Муниса Ризаевадан калтак еган, 2 марта қамалиб чиққан ва “радар”га 4 минг доллар жарима тўлаган Жасур Умиров ҳозир қаерда?

Муниса Ризаевадан калтак еган, 2 марта қамалиб чиққан ва “радар”га 4 минг доллар жарима тўлаган Жасур Умиров ҳозир қаерда?

Жасур Умиров 1986 йилнинг 31 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида муваффақиятли тадбиркор ва уй бекаси оиласида таваллуд топган. Кўпчилик Жасур отасининг изидан бориб тадбиркорлик билан шуғулланишини тахмин қилган бўлса-да, у хонандалик йўлини танлади.

Жасур мактабни тамомлаганидан сўнг Ўзбекистон давлат консерваториясининг Эстрада хонандаси факультетида таҳсил олган.

У илк ижодини 2009 йилдан бошлайди. Жасур ижросидаги “Биллурам”, “Ойша”, “Дерди-я”, “Жон-жон”, “Дарёлар”  ва “Юрибман-да” қўшиқлари уни мухлисларига танита бошлади. Унинг илк яккахон концерти 2010 йилнинг 21 декабрида “Халқлар дўстлиги” санъат саройида ўтказилди. Хонанда ўз фаолиятини лирик қўшиқлар ёзишдан бошлаган, “Жумагул” қўшиғи унга ҳақиқий машҳурлик келтирди.

Бу қўшиқ болаларга ҳам, катталарга ҳам бирдек ёқди. Санъаткор ушбу қўшиқни чиқаргач, яна бир қўшиғи “Одамларнинг тўйи”ни ҳам тақдим этди. Бу сафар ушбу қўшиқ янада муваффақиятли бўлди ва барча мухлислари томонидан илиқ кутиб олинди.

Илк марта қамоққа тушиши

2018 йилда Жасур Умиров 15 суткага қамалгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бунга Жасурнинг маст ҳолда “Captiva”сида танишининг хонадонига бориб, унинг дарвозасига бир неча марта машинанинг олд қисми билан ургани сабаб бўлган.

Жасур Умировга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик) билан маъмурий иш очилган.

Судда хонанда айбига тўлиқ иқрор бўлган — ростдан ҳам ёнида олиб юрадиган пичоғи билан танишини қўрқитиб, ҳақоратлаганини тан олган. Сабаб сифатида ўзи ёқтирган Ш. исмли қизни унга турмушга беришмаётганини кўрсатган. Лекин қилган ишидан афсусдалигини билдириб, суддан енгиллик сўраган. Суд Жасур Умировни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси бўйича айбдор деб топиб, 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

 

Вояга етмаган қизнинг номусига текканликда айбланган хонанда

 

2021 йилда Жасур Умиров яна бир бор қамоқ жазосини олди. Бу сафар у вояга етмаган қизнинг номусига текканликда айбланди.

2021 йил 2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида Жасур Умиров ва унинг икки шеригига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Ҳукмга кўра, Жасур Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг икки шериги эса 1,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Орадан бир неча ой ўтганидан сўнг хонанда Шаҳзода Мўминовага уйлангани айтилди. Шундан сўнг қизнинг оиласи Жасур Умировга нисбатан даъвосини қайтариб олган ҳамда хонанда 2021 йилнинг июнь ойида озодликка чиқарилган эди.

 

Тезликни оширгани учун қарийб 4000 доллар жарима тўлаган

 

Хонанда интервьюларидан бирида светофор нима эканлигини билмагани ва йўл қоидаларига бўйсунмагани учун 3800 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилгани ҳақида айтиб ўтган.

“У пайтлари бир кунда 12 тагача тўйга борардик. Бундай пайтда шошмасликнинг иложи йўқ эди. Ҳайдовчи машинани “учирарди”. “Мен-ку, тўйдан 500 АҚШ доллари оламан, сен 50 минг сўм учун ўлиб кетмоқчимисан?” деб ҳазиллашардим. У пайтлари светофор нима эканлигини билмасдик, тезлигимиз ҳам катта бўларди. Бир марта 3800 АҚШ доллари миқдорида жарима келган. Ҳозир тўйлар у қадар кўп эмас. Битта мен эмас, бошқалар ҳам қоидаларга амал қиладиган бўлиб қолишган”, — деган эди хонанда.

 

Муниса Ризаева унга нима сабабдан тарсаки туширган эди?

 

Жасур Умиров “Алдама мени” кўрсатувига берган интервьюсида синглиси Каримага гап отгани учун Муниса Ризаевадан калтак егани ҳақида айтиб ўтган.

 

Шахсий ҳаёти

 

2022 йилнинг 3 декабрь куни пойтахтдаги ресторанлардан бирида хонанда Жасур Умировнинг никоҳ оқшоми бўлиб ўтди. Хонанда Гўзал исмли қиз билан оила қурди. Тантанага ўзбек санъатининг кўплаб таниқли вакиллари ташриф буюрди.

Ҳозирда Жасур ва Гўзал илк марта ота-она бўлиш арафасида.

 

Daryo.uz

Дўстларингизга ҳам юборинг: