сўнг:

— Аммо сенга битта гапни айтиб қўяй, Қуръони каримни чегарадан олиб ўтишинг роса қийин. Бунинг ўрнига атом бомбаси бўлса иложини қилардинг, ана борсин, ўн кило наркотик модданинг ҳам амалини қилиш мумкин. Бироқ Қуръонни ўтказиш… Ҳатто қамаб юборишлари ҳам ҳеч гап эмас.

— Лекин…

— Шошма, амалини қиламиз, — деди Орлов яна уни гапиртирмай. — Битта китобми?

— Учта…

— Учта?! Унда бундай қиламиз. Китобларни ўрис болалар ўтказишади. Биттасини мен оламан, иккинчисини уқаловчи олади. Учинчисини яна бирор кимга берамиз. Сен анави физика, химияларингни олвол. Буниям ҳаммасини бир ўзинг олганинг бўлмайди. Бўлиб бер ҳаммага.

Шундай деб Орлов кулди.

— Тасаввур қилинглар, — деди сўнгра бурнини тортиб қўйиб, — кураш бўйича СССР терма жамоасининг ҳамма вакили ё химик, ёки физик.

Унинг гапларига бошқалар ҳам кулишди.

Биргина Фазлиддин кулмади. Ҳозир унинг ичига чироқ ёқса ёришмас эди. Жомадонни тўлдириб кийим-кечак олиб кетишинг мумкин, аммо китобларни олиб ўтиш мумкин эмас. Китоб хавфли. Китоб душман.

Орлов билан уқаловчи чиқиб кетди.

— Ҳа-а, — деди Акбар, — шу китобларни бекор олдинг, дегандим мен сенга.

— Лекин, ака, мен ҳеч қанақа зиён етказадиган нарса олмадим. Қайтага…

— Мени эшит, химияни зўр билган одам бомба ясаши мумкинми?

Фазлиддин нима дейишни билмай унга тикилиб қолди.

— Мумкин. Масалан, сенинг ўзинг курашчисан. Жамиятга зиёнинг тегмайди. Ана бор, бирор жойда кимнидир кўтариб ерга урдинг ҳам дейлик, нечта одам жабрланади? Битта. Лекин битта портлашдан кейин қанча одам ўлиб кетади?

— Нега портлаши керак? Нега химияни билган одам, албатта, қандайдир портлайдиган бомба яратиши керак? Яхши нарса ҳам кўп-ку. Айтайлик, самолёт. Унинг турган-битгани химия билан физика… Мана шу хонада…

— Уни менга тушунтирасан. Лекин чегарадагилар тушунишни исташмаса-чи?..

Фазлиддин ҳеч нима деёлмай қолди.

Бир хаёл китобларнинг ҳаммасини шу ерда қолдириб кетмоқчи бўлди. Сўнг ўжарлиги тутди. “Нима қилиб бўлса ҳам олиб ўтаман”, деди. Қасд қилди. Қўлга тушса, ёмонликка олишса, қамаб юборишлари мумкинлигидан ҳам чўчимади…

У кейинги кун Акбар билан гаплашмади ҳисоб. Чунки негадир уни ёмон кўриб қолди. Самолёт кечки пайт учадиган экан. “Шунгача китоб ўқиб ётаман”, деди. Бироқ калласига ҳеч нима кирмади…

Орлов унинг деярли ҳамма китобини олиб кетди. Унинг ўзига бир нусхадан химия ва физика китобларини қолдирди…

Инглиз чегарачилари индамай ўтказиб юборишди. Шундан кейин Фазлиддин: “Бўлди, ўтиб кетдик. Ўзимизникилар тушунадиган одамлар. Капиталистлардан қўрққанди Орлов. Аммо улар сезишмади чоғи, индашмади. Ўзимизникилар билимни, илм олишни истовчиларни қадрлайдиган одамлар. Анави Орлов бекордан бекорга ваҳима қилди”, деган хомхаёлга борди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: