Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (51-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (51-қисм)

Абдуалим ўшанда қочиб қутулди. Бўлмаса, кетмон дастасидан калтак ерди… Бугун ўша Абдуалим ғўдайиб юрибди.

Яна одатдагидай ҳамқишлоқлар келиб, бирма-бир табриклашга тушиб кетишди. Кейин колхоз раиси келди. Гавдаси аллақачон бир юз эллик килограмм юкни кўтариб юришга кўникиб қолган, шошиб беш-олти қадам ташлаб қолса ҳансирайдиган, «Виллис»дан бошқа машинани ёқтирмайдиган раис келди. Қуруқ қўл билан келмади. Эллик кило гўшт, икки яшик қизил, уч яшик оқидан олиб келибди.

У райком келишини айтди. Шу нарсаларни чемпионнинг уйига олиб боришни райком тайинлабди. «Байрам қилинглар, тўй қилинглар, биз чемпионимизни қанчалик ардоқлашимизни ҳамма кўриб қўйсин», дебди.

— Керакмас, ваҳима қилиш шартми? Фазлиддин чемпион бўлмади, — дея эътироз билдирди Фармон ака.

— Менга қара, бутун бошли катта СССРдан сенинг боланг чиқди. Кўрдим, қанчасини чирпирак қилиб ташлади. Учинчи ўрин бу кичкина нарса эмас. Райком бова айтдими, тамом! Ундан кўра болаларингга айт, уйнинг битта хонасига яхшилаб жой қилсин, кўрпачалардан уч қаватдан ташланглар. Яна мошинда мева-чевалар ҳам бор. Дарров туширинглар-да, дастурхонни яхшилаб безатинглар. Мен магазинчига айтдим, қиммат конфетлардан олиб келади. Ундан кейин зоотехник товуқ олиб келади. Табака қилинглар. Товуқларни сўйиб, тозалаб келади. Фақат тезроқ бўлинглар, яна райком келиб шарманда бўлиб қолмайлик, — деди раис.

— Раис бобо, — деди Фармон ака, — шу шартмикан? Қўйинг…

— Эй-й, — дея унинг гапини бўлди раис, — райкомнинг шахсан ўзи тайинлаган «тўй қилинглар» деб. Унга обком айтган. Ўзи мени яхши биласан, унча-мунча тантаналарга ўчмасман. Аммо юқоридан буйруқ бўлганидан кейин уни бажариш шарт.

Бироқ ҳеч ким ҳеч нима қилишга улгурмади. Чунки раис гапини тугатиши билан райкомнинг машинаси кўриниб қолди. Раиснинг ичидан зил кетди. Фармон ака безовталанди.

— Бунча тез келди? — дея тўнғиллади раис ва дарров иккала қўлини ҳам кўксига қўйиб, уларга пешвоз чиқди. Райкомнинг машинаси эса уларнинг ёнгинасига тўхтади. Раис югуриб бориб оппоқ «Волга»нинг орқа эшигини очди. Райком бўйи калта, қорачадан келган қотма одам эди.

У эшикни очган раисга ўқрайиб қараб қўйди ва биринчи бўлиб Фармон ака билан кўришди, ҳол-аҳвол сўради. Ундан кейингина раиснинг қўлини олди.

— Қани ичкарига, — деди раис шошиб.

— Шошмай туринг, Омонқул, биз Фармон ака билан икки оғиз гаплашиб олайлик.

У шундай деб Фармон аканинг елкасига қўлини қўйди-да, уни четроққа тортди.

— Очиғини айтганда, сиз тугул менинг қувончимнинг чеки йўқ. Буни қаранг, телевизорда айтишмагунча, ўзимизнинг райондан эканлигини билмабман чемпионни. У бизнинг фахримизга айланди. Энди уни қанчалик бошимизга кўтарсак, шунча кам…

— Раҳмат, — деди бошқа гап тополмаган Фармон ака.

— Мен ўзим сизнинг ёнингизда бел боғлаб, келган-кетганга қараб турмоқчийдим. Аммо обкомда мажлис чиқиб қолди. Бормасам бўлмайди. Шундай бўлсаям, табриклаб кетай, дедим.

— Бошим осмонга етди.

— Энди, дўстим, сизга битта маслаҳат.

— Жоним билан эшитаман.

— Бу чемпионни жуда маҳкам ушлайсиз. Бу ёшида машҳур бўлиб кетганларни бузаман дейдиганлар кўп бўлади…

— Ҳа, қаттиқ оламан.

— Сизнинг қаттиқ олишингиз камлик қилиб қолса керак. Киссасига умуман пул солманг. Борини олиб қўйинг. Эшитдим, ҳукумат томонидан яхшигина пул берилибди. Ўша пулларнинг ҳаммасини олиб қўйинг. Талтайишига йўл берманг. Агар шу ёшида кеккайишни ўрганиб олса, ана ундан кейин уни сиз тугул, мен ҳам қайтара олмайман. Одамларнинг мақтовлари ўз йўлига. Аммо сиз эҳтиёт бўлинг… Ҳали обкомнинг ўзи битта «Жигули» ажратган. Уни мен ўзим сизга топшираман. Аммо ўғлингизга мукофот тариқасида бермайман. Ўзингиз звено бошлиғисиз. Одамларга «яхши ишлагани учун берилди», деб эълон қиламиз. Лекин ҳужжатда ўғлингизга мукофот сифатида берилгани ёзилади. Ҳар қалай, қонундан чиқиб кетмайлик, — деб райком раис томонга қаради ва уни имлаб ёнига чақирди. Айни шуни кутиб турган раис ўзининг гавдасига ярашмайдиган, бошқаларнинг кулгисини қистатадиган чаққонлик билан унинг ёнига келди ҳамда:

— Лаббай, хўжайин! — деди қўлини кўксига қўйиб.

— Нима қилдинглар тадбирни? — дея сўради райком ундан.

— Ҳаммаси айтганингиздай.

— Ҳимм, камчилик бўлмасин. Ҳаммасига ўзинг жавоб берасан.

— Киринг ичкарига, озгина жиз-биз…

— Вақт йўқ. Бўлганида Фармон ака билан обдан эзилишиб ўтирардик. Бўпти!

У машинасига ўтирди. Раисдан тортиб, бош бухгалтер ва ҳатто табелчигача қўлларини кўксига қўйиб, уни кузатиб қўйишди. Фақат уларнинг орасида бош агроном йўқ эди. Раис унга бу ерга келмаслиги учун топшириқ бериб, энг чекка бригадага жўнатган. Ҳар қалай, райкомнинг кўзига камроқ кўрингани маъқул. Чунки раиснинг бош рақобатчиси айнан шу одам. Агар буни ишдан олишса, ўрнига уни қўйишади…

Омонқул раис чуқур нафас олди. Пешонасидаги терни артди. Сўнг бошқаларга юзланиб иржайди.

— Шунисиям маъқул. Бундай одамдай ўтиролмасдик, — деди.

Фармон ака унга норози қараш қилди. Кейин:

— Шу тадбирни бошқа жойда қилайлик, — дея ҳеч ким кутмаган таклифни айтди.

— Эй-й, Фармонбой, — дея раис иржайди, — бу нима деганинг энди? Шунча ўлиб-тирилиб югур-югур қилсаг-у, сен…

— Дала шийпонига қўчирайлик, раис бова, уйда хотиннинг пича мазаси йўқ, — деди Фармон ака унинг гапини бўлиб.

— Нега мазаси бўлмайди? Ўғли бутун дунёга машҳур бўлиб келган бўлса! Кимсан, райком бованинг шахсан ўзи келиб табриклаган бўлса, нега мазаси бўлмайди? Қайтага, бир қоп бўлиб семирмайдими?

— Энди шундай бўлиб қолди-да, — дея бошини қашлади Фармон ака.

— Ҳа, майли. Лекин райком бова сўраб қолса, ўзинг «уйимда ўтказдим» деб қўясан. Аммо гапингда жон бор. Дала шийпонида ҳамма эмин-эркин бўлади. Сенга ташвиши ҳам камроқ. Бригадир билан табелчининг ўзи ҳамма югур-югурларни қилади. Унгача, ҳеч бўлмаса, бизни уйингга киргизарсан? Бир чарчоқ ёзди қилиб оламиз.

Фармон аканинг кўнишдан бошқа иложи йўқ эди. Аслида, шу маишатбозликдан қочиб, номи номаълум бўлган тадбирни дала шийпонига кўчиртирмоқчийди. Қараса, Омонқул раис зўрға чидаб турибди…

Улар райком учун тайёрланган уйга кириб кетишди. Бироз ўтиб, деразадан раис ва «шайка»ларининг хохолашлари эшитилди.

Фармон ака бригадир билан табелчига Омонқул раиснинг ташаббуси билан келтирилган масаллиқларнинг ҳаммасини бериб юборди. Бригадирнинг топшириғига кўра, сувчилардан бири Фармон аканинг уйи яқинида турди. У Фармон аканикига келаётганларнинг ҳаммасига дала шийпонига йўл кўрсатиши керак эди…

Фармон ака эса Фазлиддиннинг ёнига борди. У жўралари билан ҳовлида турганди. Келаётганларнинг ҳар бири билан қучоқлашиб кўришаверганидан, роса тинкаси қуриганди. Эртароқ кеч тушса-ю, бўлаётган машмашаларнинг баридан қутулсам, дея ўйлар эди.

— Турибсизларми? — дея жилмайиб сўради Фармон ака Фазлиддиннинг жўраларидан.

— Ҳа, турибмиз, — деди ҳаммадан олдин Шокир. — Биз ҳам бирор уйга кириб ўтирсакми деяётгандик.

— Менга қара, Шокир, сен шундай товуқ катакка киргин-да, битта хўрозни ушла. Оқи бор, шуни. Томорқага ўтинглар-да, уни сўйинглар, кейин бировникига…

— Менинг уйим бўш, — деди бирдан Одилбой, — меникига борамиз.

— Ҳа, — деди унга қараб бошини силкиган Фармон ака, — сеники яхши. Сеникида ҳеч ким бўлмаса керак. Биров халақит бермайди. Кейин сен, Алишер, томорқага киргин-да, помидор, бодринглардан териб чиқ. Лекин битта гап, каллаларинг айниб, ичиб юрманглар. Ҳозирдан ичсанглар, жуда уят бўлади.

— Эй-й, у ёғидан хавотир олманг, хаёлимизгаям келтирмаймиз, — дея ҳиринглаб кулди Шокир.

— Ҳимм, яхши. Унда уйдан нон-пон ҳам олволинглар. Қолганини ўзларинг эплайсизлар, — дея Фармон ака улардан узоқлашди.

— Ошна, — деди бирдан Шокир Фазлиддиннинг елкасига уриб қўйиб, — мана буниси зўр бўлди. Туравериб оёғимда оёқ қолмаганди. Отанг ҳамма нарсани тушунадиган одам. Менга қара, сен ҳам отангдай бўлишинг керак.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади. Йигитчалар Одилбойникига бориб, янги сўйилган хўрознинг гўштини қозонга босишди. Кейин дастурхон тузашга киришиб кетишди. Фазлиддин буларнинг бирортасига ҳам аралашмади. У Одилнинг уйига кириши билан ўзини кўрпачага ташлади ва кирланиб кетган ёстиққа бошини қўйди-ю, кўзларини юмди… Агар уни Шокир туртмаганида, аниқ ухлаб қоларди.

— Ухлама, ухлайверасан ҳали. Овқат пишди. Ўзим синдириб ташладим. Бўл, тур ўрнингдан, — деди у.

Фазлиддин эриниб бошини кўтарди ва энг аввал Алишерни кўрди. У оби-тобида боплаб қовурилган бир лаган гўштни олиб кираётганди. Фазлиддиннинг қорни оч эди. Уйида тузук-қуруқ бир нима емаганди. Орқаси узилмай келиб турган меҳмонлар уни овқатланиб олишга қўйишмаганди.

Алишернинг ортидан Одил кирди. Унинг қўлида эса бир шиша анавиндақадан бор эди.

— Нима қиляпсизлар?! — деди бирдан пешонаси тиришган Фазлиддин.

— Маишат, ошна, маишат! Биз ҳам кичкина бўлмадик.

— Тўхта, — дея Шокирнинг гапини бўлди Фазлиддин, — катта бўлиб жа неччига кириб қолдинг?! Уялмайсанми?! Бўлмаса, мен кетдим!

У шундай деб ўрнидан тура бошлади.

— Мен сизларга шу керакмас демаганмидим?! — деди Алишер жаҳл билан. — Ичмайди. Ичирмайди, дегандим-ку.

— Биз, — деди эшик ёнида ичкарига киришини ҳам, кирмаслигини ҳам билмай турган Одил, — шунчаки…

Алишер қўлидаги идишни дастурхон устига қўйди-да, шиддат билан ортига бурилиб югурди, йўл-йўлакай Одилнинг қўлидагини юлқиб олиб, ташқарига улоқтириб юборди-да, сўнг қайтиб келди.

— Муштдайлигимиз ўз йўлига, ҳатто уни қўлга ушлаш ҳам катта гуноҳ, — деди кўнгли хотиржам тортган Фазлиддин.

— Жўра, бўлди, ана, Алишер отиб юборди. Аслида, Абдуалим аканг келиб бериб кетганди. «Сизлар ҳам эркак бўлиб қолдинглар», деганди, — деди Шокир.

Фазлиддин бирдан хомуш тортди. Сўнг:

— Бўпти, отамга айтаман, — деди.

— Эй, айтма, ўлдиради. «Яна гуллаб юрманглар», деб тайинлаб кетганди, — дея бошқаларга қараб қўйди Шокир.

— Ҳа, — деб унинг гапини тасдиқлади Одил, — ўзи бизнинг ниятимиз йўқ эди. Томдан тараша тушгандай пайдо бўлди-да, қўлидагини бериб, гапини гапириб, кейин бирдан суриб қолди.

— Тўхтанглар, гапимиз фақат шу тўғрисида бўлиб қолмасин. Овқат совийди, — дея гапни бошқа ёққа бурди Алишер.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: