Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (50-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (50-қисм)

Меҳмонлар кетганларидан сўнг Фазлиддин Малоҳатга совғаларини берди. Ҳар сафар шоколадларни кўрганида Малоҳатнинг кўзлари чарақлаб кетарди. Бу сафар у катта Қуръон китобини кўргач, шундай бўлди.

— Менгами? Меникими? Менинг ўзимнинг Қуръоним бўладими?! — деди у ҳаяжонланиб.

У шу ондаёқ Фазлиддиннинг бўйнига осилиб олгиси, юзидан ўпгиси келди. Бироқ бундай қилмади. Қилолмади. Ҳали қилолмасди ҳам. Бунинг ўрнига ҳаёт китобини ўпди. Дарров очди. Фотиҳа сурасини ўқиди. Фазлиддин: «Ёдлаб олган, ёддан айтди, ўқимади», деб ўйлаган эди. Бироқ Малоҳат  Бақара сурасидан ҳам ўн иккита оятни ўқиди.

— Эй-й, — дея ҳайрон бўлди Фазлиддин, — ўқишни ўрганиб олдингизми?!

— Ҳа. Сиздан руҳландим. Сизнинг қандай қилиб меҳнат қилаётганингизни кўрганимдан кейин: «Нима, мен шундай қилолмайманми?» дедим…

— Ҳа-а, — дея давом эттирди унинг гапини бўлган Саида, — сен худди кетмаганга ўхшадинг. Кечаси билан ўтириб чиқяпти.

— Жа унчаликмас, — деди хижолат бўлган Малоҳат.

— Лекин барибир ҳам зўр. Бунинг учун бугун мен сизни музқаймоқ билан сийлайман, — деб кулди Фазлиддин.

— Шошма, дарров кўчага чиқиб кетма. Ўзи яқинда келдинг, бунинг ўрнига бизга Лондон ҳақида гапириб бер.

— Йўқ, аввал сиз имтиҳонларингиз ҳақида гапиринг. Муҳими шу. Нима бўлди?

Саида унинг шундай деб сўрашини кутаётганди. Ахир унинг ҳам мақтангиси келаётганди.

У бирдан бўлиб ўтган воқеаларни ҳаяжон билан гапиришга тушди. У сўзлагани сайин Фазлиддиннинг шубҳаси ортиб борди. Ёдига Соли ака билан Хонзодахоннинг учрашуви келди. Улар атайлабдан Фазлиддинни кеткизиб юборишганини энди тушуниб етди. Ўқитувчисини ёмон кўрди. «У пора олган», деди ўзига ўзи. «Беш»ларнинг бари поранинг маҳсули. Аммо буни қизларга қандай айтсин? «Соддалик ҳам, аслида, расво хислат экан, мен уларни бекор кўриштирибман», дея кўнглидан ўтказди. Бироқ дилидаги ўй-хаёллар тилига бошқача бўлиб кўчди.

— Мен жудаям хурсандман. Насиб этса, сиз студентсиз. Француз тилидан диктант нима деган гап? Ундан кейин ҳар қанча ёмон ёзсангиз ҳам, сизни йиқитишмайди. Уялишади, — деди.

— Мен ҳам шу гапларни опамга айтяпман, — дея гапга қўшилди Малоҳат, — лекин опам кунига ўттиз марта диктант ёзади. Мен ўқийвериб чарчаб кетдим.

— Аммо барибир хато қиляпман-да, — дея норози бўлиб тўнғиллади Саида.

— Қачонки французларнинг орасида яшаб, уларнинг мактабида ўқиганингизда, хато қилмасдингиз. Бошқа ҳар қандай ҳолатда ҳам хато қиласиз. Энди мен олиб келган шоколадларни бир еб кўринглар.

Малоҳат биттагина шоколадни, яна энг кичкина қутидагини очиб еди. Мақтади, сўнг қолганини олиб қўйди…

Фазлиддин учинчи курсга ўтиб бўлибди. У билим юртига бориб, директордан шу гапни эшитди.

— Имтиҳон топширмадим-ку, қандай ўтдим? — дея сўради Фазлиддин ҳайрон бўлиб.

— Сен бутун юртнинг, билим юртимизнинг обрўсини дунёга ёйдинг. Сендай ўқувчидан қандай имтиҳон оламиз? Ўша сенга ўрин берилган куннинг эртасига мен сенга совға бўлсин, деб қарор чиқардим…

Фазлиддиннинг кайфияти тушди. «Ҳаммаёқ ўйин экан. Менинг кураш тушганимнинг ўқишимга нима дахли бор? Бутунлай «дўм-дўм» бўлсам ҳам, курсдан курсга ўтиб кетаверарканман-да», дея кўнглидан ўтказди ҳамда:

— Барибир, имтиҳон топшираман, — деди.

— Нима қиласан каллангни қотириб? Ундан кўра, энди қишлоғингга бор. Дамингни ол. Маза қилиб юр, — деди директор кулиб.

— Йўқ. Ўзим учун керак. Аслида, бировнинг мендан имтиҳон олиши, бировнинг имтиҳонидан ўтишимнинг умуман кераги йўқ. Билиши ўзимга керак.

Директорнинг юзидаги табассум шу заҳоти йўқолди. Ўзининг ҳам иккита ўғли бор. Кичиги Фазлиддин билан тенг. Лекин ғирт такасалтанг. Қўлини совуқ сувга урмайди. Берсанг ейди, бермасанг оёғини кўтариб ётаверади.

— Майли, болам, — деди у ўпкаси тўлиб, — ихтиёринг. Лекин тўғри қиляпсан. Аммо дам ҳам олиш керак. Агар дам олсанг, ҳозиргидан ўн баробар кўпроқ бирор нимани ўрганишинг мумкин…

— Хўп, — деди Фазлиддин.

Бироқ, барибир, ўзининг билганидан қолмади. Чунки айни пайтда у инглиз тилини жуда тез ўрганиб олиши керак. Акс ҳолда, Лондондан кўтариб келган китобларини ўқий олмайди.

У Хадича опанинг дўконига борди. Салом-алик ва қисқагина суҳбатдан кейин ўзбекча-инглизча луғат сўради.

— Фазлиддинжон, айни сенга керак бўладигани йўқ-да. Бор. Лекин унда сўзлар жуда оз. Сенга камлик қиладими дейман-да. Аммо инглизча-русчаси бор. Ўзиям семиз. Адашмасам, олтмиш мингта сўзнинг таржимаси келтирилган, — деди Хадича опа бироз ноқулай аҳволга тушиб.

Фазлиддин кулди. Кейин:

— Унда иккита китоб оларканман. Ўзбекча-русча луғатниям.

Фазлиддин рус тилини билади. Ўрганди. Аммо гаплаша олиш даражасида. Ундан у ёғига ўтиш учун яна ўрганиши лозим бўлади.

Энди у кўпроқ тилга эътибор берганлиги боис фанлар бироз ортга сурилди. Шунда ҳам ора-чора у инглизча химия китобини олар, бир нималарни ўқиб, тушунишга ҳаракат қилар эди.

Кутилганидай, Саида сўнгги имтиҳондан «тўрт» олди. Ўқишга кириши аниқ бўлди. Шундан кейин: «Энди мандатга келаман», деб кетиш тайёргарлигини кўра бошлади. Малоҳат эса ўзини қўярга жой тополмай қолганди. Ахир олдинда узоқ айрилиқ кутиб турарди-да. У ҳали у уйга киради, ҳали бунисига. Нега кириб-чиқаётганини ўзи ҳам билмайди. Опаси тезда ортига қайтади. У қайтмайди. Қайтишига икки йил бор. Бу айтишга осон. Аммо унинг ҳар бир ўтадиган куни минг йилларга тенг. Қизгинанинг хаёлида шундай.

— Сиз шу ерда қоласизми? — дея сўради у сўз ёдлаб ўтирган Фазлиддиннинг ёнига бориб.

— Қачон? — деди у Малоҳатнинг юзига бир қараб қўйиб.

Кўпроқ қарагиси, тўйиб-тўйиб қарагиси келди. Аммо бундай қилолмайди-да. Худодан қўрқади-да. Илгари қарарди. Мактабда ўқиб юрган кезлари қарарди. Малоҳатнинг ҳам тез-тез нигоҳи уники билан тўқнашиб турарди. У пайтлар улар гаплаша олмасдилар. Нима гап, нима сўз бўлса, барини қарашлар, нигоҳлар бажариб берар эди. У пайтда улар бир-бирларига бунчалик яқин ҳам кела олишмасди. Энди эса, энди эса… Ҳар иккови ҳам Худони таниб қолган. Ҳар иккови ҳам кўзини олиб қочади.

— Эртага. Ахир биз кетаяпмиз-ку, — дея ерга тикилди Малоҳат. Сўнг лабини тишлади. Йиғлагиси келди унинг.

— Ҳа, бирга кетаман. Сизларни уйингизга олиб бориб қўяман. Отангиздан суюнчи оламан. Ана ундан кейин қишлоқда ўн кунча юраман, сўнг қайтаман.

— Курсдан курсга ўтказиб қўйишибди. Имтиҳон топширишингиз шарт эмас экан. Нега келасиз?

— Шундай. Лекин инглиз тилини эртароқ ўрганиб олишим керак. Олтмиш мингта сўздан бор-йўғи беш юзтасини ёд олдим. Олдинда, эҳҳе, қанчаси турибди! Кейин физика, химияни…

— Ҳимм, тушундим.

Малоҳат кетди. Хафа бўлиб кетди. «Сизга шу химия билан физикадан бошқа ҳеч нима керакмасга ўхшайди», дея кўнглидан ўтказиб кетди.

Фазлиддин унинг хафа бўлганини сезди. Аммо начора, нима ҳам қила оларди? У ҳам соғинади. Унинг ҳам кўргиси келади. Аммо ҳозир… Ўрганаётганларини ташлаб қўйса, кейин умуман вақти бўлмаслиги мумкин.

Йўлга чиқишларидан олдин Малоҳат Фазлиддин Лондондан олиб келган шоколадларни унинг сумкасига жойлади.

— Нега? — деди Фазлиддин ҳайрон бўлиб.

— Мендан ҳам яқин одамингиз бор, — дея жавоб қилди Малоҳат жилмайишга ҳаракат қилиб.

— Уйдагиларгаям олганман-ку.

— Биламан. Лекин оздай кўринди. Сиз олиб бораверинг. Онангизнинг хурсанд бўлгани ҳамма нарсадан устун.

Фазлиддин бирор нима дея олмади…

Малоҳат қанчалик хафа бўлса, Саида шунчалик хурсанд эди. Одамлар неча йиллаб ўқишга киролмай овора бўлишади. У бўлса биттада кирди. Гаплашилмаган бўлса ҳам кирди. Қойиллатди! Боплади! Энди ҳамма қариндош-уруғига айтиб мақтаниши керак. Чунки унинг эзилиб тайёргарлик кўрганини ҳамма билганди. Ҳамманинг ичи ачиганди унга. «Шундай қийналиб ўқишга киргандан кўра, ўқимай қўявер. Барибир, эрта бир кун эрга текканингдан кейин эринг сени ишлатадими-йўқми, Худо билади. Ҳатто эртароқ эрга тегсанг, ўқитмай қўйиши ҳам мумкин», дейишганди. Мана энди у ҳаммасининг оғзига уради. «Мана», дейди, «Мана меҳнатимнинг меваси», дейди.

Узоқ олти соатлик йўл ҳам Малоҳат учун кўз очиб-юмгунча ўтиб кетди. Фазлиддин ўзининг ўриндиғига ўтирмади. Опа-сингилларнинг тўғрисига туриб олди. Опа-сингиллар билан гаплашиб кетди. Албатта, кўпроқ Малоҳат билан. Малоҳатнинг кўнглини олишга, унинг хафалигини кетказишга уринди у.

Икки қиз келиши билан Малоҳатларнинг уйида росмана байрам бошланиб кетди. Соли ака: «Агар қизим ўқишга кирса, битта қўй сўяман», деб ният қилиб қўйган экан. У гарчи Хонзодахонга беш юз сўм бериб келган эса-да, барибир, ўйланиб юрганди. «Алдаган бўлса-чи, кучи етмаса-чи», дея бот-бот хаёлидан ўтказар эди.

Шу боис Саида:

— Ота, мени табрикланг! — дейиши билан сайисхонага югурди. Кейин кичкина ўғлини укасиникига югуртирди.

— Айт, қўйни сўйиб берсин. Саида ўқишга кирганини ҳам айт, — деди.

Бирпасда қўй сўйилди…

Фазлиддин уларникида икки соатча қолиб кетди. Аслида, кираман-у, қизларини топшириб уйга кетаман, деган хаёлда эди. Бироқ устози қўйиб юбормади. «Ўзим ўз қўлим билан қўй гўштидан жиз-биз қиламан. Еб кетмасанг бўлмайди», деб туриб олди. Кейин бировга эшиттирмай: «Анави аёл аёл бўлсаям эркакнинг ишини қилибди», деб қўшиб қўйди. Бунақа пайтларда гаплашиб берган одамнинг оғзи қулоғига етади. Аммо Фазлиддиннинг ичидан зил кетди. Сиздан у пул олганмиди, деб сўрай олмади. Сўраган тақдирда ҳам Соли ака айтмасди…

Фазлиддин Малоҳатларнинг уйидан чиқди-ю, қандайдир нимасинидир йўқотиб қўйгандай ҳис эта бошлади ўзини. Нимасидир қаердадир қолиб кетган. У шуни кўп ўйлади. Аммо сира тополмади. Кейин ўзларининг уйларига яқинлашиб қолганида билдики, Малоҳатга ўрганиб қолган экан. Малоҳатни унутиб қолдирган экан у…

Уларникида ҳам Малоҳатларникидан кам бўлмаган байрам бўлди. Ахир у бутун бошли Европада учинчи ўринни олиб келди. Боз устига, икки босқич сакраб, учинчи курсга ўтди. Ахир буларнинг бари байрамга сабабчи-да…

Ҳаммадан аввал уйларига Абдуалим амакиси келди. Озгина ширакайф экан. Охирги пайтларда сал кайфи бўлса, акасининг ёнига яқинлашолмай қолганди. Фармон ака энди нафақат укасини енгилгина уришиб қўяр, балки қўлига калтак олиб қувлар эди. Аммо бугун Абдуалим қўрқмай келди. Чунки акаси бугун уни уришмайди. Ахир бутун бошли чет давлатни кўриб қайтган Фазлиддин келди. У, ҳа, фақатгина у Фазлиддиннинг ҳамма курашини кўрди. Ҳатто чироқ ўчиб қолган пайтдаям, бировнинг тракторининг аккумуляторини ечиб олиб келиб кўрди. Ҳар сафар Фазлиддин ютганида, акасининг ёнига югуриб келарди. Табриклаш учун. Аммо ютқазган куни келмади. Бунинг ўрнига дўконга борди. Иккита шишани бир ўзи битта колбаса бўлаги билан ичиб тугатди. Кейин уни уйига кўтариб олиб келиб ташлаб кетишди.

Эртасига у акасидан роса сўкиш эшитди.

— Мен аламдан ичдим. Ноҳақликка чидаб туролмаганимдан ичдим. Фазлиддин чемпион бўлиши керак эди. Энди фақатгина учинчи ўринни олади, шуниси мендан ўтиб кетди! — деди.

— Унда мен нима қилай, ўзимни ўлдирайми?! — дея бақирди Фармон ака ва укасининг юзига қулочкашлаб шапалоқ туширди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: