Югурганинг сомонхонагача бўлдими?! Барибир тушаркансан-ку!..
Тошкент шаҳрининг энг чекка туманларидан бири бўлган Бектемирда яшовчи Азим исмли йигитга пул зарур бўлиб қолди. Ночор, ўзи фойдаланиб юрган телефонни сотишга қарор қилди. Сотди ҳам. Бироқ хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Пуллар сохта бўлиб чиқди. Унинг алами келди, ғазаби келди ва охири ўзини ўзи босди ва тўғри бориб ИИБга мурожаат қилди. Шу амали иш берди. Орадан кўп ўтмай унинг телефонини сохта пуллар эвазига сотиб олган 1990 ва 1998 йилларда туғилган икки шахс қўлга олинди. Дастлабки суриштирувда икки йигит ўзаро тил бириктириб танишидан олган сохта 1600 долларни фуқароларни алдаб бериб келаётгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Икки йигитга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.